Авлоний асарларида халқ оғзаки ижодидан қандай фойдаланган?


Сақлаш
17:27 / 24.02.2025 50 0

Ўзбек маърифатпарварлик ҳаракатининг пешқадам вакилларидан бири Абдулла Авлоний 1878 йилнинг 12 июлида Тошкентда майда ҳунарманд оиласида туғилган. Етти ёшидан саводини чиқарган. Ўқчи ва Шайхонтоҳурдаги мадрасаларда таҳсил олган. У 1904 йили Тошкентнинг Миробод маҳалласида жадид мактабини, 1909 йили “Жамияти хайрия” уюшмасини ташкил этган.

 

 

1905–1917 йиллари матбуотда фаолият кўрсатган ва кўплаб мақолалари билан иштирок этган. У биринчилардан бўлиб Туркистон мактабларида география, кимё, ҳандаса, физика фанлари киритилишига таъсир кўрсатган. Таълимни реал турмуш билан боғлашга интилган, бир дарс билан бошқаси ўртасида муайян танаффусни, бир синфдан иккинчисига ўтишдаги имтиҳонни жорий этиб, таълим тизимининг дунёвий йўналишини кучайтиришга алоҳида эътибор берган.

 

Маълумки, бола тарбияси кўзда тутилган қатор ибратли ҳикоятлардан иборат мажмуаларга эгамиз. Болалари тарбияси ҳар томонлама мукаммал бўлишини истаган халқ бошқа миллат асарларидан ҳам фойдаланган. Бу жиҳатдан ҳиндларнинг “Калила ва Димна”си шуҳрати анча юқори бўлганини эътироф этмоқ ўринлидир.

 

Ахлоқ, одоб ҳақидаги ривоят ва ҳикоятлар ўзбек маърифатпарварлари диққатини тортган, улардан дарсликлар яратишда унумли фойдаланганлар. Оғзаки ижод намуналари билан бирга мумтоз адабиёт намоёндалари асарларида тасвирланган ҳикоят, ривоят, масаллардан, жумладан, Рабғузийнинг “Қиссаси Рабғузий”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билик”, Аҳмад Югнакийнинг “Ҳибат ул-ҳақойиқ”, “Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр”, Саъдийнинг “Гулистон”, “Бўстон”, Пошшохўжанинг “Гулзор” асарларидан ўрин олган ҳикояларни ХХ аср бошларида яратилган турли дарсликларда учратиш мумкин.

 

Халқни маърифатли қилиш орзусида саъй-ҳаракатлар қилган зиёлилар сафида шубҳасиз, Абдулла Авлонийнинг ҳам алоҳида ўрни бор. У ўз таржимаи ҳолида қуйидагиларни баён қилади: “1900 йилда уйландим, отам ўлди, оила бошлиғи бўлиб қолдим. Шу пайтлардан бошлаб матбуот билан таниша бордим. Турли газета ва журналлар ўқишга тушундим. 1904 йилда жадидлар тўдасига кирдим. Мирободда “усули жадид” мактаби очиб ўқитувчилик қила бошладим”.

 

 

Унинг Мирободда очган “усули савтия” деб таърифланган мактабида ўқитиш бепул бўлишидан ташқари савод тез чиқарилган. Янги мактаб ҳақидаги бундай илиқ гаплар тарқалгач, эшитганлар камбағалбоп мактаб очилганидан хурсанд бўлиб бирин-кетин оқиб кела бошлаган. Бу эса эски усулдаги мактабдорлар ғазабини кучайтирган. Авлоний камситилган, таҳқирланган, таъқиб остига олинган. Лекин фитналар унинг қалбидаги маърифатни сўндира олмаган, аксинча алангалантган.

 

У янги усулдаги мактаблар учун дарслик ёзган муаллиф сифатида ҳам бир талай хайрли ишларни амалга оширган. Авлоний бу борадаги ишларини рўёбга чиқаришда Фурқат ва Сатторхон бошлаб берган, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Саидрасул Азизий ва Шакурий томонидан янгича шаклларда давом эттирилган жадидчилик оқими тарафдорларининг мактаб ва маориф соҳасидаги тажрибаларига таянган. Улар яратган дарслик ва қўлланмаларнинг ижобий томонларини ўрганган. Айниқса, Саидрасул Азизийнинг “Устози аввал”и унга илҳом берган. Натижада унинг илк дарслиги – “Биринчи муаллим” дунёга келган. Бу китоб ўз даврида катта шуҳрат қозонган. 1917 йилгача тўрт марта нашр этилиб, бир қатор янги усулдаги мактабларда савод чиқарувчи дарслик сифатида кенг қўлланилган.

 

Авлоний дарслигида бола ҳарфлар, уларнинг ёзилиш қоидалари билан таништирилгач, содда ва ихчам қилиб тузилган матнларга ўтилган. Дарсликдан ўрин олган матнлар ҳар жиҳатдан болаларбоп қилиб тузилган. Боланинг талаффуз қилиш қобилияти, ҳофизаси эътиборга олинган бўлиб, уларнинг ахлоқий-таълимий томонлари ҳам ёддан чиқмаган. Дарсликдаги кўп матнларда муаллиф саводли бўлишнинг аҳамияти ҳақидаги фикрларга урғу берган. Уларда миллатпарварлик, ватанпарварлик туйғулари болқиб турадики, бу томонлари миллий истиқлол армони билан яшаган жадид маърифатпарварлар дунёқарашига мос келган.

 

Муаллиф “Мактаб” деган матнда мактабнинг фазилатлари ҳақида гапириб, шундай шеърий сатрларни келтирган:

 

“Тараддуд бирла мактаб ўқинг, ўғлонлар, ўғлонлар,

Бўлурсиз бир куни оламда зўр инсонлар, ўғлонлар”.

 

У ўз ватандошларининг келажакда зўр инсонлар бўлишини ич-ичидан хоҳлаган ва бу йўлда тинимсиз меҳнат қилган. У жамиятни маънавий поклайдиган қудрат – маърифат эканини таъкидлар экан, унга куч берадиган нарса замон талабларидан келиб чиқиб ёзилган дарслик бўлажагини тушунган ва бу йўлда ўз истеъдодини бахш этган.

 

“Биринчи муаллим” дарслигига киритилган ибратли ҳикояларда Шарқ ва Ғарб халқларининг бола тарбиясига бағишланган мақолатлари руҳи яққол сезилиб турган. Ундаги ҳикояларни тахминан учга бўлиш мумкин:

 

1.                 Абдулла Авлоний қаламига мансуб бадиий матнлар;

2.                 Шарқ халқлари оғзаки ва ёзма адабиётидан олинган ҳикоялар;

3.                 Рус адабиёти вакиллари, жумладан, Л.Толстой, И.Крилов қаламига мансуб асарлар.

 

Иккинчи ва учинчи гуруҳга мансуб матнларнинг айримлари қайта ишланиб дарсликка киритилган. Шу ўринда Авлонийнинг тил билишнинг афзаллиги ҳақидаги қарашларини эслаш ва бу борада ўзи ибратли ишлар қилганини таъкидлаш жоиздир.

 

Абдулла Авлоний жамиятдаги одамларни икки тоифага – яхшилар ва ёмонларга ажратган. Бу сифатларга таъриф бериб, болаларни яхши хулқли, одобли бўлишга чақирган. Айниқса, “Зар қадрини заргар билур”, “Тўғрилик”, “Бахтли бола ва бахтсиз бола” каби матнларни аҳлоқий-таълимий ҳикоялар дейиш мумкин. Бу асарларда дастлаб насрий йўл билан ҳикоя баён қилинган, сўнг қиссадан ҳисса чиқарилган. Кўпинча воқеа устидан чиқарилган хулосалар шеърий йўл билан ёзилган. Бошқача айтганда, Авлоний бу борада кўпроқ Саъдийнинг “Гулистон” ва “Бўстон” асарларидан ўрнак олган. Бу, албатта, асарнинг бадиий ҳамда таълимий қимматини янада кучайтирган.

 

Китобдан ўрин олган айрим ҳикоялар содда тузилгани ҳам эътиборга лойиқ. Муаллиф оддийдан мураккабга ўтиш қоидаларига амал қилиб, аввал саводли бўлишнинг фойдаси ва саводсизликнинг зарари ҳақидаги оддий, содда воқеалар асосидаги матнларни, ундан кейин эса шу ҳақдаги мураккаброқ, болани ўйлашга мажбур қиладиган ҳикояларни берган. Оддий воқеалар асосига қурилган матнлардан бири “Бахтли бола ва бахтсиз бола” бўлиб, унда ўқиган бола – бахтли, ўқимаган бола – бахтсиз, деган фикрлар лўнда қилиб берилган.

 

1912 йили Абдулла Авлонийнинг “Иккинчи муаллим” деб номланган дарслиги босилган. Бу китоб “Биринчи муаллим”нинг мантиқий давоми бўлиб, ундаги матнлар ўзининг бадиийлиги, ҳаётийлиги, тилининг пухта, равонлиги, содда ва ширадорлиги билан ажралиб туради. Унда ҳам таълим ва тарбия масалалари етакчилик қилади. Муаллиф халқ оғзаки ижоди намуналаридан усталик билан фойдаланган.

 

Бу китоб ҳам худди биринчи китоб каби янги усулдаги мактаб мадҳига бағишланган шеърлар билан бошланган:

 

“Мактаб сиз(н)и инсон қилур,

Мактаб ҳаёт эҳсон қилур,

Мактаб ғам(н)и вайрон қилур,

Ғайрат қилуб ўқинг, ўғлон”.

 

“Иккинчи муаллим”га киритилган ҳикоя ва масалларда маърифатпарварликнинг ғоявий-эстетик қарашлари ўз ифодасини топган.

 

Тўпламдан ўрин олган ҳикояларда Авлоний ўз қарашларига содиқ қолиб, инсонга хос яхши фазилатларни улуғлаган, ёмон одатлар устидан аччиқ кулган. Ёмон одатлардан қутулишнинг бирдан бир йўли илм олиш, маърифатли бўлишдир, деб айтган. “Илмсизлик балоси” асари бу жиҳатдан анча ибратлидир.

 

Авлонийнинг 1913 йили ёзилган “Мактаб гулистони” китоби аввалги дарсликларнинг мантиқий давоми бўлиб, асосан юқори синф ўқувчиларига мўлжаллаб ёзилган. Китобдан ўрин олган асарларнинг кўп қисмини И.Криловнинг таржима қилинган асарлари ташкил қилади. Рус масалчисининг асарлари аввалги ҳар иккала дарсликдан ҳам ўрин олган эди. Уларнинг кўпчилиги қайта ишланиб ихчамлаштирилган, кўпларининг насрий баёни берилган. Учинчи китобда эса ҳақиқий таржималар ўрин олган бўлиб, улар Авлонийнинг етук таржимон сифатидаги фаолиятини намоён этувчи намуналар сифатида ҳам қимматлидир. “Ғайрижинсий иттифоқ”, “Тулки ила серка”, “Маймун билан кўзойнак” масаллари ўша давр савиясида маҳорат билан таржима қилинган.

 

Муаллифнинг дарслик сифатида 1913 йили яратилган асарлари ичида, шубҳасиз, “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” китоби алоҳида аҳамиятга эга. Бу китоб ҳам “Мактаб гулистони” каби асосан юқори босқич ўқувчиларига мўлжаллаб ёзилган бўлиб, одобнома руҳидаги асардир. Ахлоқ, хулқ мажмуаси бўлган бу китоб 61 бобдан иборат, унда инсондаги бир қатор фазилатлар ва қусурлар шарҳлаб берилган. Бу китобда ҳам муаллиф даставвал инсонни икки тоифага бўлиб, улар яхши хулқли ҳамда ёмон хулқлилардир. Уларнинг яхши фазилатли бўлишларига сабаб – илму урфон ўрганганликлари, ёмон хулқли кишилар бўлиб қолишларига сабаб – жоҳиллик ботқоғига ботганликлари дея уқтирган.

 

Китоб “Ахлоқ” деган боб билан бошланган бўлиб, ушбу бобда муаллиф ахлоқий билимга “инсонларнинг яхшиликка чақирувчи, ёмонликдан қайтарувчи бир илмдир” деб таъриф берган. Ахлоқнинг бир кўзгу экани, ҳар бир инсон унга юзланиб, ўзининг ким эканини ҳис қилиши ҳақида фикрлар баён қилинган ва “Ўз айбини билур, иқрор қилуб, тузатмакка саъй ва қўшни қилган киши чин баҳодир ва паҳлавон кишидур...”, деган қатъий хулоса билан якунланган.

 

“Хулқ” бобида инсон жасад ва нафсдан мураккаб бўлганлигини айтиш билан жасад суратининг кўзга ташланиб туришини (ташқи кўриниш), нафс сурати кўзга кўринмаслиги (ички олам)ни таъкидлаган.

 

Бундан кейинги боблар тарбия билан боғлиқ бўлиб, “Тарбиянинг замони”, “Бадан тарбияси”, “Фикр тарбияси”, “Ахлоқ тарбияси” бобларига бўлинган. Буларнинг ўхшаш ва фарқли томонлари ҳақида батафсил фикр-мулоҳазалар билдирилган.

 

Жадидчилик оқимининг фаол вакили сифатида Авлоний ҳам ватан, миллат, тил ҳақидаги фикрларга алоҳида урғу берган. Бу билан ерлик халқ вакилларининг кўзини очиш зарурлиги таъкидланган. У Ватан тушунчасининг ноёб ва эзгулигини исботлаш мақсадида, “...ватан ҳисси-туйғуси ҳайвонларда ҳам бор”, деган фикрни келтирган. Демак, инсон ўзининг ақл-идроки, муҳаббати билан жонзотларнинг энг олийси экан, унда Ватанга муҳаббат туйғулари ҳам ана шундай юксак бўлмоғи лозим.

 

“Ҳифзи лисон” бобида ҳар бир миллат вакилининг ўз она тилини билиши ҳам фарзу қарз эканини уқтириш билан бирга, тил миллатни дунёга кўз-кўз қиладиган ойналигини далиллаган. Авлоний “Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдир”, деган ақидани қатъий туриб ҳимоя қилган ва ўз халқини тилни қадрлаш ҳамда эъзозлаш руҳида тарбиялашни бош мақсад қилиб олган. У ўз она тилига хитобан:

 

“Менга илму адаб сен ўргатдинг,

Чин адиб, муаллимим, шоним.

Миллатнинг руҳини кўтаргувчи сен,

Энг муқаддас карамли султоним”,

 

дейди. Бу тилнинг қадри-қимматини, жозибасини сақламоқ ҳар бир кишининг бурчи эканлигини алоҳида таъкидлаш билан “...оғиз орасидаги тилни ҳам сақламоқ” лозимлигини унутмаган. “Чунки сўз инсоннинг даража ва камолини, илм ва фазлини ўлчаб кўрсатадургон тарозисидир”.

 

Абдулла Авлоний “гўзаллик юзда эмас, тилда”, деган доно фикрларни ривожлантира бориб, қуйидаги дидактик хулосага келган:

 

“Кўпайган сўзнинг бўлғай тўғриси оз,

Шакарнинг кўпидан ози булур соз”.

 

Муаллиф жаҳлнинг ярамас асоратлари ҳақида атрофлича гапириб, одамзотни ундан олис бўлишга чақирган. У халқнинг маданий жиҳатдан орқада қолиб кетишига сабаб жаҳолат иллатларидан тамоман қутила олмаганида деб билган. У ўз халқининг мана шундай кунларга тушиб қолганидан ачинган, ундан халос бўлиш йўлларини қидирган. Унинг бирдан бир армони ўз халқини маърифатли кўриш эканини, бу йўлда тўғаноқ бўлувчи кучларга эса бешафқат бўлиб, уларни таг-томирлари билан қуритиш кераклигини ошкора айтган.

 

Умуман олганда, Абдулла Авлоний ўзининг ҳар бир асарида, дарслик ва мақолаларида халқ оғзаки ижоди намуналаридан усталик билан фойдаланган. Бу орқали ахлоқ ва одоб масалаларига ўз даври нуқтаи назаридан ёндашиб, ўз замондошларини, ёшларни илмли, элпарвар ва ватанпарвар, комил инсон мақомида кўришни истаган. Ундаги ушбу истак ҳаракатсиз орзу бўлиб қолмаган. У ўзи очган мактабларда таълим олаётган болаларни ана шу дунёқараш руҳида тарбиялаган. Унинг мактаб, маориф, ўқитиш соҳасидаги саъй-ҳаракатлари бекорга кетмади. Кейинги авлод учун катта ибрат вазифасини ўтади.

 

Машҳурахон ДАРМОНОВА,

Маданиятшунослик ва номоддий маданий мерос илмий-тадқиқот институти бўлим мудири,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Фойдаланилган адабиётлар

1. Абдулла Авлоний. Тошкент тонги. Тошкент: Ғофур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриёти, 1979.

2. Абдулла Авлоний (Танланган асарлар 2 жилдлик) 1-жилд. / тузувчи: Бегали Қосимов/ Тошкент: Маънавият, 1998.

3. Абдулла Авлоний (Танланган асарлар 2 жилдлик) 2-жилд. / тузувчи: Бегали Қосимов/ Тошкент: Маънавият, 2009.

4. Абдулла Авлоний. Туркий гулистон ёхуд ахлоқ (Матн). Тошкент: Ёшлар нашриёт уйи, 2018.

5. Бегали Қосимов. Абдулла Авлоний (1878–1934). (https://ziyouz.uz/ilm-va-fan/tarix/manaviyat-yulduzlari/abdulla-avloniy-1878-1934/).

6. Б.Қосимов, У.Долимов. Маърифат дарғалари. Тошкент: Ўқитувчи, 1990.

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Жараён

17:02 / 21.02.2025 0 55
Қайта яралаётган қадим ҳунар





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 15981
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//