Истеъдод барча замонларда жасоратдир


Сақлаш
16:53 / 20.02.2025 102 0

Ўтган асрнинг 90-йиллари ўзбек шеъриятида мустақиллик йўлида ўз-ўзини сафарбар этган авлоднинг курашлари билан эсланади. Бу авлод орасида бир ном борки, уни бугун китобхонлар маърифий мавзулардаги ижоди билан тилга олади. Бу эслов унинг лирикасини, бўлганда ҳам жанговар лирикасини бироз сояда қолдиргандек. Мирзо Кенжабек – ижоди ана шундай кескин бурилишларга, сокинлигу суронларга, курашлар, енгилишлар ва Ҳаққа таслим бўлишларга бой адиб...

 

Разил қаҳқаҳага боқа олдим тик...

 

Мирзо Кенжабек шеъриятини уч алоҳида йўналишга бўлиб ўрганиш мақсадга мувофиқ. Булар: лирик шеърият, ижтимоий шеърият ва маърифий шеърият. Биз шоирнинг доим ҳам эътибор берилавермайдиган, айниқса бугунги авлод ўқувчилари учун сирли бўлган ижтимоий шеърияти ҳақида сўз юритамиз.

 

Мирзо Кенжабекнинг ижодида шундай бир лирик қаҳрамон бор – у доим курашда: аскар, оға, ини, ўғил, шоир, инсон сифатида мудом жангга йўл олаверади. Ана шу қаҳрамоннинг бадиий қиёфаси бугунги адабиёт учун зарур. Хўш, у нимани қойиллатганки, ярим аср ортга қайтиб, уни 2025 йилга олиб келишга жазм қилдик (Бу саволга мақола охирида жавоб топасиз)?

 

Ҳақиқат ва бадиият адабиётнинг асоси бўлиб кел­ган. У ҳаёт ҳақиқатини бадиият либосида инсонлар­га тақдим этади. Шундай даврлар бўладики, миллат ҳақиқатга кўпроқ муҳтожлик сезади. Ҳақиқат бўғи­лаётган чоғларда одамлар уни адабиётдан излай бошлайди. Шунда ижод кураш майдонига, ижодкор жангчига айланади.

 

Халқимизнинг ўктам шоири Шавкат Раҳмоннинг:

 

“Мен жангчи эмасдим, мен шоир эдим,

Ниҳоят, шоирдан кўра зобитман”,

 

деган сатрларида шунга ишора бор.

 

Устоз шоир Мирзо Кенжабек эса ижодининг бу даври­га “қурбонликка сўйдим истеъдодимни” деб баҳо беради. Унинг бу аҳдини тушунгич замонлар ке­лишига умид қилади. Кураш миллат эрки, ҳурли­ги, инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари учун, зулмга “бас” дейиш учун бўлса, ўзини миллат тақдирига масъул деб билган ҳар бир уйғоқ зиёли бу йўлда истеъдо­дини ҳам қурбон қилишга тайёр курашчига айланади.

 

Бу курашлар ҳам худди асарлар каби тарихда қо­лиши шубҳасиз. Зеро, муаллиф бир шеърида: “Дер­лар: “Кураш қолар”. Жанг ҳам қолгуси”, дея ишончи­ни яширмайди. Шоир биладики, келгуси авлодларда бу курашлар ҳақида кўп саволлар туғилади. Шунда муаллиф ўз авлодининг бу қурбонлигини:

 

Болам, мен золимлар дунёси ичра

Разил қаҳқаҳага боқа олдим тик...

 

дея изоҳлайди.

 

 

Отилмаган ўқ

 

ХХ асрнинг 80-йиллари... Мустамлака тузуми ҳали қонли қамчисини ўйнатиб турган бир давр. Миллатнинг бошига “пахта иши”, “ўзбек иши” каби балолар ҳали келиб улгурмаган бўлса-да, бир шоир йигит юраги билан бу қаттол зулмнинг кейинги даражасини сезиб турар эди. Бу унинг Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси бўлган Улаш бобога хат тарзида битилган “Ўқ” шеърида аён бўлади:

 

Ишонгил,

Ёлғиз сен эмассан, отам,

Вужуддаги ўқдан қийналиб толган.

Ишонгил,

Жисмимда ўқ бор менинг ҳам –

Кўкрак қафасимни ларзага солган...

 

Шеър композицияси шундайки, муаллиф лирик қаҳрамон “жисмидаги ўқ” ва Улаш бобонинг оёғида қолиб кетган ўқ билан боғлиқ тафсилотларни параллел бериб боради: бири тинч замоннинг нотинч шарпаси бўлса, бошқаси 40-йилларнинг қирғинларини эслатиб туради; бири аэропорт назоратидан ўтаётганда магнит ускуналар овозидан сесканиб кетса, бунисининг бутун умри ана шундай оғриқда ўтади; бири тунларда жанг майдонидаги даҳшатларни эслаб уйқусиз бўлса, бошқаси пул, алдов ва хиёнат каби бугунги душманларини кўзлаб тонг оттиради. Шеърда лирик қаҳрамон ўзининг дардини Улаш бобонинг оғриқлари билан таққослар экан, бунда фақат битта фарқни таъкидлайди. Бу фарқ эса шеърнинг кулминацияси ва финалини белгилаб беради. Агар буни илмий тил билан изоҳлаш зарур бўлса, бутун шеър таносуб санъати асосида (ўзаро мутаносиб жиҳатлар таъкиди) билан қурилган-у, охирги икки мисра тазод (қарама-қаршилик)га айланмоқда:

 

Иккимиз ҳам шундоқ безовта, бедор,

Сенда ҳам, менда ҳам тунлар ором йўқ:

Сенинг вужудингда отилган ўқ бор,

Менинг вужудимда – отилажак ўқ!..

 

Хўш, бу ўқ қачон отилади?! Қачон шоир ўз ижодий амбицияларини намоён қилади?! “Ўқ” шеъри 1980 йилда ёзилган бўлса, кўп ўтмай ўзбек шеъриятида ошкоралик шамоллари эса бошлайди. Барча шоирлар бирваракайига ижтимоий ҳақиқатларни қаламга ола бошлади. Бу даврда Мирзо Кенжабек шеъриятида ўша 80-йилда айтилган ўқнинг отиладиган даври бўлди дея оламиз. Шоирнинг Мустақиллик даврига қадар ёзилган шеърлари унинг ижодида алоҳида давр бўлиб қолди. Адабиётга муҳаббат ва самимий туйғулар куйчиси бўлиб кириб келган шоир ўз ижодий ракурсини ўзгартирди. Бу жараён онгли равишда қилинганини шоирнинг шеърларидан англаш мумкин.

 

 

“Қурбонликка сўйдим истеъдодимни...”

 

“Ижтимоий дард” шеъри ўша давр ҳақидаги шоирнинг иқрорларидир. Тенгдошлари гўзал шеърлар билан мухлислар қалбидан жой талашиб юрган бир паллада Мирзо Кенжабек “Мен эса курашчан нутқлар билан, мақолалар билан бўлдим андармон” деб ёзади. Лекин бу афсус эмас. Бу – шарҳ. Шоир нега бундай қилиш кераклигини, ўзи таянган ҳақиқатни ўқувчига шарҳлайди.

 

Жамики шоир зоти бошида шундай кун борки, бутун ёзганлари аслида ҳеч нарсага арзимасдек кўрина бошлайди. Бу даврда шоир ўз ижодини қайта синтез қилаётган, “менинг ёзганларим нимани ўзгартиради?”, “шеър ёзмасам бу дунёда нима ўзгаради?”, “мен умримни сарфлаётган ижодим кимга керак?” деган саволларга жавоб излаётган бўлади. Ўша пайтда Чўлпон “Ўзимни топширдим муҳитнинг эркига” деб ёзади, Рауф Парфи “синдирдим синмас созимни” дейди, Абдулла Ориф “Ниманидир ахтараман шеърдан ҳам улуғ” дея изтиробга тушади, Шавкат Раҳмон “Бир япроқ қолмабдир шивирлайдурғон” деб афсус чекади. “Ижтимоий дард” шеъри Мирзо Кенжабек ижодидаги ана шундай даврнинг изоҳидир.

 

Келгайдир мени ҳам тушунгич замон:

Елларга совурдим қонли додимни,

Истиқболинг учун, юртим, онажон,

Қурбонликка сўйдим истеъдодимни!

 

Иброҳим алайҳиссалом ўғли Исмоилни Ҳақ йўлига қурбонлик қилганидек, шоир ҳам ўз истеъдодини миллат эртаси учун фидо қилишга жазм қилади. Бундан эса шоирнинг истеъдоди яна бир карра ёрқинликка эришади.

 

Буткул сабил қолсин менинг ижодим,

Фақат озод бўлсин шу халқ, шу Ватан!..

 

– ­дея ёзилган палладан бошлаб Мирзо Кенжабек шеъриятида миллат мавзуси биринчи даражага чиққан эди. Шундан сўнг ёзилган барча шеърларда бу концепция ўзгармас кўринишга келди.

 

Бу даврда барча шоирлар ижтимоийликка юз бургани ҳақида айтдик. Лекин бу курашлардан четда турганлар ҳам йўқ эмас эди. Улар “мен ижодим билан курашаман”, “мендан ижод қолади” деган тамойилга таянган эдилар. Улар орасида “Мирзо қолиб кетди” дея маломат қилгувчилар ҳам учрар эди. Ана шундай миллатнинг фожиалари қаршисида гул ва булбул ҳақида ашъор битиб турган чеккагир қаламкашларга қарата Мирзо Кенжабек аччиқ истеҳзо билан шундай савол беради:

 

Наҳотки, қуёндан фарқинг қолмаса,

Ижод кимга қолур, халқинг қолмаса?!

 

Яъни, шоир биладики, уларнинг чеккагирлигига боис ижод эмас, қўрқоқликдир. Қўрқоқ одамнинг истеъдоди чегараси унинг жасорати чегараси билан ўлчанади. Истеъдод барча замонларда жасоратдир. Ва барча даврларда ҳақиқатни куйлаётган истеъдод мустабидларнинг энг ашаддий душманидир. Мирзо Кенжабек Аваз Ўтарга бағишланган “Аваз ҳасрати” шеърида ана шундай мустабидларга хитоб қилади. Бу шеърда шоир:

 

Ватанпарвар, фидойи фирқалар то бўлмайин пайдо,

На мумкин топмоғи, ўлган танига тоза жон миллат?

 

– ­деб ёзган Аваз Ўтарнинг чеккан жабру зулмининг ҳисобини сўрайди. Бунда лирик қаҳрамон “мен” позициясидан “у” позициясига ўтади ва ўз дардини худди ойнага қараб сўзлагандек баён қилади. Аваз Ўтар – ҳақпараст шоирларнинг умумлашма образи. Мирзо Кенжабек уларга мухолиф бўлган мустабид салтанатга қарата  шундай савол қўяди:

 

Ё Раб!..

Қандай салтанатдирсан! –

Дунё кон-ку хатарга, сирга:

Сен душманга қандоқ чидарсан,

Чидолмасанг битта шоирга?!

 

“Шоирга чидаш” – ҳақиқатга чидаш. Ҳақиқатга дош бера олмаганлар ёлғонга бўйин эгишга маҳкум. Шу сабабдан ҳам муаллиф шоирга чидай олмаган салтанатнинг душман қаршисига чиқа олмаслигини уқтирмоқда.

 

 

“Мен халқман, онажон...”

 

Мирзо Кенжабек биз таҳлил қилаётган ўша 80-йиллар охирида ёзилган бир мақоласига “Халқ номидан  ёлғон сўзламанг!” дея ном қўйган эди. Шоир ижодида лирик қаҳрамон халқнинг умумлашма образига айланиши ҳолатлари кўзга ташланади. Айрим ўринларда муаллиф бунга очиқ ишора қилиб ҳам ўтади.

 

Гарчи қуёш кўтарган Шарқман,

Нурмас, ҳасрат қонига ғарқман.

Сен шоҳсан-у, халқсиз саройсан,

Мен бўлсам-чи, саройсиз халқман.

 

1990 йилда ёзилган бу тўртликда Шарқ – Туркистон заминини, ҳасрат қони – мустамлака зулмини, халқсиз сарой – коммунистик тузумни, саройсиз халқ – ўз юртида қул қилинган миллатни англатиб келаётганини зукко ўқувчи англаб олган бўлса керак. Ўша йилларда ёзилган бошқа бир тўртлигида муаллиф “Кишанни бизчалик севган халқ борми?” деб ёзғиради.

 

Мирзо Кенжабекнинг “Шоирнинг онаси” шеърида она образи орқали шоирнинг изтироблари баён қилингани билан эътибор тортади. Чунки шоирнинг юрагини эзган ҳар бир алам бевосита онанинг ҳам қалбига бориб етади. Муаллиф ана шу боғлиқликни шоирнинг ижтимоий позициясини очиб бериш учун қўллайди.

 

Шоир кун кўрмаган қитмир замонда

Шоирнинг онаси нима кўради?

 

Шоирнинг ижтимоий позицияси масаласи – Мирзо Кенжабекнинг ижтимоий шеъриятининг стержени. Бу йўналишдаги барча мавзулар ана шунинг атрофида бирлашади. Юқоридаги шеърда ҳам она сиймосига бўлган лирик муносабат ва шоирнинг ижтимоий қиёфаси ўзаро юзма-юз келган:

 

“Сен ҳақсан, болажон, нур менга ато!”

Мен – халқман, онажон, ғанимлик хато!

Мени газет урар, уларни Худо!..

Шоирнинг онаси нима кўради?

 

Фарзанд онадан таскин излайди. Лирик қаҳрамон “мен халқман” дейиши орқали она сиймоси шоирнинг онаси даражасидан юксалиб, миллат онаси даражасига етмоқда. Банд охиридаги савол ҳам энди бошқача янграйди: “Миллатнинг онаси нима кўради?” – Қандай кун кўради? Болаларининг эртасидан нима кутади? Заҳарланаётган ирсият, топталаётган инсонлик ҳуқуқи сабаб ўзига ўт қўяверадими?

 

Бу саволлар ўша – биз сўзлаб турган 90-йилларнинг энг актуал ижтимоий муаммолари эди. Бу каби ўтли саволлар Мирзо Кенжабекнинг “Қўқон йигитларига бағишлов”, “Ошкоралик мухолифларига”, “Катта мартабали кичик одамга”, “Тарихий исмлар” каби ўнлаб шеърларидан чиқиб келаверади. Уларнинг аксарияти ҳануз ўз жавобини кутиб турибди. Бу саволларга жавоб излаш миссиясини шоир кейинги авлод вакилларига қолдиради...

 

 

“Кўзларингиз менинг кўзимдан ўткир!”

 

Мирзо Кенжабекнинг “Авлод” шеъри ўзидан кейин адабиётга кириб келган шоирларга хитобидир. Шоир бу шеъри билан маънавий кураш эстафетасини уларга узатади?

 

Шукр, сиз келдингиз,

Ғам йўқ камимдан,

Номус жанггоҳида эмассиз четгир.

Ғамингиз ғамлироқ менинг ғамимдан,

Кўзларингиз менинг кўзимдан ўткир!

 

Шоир ўзи етмаган ижодий уфқларга етишни кейинги авлоддан кутади. Бу адабиёт майдони “номус жанггоҳи” эканини, бу жанггоҳда чеккагирлик билан ном қозониб бўлмаслигини таъкидлар экан:

 

Дерлар: “Ижод қолар...”

Жанг ҳам қолғуси!

Кишанбанд жоҳилнинг ожиз саси бу!

Тургач халқ бошида жаллод чалғиси,

Қўрқоқ қочқинларнинг фалсафаси бу!

 

Кейинги авлоддан шоир жасорат талаб қилади. Чунки уларнинг имконини ўзидан баланд кўради. Асли катта авлоднинг кейингиларни тан олиши ноёб ҳодиса. Бунинг учун ўз ижодини бешафқат тафтиш этиш ва адолат тарозисини маҳкам ушлаш зарур. Аслини олганда “Қурбонликка сўйдим истеъдодимни” дея олган шоир учун ёш шоирларни эътироф этишни ноёб ҳодиса деб бўлмайди. Бунда эътироф билан бирга меҳр ва руҳий қўллов ҳам бўй кўрсатиб туради.

 

Кураш биздан бўлса,

Умид – Худойдан!

Кунчиқар юртини кўрингиз озод,

Эй, салаф овози етмаган жойдан

Ватан туркусини бошлаган авлод!

 

Мирзо Кенжабек шеърияти ана шундай самимияти ва рост туйғулари билан адабиётга дахлдордир. Айнан шунинг учун ҳам ижтимоий муаммоларни яланғоч тарзда ифодалаш урф бўлган замонда ёзилган шеърлари ҳам кўнгилга яқин, бадиияти жиҳатдан лирик шеърлар билан бўйлаша олади. Бунинг сабаби, шоир ана шу муаммоларни, фожиаларни ўз қалбидан ўтказа олган. Уларнинг кўламини бир шоир эмас, бир миллат даражасида талқин қила олган. Бугунги ўзбек ўқувчиси ана шундай курашчан, самимий бир шеъриятдан баҳраманд бўлишлари зарур деб ўйладик. Зеро, бугун ҳам адабиёт майдони – номус жанггоҳидир. Бу жанггоҳга чин жангчилар керак!

 

Суҳроб ЗИЁ

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Жараён

17:02 / 21.02.2025 0 17
Қайта яралаётган қадим ҳунар





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 15800
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//