Рангнома – рангларнинг сиз билмайдиган ўзбекча номлари


Сақлаш
16:13 / 26.02.2025 27 0

Инсон ҳаёти давомида миллионлаб рангларга дуч келади. Ҳа, аслида ранглар биз ўйлагандек бир нечтагина тусда эмас. Шунчаки ҳаётимизга тасаввурга сиғмас даражада сингиб кетганидан уларни умумий номлар билан аташга ўрганиб қолганмиз, холос. Сўз луғатимизда ҳам етти-саккизта атрофида ранг номлари бор. Шунинг учун дўконга кирганимизда истаётган рангимиздаги буюмни ўз тилимизда эмас, ўзга тилларда сўрашга мажбур бўламиз. Ҳис-туйғуларимизни чекланган ранглар орқалигина ифодалай оламиз, фарзандларимизга ҳам бармоқ билан санарлик туслар номини ўргатамиз. 

 

Японияда ўқувчи 24 та рангни билиши ҳамда уларни бир-биридан ажрата олиши кераклиги ҳақида махсус талаб борлиги ҳақида ўқигандим. Бу болаларни қийнаш учун эмас, балки уларнинг новаторлик қобилияти шаклланиши учун қабул қилинган муҳим қарор бўлган. Шу каби сабабларни ўйлаб, тилимиздаги ранг номларига оид кемтикликни тўлдиришга ҳаракат қилдик. Бунинг учун соф бирлик сифатида она тилимиз ҳамда қардош халқлардан ўтиб келаётган, халқимиз тилига сингишга улгурган номлардан фойдаландик. Янги рангларимизнинг биз таклиф қилаётган рўйхатини эса рангнома деб атадик.

 

Рангномага киритилган кўк, яшил, қизил, сариқ, оқ, қора ва қўнғир ранглар номи соф туркийча. Шу ўринда аждодларимиз кўк, ҳамда яшил рангларни айни бир маънода қўллашганини ҳам таъкидлаб ўтмоқчиман. Улар Кўк Тангри деганда самога мурожаат этишган бўлса, кўклам деб баҳорнинг илк кунларида заминни яшиллик қоплашини айтишган. Бу сингари бир номнинг икки ранг учун қўлланилиши ҳамон учрайди. Масалан, асли яшил рангдаги чой турини халқимиз «кўк чой» дейди.

 

Қизил ва сариқ рангларида ҳам айрим чалкашликлар бор. Маҳмуд Қошғарий «Девон»ида орат сўзига «тўқ қизил ва сариқ ранг орасидаги от тури» деб изоҳ беради. Яна ол рангини қизил деб таърифлаб, ундан олхўри, қароли, шафтоли ва зардоли сингари мева турларининг номи ясалганини айтиб ўтади. Бугунги кунимизда эса ол ранги пушти ва қирмизи орасидаги рангни ифодалайди, адабий асарларда ҳам шу маънода қўлланилади. Бошқа бир ўринда эса Қошғарий ал сўзини келтириб, у тўқ сариқ рангни ифодалашини айтади яъни оловранг(апельсин ранг)ни. Рангномани тузишда апельсин ранг ёки алрангдан кўра, апельсин рангини ифодаловчи норинж ва пўртахол сўзлари қўлланилди. Соддалаштирилган рангномада эса тилимизга яқинроқ бўлгани учун асли арабчадан ўтган, лекин испанча талаффузга эга норинж эмас, пўртахол сўзи танланди.

 

Яна қадимда қизил тупроққа нисбатан ашу лафзи ишлатилган. Лекин бугунга келиб бу сўз тилимизда анча эскиргани учун ундан фойдаланилмади. Амшуй сўзи ҳам шу каби сариқ рангни ифодалаган, бу сўз ўрнига эса тилимизда мавжуд бўлган олтин, зарҳал, новвот, сафро, заъфарон, сабзи, пўртахол, шамсий, зарғалдоқ, лоларўй сўзлари орқали сариқ рангнинг ўнта турини номладик. Шу билан бирга номларни танлашда рангларнинг махсус кодлари билан алоқадорлигига ҳам эътибор қаратдик.

 

Масалан, кулрангни олти тури бўлмиш кўланка, симоби, кумуш, қўрғошин ва ғуборий ранглар айнан тускодлари билан мутаносиб. Кўк рангнинг ўндан ортиқ тури эса турли манбалардан олинди: сенгур «Алпомиш» достонидан, нилгун, нилоби ва нилий ранглар илк мумтоз давр адабиёт намуналаридан, ложувард, фируза ва мовий ранглар эса Навоий асарларида қўллаган номлардан танланди. Шунингдек, қимматбаҳо тошлар ҳисобланмиш зумрад, нефрит ва забаржад яшил рангнинг турли хил тусларини ифодалаш, ёқут эса қизил рангнинг муқобили учун ишлатилди.

 

Бинафша рангининг асосий турларини танлашда гул номларидан фойдаланилди: гулхайри (Гўрўғлининг туғилиши достонида келган), ҳамда сафсар (лаванда). Сиёҳ ранг борасида эса кичик чалкашлик мавжуд. Қардош турк халқи бу рангни қора ранг маъносида ишлатишади. Бироқ, бизда бу тўқ бинафша рангни ифодалайди. Бунга сабаб икки халқ қўллаган сиёҳлар тури ва сиёҳ олинган ўсимликларнинг айри-айри эканидир.

 

Қизил ранг турлари бўлган алвон ва қонолуд сўзлари ҳам бир неча бор халқ оғзаки ижодимизда қўлланилган. Даставвал, араб тилидан кириб келган алвон сўзи ранглар маъносини англатган бўлса ҳам, кейинчалик ёрқин қизил ранглар учун ишлатила бошланган.

 

 

Тилимиз имкониятларидан келиб чиқиб тускодга эга бўлган олтмишга яқин ранглардан иборат «рангнома» шу тарзда тузилди. Шунингдек, келгусида кенгайтирилган рангномага қуёш рангларининг бошқа турлари – сирож ва меҳр, шунингдек, пистоқи, олчаранг, сопол, мош, нос, қаҳрабо, бўз кабиларни киритиш режалаштирилган. Бу иш ўзбек тилининг ранг номларига оид бўшлиқни бироз бўлса ҳам тўлдиришига умид қиламиз.

 

Нурали ҚАҲРАМОН

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 16059
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//