Nike, Versaci, Amazon – мифологик номларга асосланган брендлар


Сақлаш
10:21 / 28.02.2025 57 0

Ташқи оламни англашда кўрган билган барча нарсаларимизга ном қўйиб ўрганганмиз. Ном ўзи аталган нарсани бошқаларидан ажратиб туриш, ёдимизда сақлаш учун жуда муҳим. Бу табиат қоидаси саноатга кириб келгач БРЕНД тушунчаси шаклланди.

 

Бренд – бирор компания, маҳсулот ёки хизматни бошқалардан ажратиб турадиган, ўзига хос хусусиятларга эга бўлган ном, лого, дизайн, имидж ва бошқа элементларнинг йиғиндиси. У шунингдек, истеъмолчиларда маҳсулот ёки хизматга нисбатан муносабат ёки ҳиссиётларини шакллантиришга қаратилган стратегия ҳамдир.

 

Башарият азалдан ўзи таниган-билган шахс ёки нарсаларни бошқаларидан кўра кўпроқ қадрлайди ва уларга ишонади. Бу қонуният саноатда “маркетинг ҳийла”си сифатида қўл келгани сабабли баъзи ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатишга мўлжалланган ташкилотлар ўз муассасаси номини машҳур шахс ёхуд қаҳрамонлар исми билан атаганлар. Биз эса ушбу мақолада мифологик қаҳрамонлар номига асосланган брендлар билан танишамиз.

 

Nike – дунёнинг энг йирик брендларидан бири бўлиб, асосан спорт кийимлари, поябзал, жиҳозлар ва аксессуариларни ишлаб чиқаради. У 1964 йилда АҚШнинг Орегон штатида, Билл Боуерман ва Фил Найт томонидан Blue Ribbon Sports номи остида ташкил этилган.

 

 

Кейинчалик 1971 йилда компанияNikeномини қабул қилган. Nike номи юнон мифологиясидан олинган бўлиб, у ғалаба ва муваффақият худосининг исмидир. У ҳақда турли манбаларда турлича маълумот келтирилади: бирида Нике Зевс ва Афинанинг хизматкори дейилса, бошқасида уруш худоси Ареснинг отаси деб даъво қилинади.

 

Amazonдунёнинг энг йирик онлайн савдо ва технология компанияларидан бири бўлиб, Жефф Безос томонидан 1994 йилда АҚШнинг Вашингтон штатидаги Ситтл шаҳрида асос солинган. Дастлаб, Амазон фақат китобларни сотиш билан шуғулланган. Амазон ҳозирда хизматлар доирасини кенгайтириб, интернет орқали маҳсулотлар сотишдан ташқари, бошқа кўплаб соҳаларда ҳам фаолият юритади. Бренд номи Юнон мифологиясидаги жангари аёллардан таркиб топган қўшин номига асосланади. Амазонкалар жисмонан чаққонлиги, кучи, камондан отиш, от миниш маҳорати ва жанговар санъати билан машҳур бўлган жангчи ва овчи аёллар эди. Уларнинг жамияти фақат аёллардан иборат бўлиб, оналар ҳам қиз фарзандларинигина тарбиялаганлар; ўғил фарзандларини оталарига қайтаришган. Кўпайиш учунгина қисқа вақтга эркаклар билан мулоқот қилишган.

 

 

Мард ва шиддатли мустақил Амазонлар ўз маликаси қўмондонлигида мунтазам равишда дунёнинг чекка бурчакларига, Скифиядан Фракиягача, Кичик Осиё ва Эгей оролларидан тортиб то Арабистон ва Мисргача бўлган кенг кўламли ҳарбий юришларни мунтазам равишда амалга оширганлар.

 

Venus – бу бир нечта турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқарадиган бренд, энг кенг тарқалган маҳсулоти эса гўзаллик ва парвариш воситалари ҳисобланади. Venus бренди 2001 йилда Procter & Gamble компаниясининг Gillette бўлими томонидан ишлаб чиқилган махсус лойиҳа эди. Бренднинг илк маҳсулоти – аёллар учун сирпиш (шавинг) воситаси бўлган Venus razor (Венус сирписи) эди. Шундан сўнг, бренд тезда оммалашди ва аёллар орасида машҳур бўлди.

 

 

Venus (Venera) – Рим мифологиясидаги гўзаллик ва муҳаббат илоҳаси бўлиб, у Троянинг қулашидан омон қолган ва Италияга қочиб, Рим халқига асос солган Энейнинг онасидир.

 

Apollo(n) – НАСАнинг энг машҳур космик дастурларидан бири бўлган Apollon миссиясининг номи билан барчага маълум. Бу ном Юнон мифологиясидаги олий худо Зеус ва Летонинг ўғли, Артемиданинг акаси; севги, санъат, илҳом, ёруғлик, табобат ва куч-қудрат худосидир.

 

 

Mercury – бу 1939–2010 йилларда Ford Motor Company томонидан ишлаб чиқарилган автомобил бренди лойиҳаларидан бири эди. Унинг номи Рим мифологиясидаги Юпитер ва Маянинг ўғли – савдо-сотиқ, ақл-заковат маъбуди бўлмиш Меркурий номидан олинган. У кўпинча чаққон ҳаракатланишни ифодаловчи қанотли поябзал ва ақллиликни ифодаловчи қанотли бош кийим ва caduceus (икки илон билан ўралган таёқ) билан тасвирланади.

 

 

 

Titan – бу 1984-йилда Tata Groupнинг бир бўлими сифатида ташкил этилган ва дастлабки йилларида фақат соатлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган компания лойиҳаси эди. Бу компания 1990 йилларда Ҳиндистоннинг ички бозорида ўзининг биринчи соат коллексиясини тақдим этди ва қисқа вақт ичида жуда машҳурликка эришди. Унинг номи Юнон мифологиясида Уран ва Геядан туғилган болаларнинг умумий номи бўлиб, улар ўн икки табиат ҳодисаларини бошқарувчи маъбудлар эди. Мифологияда келтирилишича Титанлар вақт худоси Хронс бошчилигида ҳукмронликни қўлга олганлар ва бу ҳукмронлик то Зевс отаси Хронсни тахтдан ағдаргунга қадар давом этган.

 

 

Cerberus – бу 1992 йилда ташкил этилган йирик хусусий капитал компаниясидир, у асосан инвестициялар, корпоратив қайта тузилиш ва молиявий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланади. Унинг номи юнон мифологиясидан олинган бўлиб, у ер ости дунёси худоси Аиднинг содиқ хизматкори – дўзах дарвозаларини қўриқловчи уч бошли кўппак сифатида тасвирланган махлуқ исмига асосланади. Бу кўппак ер ости дунёсидан ҳеч бир ўликнинг руҳи чиқмаслигига ва унга ҳеч бир тирик жон кирмаслигига масъул эди.

 

 

Hercules – бу оғир саноат ускуналари, қурилиш техникалари ва механик тизимлар ишлаб чиқарувчи бренд бўлиб, улар юқори технологияларга асосланган кучли ва мустаҳкам машиналар ишлаб чиқаради. Унинг номи Юнон мифологиясидаги олий худо Зевснинг куч ва қудратда тенгсиз ўғли бўлмиш Ҳеракл исмига асосланади. У ўзининг ўн икки жасорати билан жуда машҳур образдир.

 

 

Булардан ташқари, машҳур брендларда номидан эмас, тасвиридан фойдаланилган мифологик образлар мавжуд. Масалан, буларга Versaci, Starbucks, Red Bull ва Hermes кабилар киради.

 

Hermes – 1837 йилда Парижда Тҳиеррй Ҳермèс томонидан ташкил этилган француз бренди бўлиб, асосан ҳашаматли сумкалар, кийим-кечак, аксессуарлар, поябзал, соатлар, парфюмерия ва бошқа товарларни ишлаб чиқаради. Унинг номи асосчи шарафига аталган бўлса-да, лекин унинг логосида Юнон мифологиясига ишора қилувчи тасвирлардан фойдаланилган.

 

 

Red Bull – 1987 йилда Матесчитз Тайланддаги “Krating Daeng” ичимлигини Австрия бозорига олиб келди ва уни янги бренд остида қайта такомиллаштирган ҳолда ишлаб чиқарди. У ўзининг янги формулага асосланган бу ичимлигини маркетинг стратегия асосида “Red Bull” номи билан сотишни бошлади. Бренднинг логосида энергетик ичимлик моҳиятини ифодалаш учун Минотавр тасвиридан фойдаланилган. Бу образ Юнон мифологияси қаҳрамони бўлиб, у ярим инсон, ярим буқа кўринишида тасвирланган.

 

 

Starbucks – бу дунёдаги энг машҳур ва энг йирик кофе дўконлари тармоғидан биридир. У 1971 йилда Ситтл шаҳрида ташкил топганидан буён, нафақат кофе ва ичимликлар, балки ижтимоий ва маданий ҳодиса сифатида ҳам танилган. Бренднинг муваффақияти ва кенг тарқалганлиги унинг сифатли маҳсулотлари, инновацион маркетинг стратегиялари, мижозларга хизмат кўрсатиш маданияти ва истеъмолчиларга масъулиятли ёндашуви билан ҳам боғлиқ. Унинг логосида Сирена тасвирланган бўлиб, бу образ баъзан ярим аёл, ярим қуш; баъзан эса ярим аёл, ярим балиқ сифатида тасвирланувчи гўзалликда тенги йўқ аёл қиёфасида ифодаланди. Улар ширали овози билан денгиз сайёҳларини йўлдан адаштириб, ўлимга етакловчи сеҳрли қудратга эга бўлган.

 

 

Versaciбу бренд 1978 йилда Гианни Версачи томонидан Милан шаҳрида ташкил этилган. Биринчи дўкони очилиши биланоқ тез орада юқори сифатли ва ҳашаматли дизайнлари билан эътиборни жалб этган. У ўзининг кийимлари ва дизайнлари орқали фақатгина мода соҳасида эмас, балки маданиятга ҳам катта таъсир кўрсатди. У поп маданиятининг ажралмас қисмига айланиб улгурганди.

 

 

Versachi бренди ўзининг ноёб услуби ва эстетикаси билан ажралиб туради. Versachi брендининг ажралмас қисми бўлмиш логосида Медуза Горгонанинг бошини кўришимиз мумкин. У Юнон мифологияси қаҳрамони бўлиб, ўзининг айбсиз айбдорона аянчли қисмати билан ҳаммамизга таниш. Унинг ҳикояси қуйидагича: денгиз маъбуди оиласида туғилган Медузага чиройда ҳатто илоҳалар ҳам тенглашолмасди. Токи уни маъбуда Афина лаънатламагунча. Афина шарафига қурилган ибодатхонада Посейдон томонидан зўрланиб, камига муқаддас жойни ишрат билан булғагани учун Афина унга даҳшатли қиёфани, яъни сочлари ўрнида илонлар ва маҳлуқона танани “тортиқ” қилган. Лекин Медуза образи шу ҳолида ҳам кибор ва ҳашамат рамзига кўчган. Айнан шу сабаб унинг боши Versachi бренди логосига айланган. Ҳозирда биз Versachiни Медузасиз тасаввур қилолмаймиз.

 

Зиёдахон ТУРДИБОЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16186
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//