Дарёсини йўқотган қирғоқ – замондош нимадан мосуво этилди?


Сақлаш
10:52 / 16.12.2021 984 0

“Худо ҳар бир замонда Ердан ниманидир кўтаради: бир гал баракани, яна бир сафар хотиржамликни…” дердилар бувим. Ўша кезлар ҳали ёш, ғўр эдим. Табиийки, теран фалсафа яширинган бу фикрни тузукроқ англамаганман. Аммо ҳаётнинг паст-баланд довонларидан ошиб, соч-соқолга қиров ина бошлаган бугунги кунда ўша нақл бот-бот ёдимга тушади.

 

Хўш, Яратган Эгам бизни ҳозир қай йўл билан синамоқда экан? Замондошларимиз нимадан мосуво этилган экан? Назаримда, бугун орамиздан мантиқ кўтарилганга ўхшайди. Зеро, турмушимиз, тутумимизда мантиқ мезонларига тўғри келмайдиган жиҳатлар кўп, жуда кўп...

 

Яқин-яқингача уйларимиз девори сувоқ қилиниб, устидан одми гулбезак бериларди. Улфатлар билан гап-гаштак қилгимиз келса, уларни хонадонимизга чақирардик. Бақад­риҳол дастурхон тузаб, дилдан суҳбат қурардик. Бугун-чи, уйларимиз икки-уч қаватли, кенг, баланд. Нақ беш юлдузли меҳмонхонадек! Бироқ меҳмон аталмиш атои Худо камдан-кам остона ҳатлайди: нозик қўноқларни ҳам чойхонаю ресторанда кутамиз. Нега, ким учун қурдик ўзи ўша қўшошиёнли саройни?!

 

Бир танишим Пайғамбар ёшига тўлгани шукронасига дастурхон ёзди. Каминани ўша маросим бошловчилигига таклиф қилди. Эрталаб элга ош тортилди. Кечқурун эса... Очиғи, кечки зиёфатга бориб, ҳайронлар қолдим. Мезбон акамиз Пайғамбар ёши дастурхонини мусалласу шаробнинг ҳар тури билан тўлдириб ташлабди. Ишонаверинг, мантиқ чамбарагим чирпирак бўлиб кетди!

 

Бизнинг авлод яхши хотирлайди, 1990 йилларда шаҳар телефони жуда кам хонадонда бўларди. Телефон тушириш учун йиллаб навбат кутишингиз, иш жойингиздан тавсифномаю мақтовнома келтиришингиз, гоҳида таниш-билишни ишга солишингиз талаб этиларди. Бир хонадондаги телефон эса бутун кўчага хизмат қиларди. Энди-чи? Етти ёшдан етмиш ёшгача – барчамизда қўлтелефон бор. Бу арзанда матоҳнинг нарх-навосини айтинг – битта смартфоннинг пулига уч-тўртта қўй беради! Шунга қарамай, айрим ҳотамтойлар биринчи синфга қатнайдиган боласига ҳам энг қимматидан олиб берган. Чапдастроқ замондошларимиз эса учталаб телефон кўтариб юради денг. Лекин қўнғироқ қилсангиз, бирорта телефонига жавоб бермайди. Вой, мантиғингдан айланай!.. Шунча ҳашамат, шунча харажат билан нимани дўндиряпмиз?

 

Автомобилнинг йўриғи ҳам ана шундай. Отанинг ўз маркаби, онанинг ўз машинаси, ўғил-қизларнинг ўз “тачка”си бор! Яна денг, меҳмонга боргани алоҳида, бозор-ўчарга алоҳида, ишга қатнагани яна алоҳида машина! “Қутуриб кетманглар!” дердилар онам, салгина ўзимиздан кетсак...

 

Бойлик ҳам бир неъмат-да. Илгари тўй қиламиз, машина оламиз, деб пул тўплардик. Ҳозир айрим замондошларимизнинг давлати юзта тўйга етади. Бола-чақадан ҳам тинчиган. Лекин тиним билмайди боёқиш, бойлик кетидан югургани югурган. Фикру хаёли – юзни минг, мингни туман қилишда. Соғлиғидан кечиб, умрини гаровга қўйиб, озодлигини тикиб бўлса ҳам ақча топади! Пул керак, қанча кўп бўлса шунча яхши! Вассалом! Аммо замонамиз қорунлари ўз ортидан бор давлатини қолдириб, недир хасталикдан ўлиб кетаётгани кўзимизни очмайди. Эсиз умр, дейсиз беихтиёр. Нима, меъёр, чегара дегани йўқми бойлик тўплашда?

 

Йигитлик давримиз бутун бир шаҳарда тўрт-бешта чойхона бўларди. Улфатлар йиғилиб қолсак, дастурхоннинг доғию кўрпачанинг ямоғи билан ҳеч кимнинг иши йўқ, алламаҳалгача чақчақлашиб ўтирардик. Бугун эса серҳашам чойхоналарда гап-гаштак қиламиз. Илгари ош-овқатимизни ўзимиз пиширардик. Энди эса ошпазу оёқ-қўли чаққон дастёр йигитлар хизматингизда. Аммо даврадан файз қочган. Баъзи дўстлар тинимсиз телефонда сўзлашади, яна баъзиси бош кўтармай ижтимоий тармоқ “кезади”. Разм солиб қарасангиз, ўша давра, ўша улфатлар. Қачон, нега бунчалик ўзгариб кетдик?..

 

Эски ҳовлимиз ошхонаси ҳеч кўз олдимдан кетмайди. Катта ва кичик қозонга мўлжалланган қўш ўчоқ. Сомонсувоқ қилиниб, оҳак билан оқланган. Қишда айвонда, баҳор-ёзда эса азим ўрик тагидаги супада тўкис-тугал жам бўлиб, онам пиширган тотли овқатларни тановул қилардик. Бугун уйимизда бир эмас, икки ошхона бор. Аммо дастурхон атрофида бутун оила камдан-кам жам бўлади. Униси ишда, буниси сафарда, камина хизматда. Дабдабаю асъаса билан қурилган ошхонада манти пишяпти-ю, мантиқ пишиб етилмаяпти-да!

 

Болаларимиз коллежу институтни битиряпти, лекин кўпчилиги таҳсил кўрган соҳаси қолиб, бошқа кўчаларда тирикчилик қилиб юрибди. Бизга фалон жойни тамомлагани тўғрисида бир парча ҳужжат бўлса бас-да! Ўз оиламдан мисол, ўғлим Техника университетининг малайзияликлар очган факультетида ўқиб, иқтисодчи бўлиб етишди. Лекин энергетика соҳасидаги бир ширкатнинг ходимлар бўлимида ишлаб юрди. Шу бўлимда ишлаши керак бўлган мутахассислар эса... ёқилғи қу­йиш шахобчасида жавлон уради!

 

Эл хизматида, тўй-ҳашамда кўп бўламан. Бу мавзуда ёзаман десам, гапим тугамаса керак. Одамларнинг исрофгарлигини кўриб ёқа ушлайсиз. Либос, таом, видео-фото, безак харажатларини хомчўт қилиб, ақлингиз шошади. Давлатмандлар биргина безак учун сарфлаган пулга камбағал оила бадастир тўй ўтказиши мумкин...

 

Қўлтелефонимга жума куни табриклар ёғилади. Шунчаки қутловлар эмас, юрагингни эритувчи битиклар. Ўзини художўй деб билган танишларим кўз олдимдан ўтади шундай вақтлар. Намозни қолдирмайди, аммо ғийбату ёлғон, бидъату хурофотдан парҳез қилмайди. Юртни чақириб эҳсон дастурхони ёзади, аммо дасти калта дўстидан ўн йил аввал олган қарзини қайтаришни пайсалга солади. Луқмаи ҳалол ҳақида ваъз ўқийди, аммо иш битирмоқ учун пора қистиришдан тап тортмайди. Қани соғлом мантиқ, дея узоқ хаёлга толаман. Худди дарёсини йўқотган қирғоқдекмиз...

 

Биродарлар, агар эътиқодимизгаки шубҳа-гумон аралашган экан, вақтида этакни йиғиштириб, ўзимизни тафтиш қилмасак бўлмайди чоғи...

 

Муслимбек  ЙЎЛДОШЕВ

 

“Tafakkur” журнали, 2018 йил 3-сон.

Дарёсини  йўқотган қирғоқ мақоласи

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Адабиёт

15:10 / 21.10.2024 0 31
Кичик хонимнинг катта “уруши”

Тил

11:10 / 21.10.2024 0 58
Эшиклар очиқ, лекин...





Кўп ўқилган

Барчаси

//