Қамоқхонада ёзилган достон – «Инсон манзаралари» таҳлили


Сақлаш
16:22 / 13.02.2025 17 0

Нозим Ҳикмат «Инсон манзаралари» достонини 1941 йили Бурса қамоқхонасида ёза бошлаган. Достон образларининг яратилиш ва танланиш тарихи ҳақида шоир шундай дейди: «Бундан аввал «Таниқли кишилар қомуси» устида ишлаётгандим. Менинг қомусимга машҳур генераллар, султонлар, санъаткорлар, билимдонлар, ҳусн қироличалари, қотиллар, миллиардерлар эмас, шуҳрати фабрика ва маҳалла деворлари ошиб четга чиқмаган ишчилар, деҳқонлар, ҳунармандлар кирар эди. Шу вақт немис фашизми Совет иттифоқига бостириб келди. Мен ХХ аср тарихини ёзишга қарор қилдим. Турли миллат, турли табақа вакиллари ҳаётини акс эттириш керак деб ўйладим». Чиндан асарда арман, яҳудий, турк, немис, рус, озарбойжон, француз, ҳинд каби кўплаб миллат вакиллари образ сифатида танлаб олинган. Асарда ҳар бир образнинг ўрни бор. Бир мартагина тилга олинган исм ортидаги одамгада уруш қай даражада таъсир этганининг гувоҳи бўламиз. Масалан, сакарялик Шокир қорнидан ўн пақир сув олинган жигар циррози билан оғриган одам. Унинг армони нима, биласизми:

 

Нақадар даҳшат эрир бу ҳасрат –

Юмшоқ краватда ўлмак армони.

 

Афсуски, юмшоқ крават унгамас бошқаларга насиб этади ва бу шоир тилидан ижтимоий муаммолар акси бўлиб жаранглаб чиқади:

 

Мени касалхонада қолдир, доктор бегим, дедим,

Давлат учун неча жангу жадалларда қон тўкдим.

Юмшоқ краватда ўлсам нима бўпти, дедим.

Тингламади доктор.

 

Ҳар ҳолда юмшоқ краватга бошқани ётқиздилар – дунёдан умидин узмаганларни.

Ҳа, асарнинг ҳар бир қаҳрамони замоннинг умидсиз акси эди.

 

-         Уста, ғаройиб ўйларни ўйлайсанми ҳали ҳам?

-         Ўйлайман, болам, ўйлайман ҳамон.

-         Яшавор, эй уста, лекин ёлғиз ўйларинг билан

тузата олмайсан дунёни.

 

 

Бунда ўй-хаёллар билан тузатиб бўлмайдиган мажруҳ дунё қолганди холос. Туркияда Иккинчи жаҳон уруши таҳликаси. Очлик ҳукмрон аср. Қаранг, Нозим Ҳикмат очликни қандай тўйдиради:

 

Ўлим худонинг амридир,

Очлик бўлмаса албат.

Мамадча, Мамад

Мамадча, Мамад.

Йиққан арпалари бир ҳовуч фақат

Айғир тезагида йўқдир марҳамат.

 

Асарда урушдан қочган қаҳрамон – Басрининг бутун ҳаётига шерик бўлган қўрқув бирорта йигитни ҳам четлаб ўтмаганди. Боридан айрилганларгина бу қўрқувни енгган эди. Улар ўлимни кутганлар эди. «Ўлимни кутганларнинг барчаси жасур», – дейди Нозим Ҳикмат.

 

Шоирнинг башарият ҳақидаги оғриқлари ҳар бир сатрга жойланади:

 

Баъзан қалам душманлиги жароҳатлар

маузер душманлигидан ортиқроқ.

 

«Инсон манзаралари» – елкаларга ортилган ХХ аср эди. Туркия ёинки бутун мусулмон ўлкаларида дин ва дунёвийлик устида тинимсиз масалалар чувалашиб ётарди. Диний давлатчилик инсонларни жаҳолат ботқоғига ўз мақсади йўлида ботириб бўлган, жамият икки тоифа – қадимчилар ва янгилар бўлинганди. Бутун дунёни ана шу икки куч бошқариш билан бирга абгор қилаётган ҳам эди.

 

Замин нотинчлиги, инсон ҳаётининг ҳечлиги, яшашдан илинж қолмагани – барча-барчаси ўлимга олиб боради. Бу замонда қолиш учунмас, ўлиш учун сабаблар кўп. Нозим Ҳикмат ана шу ижтимоий-маиший сабабларнинг илдизини ковлашни истайди. Достоннинг биринчи қисми вагондан тушиб кетган ёки жонига қасд қилган эллик яшар одамнинг ўлими билан тугайди. Сўнгги китоб эса чақалоқ дунёга келиши билан якунланади. Шу тарзда бу талотўмли дунё уруш даврида ўлим қучоғида бўлсада, ҳали янгидан туғилишига умид боғланади.

 

 

Асарнинг дастлабки икки китобида воқеалар, образлар ҳаёти янгиланган сари ундан бунга кўчиб ўтаверади. Аммо барчасини боғлаб турган жой битта – поезд. Барча тақдирлар поездда тўқнашади. Барча тақдирлар қисматини шу ерда эслайди, яраларини янгилайди. Поезд – давр тимсоли. Уруш даври эса одамларни бир силкитиб қўйган эди. Бунда ким нафс қули бўлган, ким ҳалол, ким етим, ким тўкис. Жамият ҳолати инсонларнинг кўзларида, кўрганларида акс этади.

 

Асарда пейзаж елкасига ҳам англамли юклар ортилган. Биргина оқшом таърифининг ўзида бутун олам руҳияти акс этади. Оқшомда милтиллаши керак бўлган ва ёқилмай қолган чорасиз чироқ ўз соҳибининг ҳуррияти не чоғлилигини тўлақонли ифодалайди:

 

Оқшом бўлди, ёқолмадим чироғимни

Баланд тоғлар қорайди, кел,

Оқшом бўлди кун ботди.

Оқшом бўлди яна ғариб бўлганга.

Оқшом бўлди, найлайин?

Оқшом бўлди яна босди қаролар.

 

Асар чинданда барча мавзу ва манзараларни қамраб олади. Мусё Дювалин образидаги француз савдогарининг иштироки сиёсий алоқаларга илашган ипнинг бир учи. Мултьмиллионер Луар дарёси устидаги саройда жойлашган немисларни сут маҳсулотлари билан таъминлайди. Бундай ишбилармонлар учун урушнинг икки томони йўқ. Фақат ҳар иккисиданда фойда олишни кўзлайди. Масалан, улар ҳақида Нозим Ҳикмат баққол Сафар тилидан шундай дейди:

 

Пул бор – оллоҳ бор

Пул йўқ– оллоҳ йўқ...

 

Туркнинг пахта, цемент ва порох ишлаб чиқариш соҳасига кўз олайтирган ширкат раиси Мусё Дювал. Айни уруш даврида савдо соҳасидаги бундай монополистик тузумлар ўз халқи оёғига болта урардилар. Энди савдо кемалари қочоқларни ташийди, аскарларни ва қуролларни асрайди. Энди бу торпедолар миналар ташийди. Ана шундай вақтда ҳам виждони билан қолганлар тасвири асарда контраст ҳосил қилади. Душман кемалари ва долғалар таъсирида кичик қайиқ эшкагини эшган Исмоил Анқарага Камол пошонинг омонатини ўзига топширишни ўйлайди, ҳеч нарсадан ҳайиқмайди. Нозим Ҳикмат: «Омонат: оғир бир пулемётдир» – дейди. Шамолга, денгиз хуружларига қарши бораётган Исмоил жасоратини шоир урушда ҳар нарсадан устун бўлган учта предмет образга боғлаб чизади:

 

Фақат Исмоил

қўлларига инонар.

Бу қўллар

нонни

эшкакни

пулни

шундай ишонч билан тутарлар.

 

Аммо денгиз Исмоилни ютди. Шу билан унинг тақдири ҳам қўлидаги омонати ҳам йўқликка юз тутди. Исмоил воқеаси асар ичидаги достон. Достонни ошпаз Маҳмуд Ашерга гарсон Мустафо ўқиб бераётган эди. Достон ичида ўқилган бундай кичик достонлар орқали шоир ўз қаҳрамонларининг қандай туйғулар ичида яшаётгани, фикрлаши ва танлаган асарларидан келиб чиқиб, қандай ҳаёт тарзини босиб ўтаётганини янада кучлироқ очиб беришга ҳаракат қилади.

 

Асарда ўқувчи эътиборини тортадиган яна бир жиҳати бор. Унда аёллар мавзусига ва образларига катта аҳамият берилмагандай кўринади, чунки уларнинг барчаси жуда кичик ўринли эпизодлар сифатида гавдаланади. Аммо Нозим Ҳикмат ана шу кичик эпизодларга катта ғояларни сингдириб кетади. Йўлда аравада кетаётган хотинлар тасвири мана:

 

Ва хотинлар,

бизнинг хотинларимиз:

дағал ва табаррук қўллари,

нафис, мўъжаз ияклари,

катта кўзлари ила

онамиз, умр йўлдошимиз, ёримиз

ва гўё ҳеч яшамасдан ўлган

ва дастурхонимиздаги ўрнига

ҳўкизимиздан кейин келган

ва тоғларга олиб қочиб кўйида қамалиб ётганимиз

ва экинда, тамакизорда, ўтин кесувда, бозорда

ва оғилларда

ерга санчилган пичоқларнинг ялтирашида

диркиллаган оғир бўксалари ва қўнғироқлари билан бизники бўлган хотинлар...

 

Маълумки ХХ аср охиригача ҳам туркий мамлакатларда аёллар эркаклар ҳукмронлигидан озодликларига эришиб, жамиятда мавқега эришиб улгурмаганди. Танаси билан бирга ҳар қандай истаклари ҳам зўравонликка учраган. Бир ҳайвончалик қадри бўлмаган аёлни Нозим Ҳикмат асарнинг жуда кўп қисмида жисмоний эҳтиёжларни қондирувчи сифатида тасвирлайди. Бу жамиятдаги аёллар таназзули эди. Чиндан, дастурхон бошида ҳатто бошқалар қатори саналмаган инсон ўрни, оилада бир ҳўкизчалик кўрилмаслик қандай аянчли ҳолат! Бутун дунёда мамлакатлар озодлик учун уруш олиб бораётган бир пайтда аёллар озодлигига не чоғлик аҳамият ҳам бериларди, дейсизми?! Аммо бу уруш давридагина юзага келган ижтимоий ҳолат эмас, афсуски. Дунё ва ўзбек адабиётида аёлга жинсий эҳтиёж ва нафсни қондирувчи сифатида қаралишига доир мисоллар талайгина.

 

 

Фрейдга кўра, инсон шахсияти учта муҳим компонентнинг ўзаро таъсиридан иборат. Бунда ID(идентификатор) «завқ тамойили» бўлиб, шахс психологиясидаги очлик, ташналик, жинсий қониқиш кабиларда фаол бўлади ва онгсиз истаклар шахсни бошқаради. Бу инсоннинг қон-қонига сингиб кетган. Уч компонентнинг қолган иккитаси: эго ва суперэго эса бу онгсиз истакларни яъни, IDни тартибга солиб, ахлоқий жиҳатдан чегаралаб туради. Аммо ҳар қанча уринмайлик, учликда эго ва суперэго кейинчалик ҳаётий жараёнда ҳосил бўлади. ID эса инсон яратилиши каби ибтидоийдир. Уруш ва унинг инсон психологиясига таъсири эса айни уч компонентда ўзгаришлар ҳосил қилади. Қадимдан ҳам урушлар даврида эркак гегемонлиги учун муҳим бўлган сабаблардан бири – ер-мулк, бойлик бўлса, иккинчиси аёллардир. Уруш туфайли шу икки нарса кўпроқ зарар кўради ва қўлдан-қўлга ўтади. Уруш парчалаган жамиятда аёллар жинсий зўравонликка бошқа даврлардагидан кўра кўпроқ учрайди. Патриархал тузум ҳукмрон бир вазиятда уруш эркаклар ҳокимиятини янада мустаҳкамлайди ва уларнинг IDларини кучайтиради. Ўзига бўлган ишончни ошириш бир сабаб бўлса, қўрқув ва ҳаётда қолиш ёки қолмаслик келажагининг номаълумлиги, онгсиз онгда кечадиган бу ҳодисалар унга қисқа муддатда кўпроқ завқ олиш туйғуларини таклиф қилади. «Социологик жиҳатдан илмий тадқиқотларга кўра, масалан, 1995 йилдан кейинги Босния уруши асоратларида ҳам эркакка хос зўравонликларнинг кучайишига урушдан кейинги иқтисодий сабаблар: очлик, камбағаллик ва ишсизлик етакчи омил бўлган»(Аёл ва уруш. Социологик анализ. Профессорлар Баҳор Танер ва Зайнаб Гўкалп. «Истанбул университети аёллар илмий журнали», 2019). Бундай ташқи сабаблар туфайли ишсиз, бахтсиз эркакларда атрофидаги аёлларга нисбатан ҳирс ошади. Эркак инстинктларидаги табиий эгалик қилиш ҳисси кучаяди. Чорасизлик уни ҳамма нарсадан маҳрум қилаётган бир пайтда ҳеч бўлмаганда аёлга эгалик қилиш унинг ғурурини тўйинтиради.

 

Ижтимоий жараённи ва инсон психологиясини ҳисобга олган ҳолда Нозим Ҳикматдаги аёл билан боғлиқ реалистик тасвирлар жамият юзига ойна тутиб, даврни бизга кўрсатиб беради. Оғриқли ҳаёт кечинмалари ҳар образга жон бахшида этади. Зотан барчаси яшалган қисматлар. Заҳро қиз елкасига орқалаган кўзаси каби катта маънони тортиб кетади:

 

Бир қизча чиқди ернинг остидан,

Ўзи чувринди, лекин каттакон кўзани орқалаб олганди.

Қараб қолди поезднинг ортидан.

Юмалоқ бурни-ла искади ҳавони.

Кулди.

Кулдиргичлар пайдо бўлди ёноқларида.

Отаси йўқ эди Заҳро қизнинг

Не учун йўқ эди?

Балки бир ёқларга кетиб келмаганди қайтиб.

Қайтиб келар эҳтимол,

балки бугун пешин чоғи чиқиб келар чўлнинг қаъридан.

Онаси ичкарида ҳануз уйқуда эди Заҳро қизнинг.

Аммо «балки»си , «ким билади»си йўқ,

муҳаққақ

У қайта уйғонмас ортиқ.

Чойшабсиз, қора кўрпа остида

ётар яланғоч

у қайта уйғонмас ортиқ,

яйраб сакраётган бургаларнинг ичида,

тарашадек қотиб,

узундан-узун.

Саҳро узра куларди беш яшар Заҳро қиз,

Ўликнинг қўйнидан чиққани ҳолда

нима бўлганини фарқлай олмайдиган даражада

дунёдан бехабар

ва дунёдан ўта хабардор:

бўйидан катта кўзани кўтарадиган,

поезднинг ортидан бахтиёр боқиб

саҳро ҳавосини шимадиган ва куладиган даражада.

 

Бехабар қизча дунё тимсоли. Бу дунё ўз кўз олдида кечганлардан шунчалар хабарсиз ва шунчалар хабардор. Замон поезд каби парвосиз елиб кетаверди, инсоният эса Заҳро каби хабарсиз етим.

Достоннинг учинчи китоби касалхонада бир чақалоқнинг туғилиши билан тугайди:

 

Ва Халил эшитди шу пайт

дунёдаги энг ёқимли овозни,

янги туғилган гўдакнинг илк зафар қўшиғини...

 

Бу инсониятнинг урушлар устидан ғалабаси ва ҳаёт янги шакл билан давом этишига умид эди. Нозим Ҳикмат айни шу манзараларини ажойиб услуб ва теран фикрлар, бадиий жиҳатдан мукаммал тил воситасида ўқувчиларига етказа олган. Китоб шоирнинг рафиқаси Хадичага бағишланган. Шоир услубининг шаклланишида асар ёзилиш вақтида у ўқиб юрган Елизавета даври инглиз шоирлари ва Гогольнинг «Ўлик жонлар» асарларининг таъсири катта бўлган. Тарихий достон 1908 йилдан 1941 йилгача бўлган даврни ўз ичига олади. Образларнинг прототиплари мавжуд экани эса асарга янада жон бағишлаган.

  

Рухсора ИМОМОВА,

БухДУ таянч докторанти

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 15434
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//