
Саидризо Ализода 1887 йил 15 февралда Самарқанд шаҳрининг Боғишамол гузарида ипакчи-гиламчи савдогар Мирмуҳсин оиласида таваллуд топган. Мактаб ёшига етгач отаси Саидризони ўзлари яшаб турган гузарда озарбойжонлик аллома Шайх Абулқосим асос солган янги усул мактабига олиб борган. Қисқа вақт ичида ўқишни аъло баҳолар билан тамомлаган Саидризони Шайх Абулқосим мактабда муаллимлик қилиш учун олиб қолади. Муаллимлик даврида мактаб кутубхонасидаги Озарбойжон, Эрон ва Ҳиндистонда чоп этилган газета ва китобларни мунтазам ўқиб борган.
Мактабда бир муддат ишлагач, олий таълим олиш учун мадрасага ўқишга киради ва 6 йил таҳсил олади. Мадрасани тамомлагач, Самарқанд шаҳридаги Демуров номидаги босмахонада ҳарф терувчи, сўнгра рус ва ўзбек тилида чиқадиган Россиянинг “Самарқанд” журналида мусаҳҳиҳ бўлиб ишлаган. Нашриётда ишлаган пайтида рус тилини яхши ўрганган, рус адабиёти билан яқиндан танишган.
Саидризо Ализода мусиқа, театр, маориф соҳаларини ривожлантириш учун Озарбойжон тараққийпарварлари билан алоқалар ўрнатишга ҳаракат қилган. Туркистон ва Озарбойжон ўртасидаги адабий ҳамкорликда озарбойжон адиби Мирзо Фатҳали Охундов, шоирлар Абдуллабек Асин, Али Назмий ва Мирзо Алиакбар Собир (1878–1946) етакчилик қилган. 1884 йили Бухоро ва Самарқандда бўлган Мирзо Алиакбар Туркистон тараққийпарварлари Саидризо Ализода, Муҳаммадшариф Сўфизода, Абдуқодир Шакурий, Сайидаҳмад Сиддиқий Ажзий билан учрашади. Кейинчалик Мирзо Алиакбар хасталаниб қолганда, ўзбек маърифатчилари Саидризо Ализода, Маҳмудхўжа Беҳбудий, Ҳожи Муин, Исмоил Охунов, Мулла Ҳаким Каримов ва бошқалар Самарқандда пул йиғиб, даволаниши учун юборганлар.
Саидризо Ализода 1913 йили озарбойжонлик бастакор ва драматург Узейир Ҳожибековга (1885–1948) хат ёзиб, Озарбойжон мусиқали театридан туркистонликларни ҳам баҳраманд қилишини сўраган. Узейир Ҳожибеков унинг илтимосини қондириб, озарбойжон санъаткорларини Самарқандга юборган ва улар “У бўлмаса, бу бўлсин”, “Лайли ва Мажнун”, “Аршин мол олон” драмаларини ўзбек тилида намойиш этганлар.
Саидризо Ализода 1914 йили Маҳмудхўжа Беҳбудий билан ҳамкорликда “Самарқанд” газетаси, кейинчалик “Ойина” журналини ташкил этган ва уларнинг саҳифаларида Самарқанддаги мактаб ва мадрасалардаги эскича ўқитиш тизимини кескин танқид қилиб, таълим тизимини ислоҳ қилиш бўйича мақолалар эълон қилиб борган. Шунингдек, газета ва журнал саҳифаларида Афғонистонда чиқадиган “Сирож-ул ахбор” газетасида машҳур сиёсий арбоб, таниқли адиб Маҳмуд Тарзий томонидан ёзилган афғон янги усул мактабларидаги муаммоларга бағишланган мақолаларини кўрсатиш орқали Самарқанд жадид мактабларидаги дарсликларнинг етишмаслиги, имтиҳон олиш жараёнидаги чопон кийдириш каби камчиликларни танқид қилган. Уларни бартараф этиш бўйича таклиф ва тавсиялар берган. “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журналининг “Телеграф хабарлар” саҳифасини ўз ҳисобидан чиқартирган. 1917 йилдан “Ҳуррият” газетасида таржимон ва мухбир бўлиб ишлаган.
1919 йилда Туркистон ҳукумати ҳузурида республикадаги тожиклар, эронликлар ва афғонларни бирлаштирган форс бўлими ташкил этилиб, Саидризо Ализода бошлиқ этиб тайинланган. Бўлим ҳафталик “Шарқ машъали” журналига асос солган ва 1919 йил 7 мартда Саидризо Ализода ушбу журналга муҳаррир этиб тайинланган. 4000 нусхада чоп этилган журнал Ўрта Осиё, Кавказортидан ташқари, Афғонистон, Эрон, Туркия, Ҳиндистон ва қатор араб мамлакатларида тарқалган эди. Журнал саҳифаларида Саидризо Ализоданинг Туркистон аҳолисининг эркин ҳаётга ташна орзу-умидлари ўз ифодасини топган мақола ва шеърлари эълон қилиб борилган.
Саидризо Ализода 1922 йилдан бошлаб “Зарафшон” газетасида бўлим мудири бўлиб ишлаган. Муҳаррирлик қилиш билан бир пайтда “Туркистон хабарлари”, “Камбағаллар ўқи”, “Ҳуррият”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Бухорои шариф”, “Турон”, “Самарқанд овози” газеталари, “Машраб”, “Мулла Мушфиқий” журналларида мақолалар чиқариб турган. Танқидий мақолалари ва фельетонларини Баҳлул, Замбур, Ранжбар, Боғишамолий, Шапалоқ, С.А. каби тахаллуслари билан бериб борган.
Самарқандда тожик тилида фаолият кўрсатувчи мактаб очиб, камбағал оилаларнинг фарзандларига таълим берган. Ўқувчилар учун “Сарфи араб”, “Туркий алифбо”, “Тарих”, “Жуғрофия”, “Риёзиёт”, “Хандаса”, “Табиат”, “Дин вожиблари”, “Низомнома”, “Бадан тарбияси”, “Илми фазо” номли ўн бирта дарслик ёзган. Бу дарсликлар бошланғич синфлар учун тайёрланган бўлиб, ўқувчилар дарсликлар орқали савод чиқаришдан тортиб, аниқ ва табиий фанлар бўйича етарлича билим ҳамда кўникмаларга эга бўлган. Саидризо ўзбек мактаблари учун “Биринчи йил” номли алифбо ёзиб, Самарқанддаги янги усул мактабларига бепул тарқатган. Мактабдорлик ва дарсликлар ёзишдан ташқари шаҳарда яшовчи руслар учун кечки курслар ташкил этган ҳамда уларга ўзбек ва форс-тожик тилларини ўргатган.
Саидризо oзарбойжонлик мутафаккир Абдулла Шойиқ билан “Янги озарбойжон алифбоси”ни тайёрлаган. Бу алифбодан Озарбойжон мактаблари учун дарслик сифатида фойдаланилган.
Саидризо Ализода луғат тузиш ишлари билан шуғулланган ҳамда 1933-1934 йилларда 61 минг сўздан иборат 2 жилдлик русча-тожикча луғат нашр эттирган. Бу луғатда кўплаб касбий ва ижодий атамалар, уй-рўзғор буюмлари номлари, илмий ва адабий номлар ўрин олган.
Саидризо Ализоданинг набираси Фарҳод Ализоданинг айтишича, мутафаккир Афғонистон ҳукмдори Омонуллохон фармони билан форс тилида тарих ва ислом динига оид “Асри саодат”, “Муросилот-мактубот”, “Одоби икром”, “Тарихи ислом”, “Тарихи Туркистон”, “Қонуниятҳои диний”, “Маданияти ислом”, “Зарурати ислом”, “Фан дар бораи коинот” китобларини ёзган ва бу китоблар 1923–1933 йилларда Покистоннинг Лоҳур шаҳрида нашр этилган.
Саидризо муаллимлик ва ноширлик қилишдан ташқари таржимонлик соҳасида ҳам самарали меҳнат қилган. У рус ижодкорлари Александр Пушкиннинг “Дубровский” (1935), “Капитан қизи” (1936) “Евгений Онегин”, Фёдор Гладковнинг “Цемент” (1936), Николай Островскийнинг “Пўлат қандай тобланди” (1938), америкалик ёзувчи Синклер Эптуннинг “Юз фоиз” (1938), ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг “Меҳробдан чаён” асарларини тожик тилига таржима қилган. Афғонистоннинг машҳур сиёсий арбоби ва таниқли адиб Маҳмуд Тарзий билан биргаликда таржима қилган машҳур француз ёзувчиси Жюль Верннинг “Ер юзи бўйлаб 80 кунлик саёҳат” асарини форс тилига ўгирган. Шунингдек, Абу Али ибн Сино, Абулқосим Фирдавсий, Низомий Ганжавий, Фузулий, Алишер Навоий асарларини рус тилига таржима қилгани таҳсинга сазовордир. Саидризо Ализода Эрон ва Афғонистондан Туркистонга келган зиёлилар билан самарали ҳамкорлик қилган. Хусусан, Эроннинг машҳур педагоги Малик Баҳор билан янги усул мактаблари фаолиятини ташкил этиш бўйича ёзишмалар олиб боргани маълум.
Саидризо Ализода 1933–1937 йилларда Самарқанд давлат университетида араб ва форс тилларидан дарс берган. 1937 йилда бошланган репрессия Саидризони ҳам четлаб ўтмади. Шу йилнинг ўзида Самарқанд давлат университетида дарс ўтиб турган жараёнида ҳибсга олинган. Жосусликда айбланиб, қамоқ жазосига ҳукм қилинган. Дастлаб Самарқандда, сўнгра Тошкентда, кейинроқ Тоболск ва Владимирда 8 йил давомида қийноқлар остида қамоқда сақланган. Саидризо Ализода 1945 йил 24 декабрда Владимир қамоқхонасида сил касалидан вафот этган. 1987 йилда набираси Фарҳод Ализоданинг саъй-ҳаракати билан унинг хоки Владимирдан ўз ватанига олиб келинган ҳамда Самарқанддаги Панжоб қабристонида дафн этилган.
Саидризо Ализода умрини миллатни маърифатли қилиш учун сарфлади. Дастлаб мактабда янги усулда болаларнинг саводини чиқарган бўлса, кейинчалик олий ўқув юртида ёшларга араб ва форс тилларини ўргатишда жонбозлик кўрсатди. Таржимонлик билан шуғулланиб, Туркистон минтақасида яшовчи тожик тилли халқларни жаҳон адабиёти дурдоналари рўйхатидан ўрин олган ўзбек, рус ва инглиз тилидаги асарлардан баҳраманд этди. Маслакдоши Маҳмудхўжа Беҳбудий билан миллий ноширчиликка асос солди. Самарқандлик ношир, муаллим ва таржимон Саидризо Ализодага мустақиллик йилларида барча жадид зиёлилари қатори муносиб ҳурмат кўрсатилди. У яшаган уй музейга айлантирилди ва ҳаёт йўлини очиб берувчи кўргазмалар ҳамда илмий мероси билан бойитилди. Самарқанд шаҳри кўчаларидан бирига ва шаҳардаги 14-мактабга Саидризо Ализода номи берилди. Аммо шуни ҳам айтиш жоизки, Саидризо Ализоданинг ўзбек ва тожик тилидаги мақолалари, рисолалари, дарсликлари бошқа жадид намояндалари илмий мероси каби “Танланган асарлар” тарзида чоп этилмаган. Бу эса тарихчи ва тилшунос олимлар олдида муҳим вазифалар қўяди.
Дилноза ЖАМОЛОВА,
ФА Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари,
тарих фанлари доктори
Адабиёт
Адабиёт
Санъат
Тил
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ