Биз унитаётган эссе ва унда яшаётган фалсафа


Сақлаш
17:06 / 28.02.2025 36 0

Эссе қандай жанр ва у қандай қилиб фалсафага кириб қолди? Нега ижтимоий фанлар ифода воситаси сифатида бошқа жанрлардан эмас, айнан эсседан фойдаланган? Эссе фалсафанинг аналогими? Мақолада шу саволларга жавоб излашга ҳаракат қиламиз. 

 

Гарчи “эссе” сўзини ҳали ақлимиз қабул қилолмаётган, тилимиз ва табиатимизга ёт унсурдек туюлаётган бўлса-да, охирги пайтларда бу сўз тез-тез қулоғимизга чалиняпти. Жанрнинг аниқ, кескин таърифи, хусусиятлари, чегараларининг йўқлиги ҳам бу жанрдан тушуниб-тушунмай фойдаланиш, уни очерк, адабий ўй, мақола ёки фиқралардан ажратолмай, дуч келган ёзиқни эссе деб атайверишга сабаб бўляпти. Илмий адабиётлардаги таърифларнинг ҳам бир-биридан фарқ қилиши масалани янада мураккаблаштирмоқда. Хусусан, Вебстер луғатида эссега “чекланган, мавзуни шахсий нуқтаи назардан кўриб чиқиб, таҳлил ёки талқин этувчи адабий композиция” деб таъриф берилса, Оксфорд луғатида “Нашр этишга мўлжалланган, маълум бир мавзу бўйича ёзилувчи кичик ҳажмли асар” дейилади. Катта энциклопедик луғатда эса: “Эссе, бу  – фалсафий, адабий-танқидий, тарихий-биографик, публицистик жанр бўлиб, муаллифнинг алоҳида позициясини эркин, кўпинча парадоксал нуқтаи назардан сўзлашув услубига хос тарзда ифода этишидир” деган мазмунда таъриф берилган. Адабиёт атамаларининг қисқача луғатида: “Эссе, бу – очеркнинг бир тури бўлиб, унда асосий мақсад фактларни келтириш эмас, балки фикр ва таассуротларни тасвирлашдан иборат. Эссе муаллифи маълум ҳодиса-воқеани таҳлил қилмайди, балки субъектив шахсий муносабатга урғу бериб, фикр юритиш билан чекланади”, дейилади.

 

“Ўзбек энциклопедик луғати”да “эссе” афсона, бадиа, латифа, масал, новелла, очерк, ривоят, эртак, этюд, ҳикоя, ҳикоят каби кичик эпик жанрлар қаторида саналса, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да эссега адабий, фалсафий, ижтимоий, публицистик ва бошқа мавзуларда ёзилган, муаммолар тизимли илмий тарзда эмас, балки эркин шаклда талқин қилинадиган насрий асар, дея таъриф берилади.

 

Рус олимаси Людмила Кайда: “IX асрда мумтоз рус адабиётида “сўз” деган жанр бўлган. Фикримча, замонавий тилда “эссе” деб аталаётган жанр ўша даврда “Сўз” деб номланган”, деган фаразни илгари суради. Олим эссега жуда тўғри, ихчам ва аниқ таъриф берган: “... ҳақида сўз”. Яъни маълум муаммо, масала, вазият ёки кечинма ҳақида чуқур, фалсафий ва фактларга асосланган ҳолда келтирилган мулоҳазани эссе дейиш мумкин.

 

Қатор тадқиқотлар ва эсселарни ўрганиш натижасида жанр хусусида қуйидагича хулосага келдик: “Эссе, бу – “нимадир ҳақида”ги фикр, тажриба, таассуротни бадиий ифодалаш усули”. Барча таърифларда эссенинг асосий хусусиятлари сифатида эркин шакл, шахсий ёндашув ва субъективлик сақланиб қолинади.

 

М.Эпштейн “Эссенинг асосий вазифаси – эркин фикрни ҳимоя қилиш, жамият томонидан инсонга мажбуран юклатилган догмалардан қочиш ва янги ижтимоий онгни шакллантириш”, дея эссенинг жанр сифатидаги хусусиятлари орасида “шахсиятнинг ўз-ўзини асослаши”ни биринчи ўринга қўяди. Унинг фикрича, эсседа муаллифнинг “мен”и тўғридан-тўғри баён қилинган предмет эмас, балки қўзғатилган муаммоларга муносабати орқали билвосита очилади. Олим фанга “фикр-образ” ёки “эссема” тушунчасини киритди, бу “конкрет образ ва уни умумлаштирувчи ғоя уйғунлашуви”ни англатади. Ғоя ва образ уларни шахсий тажриба воситасида бирлаштирувчи шахс орқали бирлашади. М.Эпштейннинг сўзларига кўра, эссенавис мутахассис эмас, балки барча нарсада ўзини синаб кўрувчи шахс сифатида намоён бўлади. Аниқ мавзу шахсий мулоҳазалар ва изланишлар учун сабаб бўлса, кўриб чиқилаётган предмет фикрни ривожлантириш, маконда таянч нуқтани топишга уриниш учун сабаб бўлиб хизмат қилади.

 

 

Бундай ёндашув кўпчиликни ташвишга солади, чунки улар буни фалсафага нисбатан ўзига хос “тажовуз” сифатида кўради. Чунки эссенавис ўз қарашига мувофиқ воқеликни тасвирлаб, хоҳлайдими йўқми, ўз нуқтаи назари ё позициясини унга юклайди.

 

Жанр асосчиси француз ёзувчиси ва файласуфи Мишел де Монтен 1580-йилда чоп этилган “Тажрибалар” асари муқаддимасига: “Бу китобда менинг хулқим ва фикрларимдан баъзи излар бор”, “Китобимнинг мазмуни – мен ўзим” деган сўзларни қайд этаркан, сўзга ўзини юклайди ва мана шу сўзлар билан эссе фалсафага кириб келади. Монтеннинг фалсафага киритган янгилиги шундан иборатки, у анъанавий фалсафий рисолаларга нисбатан шахсий фикр устуворроқ ва эркинроқ ёзилган янги ифода усулини яратди. Унинг эсселари шахсий мушоҳадалар, фалсафий ва ахлоқий мулоҳазалар билан қоришиқ ҳолда тақдим этилди. “Тажрибалар” асари муаллифнинг қизиқишлари соф фалсафий мавзулардан анча йироқлашганини кўрсатади. Хусусан, “Муваффақиятнинг турли йўллари”, “Қамалдаги қалъа зобитининг ҳуқуқи”, “Қўрқоқликни жазолаш тўғрисида”, “Одамхўрлар ҳақида”, “Тақдирнинг нооқилоналиги ҳақида”, “Уйқу ҳақида”, “Мастлик ҳақида”, “Мукофотлар тўғрисида”ги қайдлари гарчи “Тажрибалар”нинг умумий мазмуни, услуб ва тузилишини бойитган бўлса-да, соф фалсафий рисола деб аташга имкон бермайди. Умуман олганда, Монтен ўзига хос тарзда оламнинг асосий саволлари – универсализм, ҳаёт ва табиатнинг барча жабҳаларидаги ўзаро боғлиқлиги, эволюциянинг турли йўллари ва ўзаро уйғунлиги каби масалаларга жавоб излайди.

 

Аммо Монтенгача Афлотуннинг “Суҳбатлар”и ҳам фундаментал эссега мисол бўла олади. Афлотун ҳаётга ошиқ эди. Бу унинг юзлаб эсселари, бадиий образлари, фалсафий қараш ва  ҳаётий тажрибаларида кўринади. Шу маънода у ҳар қандай зоҳидликка бегона бўлган. У фалак, денгиз ва дарёлар, чинору толлар, инсон камолоти гўзаллигига, ёшлик жозибасига доимо ҳайрат билан қараган. Ўзининг энг “аскетик” мактуби  “Федон”да ҳам нариги дунё ҳақдаги тасаввурларини мавжуд дунёнинг ёрқин ранглари билан бўяйди. У эсселарида тинимсиз баҳслашади, ҳис-туйғуларини жиловлолмайди, ниманидир қидиради, тадқиқ этади. Шу боис ҳам фикрларининг бундай драматик ва гўзал тасвирини эсседан бўлак жанрга сиғдиролмасди. Афлотун инсониятга билимга чанқоқликни, заррадан борлиққа қадар оқилона муҳаббатни, диалектика, фалсафий ғоялар ва илмдан завқланишни васият қилиб қолдирди. Унинг ўттиздан ортиқ эсселари (“Суҳбатлар”)да фалсафий мазмуннинг дастлабки асарлардан кейингиларига томон доимий ўсиб боришини кузатиш мумкин. Бу унинг узлуксиз умуминсоний уйғунликни тарғиб қилишида намоён бўлади, гарчи бу уйғунликнинг тузилиши Афлотуннинг дастлабки ижодидан кейинги даврларигача тубдан ўзгарган ва ҳатто баъзи тадқиқотчиларнинг фикрича, боши берк кўчага кириб қолган бўлса-да. У эсселари орқали мифнинг шаклланиш жараёнини тубдан ўзгартирди. Унинг ғоя-мифи, биринчи навбатда, мантиқ предмети, яъни у мифни рационал омилга айлантирди. Фалсафа ва шеърият, илм, назарий билимлар ва юксак бадиий драматургия уйғунлашган “Суҳбатлар” қатъий, соф фалсафий мақоладан кўра инсоният тафаккурига катта таъсир кўрсатиб келмоқда.

 

 

Фалсафа пайдо бўлишидан бошлаб баҳслар марказида бўлган. Гап шундаки, унинг мавжудлиги онтологик қонунларга мувофиқ равишда қарама-қаршиликларни келтириб чиқаради, улар кескинликка айланади. Эпистема (билим) ва докса (фикр) ўртасидаги муносабат фалсафада ҳақиқат ва ёлғон учун курашдек кўринади. Қадимги юнон фалсафасида докса ёлғон фикр сифатида тушунилган (ҳақиқий билимга қарши). Масалан, юнон файласуфи Парменид доксани “ҳаддан ташқаридаги тушунча” деб ҳисоблаган, Афлотунда эса докса билим ва билмаслик ўртасидаги нимадир сифатида тушунилади. Бу зиддият ўзига хос тарзда фалсафани фаннинг органонаси (канони) деб эътироф этувчилар ва уни ўз фикрини билдириш воситаси деб кўрганлар ўртасидаги кураш сифатида намоён бўлади. Афлотун фалсафани қаттиқ ҳимоя қилганларни файласуфлардан фарқлаб, филодокслар деб атайди. Замонавий дунёда филодоксия эссеистикада намоён бўлади, деган асосли қараш мавжуд. Уларни бирлаштирадиган жиҳат: эссеистикада ҳам, ўз вақтида филодоксияда бўлганидек, ўз позициясининг қадр-қиммати ва фақат унинг ёқланиши зарурлиги ҳақидаги ғоя илгари сурилади. Бошқача қилиб айтганда, ўз фикрини охирги ҳақиқат сифатида қабул қилдиришга ҳаракат сезилади.

 

Йигирманчи аср маданиятида кўплаб бадиий, фалсафий ва илмий оқимлар пайдо бўлди: экспрессионизм, кубизм, экзистенциализм, структурализм, витализм, бихевиоризм... Аммо эссеизмни бу “измлар” қаторига киритиб бўлмайди, чунки у маданий тармоқларнинг бир йўналишигина эмас, балки бутун бошли маданиятнинг алоҳида бир сифатидир. Эссеизм нафақат бадиий, фалсафий, илмий, балки умумий маданий ҳодиса бўлиб, маданиятнинг ўзини ўзи сақлаш ва ўзини ўзи ривожлантириш механизмидир. Ижтимоий фанлар, хусусан, фалсафа, тасаввуф, психология, политология, публицистика намояндалари нима учун ифода шакли сифатида эссе жанрини танлади, деган савол туғилиши табиий. Жанр таҳлили бўйича энг нуфузли тадқиқотчилардан бири Жон Свейлсга кўра, эссе турли ижтимоий фанларда коммуникация ва риторика вазифасини бажаради.

 

Фалсафа нуқтаи назаридан масалага жавоб изласак, биринчидан, эссенинг фалсафага кириб келишига фикрларни маълум шаклга солиш, чегарасиз хаёлот маҳсулини чегаралаш ва тингловчига фикрни тушунарли шаклда етказиш каби омиллар сабаб бўлган. Иккинчидан, эссенинг қатъий қолипларга амал қилмаслиги, расмиятчиликдан холи, эркин ифода услубида экани ушбу соҳа эгаларининг аудитория билан мулоқотини осон ва самарали қилибгина қолмай, бошқа жанрлардан фарқли шахсий фикр ва тажриба билан ўртоқлашиш имконини берган. Учинчидан, интерактивлик ва диалогни йўлга қўйиш, ижодий тажрибаларни синаб кўриш, ғояларни оммалаштириш, мавҳум тушунчаларни муҳокама қилишда эсседан қулайроқ, жозибадорроқ восита бўлмаган. Шунингдек, тарихий шароит ва инсон тафаккурининг ўсиб бориши фалсафада ўзгаришларга сабаб бўлди. Жумладан, Монтен яшаган Уйғониш даврида билимга ва ўзини намоён қилишга нисбатан ёндашувларда инқилоб юз бериб, ўша давр адабиёти ва фалсафасида ўз аксини топган индивидуаллик ва инсон тажрибасига қизиқиш кучайди.

 

Фалсафани эссеистикага айлантиришга бўлган уринишлар эса фалсафанинг моҳиятини тушунишдаги турли анъаналар билан боғлиқ. Биринчи (Арастуга хос) анъанага кўра, фалсафа исботлар тизими бўлгани боис у фан ҳисобланади. Иккинчи (Суқротга хос) анъанага кўра, фалсафа инсоннинг ўзини англаш усули, рефлексия жараёни ва унинг натижасидир. Эссеистика ўзининг асосий хусусиятлари билан иккинчи анъанага кўпроқ мос келади. Шу билан бирга, классик илмий рационалликда фалсафа дунёқараш сифатида тушунилади, у методологияни шакллантиради ва методология дунёқарашга асосланади. Шу сабабли, ўз вақтида, фалсафанинг пайдо бўлиш даврида Афлотун эпистемани доксадан, фалсафани филодоксиядан ажратишни таклиф қилди. Ноклассик илмий рационалликда эса, билиш субъектининг объектда мавжудлигини назарда тутган ҳолда, тадқиқотчи объектни ўзига қандай кўринишда бўлса, шундай ўрганади. Бошқача айтганда, тадқиқотчи объект ҳақидаги билимни эмас, балки у ҳақидаги шахсий фикрини шакллантиради. М.Эпштейн “Файласуфлар дунёни яратадилар” деганидек, эссе – ижодий тафаккурни шакллантиришнинг самарали воситасидир.

 

Тадқиқотчи Михаил Тесленко таъкидлаганидек: “Эссе бу – муаллифнинг алоҳида шакли, шахснинг маънавий тажрибаси, ҳаётни англаш ва ҳис қилиш йўли, унинг сўзда ифода қилиниши. Шу сабабли у аввало фалсафий, кейин эса бадиий жараёндир”. Эссенинг яна бир хусусияти – шахс маънавий тажрибаси устидаги рефлексия. Жамият онгидаги антропологик бурилиш шароитида эссе шахсни ифода қилишнинг энг самарали шакли сифатида оммалашмоқда. Фалсафа эссеистикада ўзининг ҳақиқий мавжудлигини топади. Шунинг учун эссе ижтимоий ҳаёт ҳодисалари ва жараёнларини индивиднинг маънавий тажрибаси билан боғлайди, бу инсонни ижодкор шахсга айлантиради.

 

Жанр эволюцияси унинг тур ва мазмун чегараларининг ўзгарувчанлигини кўрсатади: эссе илк бор фалсафий фикр шакли сифатида юзага келган бўлса, ХХ асрнинг 10-йилларида психоанализ (З.Фрейд ва К.Юнг асарлари), феноменология (Э.Гуссерль), экзистенциализм (Ж.П.Сартр, А.Камю, С.Кьеркегор, Г.Марсель, М.Хайдеггер, М.де Унамуно, К.Ясперс) каби таълимотларда эссеистик унсурлар муҳим ўрин тутади. Таълимотлар инсоннинг ички қадриятларига қайтишини акс эттиради. Томас Манн, Франц Кафка, Акутагава Рюноскэ, Ясунари Кавабата, Кобо Абэ, Жеймс Жойс, Хорхе Луис Борхес асарларидаги образлар ҳам эссе унсурлари билан бойитилган.

 

Янги давр ва экзистенциализм гуллаб-яшнаган даврда яратилган эсселар инсоннинг ички дунёси ҳамда ташқи ҳаёт ўртасидаги асосий фалсафий зиддиятни очишга, унинг ўз “Мен”ини излаш ва топишга бўлган эҳтиёжини акс эттиради. С.Кьеркегор Янги давр фалсафаси олдига қўйган вазифалар ҳақида гапирар экан, инсон ҳаёти ва унинг изтиробларига разм солиш кераклигини таъкидлайди. Бундай “ҳамдардлик”нинг самимийлиги ва рефлексив фалсафий тафаккур оқими эссе жанрида ёзилган асарларда, хусусан, Жеймс Жойснинг “Улисс”, Франц Кафканинг “Жараён”, Альбер Камюнинг “Вабо”, Генрих Бёллнинг “Масхарабоз кўзида”, Ҳерман Ҳессенинг “Чўл бўриси” каби асарларида намоён бўлади. Шунингдек, Марсель Пруст, Эдгар Аллан По, Хорхе Луис Борхес, Андре Жид, Сомерсет Моэм, Хулио Кортасар, Курт Тухольский, Гор Видал, Милорад Павич ва Умберто Эко ижодида ҳам эссе жанри етакчилик қилади.

 

ХХI аср эссенавислари эса инсон ва жамият ўртасидаги муносабатлар, инсоннинг дунёдаги ўрни, ҳаёт ва ўлим, яхшилик ва ёмонлик, инсон ҳаётининг маъноси, маънавий қадриятларнинг роли каби абадий фалсафий саволларни кўтармоқда. Улар эсселарининг катта қисмини фалсафий рефлексия эгаллаган ва бу рефлексия ўз-ўзини таҳлил қилиш, ўзини англаш ва ўзини белгилаш эҳтиёжини акс эттиради. Рефлексия (лотинча reflexio – ортга қайтиш) – тафаккурни инъикос қилиш ва ўрганиш, ўзига эътибор қаратиш демакдир.

 

Фалсафий рефлексияга хос бўлганидек, эссенавис ўз мулоҳазаларида муаммолар моҳиятига киришга ҳаракат қилади, аммо барча далилларни келтирмай, субъектив танлов билан чекланади. Жанр жиҳатдан шаклан эркин бўлиб, унда хронологик ёки мавзули изчиллик, ва ё аргументлар иерархияси мавжуд эмас. Бундан ташқари, эссе шахсий нуқтаи назарни эркин ифодалашга имкон беради, ва бу нуқтаи назар охирги ҳақиқатга даъво қилмайди.

 

Эссе, шунингдек, дидактик метод сифатида ўқитувчига талабанинг умумий маданий компетенциялари даражасини аниқлаш имконини беради: шакл ва услуб билим ва кўникмалар сифатига таъсир қилади; нутқ саводхонлиги ва ёзув услуби маданиятни ифода этади; материални оригинал шаклда тақдим этиш креативликни кўрсатади; аниқ тузилган баён интеллект ва мантиқни намоён этади; танқидий ёндашув эса “бадиий тафаккур индикатори” ўлароқ майдонга чиқади.

 

Дунё ва инсон ўртасидаги ўзаро алоқани тушунишда фалсафа ва ижтимоий-гуманитар фанларнинг барчаси умумий мақсадни бажаради, улар эссени жанр сифатида бирдек қўллайди, эссе фалсафа ёки адабиётни асл кўринишидан ўқувчини чалғитмайди. Шу маънода, эсселашув жараёни нафақат гуманитар соҳалар, балки илм-фан, техника, ҳаётнинг барча жабҳаларига кириб боради. Унинг инсониятга фойдаси – тафаккур ва ҳисни уйғунлаштириш, илмнинг ижодга, ижоднинг илмга қоришуви, инсоннинг фикрга ижодкорона ёндашувини таъминлашдадир. Ҳаёт – фалсафа, инсон – эсседир.

 

Севара АЛИЖОНОВА,

Ўзбекистон журналистика ва оммавий

коммуникациялар университети

таянч докторанти

 

 

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16186
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//