
ХХ аср бошидаги мустамлака Туркистон тарихига оид ҳужжатлар орасида Россия императори топшириғига биноан Туркистонни тафтиш қилган сенатор Константин Константинович Паленнинг “Туркистондаги миссияси” мемуари мавжуд бўлиб, у 1908–1909 йилларда сафарига доир маълумотларни ёзиб қолдирган. Ушбу мемуар қўлёзмаси қарийб 40 йил давомида Паленлар оиласида сақланган. ХХ асрнинг 60-йиллари бошларида унга Лондоннинг Марказий Осиё илмий-тадқиқот маркази ассоциацияси қизиқиш билдирган ва нашр этишга қарор қилган. Қўлёзма тайёрлаш жараёнида К. К. Паленнинг таржимаи ҳоли ва хизмат фаолиятига оид тафсилотлар аниқлаштирилган, шунингдек, қўлёзма Н. Курисс томонидан инглиз тилига таржима қилинган.
1964 йили мемуар Лондонда нашр этилган. Унга Онтарио шаҳридаги Қироллик университети профессори Ричард А. Пирс сўзбоши ёзган. Қўлёзмани чоп этиш жараёнида К. К. Паленнинг фарзандлари – графиня Маргарет Пален, Элена Пален Вулли, Мария фон-Каулл ва Николай Пален катта ёрдам кўрсатганлар.
Паленнинг ушбу мемуари содда тилда, лирик услубда ёзган бўлиб, Туркистон тарихига оид ноёб манбалардан биридир. Ушбу асар ўқувчиларга минтақанинг иқтисодиёти, тарихи, маданий ҳаёти, бошқарув тизими ҳақида, шунингдек, Бухоро амирлиги ва Хива хонлиги тўғрисида ҳам қимматли маълумотларни тақдим этади. Китоб Туркистон ўлкасининг табиати ҳақида жонли ва ранг-баранг тасвирларни ўз ичига олган. Туркистон аҳолиси ва мустамлакачи маъмурият амалдорларининг хулқ-атвори бўйича кузатувлари баён қилинган.
***
К. К. Пален сафари давомида Туркистон ҳаётини кузатаркан, Россиянинг ўлкадаги “цивилизацион миссияси” ҳақидаги қатъий фикрларига қарамай, маҳаллий аҳоли тақдирида европаликларнинг ҳақиқий роли ҳақида ўйлай бошлайди. “Мен ўзимга тез-тез савол берардим, – деб ёзади у, – биз, европаликлар, бу ерга техник тараққиётнинг бир неча воситаларидан бошқа нима олиб келдик? Европаликлар келишидан олдин бу одамлар бахтлироқ эдими? Ахлоқий ва маънавий меъёрларнинг бузилишига ким айбдор – аскарми, европалик муҳандисми ёки техникми? Тафтиш жараёнида мен бу муаммо ҳақида кўп мулоҳаза юритдим. Мен шуни ҳис қилдимки, ўз вазифаларимдан ташқари, маҳаллий аҳоли дунёқарашининг асосий тамойилларини тушунишга, уларнинг ҳаётга бўлган қарашларини англашга ва бошқа цивилизация билан тўқнашув натижасида юзага келган ўзгаришларни баҳолашга ҳаракат қилишим керак эди. Шунингдек, мен ислом масаласини ҳам ўрганишим зарур эди”.
Шу сабабли К.К. Пален Туркистоннинг этнографик хусусиятларига алоҳида эътибор қаратди – у аҳоли турмуш тарзи, урф-одатлари, кийим-кечаклари ва хулқ-атворини кузатди. Кўплаб мусулмон руҳонийлари билан учрашиб, суҳбатлашди ва бу кузатувларини ўз мемуарларида қайд этди. Кўп жиҳатлар уни ҳайратга солди, баъзилари эса ажаблантирди, чунки Туркистон уламоларининг дунёқараши европаликларники каби мукаммал шаклланган, ўзига хос ривожланган маданият эди.
Уни энг ҳайратга солган жиҳат Туркистондаги уйларнинг архитектураси бўлган: “Тошкентга яқинлашар эканман, маҳаллий аҳоли турар жойлари мени ҳайратга солди. Бир қарашда, Туркистон қишлоқлари европаликларникидан анча фарқ қиларди. Уларнинг уйлари нишаб томсиз бўлгани учун, гўё ёнғин натижасида фақат деворлари сақланиб қолгандек таассурот уйғотарди. Бироқ, бу таассурот узоқ давом этмади. Ранг-баранг либосдаги қизиқувчан аёлларни кўриб, ҳайратим янада ортди. Улар бир-бирини туртиб, ясси томли уйларга чиқиб олганча, яқинлашиб келаётган поездни кузатишар эди”.
Сенатор Константин Константинович Пален
Паленга уйларда эркаклар ва аёллар учун алоҳида қисмлар ажратилгани ғайриоддий туюлган. Бу эса К.К. Паленнинг мусулмон жамиятидаги аёлларнинг мавқеига бўлган қизиқишини янада ошириб, ўтроқ ва кўчманчи аҳолининг аёлларга бўлган муносабатидаги фарқларга эътибор қарата бошлаган. Унинг фикрича, ўтроқ аҳолида кўпхотинлик кенг тарқалган бўлиб, аёллар ёпиқ ҳаёт тарзини кечирган, оилада ҳуқуқсиз бўлган, мустақил равишда кўчага чиқишга ҳақли бўлмаган, ҳатто юзларини от юнгидан қилинган парда билан беркитиб юриши талаб қилинган. Жуда ёшлигига қарамай кўпинча ўзларидан анча катта ёшдаги эркакларга зўрлаб турмушга узатилган, туғруқ пайтида ўлим даражаси юқори бўлган.
Кўчманчиларнинг оилавий ҳаёти бутунлай бошқача бўлиб, улар битта хотинга уйланган: “Сартлар ва қирғизларнинг оилавий ҳаёти орасидаги тафовут алоҳида эътиборга лойиқ. Қирғизлар одатда бир хотинга уйланади, аёл оилада хонадон бекаси ва фарзандлар тарбиячиси сифатида ҳурмат қилинади. Унинг ташқи қиёфаси ҳам сарт аёлларидан кескин фарқ қилади ва жамиятдаги мавқеини кўрсатади. У юзини ёпмайди, бегоналар билан эркин суҳбатлашади, ўз фикрини очиқ билдириш ҳуқуқига эга. Ҳатто баъзида унга мажбуран узатилган эрнинг ортидан боришдан бош тортиши ҳам мумкин, чунки у аввал отаси ёки акаси томонидан "сотилган" бўлиши мумкин.”
К. К. Пален маҳаллий аҳоли хонадонларига тез-тез ташриф буюрган ва бир муҳим жиҳатга эътибор қаратган – улар ҳашаматга ўрганмаган, балки патриархал ва камтарона ҳаёт кечиришга одатланган: “Минтақада бой ва камбағал маҳаллий аҳоли турмуш тарзи ўртасида унчалик катта фарқ йўқ. Энг бой одам ҳам, энг яхши ҳолатда, катта саройга эга бўлиши мумкин эди, бироқ бу жуда қимматга тушарди. Тез-тез юз бериб турадиган зилзилалар бой ва камбағал аҳолининг бир хил турдаги уйлар қуришига сабаб бўлган. Шу боис, кўп қаватли бинолар барпо этиш имконияти деярли йўқ эди.”
К. К. Пален туркистонликларнинг либослари, ундан ҳам кўпроқ уларнинг қадди-қоматидаги орасталик ва одоб-ахлоқидаги бенуқсонлик лол қолдирган: “Шаҳар муллалари ёки беклари ҳам, ёш чўпон болалар ҳам бир хил шараф ва камтарлик билан ўзларини тутишарди. Кичикларнинг катталарга ҳурмати ва эҳтироми ҳар бир ҳаракатларида яққол сезиларди”. К. К. Паленнинг фикрича, бундай тарбия фақат болаликдан бошлаб берилган қатъий одоб-ахлоқ сабоқлари натижасида шаклланиши мумкин бўлиб, бунда мусулмон мактаблари – мактаблар муҳим рол ўйнаган, деб ҳисоблаган.
Вилоятларга сафарлари давомида сенатор мактабларга бир неча бор ташриф буюриб, у ердаги ўқув жараёни ташкил этилиши билан қизиққан. У таълим усулларининг бир хиллиги – асосан дуолар ва Пайғамбар (с.а.в) ҳадисларини ёд олишга асосланганидан ҳайратланган. Бу усулни “универсаллик” тамойилига асосланган академик ёндашув деб атаган: “Ўқувчининг ёд олган билимлари умр бўйи хотирасида сақланиб қолади”. Ўқувчилар бир неча йил давомида ушбу қоидаларни ёд олишар ва натижада уларнинг хулқ-атвори тушунарсиз равишда айнан шу қоидаларга мувофиқ шаклланган: “Шу боис, Шарқ ва Ғарб одоб-ахлоқ меъёрлари ўртасида кескин фарқ бор. Шарқда тарбия катталарга ҳурмат ва эҳтиромга асосланган бўлса, Ғарбда бу тушунча умуман номаълум. Шарқ одоб қоидалари одамни босиқ ва сабрли бўлишга ўргатади, бу эса ҳар қандай жамиятда қадрли хислатдир”.
Туркистон аҳолисининг урф-одатлари ва турмуш тарзини чуқур таҳлил қилиб, уларнинг диний меъёрларга қатъий асосланганини кузатган К. К. Пален ўзининг ҳақиқатга яқин хулосасини очиқ тан олган: “Биз, европаликлар, мусулмонларнинг диний амрларини маъносиз қоидалар тўплами деб ҳисоблашга мойилмиз. Бироқ, уларни бироз чуқурроқ ўрганиб, тафаккур қилинса, ҳар бир қоида муайян асосга эга экани яққол кўринади. Уларнинг ҳар бири фундаментал мусулмон тушунчалари ва ахлоқий қадриятларига таянади”.
К. К. Пален мемуарида “ажойиб, ниҳоятда истеъдодли мулла” билан учрашганини эслайди. У яхши таълим олган, рус тилини мукаммал билган, шунингдек, Париж, Жазоир, Марокаш ва Истанбул каби шаҳарларда бўлган. Гарчи сенатор унинг исмини келтирмаган бўлса-да, катта эҳтимол билан бу шахс машҳур жадид Маҳмудхўжа Беҳбудий эди. Чунки бу учрашув ҳақида “Туркистон вилоятининг газети” саҳифаларида мақола чоп этилган бўлиб, исми келтирилмаган шахс Беҳбудий экани ойдинлашади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон ўлкасидаги дастлабки жадид мактабларидан бирини очган эди. К. К. Пален эса миллий мактаблардаги бу янги ислоҳотларга эътибор берган биринчи рус амалдорларидан бири бўлган. Унинг фикрича, жадид мактабларидаги таълим жараёни қуйидаги мақсадларга йўналтирилган эди: “Ўқувчиларнинг онгида Исломнинг буюклиги ва қудрати ҳақидаги фикрларни мустаҳкамлаш, уларни мусулмон дунёсининг бирлиги ва тикланиши йўлида хизмат қилишга ундаш”. Сенатор янги усулдаги мактабларда келажакда Шарқни бирлаштириш ва низоларга барҳам бериш салоҳиятини кўра олган. У бу ислоҳотни ўша даврнинг илғор кишиларини маърифат сари бирлаштирадиган куч деб ҳисоблаган.
Ўз сафарлари давомида К. К. Пален ўлканинг, айниқса, шаҳарларининг тарихи билан қизиққан. Тошкент шаҳри тарихига алоҳида эътибор қаратган. Асрлар давомида урушлар, тартибсизликлар ва беҳуда вайронагарчиликлар гирдобида қолган бу шаҳар қандай қилиб омон қолганини тушунишга ҳаракат қилган: “Эҳтимол, буни фақат ерларининг табиий бойликлари ва аҳолининг меҳнатсеварлиги билан изоҳлаш мумкин”. Пален сафари давомида унга ҳамроҳлик қилган даниялик муҳандис шундай деганини эслайди: “Мен шаҳарни сув билан таъминловчи асосий каналларни ўрганиб чиқдим. Тадқиқот натижаларига кўра, Тошкент камида уч минг йиллик тарихга эга, буни хитой йилномалари ҳам тасдиқлайди”. Бу фикрлар Пален учун кутилмаган маълумот бўлиб, мемуарларига алоҳида қайд этиб қўйган.
К. К. Пален буюк саркарда Амир Темур шахсига катта қизиқиш билан ёндашган. У мемуарларида шундай ёзади: “Темурнинг улкан ғалабалари Ғарбни ҳайратда қолдирган. Душманлари уни шафқатсиз ва раҳмсиз золим сифатида тасвирлаган бўлса, яқинлари ғоят истеъдодли саркарда ва доно ҳукмдор деб билишган. Ҳақиқатга яқинроқ бўлган нуқтаи назар ҳам айнан шу бўлса керак, чунки унинг давлат бошқариш маҳорати, меъморий обидалари ва маданий мероси бунга яққол далилдир. Масалан, унинг даврида Самарқандга сув етказиб берган қудратли акведук қолдиқлари ҳанузгача сақланиб қолган”.
Амир Темур мақбарасига ташрифини эслар экан, Пален шундай ёзади: “Буюк фатҳкорнинг қабри – олтин безаклардан бутунлай холи, худди унинг шахсий ҳаёти каби оддий ва камтарона. ...Унинг хусусиятлари ва шахсий фазилатлари ҳақида оғиздан-оғизга ўтиб келган ривоятлар бугунги кунга қадар Марказий Осиёда унинг буюк ишлари ҳақидаги хотиралар сақланиб қолишининг асосий сабабидир”.
К. К. Пален мемуарларида Тошкент воҳаси табиати, Самарқанд атрофидаги манзаралар, Фарғона водийси, Еттисув кенгликлари ва Иссиқкўлнинг бетакрор гўзаллигини шу тарзда батафсил ва ёрқин тасвирланган. Сенаторнинг мемуарларида яна Туркистон ўлкасининг ХХ аср бошларига оид энг муҳим муаммолар ва масалалари ҳам ёритилган бўлиб, замонавий тадқиқотчилар учун кам ўрганилган ва янгилик бўла оладиган фактлар жуда кўплиги билан аҳамиятли.
Нигора МАХМУДОВА,
Бухоро давлат университети профессори
Адабиёт
Адабиёт
Санъат
Тил
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ