Қояда ўсган гул


Сақлаш
23:30 / 13.12.2021 1255 0

 

Айтматов Айтматов-да! Асарлари неча такрор ўқилса, шунча қайта янги таассурот, тоза руҳ беради. Яқинда “Жамила” баҳсида бўлиб ўтган бир суҳбат баҳона бўлди-ю, қиссани қайта варақладим. Айтматов жодуси... ва жамият, ҳаёт, одамлар, инсон руҳияти ҳақидаги узоқ йиллик ўй-хаёллар бўрондай қўзғалиб келди.

 

Энг гўзал муҳаббат қиссаси

 

Оламшумул Пушкиннинг Татьянасидан фикру хаёли ағдар-тўнтар бўлмаган китобхон топилмаса керак. Адабиётни инсон ҳаётининг эгизаги, олам тизимининг азал-абад жабҳаси деб билган киши учун шундай бўлиши табиий. Санъатга ҳаётни чуқурроқ мушоҳада қилиш воситаси, қалбни ва у орқали дунёни ўзгартиргувчи куч деб қаралганда – айниқса.

Татьяна ва Пушкин кечиккан ошиқ Онегинни муҳташам зал ўртасида ёлғиз ташлаб кетганидан сўнг бир ярим асрча ўтиб ўзимизнинг Жамила ҳам дунёни унча-мунча ларзага солмади. Айтматов ҳам, сипороқ айтганда, ўқувчини ҳазилакам дилемма қаршисига қўймади. Ҳали-ҳануз шундай. Бу гўзал қиссадан сўнг ақл бир ёну, кўнгил бир ён; ошкора инкор бир ёну, пинҳона иқрор бир ён бўлмайди, деб кўринг-чи! Аслида ҳар кун содир бўладиган воқеалару панд-насиҳат адабиётнинг иши эмас; унинг ўткир нигоҳлари сокин туюлган тириклик оқимининг сувости нишабликлари, дамба ва гирдобларига тушади – улар эса бизга дафъатан шаккоклик каби, яккам-дуккам жузъийлик бўлиб кўриниши мумкин. “Ҳа, бу китоб-да...” деймиз.  Деймизу... лекин барибир чуқур-чуқур ўйлар оғушида қоламиз. Бизга дахли йўқдек туюлган қаҳрамонлар кечмиши ўз ҳақиқатларимизга бўлак кўзгулардан қарашга мажбур қилади.

Қозоқ мутафаккир адиби, жамоат арбоби Бахтижон Қанапиянов ёзади: “Мен Москвада, бир замон Чингиз Айтматов ҳам таҳсил олган Олий Адабиёт курсида ўқиган чоғларимда ўқув бўлими бошлиғи Нина Аверьяновна Малюкова бир куни бизга “Жамила” қиссаси муҳокама қилинган семинар стенограммасини кўрсатди. Стенографистнинг совуққон қўллари билан тарихга муҳрланган ноҳақ танқидлар оқимида ҳужжатнинг бир четида қолдирилган изоҳ мени ва курсдошларимни ларзага солди. Унда шундай ёзилганди: “Айтматов йиғлайди”. Бу стенограмма ҳозир ҳам борми-йўқми, билмайман. Балки Литинститут архивида сақлангандир. Гап ҳозир бу ҳақда эмас. Шу хил мавзуларни қўрқмай бемалол муҳокама қилиш мумкин бўлган, айтилган гаплар девордан нарига ўтмайдиган оддий ўқув семинарида ҳам Айтматовнинг “Жамила”си қандай баҳс-мунозара ва эътироз уйғотган! Яна Литинститутда! Унда бизнинг альма-матердан (она мактаб) нариларда нималар кечган бўлса?”  Улар одил ҳукм даъвосидагиларнинг биринчиси ҳам, охиргиси ҳам эмас, албатта.

Юқорида зикр этилган суҳбатда ҳам шунга ўхшаш  воқеа ёдга олинди. Санъат олийгоҳида ишлаган устоз адибнинг дарсида “Жамила” қиссаси муҳокамага қўйилади. Кенг-ёруғ синфхоналарда не-не фалсафаю илмларни сув қилиб ичган жиддий талаба қизлар якдиллик ва собитлик билан Жамилага қарши турадилар. Урушнинг нораво юкини нозик елкаларида кўтарган ушоққина ўша Жамилага. Мағлубият аламининг қурбони бўлган ўша бежирим Жамилага. Албатта, қизларимизнинг никоҳ, ахлоқ, садоқат каби рад этиб бўлмас далиллари бор. Албатта! Дашту далаларда сомон совуриб юрган Жамила эса ўз қарори ҳимоясига оддийгина – бахт талабидан бўлак яна қандай ҳужжат қўя оларди? Ниҳоятда боахлоқ бўлиб кўринмоқ истаги, балки, у никоҳ ортида инсон эркига тажовуз ётганлигини кўришимизга халақит берар? Аслида нима ахлоқийроқ: ўз-ўзига қарши бўлиб мунофиқларча яшаб ўтмоқми ва ё ўз ҳаққинг учун курашиб рўйсиёҳ бўлмоқ? “Кўнгли тилаган муродига етса киши, Ё барча муродларни тарк этса киши...” деганлари ҳам жонсиз гап эмас-ку, ахир! Ўйлайсан... ўйлайсану, бўлғуси санъатчиларимиз қолиб, Жамила қолиб бошқа нарсалар хаёлга келади. Дейлик, умумдунё ҳаётини зарпечакгулдай ўраб олаётган мунофиқлик деган бало... дилда – бир гап, тилда – бошқаси; минбарларда – бир гап, ҳаётда – бошқаси. Жаҳонни, катта-катта давлатларни, ҳукмдорлигу бойлик курашини, сиёсат жанггоҳлари, савдо қайнаган турмуш бозорларини қўятурайлик! У бало ҳатто оддий ўқув хоналарига кириб Ёшликнинг тиниқ самимиятига ҳам кўланка солаётгандек. Инсониятни бемаҳал қаритиб, ҳаёт аталмиш зумрад сайилни сохта олийжаноблик  пойгасига айлантираётгандек.

Зоҳирбинлар Жамиланинг аёлни хўрлайдиган урф-одатлар қурбони бўлганини кўрмайдилар, албатта. Жамият ўз барқарорлигини сақлаш учун нораво тутумларни сақлаб туриши-ку бор гап. Лекин нега одамлар ўзлари кўр-кўрона бўйсуниб келган, пайдо бўлиш сабаби ҳамма вақт ҳам маълум бўлавермаган айрим тартиб-низомларнинг моҳияти, одамзод ҳаётига мувофиқми-йўқлиги ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар. Билибми-билмайми уни рад этганларни эса шаккок санайдилар. Бу негадир одамга оғир ботади.

Бандаи ожиз сифатида озми-кўпми гуноҳкор эканлигимизни ўз ичимизда ҳар биримиз биламиз. Бу туйғу Ерга туширилган Одам Атодан қолган. Одам боласига хос бўлган умидворлик ила, гуноҳкорликдан қўрқиш савқи табиийси ила ҳар қачон ва ҳар ерда ўзимизни оқлаш учун асос қидирамиз. Узоқ овулда кечган воқеаларни кенгроқ мушоҳада қилсак, недир бир гуноҳга шерик бўладигандек сезамиз ўзимизни. Жамилани рад этишни беайблигимизнинг далили деб ўз-ўзимизча ҳукм берамиз-да, уни қоралаш билан ўзимизни оқлаб олгандек бўламиз. Начора, Жамила сиймосида мужассамлашган илоҳий туйғулар инкишофини, инсоний бахт талабини иқрор этиш билан энг камида беодоб саналишдан чўчиймиз. Аслида ҳар биримиз не бир лаҳзада одамлар ҳурмат қилган таомиллар тугул, бутун дунёни вайрон қилишни истаганимиз ҳам бор гап-ку. Гоҳо кўнгилга эрк беришни хоҳлаганимиз ёлғон эмас-ку. Бу – кўнгилнинг кўйи ҳамиша одамийлик арконларига ёт дегани ҳам эмас-ку! Аслида, қадар фурсати келгандирки, Жамила инсонлик ҳаққини таниди. Ҳаёт воқелиги ибтидо қонунига терс келиб қолган маконларни тарк этди. Жуда оддий: кетди-борди. Татьянани шарафлаган, Жамилани маломат этган ақлимиз билан ўйлаб кўрсак: униси ҳам, буниси ҳам ўз қарорида инсонийликнинг қайсидир арконини мустаҳкамлади. Униси ҳам, буниси ҳам таҳқирланган туйғулар амрига кўра иш тутди.

Адибнинг синглиси Роза Айтматова бир суҳбатда шундай хотирлайди: “Бизнинг овулда кўп аёллар Жамиланинг прототипи менман, дейишади; Чингиз ўсмир ёшида  айнан ўзига муҳаббат қўйганини таъкидлашади”. Албатта-да! Узоқ овулда умргузаронлик қилган содда бир аёл машҳури жаҳон ёзувчининг севгисидан фахрланиб, озгина муболаға қилса, шу билан ўз қадрини баланд ҳис этса, ҳеч бир ёмон жойи йўқ. Лекин бунда ҳазиломиз оддий истакдан чуқурроқ мазмун ҳам бордек. Бу – ўша аёлларнинг ўзи ҳам тушиб кўрмаган ботинида не бир норозилик пинҳонлигидан нишона ҳам эмасми? Бу – тақдирга муте эмас, соҳиб бўлмоқ истагининг Жамила сиймосида рўёбга чиққанидан яйралиш ҳам эмасми?

“Жамила” аввал рус тилида “Новый мир” журналида, кейин Луи Арагон таржимасида француз тилида эълон қилиниши билан китобхонларнинг ҳам, мутахассис тадқиқотчилару ижодкорларнинг ҳам диққатига тушди. “Менинг кутилмаган муваффақиятим, ҳар доим ва ҳар ерда бўлгани каби, ижодкор дўстларимни гангитиб қўйди, - дейди Айтматовнинг ўзи бу ҳақда, -  уларнинг кўпчилиги қиссадан оғиз очмасликни маъқул топдилар. Фақатгина айрим “классикларимиз”, халқона айтганда,  ҳам шохига, ҳам туёғига ура бошладилар”.

Худди шу шовқинзор ичида Луи Арагон уни “Дунёдаги энг гўзал муҳаббат қиссаси” деб баҳолади. Ҳали-ҳануз кимлардир фаранг адибини асардаги оврупоча эркин муҳаббат ўзига жазб этган дейишга мойил. Бўлса, бордир. Айни пайтда яна бир аксиома мавжуд: буюк инсонлар ҳамиша бутун инсониятга тегишли. Шунга кўра, улар бирёқлама-тор, ўзи мансуб макондагина  амал қиладиган ҳақиқатларни қўллаб-қувватлаши мумкин эмас. Агарда Луи Арагоннинг – ғайриинсоний моҳиятини тушуниб етгач – ўзи маҳлиё бўлган коммунистик ғояларни кескин қоралагани, қатағонга учраган шўро зиёлилари ҳимоясига чиққанини, бу йўлда ҳатто собиқ Иттифоқнинг “Халқлар дўстлиги” орденидан бош тортиш қадар қатъий турганини назарда  тутсак, у қиссага берган таъриф сирини бошқа ёқдан ахтаришга тўғри келади. Бизнингча, Арагонни Жамила сиймосида барқ урган исён ва ҳаёт туйғуси мафтун этган. Бу туйғу Жамиланинг ўзи ҳам тўла ҳис этмаган муросасизлигида, жасорат ва шиддатида воқеланади. Августнинг ойдин оқшомида ногаҳоний иқрорга олиб келган ишқ замзамаларида, Саиднинг қалбида яратиш завқини уйғотган жўшқинлигида, руҳига ёт воқеликка кўнмаслигида намоён бўлади. Ҳар қандай китобхонда – ҳатто эътироз, қатъий раддия шаклида бўлса-да – муносабат уйғотганининг ўзиёқ Жамилада Ҳаётнинг улуғвор юраги қаттиқ уриб турганлиги нишонидир. Бир гал: “Нега Жамилани бундай тасвирладингиз?” деган саволга Айтматов: “Буни Жамиланинг ўзидан сўраш керак” дея жавоб берган. Эҳтимол, у: “Бу – ҳаёт, ахир. Қўлингиздан келса, Ҳаётдан сўранг. Мен борини ёздим, холос...” демоқчи бўлгандир. Бу асло чап бериш эмас, асл ижоднинг ҳақиқати шу – борини ёзиш.

 

Айтматовнинг Татьянаси

 

“Жамила”нинг кутилмаган довруғидан кўп ўтмай Айтматов ўз руҳида бир умрлик ғалаён уйғотган аёлни учратади. У – қирғиз санъати юлдузи, балерина Бибисора Бейшеналиевадир. Қизиқ, уларнинг қалби, қисмати ҳам мусиқада пайвандланган экан. Худди Жамила ва Дониёр каби. Уларнинг муҳаббати роппа-роса ўн тўрт йил – токим ўлим фариштаси ҳам Бибисорага мафтун бўлиб, уни ўз даргоҳига бошлаб кетгунига қадар давом этади. Саида, Танабой, Илёс, Олтиной, Эдигейнинг зиддиятларга тўла, лекин ёруғ муҳаббатини афсонадек ҳикоя қилган Чингиз Айтматов Бибисоранинг мотамида ошкора бўзлайди. Аччиқ кўз ёшларини яширмайди. Бир замонлар “Жамила” баҳонасида ўзини ғийбат-маломатга кўмиб, ғайирлигини ошкор қилган  сўқирдил кимсалар олдида мунофиқлик қилмайди. Чўчимайди... Қалби ланг очиқ инсон, ёзганлари амалига мувофиқ ижодкоргина шундай қилиши мумкин. Асл инсонлик шу – борича кўриниш.

Айтматов Танабой (“Алвидо, Гулсари!”) ва Эдигейнинг (“Асрни қаритган кун”) кечиккан муҳаббатида ҳам ўзининг ўша тузалмас  изтиробларини муҳрлаган бўлса не ажаб? Шундайдирки, Гулсарининг соҳиби Танабойни мафтун этган аёлнинг исми Бибисорага уйқаш – Бибижон. Шундайдирки, Эдигей кўнгил қўйган аёлнинг ўғли Бибисоранинг фарзанди Эрмак билан адаш... 

Қизиқ, Айтматов аввал-бошлаб “Жамила”да гўё ўз қисматини башорат қилгандек. Негаким, адибнинг Бибисорага бўлган муҳаббати ҳам кечикиб келган каби эди... боахлоқ одамлар наздида хато каби эди. Негаким, ўзи ҳам Дониёр ва Жамила каби соф инсоний туйғулари учун ғаюрлар маломатига нишон бўлади. Фақат... Айтматов ва Бибисора ҳам ўша қаҳрамонлар каби нега  тақдир ришталарини қонунан боғламадилар? Бу, албатта, кўпчиликни қизиқтиради. Ҳатто суйган кишиси билан турмуш қуриш оппа-осон туюлган бизнинг ХХI асрда ҳам ҳаммага муяссар бўлаётган иш эмас бу. Туйғулару   вазиятларга боғлиқ бўлган ҳолларда-ку, тушунарли; лекин Жамиланинг овулида бўлгани каби оила қуришда аёлнинг ҳақ-ҳуқуқи бир пулга олинмайдиган жамоатлар, қавмлар ҳали-ҳануз мавжуд. Ўзини энг буюк ахлоқий ғоялар  ҳимоячиси деб эълон қилган шўро муҳитида эса аҳвол янада мураккаб, шахсий туйғуларга эрк бериш – Айтматов мавқеидаги одам учун ўзига кафан бичиш демак эди. Ўзимизнинг Абдулла Ориф шўро йилларида  “Биринчи муҳаббатим” шеъри учун қандай маломатларга нишон бўлганини эслайлик...

Айтматов мавқейи ва ҳаёти таҳлика остида қолишини билатуриб, ҳамма ҳисоб-китобларни бир ёққа отганча, Бибисоранинг қўлини сўрайди. Аммо аёл ҳар гал ё гапни бошқа ёққа бурар, ё шошмасликни маъқул кўрарди. Нега? Наҳотки, у барча аёллар каби бахтга талпинмаса? Айтматов орадан йиллар ўтиб қозоқ шоири Мухтор Шохонов билан суҳбатда бир дунё ҳасрат ва надомат билан дейдики: “Кейинроқ англадим, Бибисора партиявий “ўртоқларим” ва сафдош адибларнинг ҳужумидан мени асраш учун ўзини қурбон қилган экан”. Ҳа, худди шундай: ҳар бир киши ҳаёт драмаларига ўзича ечим излайди. Гоҳо ўзи учун энг баланд қадриятларни-да онгли равишда қурбонликка келтиради. Гоҳо адашади. Заминий ҳаётнинг азалий йўриғи шу.

Ҳа, Айтматовнинг Ердаги самовий муҳаббати то охиригача “Минг бир кеча” эртакларига ўхшамади. “Жамила”даги исёнкорона руҳ ҳаёт ҳақиқати олдида ювош тортди. Тақдирнинг ҳазиллари кўпинча аччиқ бўлади. Балки муқояса тўла мувофиқ келмас: лекин Бибисора Татьянани такрорлади. Буюк адибни илк бора,  эҳтимол, ўша машҳур қиссанинг шов-шуви орқали таниган аёл Айтматовнинг Жамиласи бўлолмади. Татьяна каби у ҳам туғма инсопарварлик амри билан “...ўзгани ҳалок айлагувчи бахтнинг менга кераги йўқ!” (Достоевский. Пушкин ҳақида нутқ. 1880 йил 8 июнь),  дея олди. “Жамила”дан кейин Айтматов асарларида бахтли муҳаббат мотиви деярли учрамайди.

Ёзувчи ўз асарларида туйғулари тоза, бир-биридан гўзал аёлларнинг хилма-хил образларини яратди. Ҳаётда олийжаноб фазилатларни ўзида мужассам этганларини ҳам кўп учратди, улар билан елкама-елка фаолият юритди. Тарих ва адабиёт саҳифаларида ҳам аёл деса дегудай аёллар қанча-қанча! Аммо адиб  бир куни “У вас есть идеал женщины?” деган саволга “Джамиля!” деб жавоб беради. Бу жавобда Айтматовнинг буюк армони, изтироби муҳрланганини сезиш қийин эмас. Уни адибнинг бутун ҳаёт йўлини мушфиқ инсоний қалб ила, яхлит ҳолда хотирадан кечирибгина ҳис этмоқ мумкин.

Айтматовнинг қисмати ҳам, муҳаббати ҳам буюк Шекспир фожиаларидаги каби бетакрор ва ёрқин, тозартирувчидир. У йигирманчи минг йилликда улкан империя ҳудудида яшаган биз туркий халқлар ҳаётини, айнан бизга ўхшаган оддий одамлар турмушини бадиий тарихга айлантирди. Биз туркийларни оламга ҳушёр кўз билан боққан, эзгуликни ардоқлаб, зулмнинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлган олийжаноб бир халқ сифатида жаҳонга танитди. Бунинг учун, эҳтимол, биз ҳам; ажойиб асарлар учун дунё китобхонлари ҳам адибнинг музаси бўлмиш Бибисора Бейшеналиевадан миннатдор бўлишимиз керакдир?

Яна бир гап. Айтматов машинкада 146, қўлёзмада яна 78 саҳифадан иборат “Сибизға ва Ер” (“Флейта и земля”) номли асар ҳам ёзган. Академик Абдулжон Акматалиев унинг “Алвидо, Гулсари!” билан “Оқ кема” оралиғидаги вақтда яратилганини тахмин қилади. 2013 йилда ўғли Асқарнинг уйидан топилган асар қарийб тугалланган, аммо тўла якунланиб, нашр этилмаган. Ёзувчи уни яратганидан сўнг қарийб қирқ йил яшаган, лекин шу йиллар мобайнида ўз ижоди ҳақида гапирганда ҳам ҳатто бирор марта “Сибизға ва Ер”ни тилга олмайди. Нега?

А.Акматалиев “Сибизға ва Ер” қаҳрамони Чўлпоннинг прототипи ўша машҳур Бейшеналиева бўлганидан келиб чиқиб тахмин қиладики, оғир хасталик туфайли аёл чеккан азоб-уқубат, унинг бемаҳал ўлими Айтматовни чуқур қайғуга  солган, юрагида тузалмас яра очган. Адиб асарни охирига етказиш, эълон қилиш тугул, номини тилга олишга ҳам ўзида руҳий куч топа олмаган. Балки, шундайдир.

Хаёлга келадики... ва ёхуд ҳамиша мард ва иродали, ҳамиша ҳақиқатнинг юзига тик қараб келган адиб шу асар сабаб тошбағир кимсалар яна кўнгил мулкини талон-тарож этишини, севимли Бибисоранинг руҳини безовта қилиб, унинг ёруғ хотирасига доғ солишларини истамагандир, балки? Адиб ҳаётида юлдуздек чақнаган,  лекин ўзининг осойиш бахтини қурбон қилган аёл ҳаққи-ҳурмати учун юрак қони билан ёзган асарини ўзича йўқликка ҳукм қилган,  шу билан эзилган руҳига тасалли бергандир? Эҳтимол...

 

Қўйвор набирангни, отажоним Шарқ!

 

Юқоридагилар “Жамила”га оид ҳақиқатларнинг ҳаммаси эмас. Санъат асари ҳамиша биз ўйлагандан кўра чуқур, бизнинг билимларимизу идрокимиз тўла қамраб ололмайдиган даражада ранг-баранг, баъзан зиддиятли кўринган мазмунлар мажмуидир.

Аслида Жамила шунчаки кўнгил измидан кетди дейиш тўғри эмас. У инсонни инсон ўрнида кўрмайдиган урф-одатлар қолипига бошқалар каби тушиб қўяқолмади. Одамни буюмга тенг қилган, аммо минг йилларча истисносиз қабул қилинган эски тартибга қачондир дарз кетиши керак эди. Муқаррар содир бўлажак бу инқилобни амалга ошириш дашт жайронларидай озод ўсган Жамиланинг зиммасига тушди.

Негадир шундай нуқтаи назар ҳам йўқ эмас: урф-одатларнинг ҳаммаси эзгу! Минг йиллардан бери яшаб келяптими, демак, унда халқ руҳи бор, хосият бор. Уларни асраш, авлоддан-авлодга ўтказиш керак... Тўғримикан? Биз мустабидларча ҳукм суриб келаётган урф-одатларнинг қай бири эзгуликдан, қай бири жаҳолатдан ибтидо олганини биламизми? Қачондир эзгулик йўлида пайдо бўлган, хизмат қилган тартибларнинг-да фурсати етиб тараққиётга тўсиқ бўлишидай қонуният ҳам бор-ку. Ҳатто илоҳий китобларда ҳам, ақидавий тушунчалардан ташқари, бандасининг яшаш қоидаларига оид нималардир ўзгариб-ўзгариб келгани-чи?

Энг олий қадрият бўлмиш инсон ҳаётига дахл қиладиган урф-одатлардан воз кечиш кераклиги Айтматовнинг ёки бугуннинг гапи эмас. Дейлик, Абдулла Қодирий 1916 йилдаёқ “Улоқда” ҳикоясида одамнинг беажал ўлимига сабаб бўладиган ибтидоий эҳтиросдан воз кечишга оид фикрни ўртага қўйган. Кўпкарини мардлик, жасорат синови дейдиганлар бу хулосага асло қўшилмайдилар, биламан. Лекин узоқ яшаб келган ҳар нени ҳаётга мувофиқ деб, уни асраб қолишга уриниш миллатпарварлик дейиш тўғримикан? Қодирий гуманизмини рад қилиш учун кучлироқ аргументни унга қарши қўйиш керакдир, балки. Ваҳоланки, шу кунларда ҳам не-не урф-одатларимиз дунёга уйғунлашув, тараққиёт йўлида тўсиқ бўлиб тургани бор гап. Узоққа бормай, тўй-ҳашамларимиз билан боғлиқ ўнлаб, юзлаб майда-чуйдаларни эслаш кифоя. Ёки: қариндошлараро оила қуришдек олис уруғчилик тузумидан қолган одатнинг зарарли эканлиги аллақачонлардан маълум бўлса-да, ўзимизда бу одат ҳам буткул барҳам топган эмас.

“Деҳқон бўлсанг – жаллод бўл”, яъни дарахт ҳосилдан қолмаслиги учун уни аямай буташ керак дейди халқ. Инсонлик жамиятининг қоидаси ҳам шу – унинг давомияти эскирган, кераксиз нарса-ҳодисалардан ўз вақтида кеча олишга боғлиқ. Ҳатто инсон жисмида ҳам вазифасини ўтаб бўлган ҳужайралар ўлади ва организм уни турли йўллар билан чиқариб ташлайди. Бу гаплар санъат асарини анчайин жўнлаштириб қўйгандек тасаввур уйғотиши ҳам мумкин. Начора, мутафаккир ижодкорнинг ёзганлари ҳамиша ҳаётнинг оддийдан-оддий каби туюлган, аммо жон жойларига дохил бўлиб қолаверади. Санъаткор эса  ҳаётбахш “жаллод”нинг ўзидир.

Абдулла Орипов  бундан ярим асрча илгари шундай нидо қилган эди: “Қўйвор набирангни, отажоним Шарқ!”. Тасаввур қилинг: бобо ва набира кетиб боришяпти. Боланинг жони ичига сиғмайди, осмонларга учгудек, шахд билан юлқинади, ўзини ҳар ёққа ташлайди. Лекин бобо унинг қўлларидан маҳкам тутган, қўйвормайди. Бу ҳолда парадокс бор. Шу тазодий ҳақиқатдан оғриқ туйган  шоир ёлворади:  “Қўйвор набирангни, отажоним Шарқ!” Дунёни англаш, яратиш завқидан қанот боғлаган ёшликнинг ҳайқириғи, қўлларини боғлаб турган “меҳрибон”ига илтижоси бу. Ибтидодаёқ фитратига янгиланиш, камолот эҳтиёжи муҳрланган Инсониятнинг илтижоси бу: “Қўйвор набирангни, сен етмаган уфқларга етсин у, отажоним Шарқ!..”

Бу мулоҳазалар Жамилани мардуд билгувчи ахлоқпарастларга паришон хаёллар бўлиб туюлса ҳам мумкин. Майли-да. Аммо... Қиссада яна бир ғалати урф-одат қайд этилган. Оилали эркак вафот этгач, болалари етим қолмасин деган мақсадда унинг хотинини қайиноға-инисига никоҳлаб қўйишар экан. Содиқ билан ҳикоячи Сейитнинг ака-укалиги ҳам шундай. Бу ҳақда эса нима дейишниям билмайди одам...

 

“Тарона” эмас, “Жамила”

 

Асар матнига янада чуқурроқ кирсак...

Илк вариантда “Тарона” (қирғизча “Обон”, русча “Мелодия”) деб номланган қисса дастлаб “Новый мир” журналида (1958, № 8. Стр. 3 – 31) чоп этилади. Обон – қирғизча сўз, миллий таронани англатади. “Халқ ижрочилари кўпинча анъанавий тарона учун ўзлари матн танлашган: шунда айни бир “обон” ижрочининг ижодий ёндашувига (ижро услуби ва ижодий мақсад) боғлиқ ҳолда хилма-хил ҳиссий бўёқдорлик касб этган. Халқ ижрочиси тез-тез акцентни (мусиқада ритмик урғу) ўзгартириб туради, матндаги ҳижоларни чўзиши ёки қисқартириши, кўпайтириши ёки камайтириши мумкин, кириш ва ундов сўзлар қўшади, маромни ўзгартиради ва ҳ.к. Ижрочи услубининг бу хил импровизацияси пировардида асарнинг негизини ўзига хос жилвалантирган” (Ч.Уметалиева-Баялиева.  Этногенез кыргызов музыковедческий аспект. Бишкек, 2008. Стр.171).

Александр Твардовский ўша тарихий муҳитда Жамила ва Дониёр муҳаббатининг қандай баҳоланишини олдиндан билмаслиги мумкин эмасди. Аммо у қўлёзмани қайтармайди. Ёш Айтматов машҳури замон Твардовский билан биринчи марта учрашади. “Айнан ўшанда Александр Трифонович менга асар номини “Тарона”дан бош қаҳрамон исмига ўзгартиришни таклиф қилди; менимча, афзаллик нимада эканини ҳам изоҳлаганди, – деб эслайди кейинчалик адиб. – Аммо у изоҳ ҳозир эсимда йўқ. Мен мэтрнинг (устод) бу таклифини жону дилим билан қабул қилгандим”.

Демак, “Тарона” эмас, “Жамила”.

Бир қарашда, у бўлди нима-ю, бу бўлди нима – аҳамиятсиздек. Аксинча, айнан “Тарона” деган номда қиссанинг лирик-романтик руҳи бўртиб, икки ошиқ қалбда туйқус чақнаган юлдузли лаҳза аниқ тайин этилгандек эди. Аксинча, икки бош қаҳрамондан айнан Жамилага устунлик бериш зоҳирбинлар ахлоқсизлик сифатида баҳолаяжак хатти-ҳаракатни маъқуллашдек бўлиб қоларди. Бу ўзини ор-номусли санайдиган кимсалару шўро адабиёти қоровули даъвосидаги “...шунос”ларга янада кўпроқ дастак бериши ҳам тайин эди. Айтматов ҳамиша эҳтиром билан ёдга олган шоир, жасоратли муҳаррир – ўша Твардовский, наҳотки, буларни эътиборга олмади? Наҳотки, у муқаррар таъна-маломатлар балосини бир зумга унутди? Аслида “Тарона” деган ном “Жамила”дан кўра “беозорроқ”, хавфсизроқ эмасмиди? Твардовскийнинг тарихий изоҳи Айтматов хотирасидан чиндан ўчиб кетганмикан? – озгина фикрлайдиган одам ана шулар ҳақда ўйлайди. Асл моҳиятга етмоқчи бўлганлар эса турли талқинлардан чўчимай чуқурроқ тафаккур қиладилар. Ва хаёл кўзгусида эринчоқ ёз кунларининг бирида Москванинг Кичик Дмитровкасидаги 1/7-уй деразасидан ботаётган қуёшга термулиб, сокин овозда сўзлашаётган икки адибни шоён кўрадилар. Икки тақдирдош, бири эътироф этилган, бири бўлажак – икки барҳаёт классик ўшанда нима ҳақда гаплашишган?

Ҳар бир санъат асарида, истисносиз, ижодкорнинг шахсий кечмишларига боғлиқ бошланғич бўлади. “Жамила”да ҳам бир қарашда жозибадор севги қиссаси қаламга олингандек бўлса-да, унга Айтматов қисмати кўзгусидан қарасак, бўлак манзара қалқиб чиқади. Ёзувчи кейинчалик партмажлисда коммунистик оила душмани сифатида пўстагини роса қоққанларини эслаб, “асар устида ишлаган пайтимда бу хил оқибатлар умуман хаёлимга ҳам келган эмас”, дейди. Бу – жуда муҳим қайд; у мазкур қисса қандайдир муҳаббат тарихидан кўра юксакроқ, чуқурроқ дарддан ибтидо олганини зимдан тасдиқлайди. У ёзувчини бошқа бир ғоя қаттиқ банд қилганлигига далолат.

Демоқчимизки, 30-йиллардаги сиёсий қатағон Айтматовнинг ҳам ёшлигини заққумга айлантирган, оиласини сарсон қилган. Ана шу зулму ҳақсизлик дарди адиб қалбининг туб-тубларида бош кўтаролмай ётган. Эҳтимол, у аламини  ичига қамашга мажбур бўлган. Одамнинг қўл-оёғини боғлаб, қулга айлантирадиган мустабид тутумларга қарши исён фурсати етиб Жамила тимсолида юзага чиққан. У қаттол тутумлар қисса матнининг ички қаватларида – шўронинг мудом қонга ташна темир қонунларидан элас-элас дарак берарак, юза сатҳида – ўз умрини ўтаб бўлган патриархал урф-одатлар шаклида воқеланган. Бу пинҳоний Эрк одасини Твардовскийдек Сўз донишманди сезмаслиги мумкин эмас эди. Ўша – “Иван Денисовичнинг бир куни” (А.Солженицин) асарини “Новый мир”да босишдан қайтарганларга “Уни чоп қила олмасам, бу журнални бошимга ураманми?” дея жавоб қайтарган  ҳамиша ҳақпараст Твардовский. Зеро, машъум 30-йилларда унинг ҳам бутун оиласи қулоқ қилинган, шўрога умид билан қараган бўлғуси адибнинг кўргуликлари янада мудҳиш эди. Қиссада у ҳам, эҳтимол, ўз хотирасида ҳамон қон силқиб ётган жароҳатларни кўрган. У Айтматов қаламини ҳаракатга келтирган ички импульсни бехато илғади, ўша моҳиятни асар сарлавҳасига кўчирди. Муаллиф ҳам буни тушунди. “Ўша биринчи учрашганимизда, - деб давом этади ўз хотираларида Айтматов, - А.Твардовский менга партиявий адабиёт  мулозимларининг турғун-мустабид талабларини айланиб ўтиш учун қандай ёзиш кераклигини  эринмай, содда қилиб тушунтирди”. Бу қайд юқоридаги талқинга қувват беради. Эҳтимол, улар иккиси ҳам ҳамма ришталарни шартта узиб, руҳиятида тузалмас жароҳат очган жойлардан бош олганча Жамила каби узоқ-узоқларга кетмоқ истагида ёнганлар. Кетмоқ, унутмоқ, эски қайғуларнинг озодаси бўлмоқни тилаганлар. Ўша тилак фурсат етиши билан “Жамила” деган номда ўзидан дарак берган: бир таклиф қилган, иккинчиси қабул қилган..

Шўро ҳукумати Твардовскийни бутун оиласидан, Айтматовни отасидан разилларча жудо қилди. Уларнинг ҳақ-ҳақиқат ва эзгуликка оид тасаввурига абадул-абад дарз солди. Кейин эса ҳар иккаласини юксак мартабаларга кўтарди, энг олий мукофотлар билан сийлади. Аммо тадқиқотчилардан бири Айтматов мисолида айтганидек, уларнинг “ботинида ўта ҳиссиётчан, қалби мажруҳ гўдак бир умрга яшаб қолди”.

Қиссанинг рус тилидаги аслиятида ўзбекча таржимада тушиб қолган “запоздалая любовь” деган жумла бор. Урушдан қайтган Карим Жамилага эридан мактуб топширади. Ёзувчи хатда нима ёзилганини айтмайди. Лекин шу куни оқшом Дониёр олдидаги иқрорномасида Жамила шундай дейди: “Нима дейишса дейишар, у (Содиқ) ўзининг кечиккан севгиси билан менга ҳеч ҳам керак эмас!” Ишорадан маълум бўладики, уйга ёзган хатларида хотинини ҳаммадан кейин биттагина жумлада эслаб ўтган Содиқ бу мактубда севгисига иқрор бўлган. Афсус, кеч, кеч...

Лекин ҳозир гап бу ҳақда эмас. “Кечиккан севги” деган жумла қизиқтирди бизни. Структур таҳлилнинг сўз-код усулидан келиб чиқиб ёндашсак, бу жумла муҳим аҳамият касб этади. Унда аввалига жону жаҳонини вайрон қилган шўро ҳукуматининг кейинчалик берган жамийки имтиёзлари, мукофотларига Айтматовнинг муносабати ҳам акс этган дейиш мумкин бўлади. “Синдирарлар, сўнг ўзлари ямагайлар” деганларидек, шўро сиёсатининг ақл бовар қилмас яна қанча ўйинлари бўлган. Начора, одамзод ўзи қурган мана шу йўллардан юриб келаётир...

Хуллас, ёдини бир умр таъқиб этган “халқ душманининг боласи” деган тамға бу икки адибни Жамилага оид туб ҳақиқат махражида топиштирган, бирлаштирган бўлса ажаб эмас. Бу – яшаб қолишининг шарти инсонни эркидан жудо қилиш бўлган тузилмаларга қарши исён ҳақиқатидир. Бу – истибдодни парчалаб ташлашга қаратилган даъватлар ҳақиқатидир. Бу – инсонни яшаш завқидан маҳрум қиладиган хурофот ва ақидаларга ҳеч бўлмаса қалбан қарши турмоқ ҳақиқатидир. Ўша тарихий учрашувда, улар, эҳтимол, ана шулар ҳақида сўзлар ё кўзлар воситасида дардлашган бўлсалар, не ажаб...

 

***

Жамила – арабча “гўзал, зебо” демак. Қисса ҳам, Жамила ҳам Айтматовнинг гўзалидир. Ички ва ташқи олами исми қадар мафтункор, маҳзун ва олийжаноб қалбидан бошқа бисоти бўлмаган, ўз йўлини ўзи  танлаган Жамила – Айтматовнинг мўъжизасидир. Фаранг адибининг таърифи ҳам бежиз эмас. Эътироз, раддия, қўйинг-ки, нафрат ва алҳазар билан тўлиб-тошган китобхон ҳам қисса руҳининг кўтаринкилигини ҳис этмай, қиссадан кейин ниҳоятда самовий туйғуларга кўмилмай иложи йўқ.

...Ҳа, биз “гуллаётган тош”ни (Ш.Раҳмон) кўрмаслик учун кўзларимизни юмиб оламиз. Ичда тан олганимизни одамларнинг кўзича рад қиламиз. Қўрғошин қолипларни бузганларни рад этамиз. Аммо  ўхшаш кучларнинг бир-биридан итарилиши қонунидан келиб чиқсак,  Жамиладаги эркинлик ва муҳаббат талаби ҳар биримизда истисносиз мавжуд бўлиб чиқади; унинг бизни пинҳон ё ошкор ҳаяжонга солиши ҳам шундан.

Буюк мунаққид Виссарион Белинский Пушкиннинг Татьянасини қоятошлар орасида ўсган мафтункор гулга ўхшатган. Бинобарин, Айтматовнинг Жамиласи ҳам   тасаввуримизда чўққиларнинг қир учида – “қуёшнинг беланчагида” (Ойбек) очилган нафис бир чечак каби юксалади. Осмонларга рўбарў, озод, қўрқмас, ягона...

Ҳам ҳайратга солади, ҳам пинҳоний ҳавас уйғотади.

Илоҳий ҳақиқатларга итоаткор бу исёнчига қайрилмасдан ўтиб кетишнинг ҳам, унга ета олишнинг ҳам имкони йўқдек...

 

Нодира ОФОҚ

"Тафаккур" журнали, 2019 йил 2-сон

 

 

 

 

 

 

 

  

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 10337
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//