Ўзбек текстил саноати қалдирғочлари — жосусликда айбланган Авазжоновлар


Сақлаш
16:28 / 27.02.2025 186 0

Кечар устида авлоди, тушунмас ким этар авғон,

Тушар бечоранинг ёдиға кечмиш хони ва хоқони.

Ватан авлодиман деб лоф урарлар тушларида, йўқ,

Ким остида, ким устида, бу ВАТАН кимларнинг қурбони?

Хосият Тиллахонова. Ватан // Билим ўчоғи. 1922 йил.

 

Муҳаммаджон Авазжонов1905 йили Эски Бухоро шаҳрида дунёга келган. Отаси Авазжон ўз вақтида Бухоро амирлигининг юқори лавозимли амалдорларидан бўлиб, 1912-1918 йиллари Чоржўй божхонасида масъул лавозимда ишлаган. Муҳаммаджон дастлаб Бухоро шаҳрида эски ва янги усул жадид мактабларида ўқийди, сўнг мадраса таълимини олиб, араб, форс тилларини мукаммал ўзлаштиради. Когондан махсус муаллим ёллаб рус тили ва адабиёти, Европа мусиқа санъати сирларини ўрганади. Ёшлигидан амакиваччалари – кейинчалик БХСР ҳукуматида йирик мансабларда ишлаган Мусожон ва Мухтор Саиджоновлар орқали жадид тараққийпарварлари ғоялари таъсирида улғайди.

 

1922 йил сентябрда Муҳаммаджон укаси Раҳматжон билан БХСР ҳукумати томонидан Германияга таълим олишга юборилган иқтидорли ёшлар қаторидан ўрин олади. Улар дастлаб бошқа бухоролик ёшлар қатори Германиянинг Кёслинг шаҳридаги педагогика мактабида таълим олади. Муҳаммаджон ўрта махсус шаҳодатномани қўлга киритгач, Коттибус шаҳридаги “Олий текстил мактаби”га текстилчи-муҳандис йўналишига ўқишга киради. 1928 йил август ойида ватандошлари – текстил соҳасида олий маълумот олган Исомиддин Аловуддинов ва қишлоқ хўжалиги йўналишида ўқиган Абдулла Пўлатов билан бирга СССРга қайтади. Сентябрда Самарқандга етиб келган Муҳаммаджон Авазжонов ва Исомиддин Аловуддиновни Ўзбекистон ҳукумати раҳбари Файзулла Хўжаев ўз кабинетида кутиб олади. Ҳукумат раҳбари уларни табриклаб, келажак вазифалари ҳақида тўхталади. Шундан сўнг ёшлар берилган маълум миқдордаги пулни олиб, Бухорога йўл оладилар.

 

Ака-ука Авазжоновлар

 

Вақт ўтиб, Муҳаммаджон ёш Ўзбекистоннинг енгил саноати тараққиёти учун енг шимаради. Тошкент, Самарқанд ва бошқа шаҳарларда текстил комбинатлари қурилиши ва ишга туширилишида бош-қош бўлади. Маҳаллий ёшлардан соҳада етук мутахассислар етиштириш мақсадида комбинатлар қошида билим юртлари ташкил этади. Унинг сўнгги иш жойи 1934 йилдан бошлаб Фарғона текстилкомбинатида бош инженер ва ишлаб чиқариш бўлими раҳбарлиги вазифалари бўлди. Эндигина 32 ёшни қаршилаган Муҳаммаджон Авазжоновнинг ғайрати кундан кун жўш ураётган бир пайтида осмони узра қора булутлар пайдо бўлади...

 

1937 йил 6 сентябрь куни Фарғона шаҳар НКВД бошқармаси томонидан Муҳаммаджон Авазжонов қамоққа олинди. Унга тегишли хонадонда тинтув ўтказилиб, паспорти, Германиянинг Олий Прусс текстил индустрия институтини тугатгани ҳақидаги дипломи ва гувоҳномалари, шунингдек, Германиядан келтирилган соҳага доир кўплаб илмий китоблар, Хислатнинг “Баёз”и, немис тилидаги бадиий адабиётлар, альбом ва суратлар олиб кетилади. Эртаси куни қайта тафтиш ўтказишиб, энди уйдаги барча жиҳозлар – жомадон, камар, 60 сўм миқдоридаги пул, қаламдон, ручка, неки бўлса ҳеч бир нарсани қолдирмай рўйхатга хатлаб олиб кетишади. Турмуш ўртоғи Маҳбуба Авезжонова, ўғли Иноят (1930 й.т.) ва қизи Люба (1933 й.т.) шипшийдон қилиб кетилган уйда бир тийин пулсиз оталарининг ортидан йиғлаб кузатиб қоладилар...

 

 

Муҳаммаджон адабиётни ва фотографияни жуда севар, бўш вақтлари Германияда сотиб олган фотоаппаратида табиат ҳодисалари, тарихий бинолар, дўстлар базмлари, инсонларнинг ҳолатларини суратга олиб юрар эди. 1937 йил 9 сентябрда ўтказилган илк сўроқда терговчи асосий эътиборни ана шу суратларга қаратади. 1937 йил 30 сентябрь куни тасдиқланган қарорда эса ҳеч бир аниқ асослар кўрсатилмаган ҳолда Муҳаммаджон Авазжонов Германия жосуслигида, ЎзССР ЖКнинг 57-моддаси I қисми (Ватанга хиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж) билан айбдор деб топилади. 

 

Энг қизиғи, уни қамоққа олиш тўғрисидаги ордер 1937 йил 11 ноябрда берилган. Муҳаммаджон совет турмасида яна қарийб бир йил муттасил қийноқ ва азоблар остида қисмат ҳукмини кутади. 1938 йил 1-2 октябрь кунлари Германияда таҳсил олган Темурбек Казбеков ва кимёгар Саттор Жаббор билан юзлаштиришларда Муҳаммаджон Германияда “Озод Туркистон” деган аксилинқилобий ташкилот умуман мавжуд бўлмаганини таъкидлайди. У барча ҳолатда мардонавор чидам билан ўзининг ҳақлигини исботлашга интилишига қарамай, 1937 йил декабрдаёқ тайёрлаб қўйилган айблов баённомаси 1938 йил 7 октябрда СССР Бош прокурори Вишинский томонидан тасдиқланди. М.Авазжонов жиноий иши бўйича суд 1938 йил 9 октябрь куни соат 13:15 дан 13:35 гача давом этди. “Учлик” суди М.Авазжоновнинг барча мулкларини мусодара этиб, уни отувга буюради ва ҳукм ўша куннинг ўзида ижро этилади.

 

Сталинча қатағонларнинг фош этилиши жараёнида Муҳаммаджон Авазжоновнинг иши ҳам қайта кўриб чиқилган. Муҳаммаджоннинг иши қайта кўрилаётган вақтда у билан бирга ишлаган бир қатор кишилар гувоҳ сифатида сўроққа тортилди. Улардан бу вақтда Тошкент текстиль-комбинатига қарашли мактаб директори Леонид Моисеевич Розенцвит 1956 йил 9 ноябрь куни Муҳаммаджон Авазжонов ҳақида қуйидагиларни ҳикоя қилади: “Мен 1934 йили Иваново текстил техникумини тугатиб, Тошкент текстил комбинатига ишга юборилганман. Бу ерда кадрлар тайёрлаш курси раҳбари сифатида Фарғона текстил комбинати ва унинг қошидаги Жерзинский номли техникум билан ҳам ҳамкорликда ишлардик. Фарғона текстил комбинатининг ишлаб чиқариш бўлими раҳбари ва Фарғона техникуми ўқитувчиси бўлган Муҳаммаджон Авазжонов билан 1935 йили бир йилдан кўпроқ вақт турли масалаларда хизмат вазифам юзасидан мулоқотда бўлганман. Менда у текстил соҳасида мавжуд барча технологияларни мукаммал билувчи ва ҳар томонлама етук мутахассис сифатида яхши таассурот қолдирган. Шу вақт давомида бирор марта унинг аксилсовет фаолиятини сезмаганман ёки бирор одамдан шунга ўхшаш фикрларни ҳам эшитмаганман”.

 

Ўзбек болалари Кёслинг шаҳрида

 

1957 йил 23 сентябрда СССР Олий Судининг ҳарбий коллегияси томонидан унинг оқлангани ҳақида махсус қарор қабул қилинади. Муҳаммаджон Авазжоновнинг оқлангани ҳақидаги хабар 1957 йил 22 октябрда турмуш ўртоғи Маҳбуба Авазжоновага маълум қилиниб, мусодара этилган мулкларини қайтариш юзасидан махсус комиссия тузилади. Бу масала ҳам советларга хос “ҳассос”лик билан текширилиб, 81 сўм 96 тийин миқдоридаги моддий зарар Авазжоновнинг оила аъзоларига етказилади. Муҳаммаджон Авазжоновнинг авлодлари бугун Бухорода истиқомат қилишади... 

 

***

Муҳаммаджон Авазжоновнинг иниси Раҳматжоннинг ҳам ўзига хос ҳаёт йўли, айрича бир ҳикояси бор. Раҳматжон 1908 йил 7 апрелда туғилган. У ҳам акаси Муҳаммаджон билан дастлаб Бухоро шаҳрида эски мактаб ва мадраса таълимини олади, араб, форс тилларини ўзлаштиради. Когондан махсус муаллим ёллаб, рус тили ва адабиёти, Европа мусиқа санъати сирларини ўрганади.

 

1922 йил сентябрда Германияда акаси билан Кёслинг шаҳридаги педагогика мактабидаги таълимни тамомлагач, Зарау шаҳрида жойлашган “Прусс текстил индустрияси Олий мактаби”нинг текстилчи-кимёгар йўналишида таҳсил ола бошлайди. 1928 йил июл ойида олий маълумот тўғрисидаги дипломни қўлга киритган Раҳматжон ҳам СССРга қайтади. Аслида бу қайтиш мажбуран амалга оширилган бўлиши ҳам мумкин. Чунки Раҳматжон ўқишининг сўнгги йили гўзал немис қизи Эльза Прагер билан танишиб, уни севиб қолади. Афтидан уларнинг расман оила қуриш тараддудига тушганини сезиб қолган совет хуфялари уни босим ёки алдов йўли билан Москвага олиб келадилар. Унинг 1928 йил ёзи сўнгида 8 кун давомида Москва шаҳрида қамоқда сақлангани, акаси Муҳаммаджоннинг уйига бормасдан аввал ҳукумат раҳбари Файзулла Хўжаевнинг қабулига кириши ҳам юқоридаги фикримизни асослаши мумкин. Шундан сўнг Раҳматжон Москва шаҳрида қолиб, дастлаб Москва шаҳридаги “Эркин меҳнат” тўқимачилик фабрикасида, 1930-35 йилларда эса Петр Алексеевич номидаги Москва чарм ишлаб чиқарувчилар иттифоқи лабораториясида фаолият олиб боради. Айни пайтда Германиядан аёли ва фарзандини олиб келиш ёки уларнинг олдига бориш учун рухсат олиш мақсадида совет ҳукумати масъул идораларига тинимсиз мурожаат этади. 1930 йилдан Германия элчихонасига қатнайди. Элза ҳам Раҳматжонга 1928 йил кузида дунёга келган фарзанди Анхимнинг сурати билан ҳар ой соғинч хатларини йўлларди. 

 

 

Хуллас, дунёнинг қарийб учдан бирини эгаллаган шўролар мамлакатида икки севишган қалб учун жой топилмади. 1935 йилга келиб севган ёри ва фарзандини қайта кўришдан умидини узган Раҳматжон Тошкентга қайтади. Тошкент текстил комбинатда цех бошлиғи, муҳандис бўлиб иш бошлайди... Аммо 1937 йил 4 сентябрь куни ЎзССР ЖК 60 (аксилинқилобий ташвиқот), 67 (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалари билан айбланиб, қамоққа олинади. У яшаётган Тошкент текстил комбинатининг 3-ётоқхонаси, 9-хонадонда тинтув ўтказилиб, паспорти, Германияда олган дипломи, турли хатлар, 12 та сурат, ҳатто шахсий буюмлари ва уйдан топилган 30 сўм ҳам далолатнома асосида олиб кетилади. Унинг турмуш ўртоғи САГУ (Ўрта Осиё давлат университети), кимё факультети, 5-курс талабаси бўлган Савельевна Елизаветта Авазжанова ва эндигина ёшига тўлган қизи Светланага на тушунтириш берилади на бир тийин пул қолдирадилар...

 

1937 йил 5 сентябрь кунги илк сўроқда асосан ундан Германияга қандай боргани, кимнинг пулига ўқигани билан қизиқишади. Бироқ, 1937 йил 17 сентябрь куни чиқарилган қарорда унинг 1922-27 йилларда Германияда ўқигани, “Туркистон” аксилинқилобий ташкилоти аъзоси, Германияга ишловчи жосус, 1927 йил СССРга жосуслик мақсадида қайтган деб, ЎзССР ЖКнинг 60- (аксилинқилобий ташвиқот), 62- (аксилсовет тарғибот) моддалари билан айбли деб топилади.

 

1937 йил 18 декабрдаги сўроқда эса Германияда тузилган “Озод Туркистон” ташкилоти аъзоси бўлгани, 1933 йилда СССРдаги Германия элчихонаси ходими Леманга жосуслик материаллари етказиб тургани ёзилади. Ваҳоланки, унинг нима мақсадда элчихонага қатнагани юқорида келтириб ўтилди. Шундан сўнг Ички ишлар халқ комиссарлиги давлат хавфсизлиги бошқармаси 3-бўлими лейтенанти Георгий Миронович Затуранскийнинг 1937 йил 20 декабрь куни имзолаган қарорида Раҳматжон 1906 йил туғилган ва 1927 йилдан Москвада яшайди каби хато ахборотлардан сўнг бирор ишонарли далиллар келтирмаган ҳолда ЎзССР ЖКнинг 57-1 (Ватанга хиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж), 62- (аксилсовет тарғибот), 67-(аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалари билан айбли деб топади. Кўриниб турибдики, ҳақиқат терговчига керак бўлмаган, мақсади ҳар қандай йўл билан бўлмасин Раҳматжон Авазжоновдан улкан жиноятчини ясаш бўлган.

 

1937 йил 22 декабрь куни Германияда ўқиб келган яна бир ёш – Киромиддин Қиёмиддин билан юзлаштиришда гўёки Раҳматжоннинг “Крокодил” ҳажвий журналида келтирилган карикатурани кўриб кулгани ва бу билан советларнинг зарбдор “стахановчилик” ҳаракатининг ишчиларга ҳеч қандай фойдаси йўқ, деган гапига иқрор бўлишини талаб қиладилар.

 

Рахматжоннинг айблов баённомаси 1937 йил 6 декабрда ЎзССР НКВД раҳбари Дереник Захарович Апресян, 1938 йил 5 октябрда СССР Генерал прокурори ўринбосари томонидан имзоланди. Иш 1938 йил 9 октябрь соат 10: 20дан 10:40гача давом этади ва Раҳматжон ЎзССР ЖКнинг 57-1 (Ватанга хиёнат, ҳарбий ва давлат сирларини сотиш, шпионаж), 58- (қуролли қўзғолонга ҳаракат), 64- (Совет давлатига қарши теракт), 67- (аксилинқилобий ташкилотга аъзолик) моддалар билан айбдор деб топилиб, олий жазога ҳукм этилади. Ҳукм 9 октябрнинг ўзида ижро этилган. Сталинча қатағонларнинг фош этилиши жараёнида Раҳматжон Авазжоновнинг ҳам иши қайта кўриб чиқилди ва 1957 йил 20 сентябрда СССР Олий Суди ҳарбий коллегиясининг қарори асосида оқланади. Ўзбекнинг минглаб зиёлари қаторида ака-ука Авазжоновлар ҳам очиқ туҳмат билан отиб ташланган бўлса-да, ҳақиқат барибир юзага чиқади. Юрт равнақини ошириш, миллат гарданини кўтаришни мақсад қилиб, шу йўлда қурбон бўлган ўғлонлар халқ хотирасидан абадий ўчмайди.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17903
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//