Қайта яралаётган қадим ҳунар


Сақлаш
17:28 / 21.02.2025 19 0

...Куни кеча буюк жадид бобомиз Абдулла Қодирий уй-музейи қадим ноёб ашё билан бойиди – Хоразмдан бир юз йигирма ёшли эшик келтирилди. Ўймакорлик санъати намунаси бўлган қўштабақали эшикни асраб-авайлаб келган биродаримиз Шерзодбекнинг айтишича, отасининг бобоси маърифатпарвар инсон ўтган, ўз уйида мактаб очган, ушбу эшик мактаб хонасига ўрнатилган. Ўша вақтда маориф соҳасига катта эътибор қаратган жадидлар янги очилган мактабга келишган ва албатта, ушбу эшикда уларнинг қўл излари қолган бўлса не ажаб!

 

Жадидлар одамларни илму маърифатга чорлаш асносида уларнинг керакли касб-ҳунар эгалари бўлиб етишишлари, улуснинг шу борадаги эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилишлари учун ҳам қайғуришган. Абдулла Қодирийнинг бўш вақтларида дурадгорлик қилгани, вассажуфт ясаганини эсланг (бугун бобосининг ушбу касбини невараси Шеркон давом эттиряпти).

 

...Бошламадаги эскартишлардан сўнг айтмоқ бўлган иддаомизга – бугунда шу соҳада амалга оширилаётган ишларга юзланамиз. Қадим Хоразмда ҳунармандчиликнинг барча йўналишлари тараққий топган. Воҳалик ҳунармандлар ясаган жиҳозлар ўз вақтида Шарқу Ғарб бозорларига етказиб берилган. Айниқса, моҳир усталар томонидан ясалган, иморатлар безаги бўлмиш эшик-деразалар, ўймакор устунлар таърифлари узоқларга кетган. Хонликда бу борада хонқалик усталар донг қозонган. Хонқа кулоллари ва ҳунарманд усталари ясаган буюмлар, дурадгорлик намуналари жаҳоннинг бир қатор музейларида кўргазмага қўйилгани бежиз эмас.

 

Бугун хонқалик ҳунарманд уста-мебелсозлар боболари санъатига асосий даъвогар бўлиб, уни қўлбола кўринишдан саноат даражасига кўтаришди. Айниқса, сўнгги ўн йилликда миллий ҳунармандчилик соҳасига катта эътибор қаратилгани, уларга шарт-шароитлар яратиб берилгани, “устоз-шогирдлик” анъанаси қайта тиклангани соҳа тезкор ривожланишига замин яратди. Қисқа муддатда туманнинг “Истиқлол”, “Ватанпарвар”, “Пахтагул” ва “Баркамол авлод” маҳаллаларида юздан ортиқ хонадонда замонавий мебеллар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди ва кун келиб оилавий бизнес кўринишидан аста-секинлик билан саноат кўринишига ўта бошлади. Тадбиркорликни тез йўлга қўйган кўпгина мебелсозларга туман ҳокимлиги устахона қуриш учун ер ажратиши натижасида икки қаватли, ҳар томонлама қулай бинолар пайдо бўлди. Бу бинолар нафақат ишлаб чиқариш маскани, айни пайтда маҳсулотлар кўргазма залларига ҳам эга. Шу билан бирга харидор олган мебелларни уйларига етказиб ва ўрнатиб бериш хизмати ҳам йўлга қўйилгани мижозлар сони тобора ошишини таъминлаяпти. Қисқаси, бугун вилоятда ишлаб чиқарилаётган мебелларнинг деярли ярми хонқалик мебелсозлар ҳиссасига тўғри келади.

 

Хонқалик уста-ҳунармандлар юз турдан ортиқ, жаҳоний андозадаги сифатли ва ҳамёнбоп мебеллар ясашмоқда. Аҳоли тураржойларигина эмас, мактабгача таълим ташкилотлари ва бошқа муассасаларга ҳам буюртма асосида турли ўлчамдаги мебеллар етказиб беришяпти. Улар ишлаб чиқараётган маҳсулотларни бугун қўшни Қорақалпоғистон Республикаси ва бошқа вилоятлар аҳолиси ҳам маъқул кўриб харид қилишмоқда.

 

Собиқ Иттифоқ вақтида қўлида ортиқча маблағи бор одам хорижда ишлаб чиқарилган мебел топиш тараддудига тушарди. Финляндия ёки бошқа давлатларда ишлаб чиқарилган мебелларнинг бозори чаққон... асосан пештахта тагидан, таниш-билиш орқали топиларди. Эндиликда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар – ҳунармандлар хориж мебеллари бозорига ҳам рақобат кўрсата бошлашди.

 

...Икки йил олдин катта қизим янги иморатга кўчиб ўтганида, невараларим дарс тайёрлашлари учун мос стол-стул харид қилиш мақсадида йўлга отланиб турганимни кўриб “Хонқага бориб юрасизми, Боғотда ҳам мебел дўконлари иш бошлабди”, деб қолди. Туман марказидаги янги дўкон ва устахонани, унда қаторлаштириб қўйилган шкаф, жавон, стол-стуллар, ётоқ жиҳозларини кўриб қувондим. Тадбиркорга қачон иш бошлашгани ҳақида берган саволимга жавобдан сўнг ҳайратим ошди. Сабаби, ҳунарманд-тадбиркор хонқалик бўлиб, Боғот тумани маркази ва яна Деҳқонобод қишлоғида ҳам шундай устахона ва дўконлар очган экан. Олдинлар вилоят марказида “Хонқа мебел” ёрлиқли бинога кўзим тушиб, қадим эл ҳунармандларининг “эл ичига юришлари”дан қувонгандим.

 

“Бирлашган ўзар...” дейилмиш отасўзимиз мазмунидан келиб чиқиб, туман ҳунармандлари шу кунгача якка тартибда фаолият юритсалар-да, аллақачон бутун вилоятда ўзлари ишлаб чиқараётган мебеллар брендини яратишгани таҳсинга лойиқ эди. Энди эса...

 

Президентимизнинг “Республика ҳудудларида мебелсозлик саноатини ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қароридан сўнг туманнинг Мадир қишлоғидаги “Дўстлик” маҳалласида кичик иқтисодий зона қурилиши бошланди. Бу ерда 60 дан ортиқ лойиҳа амалга оширилмоқда. Ушбу лойиҳалар ҳунармандлар қўл меҳнатини енгиллаштириш, ишлаб чиқарадиган маҳсулотлари сифатини оширишга хизмат қилади. Кенг ва замонавий сехларга энг сўнгги русумдаги дурадгорлик дастгоҳлари ўрнатилади, керакли техника ва бошқа воситалар билан таъминланади. Тадбиркорлар ишлаб чиқаришида узилишлар бўлмаслиги учун иқтисодий зонани алоҳида электр таъминоти билан таъминлайдиган юқори кучланишли трансформаторлар ўрнатилади. Қисқаси, бу ерда улкан мебелсозлик мажмуаси пайдо бўлади.

 

Уч йил олдин эзгу ниятлар билан бошланган қурилиш жараёни деярли якунланиш босқичида. Эрта-индин усталаримиз мажмуасида тайёрланган мебелларни қўшни давлатларга экспорт қилишаётгани ҳақида хабар эшитсак ажабланмаймиз.

 

Рўзимбой ҲАСАН

 

Jadid газетаси, 2025 йил 21 февраль, 8-сон.

Миллий брендга айланган ворислик” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 15822
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//