
Турон – Туркистон минтақасида ҳукмронлик қилган сулолалар давлатни бошқаришда, уни ҳимоя қилишда ва тинчликни сақлашда ҳарбий кучларга таянган.
Қорахонийлар сулоласи ўзбек халқи давлатчилиги тарихида муҳим аҳамиятга эга бўлиб, уларнинг ҳарбий соҳадаги ислоҳотлари кейинги даврда ҳукмронлик қилган сулолаларда ҳам давом этган. Шунга кўра, қорахонийларнинг ҳарбий ташкилоти ҳақида мавжуд манбалар тақдим этадиган маълумотлар нафақат бу сулоланинг ҳарбий фаолиятини англаш учун, балки ўз давридаги айрим ҳарбий ибораларининг маъноси ва келиб чиқишини аниқлаштиришда ҳам муҳим аҳамиятга эга.
“Девону луғотит турк” асарида туркийларнинг ҳарбий ишига оид кўплаб маълумотлар келтирилган бўлиб, бу асар Евроосиёнинг катта қисмида ҳукмронлик қилган туркий сулолалар – салжуқийлар, ғазнавийлар ва қорахонийларнинг ҳарбий бошқарувини тадқиқ қилишда муҳим рол ўйнайди.
Маҳмуд Кошғарий яшаган даврда ҳукмронлик қилган Қорахонийлар сулоласининг ҳарбий бошқаруви узоқ тарихий анъаналарга таянган. Бироқ ушбу сулола ҳарбий тизимининг ўзига хос жиҳати шундаки, унда мансаб ва унвонлар эски туркча номлари билан ифодаланган. Ушбу даврда ҳарбий бошқарувнинг асосий раҳбари сифатида ҳукмдорнинг ўзи кўрсатилган. Зарурат туғилганда, ҳукмдор маслаҳатчилари, ҳожиблар ва вилоят ҳокимлари унинг буйруқлари асосида қўмондонлик вазифасини бажарган.
Маҳмуд Кошғарий ва бошқа тарихий манбаларга асосланиб, ўрта асрлардаги ҳарбий тузилмаларнинг қандай ташкил этилганини таҳлил қилиш мумкин. Ушбу даврда қўшин икки асосий турга бўлинган: асосий (доимий) қўшин ва номунтазам (заҳира) қўшин. Асосий қўшин ҳукмдорнинг шахсий соқчилари, шунингдек, умумий қўшиндан иборат бўлган. Шахсий соқчилар “Девону луғотит турк”да ётғоқ атамаси билан тавсифланган бўлиб, уларнинг асосий вазифаси ҳукмдорни кечаси ҳимоя қилиш бўлган. “Қутадғу билиг” манбасида ҳам ётғоқлар ҳақида маълумотлар келтирилган, – кечаси саройни ҳимоя қилувчи соқчилар “ётғоқлар” деб аталиши ва уларнинг бошлиғи эса “Қапуғбоши” дейилиши айтилган.
Вақт ўтиши билан бу лавозимларнинг номлари ўзгариши мумкин, аммо уларнинг вазифалари сақланиб қолган. Бошқа тарихий манбаларда ҳукмдорнинг тунги қўриқчилари ҳақида эслатмалар мавжудлиги ҳам бу тизимнинг аҳамиятини кўрсатади. “Сиёсатнома”да Маҳмуд Ғазнавийнинг аскарларини кечаси навбатма-навбат соқчиликка қўйилиши ҳақида маълумот берилган бўлса, “Бобурнома”да эса соқчилар “чухра” ва “асас” каби бошқа номлар билан тилга олинган. Бу эса ҳарбий тузилмаларнинг локал хусусиятлари ва терминологиясининг хилма-хиллигини кўрсатади.
Хулоса қилиб айтганда, ўша даврда ҳукмдорларни ҳимоя қилиш учун ташкил этилган соқчилар тизими муҳим аҳамиятга эга бўлган ва у бир неча номлар ҳамда вазифалар орқали тарихда бошқа сулолаларда давом этган.
Асосий қўшин “Девону луғотит турк”да “су” атамаси билан ифодаланган бўлиб, бу атама туркий тилга мансубдир ва араб ёки форс манбаларида учрамайди. Абу Фазл Байҳақий, Ибн Ал-Асир ва Жамол Қарший асарларида қўшин ҳақида умумий маълумотлар берилган бўлса-да, уларда “су” атамаси ишлатилмайди.
Туркларнинг узоқ ҳарбий салоҳиятида отлиқ қўшин муҳим аҳамият касб этган. Кенг бепаён дашт ва турмуш тарзи уларнинг от билан мулоқат қилишини, улардан ишлаб чиқариш, деҳқончилик ва жангларда фойдаланишни тақозо этган. “Девону луғотит турк”да отларга оид маълумотлар асосан уларнинг ранги, хусусияти ва ҳарбий салоҳияти ҳақида. Ушбу асарда келтирилган маълумотларга кўра, отлар ўша даврдаги ҳарбийнинг ажралмас бир бўлаги сифатида қабул қилинган. Муаллиф шунингдек, отлар касалликлари ва уларни даволаш усуллари ҳақида ҳам тўхталиб ўтади. Шунинг билан бирга, нафақат отлар касалликлари, балки отлардан инсонларни даволашда ҳам фойдаланилгани таъкидланади. “Девону луғотит турк”да кўз касалликлари (кўзулдуруқ ва кўзлуқ) ва от думидан тўқилган кўзга тақиладиган кўзойнаклар ҳақида ҳам маълумот берилган.
“Девону луғоти турк”да келтирилган маълумотларга кўра, қўшиннинг асосий қисми отлиқ қўшинлардан иборат бўлган. Муаллиф пиёда аскарини тилга олмайди, бу эса отларнинг аҳамиятини янада оширади. Масалан, “Эл” мақоласида “Бу отни тасвирлайди. Чунки от туркнинг қанотидир”, деган ифода орқали туркийлар ҳаётида отнинг ўрни ҳақида фикр юритилади. Отларга қарайдиган отбоқарни элбоши, яъни вилоят бошлиғи сифатида таърифлаш ҳам отнинг аҳамиятини кўрсатади.
Ботирлик белгиси ҳам от билан боғлиқдир: отнинг думини ипак билан ўраб қўйиш ботирлик белгиси сифатида қабул қилинади. Отлардан нафақат жангларда, балки ҳукмдорнинг буйруқ ва фармонларини тез етказишда ҳам фойдаланилган. Шоҳ мактублари вилоят амирларига тез етиб боришини таъминлаш учун махсус чоралар кўрилган; энг тез чопадиган отлар танлаб олиниб, вилоятлар орасида махсус бекатларга жойлаштирилган. Чопарлар шоҳнинг фармонларини етказишда ўша бекатдаги отлардан фойдаланишган. Бекатлардаги отлар “улағ” ва “чуфға” каби номлар билан аталган. Бу жараёнлар ўша даврда ахборот алмашинуви тизимининг самарадорлигини кўрсатади. Уруш вақтида отларни сақлашга катта аҳамият берилган; “сақ-сақ” атамаси бу ҳақда маълумот беради. Сақ-сақ махсус сўз бўлиб, отлар ҳамда бошқа нарсаларни сақлаш учун қўриқчиларни огоҳ қилишда ишлатилган. Шунингдек, ҳукмдорнинг ёнида доим тез чопадиган чидамли заҳира от бўлиши керак эди; зарурат туғилганда ундан фойдаланилган. Маҳмуд Кошғарий бу турдаги отни “қўш от” деб атаган.
Асосий қўшиндан ташқари урушлар вақтида йиғиладиган қўшин ҳам мавжуд бўлган. Бу ҳақда Маҳмуд Кошғарий “Девону луғотит турк” асарида айрим маълумотларни келтирган. Унга кўра, аскарлар йиғилишига оид бир қатор иборалар мавжуд: “Су тилим иркилди” – кўп аскар тўпланди; “хан сусин қурди” – хон аскарини тўплади ва тартибга солди; “бег сусин букди” – хон аскарини йиғди; “су букинди” – аскар тўпланди; “су қамуғ чуғланди” – аскарлар ҳаммаси тўдалари билан келишди; “су қамуғ жиғилишди” – ҳамма аскарлар тўпланишди; “су жумурланди” – аскар тўпланди. Бу иборалар шуни кўрсатадики, Қорахонийлар сулоласида қўшин таркиби турли хил бўлиб, тўпланиш жараёни уруш арафасида амалга оширилган.
Туркийларнинг уруш вақтларида аскарларнинг тўпланиш жараёни узоқ тарихга эга. Хитой манбаларида ёзилишича, ҳунлар уруш бошлаганда бир неча юз минг жангчини йиғишга муваффақ бўлган. Турк хоқонлигида эса халқнинг асосий қисми чорвачилик билан шуғулланган ва уларнинг давлат олдидаги мажбуриятлари солиқ тўлаши, уруш вақтларида отлар билан таъминлаш ва аскарликка боришни ўз ичига олган. Араб ва форс манбаларида ҳам туркийларнинг қўшини таркибида турли қабила вакиллари мавжудлиги қайд этилган. Шундай қилиб, уруш пайтида ҳукмдор ўзига табе бўлганлардан жангчиларни йиғган.
Умуман олганда, туркий халқларнинг уруш пайтида аскар йиғиш жараёни уларнинг ижтимоий тузилиши ва сиёсий ҳаётини шакллантиришда муҳим рол ўйнаган. Ҳукмдорнинг ўзига табелар ичидан жангчи йиғиши ҳарбий тайёргарликни таъминлашда ҳамда давлат хавфсизлигини сақлашда муҳим аҳамиятга эга бўлган.
Урушдан сўнг ҳукмдор аскарларга уйларига қайтишлари учун буйруқ берган. “Девону луғотит турк” асарида бу жараёнга оид бир қатор иборалар учрайди. Масалан, “бег сусин ясди” – бек аскарини юртларига тарқатди; “су ясилди” – аскарлар тарқалиб кетди; “мен анар сусин яттирдим” – мен унга аскарларни тарқатишга буюрдим; “су язлишди” – аскар ҳар тарафга тарқалди; “анинг суси таралди” – унинг аскари тарқатилди. Бу жумлалар Қорахонийлар даврида аскарларнинг урушдан бўш вақтларида ўз ишларига қайтганини кўрсатади.
Аскарларнинг урушдан сўнг ўз ишларига қайтиши қадимдан бўлиб, буни Хитой манбалари ҳам тасдиқлайди. У ерда ҳунларнинг тинчлик даврида чорвачилик билан шуғулланиб, уруш вақти келганда бир неча минг суворийларни жангга жалб қила олишлари ҳақида ёзилган. Қорахонийлар даврида яратилган “Қутадғу билиг” асаридаги “агар арзирли бўлса аскарларни ҳаракатлантирса” жумласи ҳам бу жараённи тасвирлайди.
Юқоридаги маълумотлардан шуни хулоса қилиш мумкинки, аскарлар ўз юмушлари билан банд бўлиб, уруш бошланган пайтда жангга тайёрланишган. Улар жангда қатнашишгани учун жангдан олинган ўлжани тақсимлаш орқали рағбатлантирилган. Бу эса жангчиларни оилаларини боқиш заруриятидан озод қилган. Агар жангчи асир тушса, уни ҳақ эвазига қутқариб олишган ёки ҳалок бўлган тақдирда унинг фарзандларига товон тўлашган ва вояга етгунига қадар уларга ғамхўрлик қилганлар.
Аскарларнинг урушдан сўнг тарқалиши бошқа сулолаларда ҳам кузатилган ҳодиса ҳисобланади. Ғазнавийлар сулоласида уруш пайтида вилоятлардан аскарлар йиғилиши ҳақида “Яминий тархи”да маълумот берилган. Кейинги сулолалар даврида ҳам ушбу жараён давом этгани кўзга ташланади. Бобурнома асарида келтирилган: “Қанбар Алига ва ўз вилоятларига кетган аскарларга тўра (бўй баравар қалқон), кетмон, ойболта ва бошқа ҳарбий қурол-яроқлар ҳамда озиқ-овқат топиб келтириш учун серғайрат топағон кишилар юборди” деган жумла ушбу даврда аскарларнинг уйларига қайтишини тасвирлайди.
Ҳарбий юришларда қўшиннинг ғалабасини таъминлайдиган энг муҳим омиллардан бири аскарларнинг хизматлари учун бериладиган маошдир. Қорахонийлар бу масалага жиддий қараганлар. Улар қўшиннинг қурол-яроғи, кийим-кечаги, озиқ-овқати ва аскарларнинг соғлиғи каби масалалар билан шуғулланувчи махсус лавозимлар тайинлаган. Аскарларга хизмат ҳақи ўз вақтида тўланиши назорат қилиниб борилган. Араб халифалиги ва кейинчалик Сомонийлар даврида ҳам аскарлар таъминоти билан шуғулланадиган махсус девон мавжуд бўлган. Манбаларда бу девон “Девони арз” номи билан тилга олинган. Қорахонийлар сулоласи ҳукмронлигининг дастлабки даврида ҳам шунга ўхшаш жараён мавжуд бўлган ва “Девону луғотит турк”да келтирилган “ай битиги” буни исботлайди. Унда аскарларнинг маош ва озиқ-овқат таъминотлари алоҳида дафтарларга қайд этилган. “Ай битиги” ёки шунчаки “ай” каби туркча номлар аскарларнинг маошларини ва таомномаларини ёзиб олиш вазифасини бажарувчи махсус котиблар фаолият юритаётганини кўрсатади. Тарихчи Абдужаббор Утбий келтирган маълумотларга кўра, Сомонийларда ҳам ушбу лавозим мавжуд бўлган, бироқ унинг номи аниқ кўрсатилмаган. У ёзадики, бош вазир Абулаббос Тош вафотидан сўнг Журжонда бўлган бошбошдоқлик бостирилгандан кейин Хуросонга қайтишни истаган аскарларнинг исмларини бирма-бир рўйхатга олиб, уларнинг ойликларини бериб Рай шаҳрига кетишларига изн берган.
Агар “ай битиги” номи ҳақиқатан ҳам аскарларга ойлик маош тўланишидан далолат берса, бу қорахонийларнинг халифалик мисолидан кўра ўзларининг ҳарбий анъаналарига амал қилганини кўрсатади. Шунингдек, бу “ай битиги” қорахонийларда мунтазам қўшин тузилганидан дарак беради ва аскарларга ойлик маошларни ҳисоблайдиган махсус котибларнинг фаолият юритганини тасдиқлайди. Бироқ бу тизим мўғулларга қарамлик даврига келиб, ўнлик тизими жорий қилиниши натижасида бекор бўлган.
11-юзйилликда туркий қўмондонлар аскарларини ойлик маошларидан ташқари тез-тез рағбатлантириб турган. Бу жараённинг асосий мақсади аскарларнинг жанговар руҳиятини ошириш бўлган. Рағбатлантириш жараёни руҳий ва моддий шаклларда амалга оширилган: кўпинча аскарларга қўлга киритилган ўлжалардан совғалар тақдим этилган ёки уларга зиёфатлар уюштирилган.
“Девону луғотит турк”да аскарларга берилган зиёфат “тангук” атамаси билан изоҳланган. Тангук – хонлар юришга чиққанда аскарларга таом ва таомга ўхшаш совғалар бериш деган маънони англатади. Шунингдек, хонлар аскарларга ипак кийимликлар ҳам тақдим этган. “Девону луғотит турк”да зиёфатларга оид бошқа маълумотлар ҳам келтирилган. Мисол учун, “ашатти” атамаси хонлар таниқли кишилар, яъни қабила бошлиқлари билан бир дастурхонда ўтирган вақтга нисбатан ишлатилади. Урушда ғалабадан сўнг ёки тўй ва байрамларда ҳукмдорлар аскарларига ўттиз газ баландлигида дастурхон ёзишгани ҳақида “Девону луғотит турк”да “канчлию” атамаси билан маълум қилинади. Бундай ҳолатни ифодаловчи “бек аскарларини сийлади, уларга едирди, марҳамат қилди” ибораси ҳам мавжуд.
Ҳукмдорларнинг аскарларига нисбатан саховатли бўлиши ва тўкин дастурхон ёзишлари салтанат бошқарувида муҳим аҳамиятга эга эканлигини Низомулмулк асарида қайд этган. Бироқ Салжуқий султонлардан баъзилари бу одатга унчалик аҳамият бермаган кўринади; “Биз султон келган вақтдан бошлаб узоқ муддат унинг дастурхонидан бир бурда нон ҳам тотганимиз йўқ” деб чигил ва Моваронуннаҳрдан келган аскарлар ўртасида норозилик пайдо бўлганини ёзади. “Яминий тарихи”да келтирилишича, Ғазнавийлар сулоласида урушларда олинган ўлжалар аскарларга тақсимланган. Уруш бўлмаган даврларда эса, йилига тўрт марта бериладиган рағбат сифатида бистгонийлар ёки ҳар йигирма кунда ишриниётлар тақдим этилган. Умуман олганда, ХI асрда Туркистонда ҳукмдорларнинг аскарларига нисбатан саховатли ёндашуви ва рағбатлантириш сиёсати жанговар руҳиятни сақлаб қолишга ёрдам берган, натижада давлатнинг ҳарбий қудратини оширган. Аскарларнинг мотивацияси учун ташкил этилган зиёфатлар ва тақсимотлар уларнинг вазифасига бўлган масъулиятини янада кучайтирган.
Қорахонийлар сулоласи ҳукмронлиги даврида урушлар натижасида асирга олинган шахсларнинг ҳаёти кўплаб ҳолларда мол ёки хизмат эвазига сақлаб қолинган. Асирлар маълум бир миқдордаги маблағ эвазига озодликларини сотиб олиш имконига эга бўлган ёки ғолиб томоннинг хизматига киришлари мумкин эди. “Девону луғотит турк” асарида асирлар тўғрисида “булун” атамаси орқали тариф берилган. Масалан, бир асирни тасвирлайдиган шеърдаги жумлада: “Мол бериб, ўзини қутқазсин дея, уни бўшатдим”, деган фикр келтирилади. Бундан ташқари, душманга таслим бўлган ва омонлик берган шахс “ичкин эр” деб аталган. Бундай маълумотларга бошқа тарихий манбаларда ҳам дуч келинади. Сомонийлар сулоласининг ички низолари даврида асирга тушган саркардалар ўз ҳаётларини мол-мулк тўлаб сақлаб қолишган. Уларнинг ҳаёти фақатгина мол эвазига эмас, балки ғолиб қўмондоннинг хизматига кириш орқали ҳам сақланган. Мисол учун, Қорахонийлар Бухорони забт этиш арафасида Сомонийлар хизматидаги ўғуз саркардаси беш минг кишилик аскарлари билан қорахонийларга қарши тўқнашувда асир тушади ва натижада қорахонийларга таслим бўлади ҳамда уларнинг хизматига киради. Шунга ўхшаш вазият Сомонийлар қўл остидаги бошқа турк қўмондони Фойиқ билан ҳам содир бўлади; у Ҳорун Буғра хонга асир тушгандан сўнг унинг хизматини қабул қилади.
Бу ҳолатлар шуни кўрсатадики, муаллиф замонида асир олинганларни оддийгина ўлдириб юбормаслик амалиёти мавжуд эди; аксинча, уларнинг ҳаётлари мол ёки хизмат эвазига сақланиб қолинган.
Қорахонийлар даврида халқни душман келаётганидан хабардор қилиш тизими йўлга қўйилган. Бунинг асосий мақсади, биринчидан, халқнинг мол-мулкларини олдиндан белгиланган мустаҳкам қалъаларга жойлаштириш, иккинчидан, аскарларни ҳарбий ҳужумга тайёрлашдан иборат бўлган. 11-юзйилликда тоғ чўққиларида ёки баланд жойларда минора шаклида қурилган иншоотлар – “қарғу” деб аталган олов ёқиладиган миноралар халқни душман келаётганидан огоҳлантириш ва қўшинни хабардор қилиш учун хизмат қилган.
Бухорадаги Вобкент ва Сурхондарёдаги Жарқўрғон миноралари ўша даврда айнан душман таҳдидидан хабардор қилиш вазифасини бажарган. Бундай миноралар мавжудлиги Ўрта аср тарихчиларидан Абу Фазл Байҳақий ва Ибн ал-Асир асарларида ҳам қайд этилган. Абу Фазл Байҳақийнинг ёзишича, ғазнавийлар Жайҳун бўйида кўплаб қалъаларга соқчиларни жойлаштириб, уларни ноғора билан таъминлаган. Агар душман дарёдан ўтмоқчи бўлган тақдирида, соқчилар ноғора ва довулларни чалиб шовқин кўтарган ва ўз ҳарбийларига хабар беришган. Ибн ал-Асир эса тоғлардаги мустаҳкам қаълаларни, у ерда сақланган кўплаб хазина ва қурол-яроғларни келтириб ўтган; шунингдек, душман бостириб келиши ҳақида огоҳлантириш учун машъалалардан фойдаланилганини қайд этади.
Умуман олганда, бундай иншоотлар ҳарбий стратегиянинг муҳим қисми бўлиб, уларнинг мавжудлиги ўша даврнинг хавфсизлик тизимининг ривожланганини кўрсатади. Маҳмуд Кошғарий ифодаларини бошқа тарихий манбалар ҳам тасдиқлайди. Шундай қилиб, Қорахонийлар давридаги ҳарбий инфраструктура халқнинг хавфсизлигини таъминлашда муҳим рол ўйнаганлигини кўришимиз мумкин.
Сарвар ҚЎЛДАШЕВ,
ЎзФА Тарих институти кичик илмий ходими
Тарих
Адабиёт
Тил
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ