
Туркистон жадидлари дастлаб дин ва маориф, кейинроқ давлат ва жамиятнинг барча жабҳаларида ислоҳотлар олиб бориши билан бирга даврий матбуот саҳифаларида хотин-қизлар масаласида ҳам ўзларининг илғор қарашларини илгари сурдилар. Булардан Туркистон жадидчилик ҳаракати етакчиси Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг фикрлари, айниқса, алоҳида эътиборга молик. Миллат ойдинлари оила масаласида сўз юритар экан, хотин-қизларни жамиятнинг тенг ва ҳақиқий аъзосига айлантиришнинг бирдан бир йўли уларнинг маънавий ва маърифий равнақ этишидадир, деб ҳисоблаганлар. Маҳмудхўжа Беҳбудий “Саёҳат хотиралари”да: “Ўлкамизда бизнинг аёлларнинг аҳволи ниҳоятда қаттиқ муҳокамага муҳтож”, дейди. Беҳбудий “Туркистон вилоятининг газети”, “Самарқанд” газеталари, “Ойина” журнали ва бир қатор матбуот саҳифаларида ўзининг хотин-қизларга оид қарашларини ёритиб боради.
Маҳмудхўжа Беҳбудий қиз болаларнинг, ақлий, ахлоқий тарбияларида оиланинг, мактабнинг ролини кўрсатар экан, уларнинг жисмоний, гигиеник тарбиясига ҳам эътибор бермоқ лозимлигини уқтиради. У қиз боланинг туғилишидан бошлаб биринчи навбатда саломатлиги, бадан поклигига аълоҳида эътибор қаратиш керак, дейди.
Беҳбудий балоғат ёшидан бошлаб волида ва мураббиялари қизларнинг вақтларини ниҳоят диққат ила ўтказиб, зоҳирий ва ботиний ҳол ва тарбияларини тиббиёт ва шариат берган таклифларга мувофиқ ўтказишлари кераклигини айтади. Бу ёшдаги қизлар вужудини қувватсиз қиладиган иш ва таомлардан сақланиши, иссиқ кийимлар кийиши зарурлигини фикрида баён этади. “Қизларнинг табиий ҳаракати бузулмаслиги учун яна ошиқона китоб ва ҳикояларни ўқимоқ ва эшитмоқларига вақт қолдирмаслик, иффат ва тарбияти баданияларига тадбирлар жорий қилишлик” ҳақида тавсия беради. Хусусан, ёмон ва беқайд аёллар билан муомала қилинмаслиги кераклигини айтади.
Беҳбудий замонасининг барча муаммолари устида бош қотирар экан, ундан қутулмоқ йўлларини ҳам қидиради. Даврнинг муҳим муаммоларидан бири хотин-қизлар саводи масаласи эди. Тараққийпарвар зиёлилар бу вазиятни “Туркистон келажаги оналаримизнинг саводли бўлиши билан боғлиқ ҳодиса” деб баҳолаганлар. Шу сабабдан хотин-қизлар саводини ошириш, уларни мактабларга жалб қилиш масалалари кўтарилди. “Туркистон вилоятининг газети”да Файзулла имзоси билан эълон қилинган “Хотунларға илм лозимми?” мақоласи шу мазмундаги мақолалардан биридир. Муаллиф унда оналаримиз саводсизлиги, улар ҳатто “Тарбияи атфол”ни билмасликлари ҳақида фикр юритади. Бунинг учун аёлларни ўқув-ўқитув ишларига жалб қилиш кераклигини айтади ва бу масалада Туркистоннинг машҳур уламоси Маҳмудхўжа афандидан ўз фикрларини билдиришини сўрайди. “Хотунларға илм лозимми?” деган саволга жавоб беришни Беҳбудий ушбу газетанинг 71-сонида Анас ибн Моликдан ривоят қилинган қуйидаги ҳадис билан бошлайди: “Талабул илм ҳар муслим ва муслимаға фарздур”. Сўзининг давомида Қуръонда аёлларга хос ҳукмлардан ташқари барча ишда аёлу эркакка бир хил хитоб қилингани, улар зиммасига эркаклардан кўпроқ бир қанча фарз, вожиб, суннат орттирилгани, шаръий ҳукмларни ижро этишда илм ва ўқувдан бошқа бир восита йўқ экани ҳолда, хотинларнинг ўқимоқлари лозимлигига ёлғиз кўр ва мунофиқ мутаассиб инкор ёки шубҳа этишини ёзади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий фиқҳ, ислом, ҳадис ва тафсирни яхши билган. Ҳар бир фикрини шаръий далиллар асосида исботлаган. Ўз сўзига биринчи навбатда ўзи амал қилган. Маҳмудхўжа Беҳбудий қиз фарзанди Парвинахон (Сурайёхон ҳам дейишган)ни 10 ёшгача Абдуқодир Шакурийнинг “Усули жадид” мактабида бошланғич илм олишини таъминлаган. Кейинчалик у киши асосан уйда ўтириб муаллимлардан рус ҳамда франсуз тилларидан сабоқ олган. Беҳбудийнинг набираси Назирхон дадаси Маъсудхон ва аммаси Парвинанинг ҳовлида ўзаро франсуз, рус тилларида мулоқот қилишларини эслайди. Ушбу сўзлардан тушуниш мумкинки, Беҳбудий фарзандларининг дунё ва охират илмларини бирдек ўзлаштиришига муҳит яратган. Қизининг ҳам тил ўрганиши, ўғли Маъсудхонга ўқимишли, хат-саводли қизни келин қилиб олиб бергани-да Беҳбудийнинг қизлар таълимига муносабатини ифодалайди.
Беҳбудий жамиятдаги хотин-қизларга алоқадор нуқсонларни кўрган ҳолда уларни тузатиш учун мақолалари, асарлари орқали халқнинг онгига таъсир қилишга ҳаракат қилган. Жумладан, оила қуриш масаласидаги камчиликларга ҳам эътибор қаратган. Беҳбудий “Ҳифзи сиҳҳати оила” мақоласида табиб Комил афандининг “Ҳифзи сиҳҳати издивож” рисоласини таҳлил этиб, уйланишга эркак учун 25–30, хотун учун 20–22 ёшларни лойиқ деб тайин қилинганини айтади. Мақолада, жумладан, бу ёшгача инсонлар илм олиши, касб-ҳунарга ҳаракат қилишлари кераклиги, эрта оила қуриш оқибатида ноқис ва саломатлиги бузуқ, заиф фарзандлар дунёга келиши айтилади. Беҳбудий бир қиз 16 ёшидан ва бир эр бола 20 ёшидан эрта оила қуришлари жисмонан соғлиқ учун зарарли эканини табиб Ҳусайн Рамзий афандининг гаплари билан исботлайди.
Беҳбудий оила қурувчи томонлар ҳисобланмиш йигит ва қиз бир-бирларини кўрмоқлари суннати набавиядан бўлиб, ақлан лозимлигини таъкидлайди. Бу учрашувдан мақсад бир-бирининг гўзаллигини билишда эмас, балки иш ҳифзи сиҳҳат назаринча, эр ва қиз боланинг жисм ва гавдалари бир-бирларига мутаносиблиги, буня ва аъзоларининг қувватини кўриш орқали тўғри қарор бериш учундир, дейди.
Беҳбудий “замони келиб, аммо уйланмай, оила қурмай вақтини ўтказадиган эр ва қиз болалар учун бу ҳол кўб жисмоний ва ботиний касал ва ёмонликларни пайдо қилиши”ни айтади. У: “Дунё маҳкамалари ва дўхтурларидан маълум бўладурки, корхонаи оламға пайдо бўлатурган жиноят, одам ўлдурмоқ ва гуноҳларни аскари уйланмаган эрлардан содир бўлуб, уйлик кишилардан пайдо бўлган жиноят ва гуноҳларнинг олдиға беҳоят оздур. Эрлик хотунлардан пайдо бўлатурган жиноятлар эрсиз хотунлардан пайдо бўлатурган гуноҳ ва жиноятлар олдиға йўқ ҳукмидадир. Шундайки эрсиз хотунлардан пайдо бўлган жиноятлар, хотунсиз эрлардан пайдо бўлган жиноятлардан икки мартаба зиёдадур”, дейди.
Беҳбудий яна: “Ҳар бир эркак ва аёл бир-бирини ёрдам ва ионати ва бирга яшамоғига муҳтождур. Эркак ила аёл шаръий никоҳ ила эр ва хотун бўлуб рўзғор тузамаса, жамияти башарияни ҳозир ва маданиятни соясиға рахна пайдо бўлуб, инқироз ва хароб бўлмоқға йўл тутар”, дейди. Шу сабабдан ҳар бир ўғил ва қиз бола шаръий ва ҳифзи сиҳҳат китобларига амал қилган ҳолда оила қуриб, бир рўзғор эгаси бўлмоқни доим ўзининг ягона мурод ва матлуби тутиши кераклигини уқтиради. Шариат ва ҳифз ул-сиҳҳатга оид китоблардан ўз оиласининг саломатлиги борасида илмларга эга бўлиши лозимлигини айтади.
1917 йилда Туркистон жадидларининг хотин-қизлар муаммоси борасидаги фаолиятлари анча кенгайди. Бутун дунёда, шу жумладан, Туркистонда содир бўлаётган сиёсий жараёнлар, хусусан, сайлов ҳуқуқининг кун тартибига қўйилиши натижасида аёлларнинг сайловга қатнашиши масаласи ҳам Беҳбудийнинг назаридан четда қолмайди. Муваққат ҳукумат дастурига кўра Туркистонда ҳам барча аҳолига илк бор сайлаш, шаҳар думасига сайланиш имконияти берилди. Шу муносабат билан жадидлар вақтли матбуот саҳифаларида хотин-қизларнинг сайлов жараёнида фаол иштирок этишини тарғиб этдилар. Туркистонда мусулмон хотинларининг сайлов ишларида иштироклари жуда оғир бўлган. Бу ҳақида Аҳмад Закий Валидий “Кенгаш” газетасида босилган “Сайловда мусулмон хотин-қизларнинг иштироки” мақоласида: “Хотинларнинг сайловга иштироклари Туркистон мусулмони учун ҳаёт-мамот масаласидир”, дейди. Хотин-қизлар сайловда қатнашишининг аҳамияти ҳақида Беҳбудий қуйидагича ёзади: “Тошкент шаҳрида 48 минг руслар ва аскарлар бор, бунга нисбатан 44 минг мусулмон эркаклар ва 39 минг мусулмон аёллар яшайди. Агар сайловда аёллар иштирок қилишмаса, албатта, руслар сайловда муваффақиятга эришишлари мумкин”. Беҳбудий “Турк адами марказият (федералист) фирқасининг маромномаси”да “миллатнинг йигирма ёшиға етуб аҳлият пайдо қилғон ҳар бир фарди: эр бўлсин, хотун бўлсун – синф, дин ва мазҳаб айирмасиға боқмасдан – сайламоқ ва сайланмак ҳақина моликдур” бандини киритади. Мусулмон хотинларининг сайловда иштироклари шариат доирасида бўлиши кўрсатилади. Маромномада ишчилар масаласида фирқа ишчи хотун ва болаларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш ва соғлиғига зарарли ишлардан озод этилиши масаласи ҳам киритилган.
Беҳбудий мерос масаласида “Фароиз” китоблардан асослар келтирган ҳолда аёлларнинг мерос ҳуқуқи ҳақида ҳам гапиради. “Ойина” журналининг 1915 йил 13-сонида нашр этилган “Бизни кемиргувчи иллатлар” номли мақоласида вафот этган кишининг молидан аввалан майитга керакли суннат ва исрофсиз кафан қилиб, дафн қилмоқға сарф қилиниши, сўнгра қарзи адо этилиши, ундан ортган молларни аёлига, сағирларига тақсим қилиниши кераклиги ҳақида айтади. “Биз, билъакс, кафандан сўнгра қарзға бермай ва ҳатто, сағир ва бенаво хотунларни меросини йиртиш, азойи, садақа, ҳайрот, билмайман, нималар ужраси деб қарздан, варасадан илгари тақсим қилиб олармиз. Баъзи бир бечора сағир ва муштипар аёллар меросдан ва ҳақларидан ноқис олурлар”, дейди.
Хулоса қилиб айтганда, Маҳмудхўжа Беҳбудий жамиятда ислоҳотларни амалга ошириш жараёнида хотин-қизлар масаласига ҳам аълоҳида эътибор қаратди. Қиз бола туғилганидан то она бўлгунига қадар бўлган давр бўйича ўзининг илмий хулосаларини тақдим этди. Қиз тарбияси, унинг вояга етиши, билимли бўлиши Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг диққат марказида бўлди. Беҳбудийнинг хотин-қизларга оид қарашлари ёритилган мақолаларни ўрганиш жараёнида унинг фикрлари бугунги кун учун ҳам аҳамиятли эканини кўриш мумкин.
Маҳмуда ҒОЙИБНАЗАРОВА,
Ўз ФА Тарих институти таянч докторанти
Адабиёт
Адабиёт
Санъат
Тил
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ