“Тулки қизини эрга берди”, “бўри болалади” – табиат ҳодисаларини қандай атаймиз?


Сақлаш
17:29 / 03.03.2025 655 0

Сарлавҳани ўқиб, ҳайрон бўлдингизми? Эслаб кўринг, бундай гапни аввал ҳам эшитгансиз ёки бобо-бувиларингиз айтганда гувоҳи бўлгансиз, бироқ аҳамият бермагансиз.

 

Қишда қор  ёғмаса…

 

Бугун 2025 йил 3 март. Баҳорнинг илк кунларида яна қор ёғди, аммо ҳаво илиқ. Очиғи, қаҳратон деб сифатланувчи қиш тугаган бўлса-да, шу кунгача ноябрнинг охири ва декабрнинг бошидагина қор ёғди. Шундан кейин икки-уч марта оёқ изи тушган қорни айтмаса, қишда қор ёғмади, ҳисоби. Неча йилдан бери янги йил байрамида ҳам юзлаб Қорбобо билан Қорқиз бор-у, қор йўқ...

 

Нега бундай бўляпти? Баъзан “табиат инсониятдан қасос оляптимикан”, деб ҳам ўйлаб қоламиз. Аммо хулоса қилишга шошилманг. Гидрометерология мутахассислари ёки ҳаётдан сабоқ олган кексалар, табиат ишораларини яхши илғайдиган “билармон” чорвадор, деҳқон кишилар билан суҳбатлашсангиз, бундай қиш авваллар ҳам кўп кузатилганини айтишади. Чунки мутахассислар техник воситалар ёрдамида, деҳқончилик ва чорвачилик билан мунтазам шуғулланган кишилар эса табиат белгиларига қараб, ҳаётий кузатувларига асосланиб, яқин келажакни олдиндан тасаввур эта оладилар. Бундай кузатувлар кеча ёки бугун пайдо бўлмаган.

 

Тарих гувоҳлик берадики, инсоният азал-азалдан жонли ва жонсиз табиатни, наботот ва ҳайвонот дунёси сир-асрорларини билишга қизиққан. Ҳали илм-фан ривожланмаган даврлардаёқ қуёш, ой ва юлдузларни, коинот ва атмосфера ҳодисаларини синчковлик билан кузатиб, маълум бир хулосаларга келишган. Бундай хулосалар эса аксарият ҳолларда ўз исботини топган. Йиллар ўтиши билан бу кузатувлар такомиллашиб, авлоддан авлодга ўтиб, сизу бизгача етиб келмоқда.

 

Хўш, қишда кўп қор ёғмаётганини кексалар, кўпни кўрганлар қандай изоҳлайди?

 

Икки асрни кўрган кексаларимизнинг айтишича, биринчи қор ёққанда момақалдироқ гулдураса, “қиш бола ташлади”, дейилади. Бу эса қишнинг деярли ёғингарчиликсиз ўтишини, деҳқон ва чорвадорга оғир бўлишини англатади. 1968 йил ёки 2011 йилнинг қишидагидек январь ойида йигирма кунлаб ердаги қор эримаган ҳолатлар кузатилмайди. Ҳожибой Тожибоев айтгандек, у томдан бу томга сакраётган ёввойи мушук икки том ўртасида қотиб қолмайди...

 

Яна ўша билармонларнинг айтишича, баҳордан ташқари ёз, куз ва қишда чақин чақнаса, деҳқонлар бир фаслни уриб кетди дейишади. Бу ўтаётган фаслнинг одатдагидек бўлмаслигини билдиради. Яна кузда теракларнинг барг тўкишига қараб ҳам қиш қандай келиши тахмин қилинади. Агар тераклар кузда тепадан бошлаб барг тўкса, қиш қаттиқ келади, пастдан бошлаб барг тўкса, қиш енгил ўтади, дейилади. 2024 йилнинг кузида ҳам дарахтлар пастдан барг тўккан эди...

 

Энди баҳорнинг келиши ҳақида икки оғиз. Турналар барвақт учиб келса, баҳор эрта бошланади, дейди деҳқонлар. Бу қушлар тўп-тўп бўлиб ўйин-рақсга тушса, кун исийди, улар қичқирса ёмғир ёғади, деб таъбир қилишади. “Билармон” деҳқонлар турналарнинг кўкламги учиб келишигагина эмас, балки кузда иссиқ ўлкаларга учиб кетишига ҳам эътибор берар экан. Уларнинг кўп йиллик кузатувларига қараганда, кузда турналар баланд учса, куз узоқ вақт давом этади. Улар барвақт ва пастлаб учиб кетишса, қиш қаттиқ келармиш…

 

Табиат ишоралари нималардан дарак беради?

 

Эл орасида ҳисобдон кишилар бўлади. Бундай хислат кўпроқ чўпонларда учрайди. Чунки улар йилнинг асосий қисмини далада ва табиат қўйнида ўтказишади. Шу боисдан сал эътиборлилари, ота-боболаридан эшитган ва ўзлари кузатганлари асосида кўп ўтмай билармонга айланишади. Улар табиатдаги ўзгаришларни кузатиб, фаслга баҳо берадилар. Энг, қизиғи, уларнинг айтганлари кўпинча тўғри чиқади.

 

Келинг, Самарқанд вилояти, Нуробод туманининг Ғаллакор қишлоғида яшовчи чўпон Шавкат Бобомуродовнинг кўпйиллик кузатувларига қулоқ тутайлик.

 

Эрталаб туман бўлса, ҳаво очилади, кечқурун тушса, ёғингарчилик бўлади.

Қалдирғоч паст учса, қора қарға ўйнаса, от хирилласа об-ҳаво айнийди.

Ҳавода чивин ўйнаса, қумурсқа қанотланса, ўргимчак тўр тўқиса, чувалчанг ер юзига чиқса, қурбақа қаттиқ қурилласа, илон тобланса, қалдирғоч чўмилса, қарға пастлаб учса, турна сайраса, мушук эшикни тимдаласа, от тепинса, сигир сутини тортса, ариқ суви кўпикланиб оқса, кунчиқар тарафдан шабада эсса, ҳаво қаттиқ исиса, шудринг тушмаса, тутун юқорига ўрламаса ёмғир ёғади.

Камалак пайдо бўлса ёмғир тинади.

Қушлар чуғурлашса ҳаво очилиб кетади.

Паррандалар пастлаб учса, қарға қағилласа, туя ўйинга тушса қор ёғади.

Ит қорда ўйноқласа, от йўлга ётса бўрон туради.

Чувалчанг ерга кирса, қалдирғоч баланд учса, бойўғли сайраса, ўрдак чўмилса, ғоз бошини яширса, тумшуғини тақиллатса, бир оёғи ёки тумшуғини қаноти орасига тиқса, ит қорга ағанаса, сигир орқа оёғини қалтиратса, эрталаб қуёшни туман беркитса, булут сийрак бўлса совуқ бўлади.

Чигиртка чирилласа, ғоз ювинса, ўрдак қичқирса, турна ўйинга тушса, ит йўлга ётса, от пишқирса, сигир ётса ҳаво исийди.

Эрталаб офтоб қизариб чиқса ҳаво булутли бўлади ёки ёғингарчилик бўлади.

Қуёш қизариб ботса ёки уфқ алвон тусга кирса эртанги ҳаво очиқ бўлади.

 

Яна бир кузатувни айтишим мумкин.

Қор майдалаб ёққанда ҳаво совуқ бўлади. Агар қор ўртача катталикда ёғса, ҳаво яхши бўлади. Агар лайлакқор ёғса, у узоқ вақт ёғмайди, ҳаво ҳам ёқимли бўлади.

 

Эл оғзидаги гапларни элаб кўрсак…

 

Халқимизда шундай гаплар, иборалар юрадики, уларга эътибор қилсангиз, бир элакдан ўтказсангиз, ҳеч бири бекорга эмас. Ҳаммасида улкан-улкан маъно мужассам. Улар шундай қизиқарли ва жозибали ифода этиладики, бу халқимизнинг нафақат донишмандлиги, балки шоирлигидан ҳам бир нишона. Шу билан бирга, ҳали ҳаммаси олдинда эканлигини ҳам билдиради. Мана, эътибор қилинг:

 

“Қишнинг бир куни қолса қўрқ”, бу – ҳали “қор ёғмаяпти, қиш бўлмаяпти”, деб хулоса қилишга шошилмасликни билдиради.

 

Азиз момо олти кун,

Қалтираса қатти кун,

Сакранса саккиз кун,

Тўқранса тўққиз кун,

Ўқранса ўн кун”, бу қишнинг тўқсони тугаб баҳор олдидан Азиз момо кунлари қандай бўлишига ишора.

 

Аямажуз олти кун,

Олти ой қишдан қаттиқ кун қишнинг охирида келувчи олти кунлик аямажуз кунлари табиат ўзгариб, олти ойлик қишдан ҳам қаттиқ бўлиши мумкинлигидан белги беради.

 

Ёзнинг куни юз турли, Қишнинг куни қирқ турли барчасига қодир табиат тонг отгунча сизу бизга бошқа бир манзарани туҳфа эта олади.

 

Ёз ёзил, қиш қисил тежамкорлик кераклигига ишора.

 

Тоққа қалин қор тушгани Ернинг қониб сув ичгани баланд тоғларимиздаги қорларни кўриб, кўнгилни бироз хотиржам қилиш мумкин, дегани.

 

Қиш қишлигини қилмаса, Ёз ёзлигини қилмас қишда ҳаммаси рисоладагидек бўлмаса, ёзда тўкин-сочинлик бўлмаслигига ишора.

 

Қишнинг қори ёзга дори қор ёғса, ердаги зарарли ҳашаротлар ўлишини ва натижада ер унумдор бўлишини билдиради.

 

Демак, қиш тугаб қўйди, энди қор ёғмайди, деган хулоса чиқаришга эрта. Ҳали олдинда Тўқсон, бир кунимча йўқсан, деб Азиз момо шайланиб турибди.

 

Эл оғзидаги қизиқарли иборалар

 

– Ёмғирдан сўнг камалак чиқиб, момақалдироқ бўлса, “бўри болалади”, дейишади.

– Қуёш чиқиб турганда ёмғир ёғса “бўри туғаяпти”, дейишади. Баъзилар эса бу ҳолатни “тулки қизини эрга беряпти”, ҳам дейди.

– Илиқ ҳавода осмондан қор эмас, патга ўхшаш момиқ тушса “қантар ёғяпти”, дейишади.

– Кечқурун момақалдироқ гумбурлаб, эрталаб қор ёқса, “Қиш бола ташлаб қўйди”, дейишади.

 

Холиёр САФАРОВ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17602
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//