“Хорижий бир ўқни отгунча, туронлик ўнта ўқни нишонига уради” – Туркийлар ҳарбий маҳорати араб манбаларида


Сақлаш
17:01 / 12.02.2025 200 0

VIII аср бошларида Араб халифалиги қўшинлари Туроннинг асосий шаҳарларини эгаллади. Халифалик ҳарбий юришлар давомида Турон халқларининг ҳарбий маҳорати ва жанг санъати юксак эканига гувоҳ бўлишди. Туронликларнинг ҳарбий маҳоратига араблар қуйидагича баҳо берган: “Хорижий бир ўқни отгунча, туронлик ўнта ўқни нишонига уради”, Туронликнинг орқага чекиниши ўлдургучи заҳар кабидир, чунки олдинга қандай аниқ маҳорат билан ўқ отса, орқага ҳам худди шундай ўқ ота олади”. Шу сабабли ҳам Араб халифалиги Туронни босиб олиш жараёнида бу ердаги халқлардан ҳарбий ишларга ва халифаларни қўриқлаш хизматига жалб қилишган. VII асрнинг 80-йилларида Убайдуллоҳ ибн Зиёд томонидан икки минг камончини Бухородан ўзи билан Басрага олиб кетишидан бошланган бу жараён кейинчалик аббосий сулоласи халифалари Мамун (813–833) ва Мутасим (833–842) даврида энг юқори даражага кўтарилди.

 

Араб халифалигида ҳарбий хизматга ёлланган туронликлар Бағдоднинг марказига, халифа саройи яқинига жойлашитирилган. Ҳарбий маҳорати юксак бўлган туронлик жангчилар оддий аскарликдан тортиб қўмондон ва вазир даражасигача кўтарилган. VIII–IХ асрларда Араб халифалигида  Муборак Туркий, Афшин, Хоқон Уртуч, Восиф Бўғалар лашкарбоши, Холид ибн Бармак, Фатҳ ибн Хоқон Фарғонийлар вазир даражасига эришган туронликлар бўлиб, халифаликда муҳим мавқега эга бўлишган.

 

Турон халқларининг ҳарбий салоҳияти ва маҳоратини кўрган араблар бу ҳақда ўзининг асарларида ҳам ёзиб қолдирган. Ҳозирча, Турон халқларининг ҳарбий маҳорати бўйича араб тилида ёзилган илк асар Абу Усмон Амр ибн Баҳр Жоҳиз қаламига мансуб ҳисобланади. Жоҳиз 777 йили туғилган. У халифалик саройига 816 йилда халифа Мамуннинг даъвати билан келган. Жоҳиз халифалик саройида Турондан келган аскарлар ва лашкарбошилар билан яқиндан танишади, уларнинг ҳарбий маҳоратига шахсан гувоҳ бўлади. Жоҳиз халифа Мутасим даврида ўзининг туронлик ҳарбийларнинг маҳоратига оид “Фазоил ал-атрок” (“Туркий халқларнинг фазилатлари”) номли рисоласини ёзган. Шунингдек, Жоҳиз томонидан Турон хоқонлари авлодидан бўлган Фатҳ ибн Хоқонга атаб “Маноқиб жунд ал-хилафа” (“Халифалик аскарларининг мақтовга лойиқ сифатлари”) рисоласи ҳам ёзилган. Жоҳизнинг мазкур икки рисоласи ҳам вазир Фатҳ ибн Хоқонга тақдим этилган.

 

Жоҳизнинг “Фазоил ал-атрок” (“Туркий халқларнинг фазилатлари”)  номли асарида Турон халқларининг ҳарбий маҳоратига доир қуйидаги жиҳатлар тилга олинади:

 

ҳарбий бошқарув усули;

қурол-яроғлари;

уруш маҳорати.

 

Китобнинг аввалида муаллиф ҳеч кимни ортиқча мақтамаганини ёки ҳеч бир халқни ёмонлаш нияти бўлмаганини очиқ айтиб, ўзи гувоҳи бўлган, давлат амалдорларидан эшитган маълумотларни асарида келтирганини таъкидлайди.

 

“Фазоил ал-атрок” рисоласи халифа Мамуннинг лашкарбошиси Ҳумайд ибн Абдуллоҳнинг туркийлар ва хорижийлар борасида берилган саволга жавоби билан бошланган. Ҳумайднинг туркийлар ҳақида билдирган фикрлари бизга VIII–IХ асрлардаги Турон халқларининг ҳарбий салоҳиятини яққол намоён этади:

 

“Хорижий бир ўқни отгунча, туронлик ўнта ўқни нишонига уради”, – дарҳақиқат Туркистон халқларининг камончилик (нушшоб) борасида маҳоратлари минг йиллар давомида бошқа хақларни ҳайрон қолдириб келгани маълум. Бунинг гувоҳи бўлган араблар шу сабабли ҳам ўз қўшинларига икки минг бухоролик камончини қўшиб олишгани манбаларда келтирилади.

 

Туронликнинг орқага чекиниши ўлдургучи заҳар кабидир, чунки олдинга қандай аниқ маҳорат билан ўқ отса, орқага ҳам худди шундай ўқ ота олади”, – кўриниб турибдики араблар Туркистон халқларининг ўқчиликда моҳир эканининг бот-бот гувоҳи бўлишган. Шу сабабдан ҳам ўша даврда араблар орасида туронликнинг тўртта кўзи бор, иккиси бошининг олдида, қолган иккитаси эса бўйнининг орақасида, деган гаплар бўлган ва буни Жоҳиз рисоласида келтириб ўтади.

 

Рисолада туронлик ҳарбийларнинг қурол-яроқларидан найза ҳақида шундай маълумот учрайди: “Хорижийнинг найзаси узун ва ичи тўладир, туронликнинг найзаси эса қисқа ва ичи бўш бўлиб, ичи бўш ва қисқа бўйли найзалар жуда қулай ва жангда самарлироқдир”. Бундан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, Туронда VIII–IХ асрларда жангларда асосан қисқа бўйли, ичи бўш найзалардан фойдаланилган, бу аскар учун анча қулай бўлган, – Бағдод ва Самарро каби пойтахт шаҳарларда ҳам шу турдаги найзалардан фойдаланилган.

 

Жоҳиз асарида Туркистон элатларининг ботирлигини бир жумла орқали мадҳ этади: “Араб қўшинларининг қалбларини туронликлар каби қўрқитган ҳеч бир халқ йўқ”. Дарҳақиқат, халифалик қўшинлари Турон ҳудудини эгаллаш учун жуда кўп қийинчиликга учраган: эгалланган шаҳарлар қайта қўлдан чиқарилган; уларга қарши ҳар бир шаҳарда қўзғалонлар аланга олган.

 

Ватанни севиш ҳарбийлар учун энг керакли хислат эканини ёзган муаллиф ажам элатлардан ватанини энг кўп севган ва соғинган элат бу туркийлар эканини қайд этади.

 

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ҳозирча Турон халқларининг ҳарбий маҳоратига доир араб тилида ёзилган илк асар “Фазоил ал-атрок” (“Туркий элатларнинг фазилатлари”)да ҳарбий тарихимизга оид бир қатор муҳим маълумотлар ўрин олган. Уларни ўрганиш бизга ўрта асрларда Туронда ҳарбий иш қандай йўлга қўйилагани ва Турон хақларининг ҳарбий маҳорати, ботирлиги ҳақида тасаввур беради.

 

Жавоҳир АЗИМҚУЛОВ,

Тарих институти кичик илмий ходими

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17366
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//