Сулаймон Хўжаев 1892 йил Тошкентнинг Камолон маҳалласида ўртаҳол деҳқон Умархўжа хонадонида дунёга келган. Сулаймон уч ёшида отасидан етим қолди. 1910 йилгача онаси Офтоб хоним ҳамда тоғаси ҳомийлигида мактаб ва мадраса таълимини олиб, араб, форс тилларини пухта ўрганади. Сулаймон Хўжаев 1911–14 йилларда Марғилонда приказчик бўлиб Оренбург ва Москва шаҳарлари билан савдо ишларини олиб борган. 1914 йил Тошкентга қайтиб келиб баққоллик дўкони очади. 1915 йил яна мадрасада ўқишни давом эттиради. “Турон” труппасида Мунаввар қори Абдурашидхонов раҳбарлигида Саъдулла Турсунхўжаев, Низомиддин Хўжаев, Ғулом Зафарий, Шокиржон Раҳимий каби жадид тараққийпарварлари сафида фаолият олиб борди.
Сулаймон Хўжаев 1917 йил апрелдан Бешоғоч милициясида ишлайди. 1918 йил бошида бир гуруҳ тараққийпарварлар билан Қўқонга боради. Улар Қўқон шаҳри яқинидаги қишлоқлардан бирига жойлашиб, Туркистон Мухториятини қўллаб-қувватлаш ва ташвиқот қилиш билан машғул бўлади. Мухторият қонга ботирилгач Тошкентга қайтиб, 1923 йилгача Эски шаҳардаги “Беҳбудий” мактабида ўқитувчилик қилади.
1924 йил Тошкент почта, телеграф курсига ўқишга киради. Сўнг ўғли Ҳамид билан Москвага бориб, кино мактабида ўқийди. Сулаймон Хўжаев 1926 йилдан Тошкент кинофабрикасида иш бошлайди. 1927 йил унинг иштироки ва маслаҳатчилигида дунёга келган “Равот қашқирлари” Сулаймон Хўжаевга улкан муваффақият келтиради.
1928 йил 14 ноябрь ўғли Ҳамид Сулаймон Москвадан Берлин университетида таҳсил олаётган Аҳмаджон Иброҳимовга йўллаган хатида ўзи ҳақида: “... Ҳар ҳолда мамлакатим учун бир илмий ходим бўлиш истагидаман. Қандай бўлса ҳам қоронғулиқдағи халқимизни ёруғлиққа чиқориш ниятидаман. Мақсадим маданият учун кураш, ёруғлиқ тўсқуни булутлар билан кураш. Булардан ташқари ўзбек санъати, адабиёти руҳига қарши борувчилар билан курашаман. Шундай курашлар учун Сиз айтганингиздек кучлик-билимлик бўлиш лозим. Шундай бўлғоч Сиздек ўзбеклар ичидан чиқиб олий тарбия топқон олимларимизнинг сўзларин қабул этиш билан ўз илмимнида такомиллаштириб, халқимизнинг турли эҳтиёжлариға жавоб берарлик даражада тайёрланишга ўзимнинг қатъий ваъдаларимни бериб қоламан” дейди. Хат мазмунидан Сулаймон Хўжаев Аҳмаджон Иброҳимов орқали Германиядан бир мунча кино ускуналарни олиб келганини ва Ҳамид Сулаймоннинг ҳам Германияда ўқиш ниятида бўлганини англаш мумкин.
Сулаймон Хўжаев Бутуниттифоқ Давлат кинематография институти (ВГИК)нинг биринчи танловидаёқ ўқишга қабул қилинди. 1932 йили ўқишни тамомлаб, сценариянавис ва режиссёр дипломини олиб қайтиб келади. Шу вақт Ўзбекистон ҳукуматидан “инқилоб” ҳақида фильмлар яратиш топшириғи бўлади. Фильм 1916 йилги Ўзбекистондаги қўзғолонларнинг туб моҳиятини очишга қаратилган мураккаб сюжетли бўлди. Сулаймон Хўжаев бу фильмнинг сценарий муаллифи, режиссёри ва бош қаҳрамон ижрочиси ҳам эди. Бу даврда ўша қўзғолонга қатнашган одамларнинг кўпи тирик эди. У Жиззах, Тошкент атрофи, Жанубий Қозоғистон, Қирғизистонга чиқиб материаллар йиғиб, таниқли олим Фитрат, Шоҳид Эсонлар билан маслаҳатлашган ҳолда кинофильмни ишлашга киришади.
Қисқа муддатда 1916 йилги Жиззах қўзғолони ҳақида ҳужжатли кино яратилади. Бироқ, 1932 йил мазкур “Тонг олдидан” фильмини комиссия биринчи кўришидаёқ “фильм антирусский, нельзя показовать” деган хулоса беради. 1933 йил фильмга бир қанча ўзгаришлар киритган ҳолда қайта ишлашади, аммо фильм экран юзини кўрмай қолиб кетади. Аксинча, 1934 йил 11 ноябрда Тошкентдаги кинофабрикада режиссёр бўлган ўзбек кинодарғаси Сулаймон Хўжаев ишдан олинади. Уни 1934 йил 4 декабрь куни дўстлари даврасида аксилинқилобий тарғибот олиб борган деган айблов билан қамоққа олишиб, 1935 йил 4 апрелда ЎзССР НКВД қошидаги “учлик” томонидан 6 йилга меҳнат тузатиш лагерига ҳукм этилади. Жазони аввал Ўрта Осиё лагерининг (САзлаг) биринчи палатка ва иккинчи баракларда ўтаган.
1936 йил декабридан Малик совхозида бошлаган. 1937 йил 14 августда ЎзССР НКВД қошидаги “учлик” таркибида Сулаймон Хўжаев, Худоёрхоннинг набираси Мансурбеклар бўлган етти кишини қандайдир аксилинқилобий ташкилот тузганликда айблаб отувга ҳукм қилади. 1937 йил 20 августда барчалари Малик совхози атрофида махсус объектда отиб ташланган.
Сулаймон Хўжаев 1957 йил 30 декабрда оқланган. Бироқ, ўғли таниқли олим Хамид Сулаймоновга, 1943 йил 20 июнь – жазони ўташ даврида вафот этган, деган ёлғон маълумотнома тутқазишган.
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Тил
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ