Турон халқларининг мўғулларга қарши энг катта қўзғолони – ҳунарманднинг ҳукмдорга айланиши


Сақлаш
16:59 / 13.02.2025 33 0

Мўғуллар босқинидан бир неча йил ўтиб, 1238 йили Туронда босқинчиларга қарши катта қўзғолон кўтарилиб, унга Бухородан чамаси 20 км (3 фарсах) узоқликдаги Тороб қишлоғилик Маҳмуд исмли ҳунарманд бошчилик қилган. Бунгача босқинчиларга қарши Самарқанд ва бошқа йирик шаҳарлар атрофида ватанпарвар гуруҳларнинг кичик қаршилик ҳаракатлари бўлиб турган эди. Маҳмуд Торобий бошчилик қилган ушбу қўзғолон эса йирик курашга айланиб кетади.

 

Чингизхон бошчилигидаги мўғулларнинг юриши натижасида Туроннинг аксарият аҳолиси қирғин қилинади ҳамда шаҳар-қишлоқлар вайронага айлантирилади.

 

Мўғулларнинг асоратли босқини, келгиндилар ва уларнинг хизматига ўтган ҳукмдорларнинг бедодлиги, солиқ ва мажбуриятларнинг ҳаддан ташқари кўплиги натижасида Тороб қишлоғида Маҳмуд Торобий бошчилигидаги озодлик ҳаракати бўлиб ўтади. Маҳмуд Тороб қишлоғидан етишиб чиққан ўзининг ақл-заковати ва жасорати билан эл-юрт орасида шуҳрат қозонган ғалвир ясовчи қўли гул уста бўлган. У “Эй ҳақиқат мудофаачилари, ҳозир кутишнинг пайти эмас, заминни ноҳақликлардан тозалаш лозим, ватанни севган ҳар бир киши ўзида бор қуролни ёхуд калтак ва меҳнат анжомларини олиб курашга отлансин” дея бухороликларни бош кўтаришга чақирган. Бу озодлик ҳаракати бирданига юз бермаган, йирик ер эгалари, кўчманчи мўғулларнинг зулмига қарши олиб борилган халқ курашлари аста-секин қўзғолонга замин яратади.

 

Қўзғолонгача Торобда зулмлардан эзилган халқ ҳар куни йиғинлар ўтказарди. Бу йиғинларда одамлар одатда ўзларининг аянчли ҳаётлари, бошларига тушган мусибатлар, мўғуллар ва хиёнаткор амалдорларга қарши қандай курашиш кераклиги, улардан тезроқ қутилиш, эркин ҳаёт ҳақида гаплашишарди. Бошқа томондан эса, бу мақсадга бирлашиш йўли билангина эришиш мумкинлигини англаб етадилар. Маҳмуд Торобий бу йиғинларда нутқ сўзлаб дастлаб ўзига муносиб ўрин топади ва халқнинг ёвга қарши ғазабини қўзғата олди. У халқ бошига тушган барча воқеа, жараёнларнинг гувоҳи эди.

 

Атомалик Жувайний сўзларига кўра, Торобийнинг асосий мақсади чингизийлар ҳукуматини ағдариб, Бухоро ҳамда Туроннинг бошқа ерларидан босқинчи мўғулларни ҳайдаб юбориш бўлган. Маҳмуд Торобий ислом қонунларига зидлиги яққол кўриниб турган кўчманчи халқлар қонуни “Ясодан хабардор бўлган ҳамда ўша қонунларга ва кўчманчи мўғулларга қарши чиқишга халқни ундаган – қўзғолондан бош мақсад ҳам шу бўлган. Шу ғоя остида бирлашган мусулмонлар унга ёрдам берадилар.

 

Қўзғолонда Маҳмуд Торобийнинг тарафдорларидан бири унинг синглиси эди. Маҳмуд Торобийнинг яқинлари ва тарафдорлари орасида у мард, янгиликка интилувчан, зукко ва тафаккурли инсон сифатида бошқалардан ажралиб турарди. Қўзғолонда аёлнинг ёрдами ва ҳамкорлиги тарихчилар назаридан узоқ бўлмаган бўлса-да, унинг исми тилга олинмаган. Шунингдек, қўзғолонда Торобийга укалари Али ва Муҳаммад ҳам елкадошлик қилган, мўғулларга қарши қўлга киритилган муваффақиятда уларнинг хизмати катта бўлган.

 

Жувайний мўғуллар саройида хизмат қилгани туфайли Торобийнинг қўзғолон бошлаганини қоралайди. Асл ҳақиқат эса Маҳмуд Торобий ва укалари (Али ва Муҳаммад)нинг ҳаётда мард ва ботир бўлганини кўрсатади. Шундай қилиб, қўзғолончиларнинг асосий шахслари Маҳмуд Торобий, унинг синглиси ва икки укаси бўлган.

 

Қўзғолоннинг кенгайишида самарали ўрин тутган нуфузли шахслардан яна бири Бухорода ўзининг билими, насл-насаби билан обрў қозонган тасаввуф вакилларидан бири, ислом ҳуқуқи бўйича олим – фақиҳ Шайх Шамсиддин Маҳбубийдир. У отаси Маҳмуддан “Торобдан халқ халоскори чиқмоқда ва у бутун шаҳарни озод қилади”, деган гапни эшитган ва кўмаклашиш учун унинг олдига келади. Маҳбубий дин ва мусулмонлар ҳомийси ҳам эди. У ислом дини вакили сифатида Маҳмуд Торобийни нафақат оқлаб, унинг қўзғолонини тўғри ва ҳаракатларини халқ учун манфаатли деб билади. Шайх Шамсиддин Маҳбубийнинг халқ орасида ҳурмати, обрўси катта эди. Унинг Маҳмуд Торобий билан ҳамкорлиги тасодифий эмас, балки бу дўстлик ва ўзаро муносабатларнинг вужудга келиши, шайх назарида, ислом динини ҳимоя қилиш учун зарурат эди.

 

Шундан сўнг қўзғолон бошлиғининг халқ олдида обрў-эътибори ва мавқеи ортиб, шайхнинг қўллаб-қувватлашидан сўнг ўз ўйлаганларини  ҳақиқий озодлик курашига айлантира бошлайди. Қўзғолон кундан кунга кенг тарқалиб, Маҳмуд Торобий ва бошқа раҳбарлар кун сайин машҳур бўлиб бораверди.

 

Шаҳарнинг ўша даврдаги назоратчиси – доруғалар, солиқ йиғувчилари, яъни босқоқлари Маҳмуд Торобий қўзғолонини дастлаб кузатиб борганлар. Кейинроқ, Тороб томон ҳаракат қилишдан олдин бир гуруҳ аскарларини Сарипули яқинида қолдириб, Маҳмуд Торобийнинг йўлини тўсган.

 

Маҳмуд Торобий Бухоро зодагонларининг ҳаракатидан хабардор бўлгач, Сарипулга боради. У ерга етиб боргач, Бухоро доруға (тамшо)си асли хитойлик Юлей Мин Сугога: “Ёмон ўйлардан қайт, бўлмаса, шу оламни кўраётган кўзларингни одамизот қўлисиз суғуриб олажакман!, дейди. Қўзғолон бошлиғининг бу сўзлари мўғул аскарлари, доруға ҳамда улуғ зотларнинг қалбига қўрқув солади, Маҳмуд Торобий ва унинг сафдошларига ҳеч қандай зарар етказмайдилар. Шундан сўнг Торобий Бухорога кириб келади, бухороликлар уни шод кутиб олади. Маҳмуд Торобий Султон Муҳаммад Хоразмшоҳ саройини эмас, “Малик Санжар саройини танлаб, ўша ерга ўрнашади. Айтиш керакки, Малик Санжар ҳам худди Маҳмуд Торобий каби Туронни ўтмишда босиб олган қорахитойларга қарши халқ ичидан чиққан, ҳунармад – қалқон ясовчи киши бўлган, у роппа-росса ўттиз икки йил аввал ноҳақлик ва зулмга қарши бош кўтарган эди.

 

Торобийнинг Малик Санжар саройига ўрнашганидан шаҳар зодагонлари ва раҳнамолари гўёки хурсанд, лекин  қулай фурсат бўлганда уни ўлдириш ниятида эди. Тарафдорлари Маҳмуд Торобийнинг якка ўзини қолдирмаган. Бозордан ўтар чоғида уни ҳар томондан оломон қуршаб олган эдики, Атомалик Жувайнийнинг айтишича, у ердаги ҳолат мушук ҳам ўта олмайдиган даражада эди. Шаҳар доруға ва зодагонлари Маҳмуд Торобийнинг халқ орасида обрў-эътиборидан ҳадиксираб, уни йўқ қилиш мақсадида махсус бир гуруҳ тузишга келишиб оладилар. Бироқ бир жосус бу хабарни Маҳмуд Торобийга етказади ва шаҳар доруғасининг ниятидан хабардор қилади. Бу хабарни эшитгач у шаҳардан ташқарига чиқиб чўлга Абу Ҳафз тепалиги томонга йўл олади. Бухоро аҳли ҳам шу ерга, унинг атрофига тўпланишади. Ёлланма аскарлар Маҳмуд Торобийга зарар етказа олмайди.

 

Маҳмуд Торобий халқни бош кўтаришга, ғанимни бу ердан тезроқ даф этишга ундайди. У урушни жиҳод ва ғазо деб атайди. Кўриниб турибдики, мўғулларга қарши жиҳод эълон қилиш Шайх Шамсиддин Маҳбубий фатвосисиз амалга оширилмаган. Унинг сўзлари халқнинг қалби ва руҳида шундай таассурот қолдирдики, улар қўлларида бор нарса: таёқ, болта ва қилич билан қўзғолон бошлиғи ва унинг ёрдамчилари атрофида тўпланди, теварак-атрофдан келган барча қуролланган одамлар Бухоро томонга юзландилар. Оломон шаҳарга киргач доруға, лашкар, садр ҳамда зодагонларнинг уларга қарши ҳужум қилишга кучлари қолмаган эди. Халқ ҳаракати намояндалари катта куч билан мўғул босқинчилари ва улар хизматига ўтган маъмурларни ўлдириб, мол-мулкини бева-бечораларга тақсимлаб беришган.

 

Бухоро эгаллангандан сўнг Маҳмуд бой ва билимли кишиларни ҳузурига чақиради. Улар ичида садри жаҳони Бухоро унвонидаги шахс ҳам бўлган. Шайх Шамсиддин Маҳбубийга садри жаҳон унвони берилади ва шаҳар зодагонларининг бўйсунишдан бошқа иложлари қолмайди. Садрлар бошлиғи Бурҳониддин жомеъ масжиди ва халқ олдида Маҳмуд Торобий исмини хутбада ўқийди. Мўғуллар бир муддат шаҳардан  қувиб юборилади. Маҳмуд Торобий Шайх Шамсиддин Маҳбубийнинг кўмагида сиёсий ҳокимият билан бирга диний ҳокимиятдан ҳам фойдаланган. Маҳмуд Торобий Бухорода ўн тўрт кун ҳукмронлик қилади.

 

Маҳмуд Торобий ўзига яраша қўшин тузади. Қисқа вақт ичида унинг қўшинлари ҳарбий қуроллар билан таъминланади. Бой ҳамда пулдорлардан гилам, кигиз ва бошқа зарур нарсаларни олиш, Бухоро шаҳри ташқарисида ҳарбий қароргоҳ қуришни буюради. Сардорлар буйруққа бўйсунади. Ҳатто озодлик курашчиларига шерозлик савдогар тўрт харвор (1200 кг) шамшир етказиб беради. Шаҳар ташқарисида ҳарбий ўрда пайдо бўлади.

 

Юқорида айтилганидек, бир гуруҳ бухоролик зодагонлар қўзғолончиларнинг ҳаракатини кўриб қочиб кетишади. Торобий бошчилигидаги қўзғолонни тезроқ бостириш, уни ҳокимиятдан туширишга аҳд қиладилар. Шу ниятда Торобийнинг жазосидан қочиб қутилган юқори табақа вакиллари Карманага бориб, мўғуллар билан биргаликда ҳарбий тайёргарлик кўра бошлайдилар.

 

Маҳмуд Торобий ва унинг атрофидагилар қўшин келганидан хабар топади, халқни мўғулларга қарши жангга тайёрлайди. Карманада улар бир-бирига элчилар юборади. Маҳмуд Торобий қўмондонлигидаги бухороликларни кўрган нўёнлар бошчилигидаги мўғул аскарлари халқнинг шижоатидан қўрқиб, бир муддат ҳужум қилишга жазм эта олмайдилар.

 

Ниҳоят, иккала қўшин ҳам ҳужумга киришади. Кураш бошланган пайтда халқ ҳаракати етакчилари сафнинг бошида туришади. Маҳмуд Торобий уруш чоғида мўғуллар томонидан отиб ўлдирилади. Шайх Шамсиддин Маҳбубий ҳам жанг майдонида ҳалок бўлади.

 

Қўзғолон кўтарган деҳқонлар болта ва хаскашлар билан жангга кириб, амалдор ва юқори табақадаги кишиларни асир олиб, кўплаб мўғул жангчиларини ўлдиришган.

 

Бу орада мўғул қўшини Кармана томон чекина бошлайди. Бухоро аскарлари уларнинг қочаётганини кўргач, таъқиб қилади. Қўлга тушган мўғул аскарларини ўлдирадилар. Бу таъқиб Кармана яқинига қадар давом этади. Кармана жангида Маҳмуд Торобийнинг синглиси ҳам бўлган, у ҳам жангда акаси каби ҳалок бўлган.

 

Бу жанг Турон халқларининг мўғул босқинчиларига қарши биринчи кенг кўламли қўзғолони ҳисобланади. Мўғул қўшини ҳеч қачон туронликлардан бундай мардлик ва матонатни кутмаган эди.

 

Бухоро аскарлари бу жангда жасорат ва шижоат, умуман олганда ҳақиқий фидойилик кўрсатиб, ўзларининг оддий жанговар қуроллари билан урушга шай бўлиб, яхши қуролланган мўғулларга қарши ҳарбий муваффақиятларга эришди. Бухороликлар ғалаба қозонган бўлсалар-да, ўзларининг муносиб саркардалари ва бошлиқлари Маҳмуд Торобий ҳамда Шайх Шамсиддин Маҳбубийнинг жасадларини топа олишмагач, Бухорога қайтдилар. Маҳмуд Торобийнинг яқинлари ва дўстлари уни ер юзининг авлиё ва солиҳи деб атаб, халққа мурожаат қилиб: “хожамиз ғойиб бўлдилар ва бир кун ўз дўсту биродарлари, эл-юрти орасида пайдо бўлиб, дуолари билан одамларни бало ва бахтсизликлардан қутқаради”, деб ишона бошладилар. Ғойиб бўлган хожа пайдо бўлгунга қадар халқ унинг укалари Муҳаммад ва Алини ўзларига бошлиқ қилиб тайинлади. Шундай қилиб ака-ука Муҳаммад ва Али Маҳмуд Торобий қўзғолонининг бошчилари бўлади.

 

Афсуски, халққа Хўжанддан мўғул қўшини етиб келгани ҳақида хабар етиб келади. Туронни бошқараётган мўғуллар хони Чиғатой ҳамда Маҳмуд Ялавоч буйруғи билан Маҳмуд Торобий қўзғолонини бостириш учун жанговар мўғул амирлари – Элдиз нўён ва Чақин қўрчи катта қўшин билан Бухоро томон отланади.

 

Мўғул қўшинининг йўлга чиққани тўғрисидаги хабар Бухоро аҳлига етиб боргач, улар ўз қўшинлари билан чўл томон йўл олиб, мўғулларни кутиб олиш ҳаракатига тушади. Орадан кўп вақт ўтмай, икки қўшин ўртасида уруш бошланади. Ака-ука Муҳаммад ва Алилар бу жангнинг бошидаёқ душман ўқидан ҳалок бўлади. Шундай бўлса-да, озодлик курашчилари мўғул аскарлари билан эртаси куни ҳам жанг олиб боришган. Бироқ охир-оқибат мўғуллар ғалаба қозонади. Жувайнийнинг таъкидлашича, камида йигирма минг киши ҳалок бўлган.

 

Дарҳақиқат, Маҳмуд Торобий қўзғолонидан сўнг Мўғул давлатининг сиёсий ҳаёти ва тузилишида катта ўзгаришлар юз беради. Бу қўзғолон ўша даврдаги мўғулларнинг хоқони Чингизхоннинг учинчи ўғли Ўқтойнинг Туронга нисбатан сиёсатини ўзгартиришига сабаб бўлади.

 

Маҳмуд Торобий қўзғолони мағлубиятга учраса ҳам, у изсиз кетмаган. Мўғул маъмурлари эндиликда туронликлар билан эҳтиёткорона муносабатда бўлиб, ўлпон ва солиқларни камайтириш, турли ўзбошимчаликларга чек қўйишга ҳаракат қилган. Чиғатой улусини мўғул хоқонлари номидан бошқарган Маҳмуд Ялавоч ва унинг ўғли Масъуд Ялавоч бу пайтда ҳам хоқонлар манфаатини кўзлайдиган, ҳам Турон халқига нисбатан эҳтиёткорона сиёсат юритган.

 

Гулмира ОЧИЛОВА,

Тарих институти катта илмий ходими,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 15434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//