Аёлларсиз бир кунингизни тасаввур қила оласизми?
Бундан 50 йил муқаддам – 1975 йил, 24 октябрь куни Исландиянинг 90 фоиз аёли овқат тайёрлаш, ишлаш, ҳатто, фарзанд тарбиясини бир кунга унутиб, ишдаги гендер дискриминация ва меҳнатга нотенг ҳақ тўлаш бўйича норозилик билдириш учун кўчаларга чиқади. Ана шу воқеа бугун мамлакатнинг гендер тенглик лидерига айланишига катта туртки бўлган. БМТ маълумотига кўра, Исландияда гендер тенглик 91 фоизга етган – мамлакат бу борада дунёда биринчи ўринни эгаллайди. Исландия аёллари бу натижага қандай эришди ва нега бу борада кураш ҳамон тугамаган?
Фото: The Women's History Archives
Аёллар учун дам олиш куни ёки эркаклар учун “узоқ жума”
Исландиялик аёллар 1975 йиллардаёқ дунёда биринчилардан бўлиб овоз бериш ҳуқуқини (40 дан юқори ёшдагиларгагина рухсат берилган) қўлга киритган. Шунга қарамай, 1970 йилларда ҳам мамлакат хотин-қизларидан асосан намунали уй бекаси ва она бўлиш талаб қилинган.
Аёллар мурожаатларида “Бизга нима учун дам олиш куни керак?” дея савдо соҳасидаги аёлларнинг ўртача ойлик даромади эркаклар даромадининг 75 фоизини ташкил қилиши, ойлик тушум фарқи эса эркакларникидан деярли 30 000 кронга (деярли 200 доллар) паст эканини ёзади. Улар ишга олиш суҳбатида ходимнинг жинси унинг таълим даражаси ва кўникмаларидан муҳимроқлиги, уй бекаси бўлиш эса умуман иш деб ҳисобланмаслигини қайд этган. Аёлларнинг “кўринмас” ва етарлича баҳоланмаган меҳнатига диққат қаратиш, унинг аҳамиятини кўрсатиш мақсадида аёлларга алоҳида дам олиш куни белгилаш талаб қилинган. Манифест 47 минг нусхада босиб чиқарилиб, ОАВ орқали Исландия бўйлаб тарқатилади.
1975 йил 24 октябрь куни эса исланд аёллари ўзи учун шундай дам олиш кунини ташкиллаштиради. Акцияни Рейкьявикнинг ўзида 30 минг нафар аёл қўллаб-қувватлайди. Бу 220 минг нафар аҳолига эга кичик орол давлати учун жуда катта кўрсатгич. Ўша куни Исландия бўйлаб барча мактаб ва боғчалар ёпилади, телефон алоқалари эса бутунлай узилади, чунки алоқачи сифатида ҳам асосан аёллар фаолият юритарди. Газета чиқариш учун босма машинкаларда матн териш вазифаси ҳам эгасиз қолганди. Банк кассаларида бўлса, аёллар ўрнига уларнинг эркак бошлиқлари ишлашга мажбур бўлган. Оталар фарзандларини ўзлари билан ишга олиб кетишига тўғри келган, улар куни бўйи болаларга қараш ва тушлик тайёрлаш билан банд эди.
Фото: The Women's History Archives
Бу “машъум” кунни исландиялик эркаклар “узоқ жума” деб номлайди.
Аёлларни қўллаган бўлажак президент
Навбатдаги норозилик эса БМТ томонидан 1975 йил – аёллар йили деб эълон қилган йилга тўғри келади.
Тарихчилар таъкидлашича, мамлакат у қадар катта бўлмагани учун акция муваффақият қозонган. Тадқиқотчилар шунингдек, протестга тайёргарлик даражасини ҳам юқори баҳолаган. Кўплаб иш берувчи эркаклар ишга келмаган аёлларга жарима ёки ишдан бўшатиш чорасини қўлламаган.
Исландиянинг бўлажак президенти Вигдис Финбогадоттир (ушбу лавозимни 1980-1996 йиллар эгаллаган) ўша вақтда Рейкьявикдаги Миллий театрнинг бадиий раҳбари бўлиб ишлайди. У митинг куни репетицияларни тўхтатиб, онаси ва 3 ёшар қизи билан норози аёллар сафига қўшилади.
Фото: visir.is
Машҳур намойишдан 5 йил ўтиб, Вигдис Финнбогадоттир халқ томонидан сайланган дунёдаги илк аёл президентга айланди. У кўкрак саратони билан курашувчи ёлғиз аёл бўлган, шунга қарамай, ушбу лавозимга 4 муддат сайланган – президентлик фаолияти 1996 йил вафот этгач, якунига етган.
Исландияга бугунги кунда ҳам аёл президент раҳбарлик қилади – Халле Томасдоттир 2024 йил 1 июнда сайланган.
Меҳнатга тенг ҳақ тўлаш ва исталган касбни танлаш имконияти
“Аёллар дам олиш куни”га ўхшаш намойишлар Исландияда бир неча маротаба – 1985, 2005, 2010, 2016, 2018 ва 2023 йилларда такрорланган. Масалан, 2010 йилнинг 25 октябрида исланд аёллари соат роппа-роса 14:25 бўлганида ишдан кетишга келишиб олади. Ўшанда аёлларнинг ўртача иш ҳақи эркаклар даромадининг 65 фоизини ташкил этарди. Акция иштирокчилари бунга жавобан иш кунининг 65 фоизида ишлашни мантиқан тўғри бўлади деб билган. Акция доирасида улар шунингдек, овқат тайёрлаш, болаларга қараш ёки уй тозалаш ишларидан ҳам бош тортган. 2016 йилда эса аёллар соат 14:38 да ишлашдан тўхтайди – ўшанда меҳнатга ҳақ тўлашда гендер нотенглик 2010 йилдагига нисбатан 16 фоизгача қисқарган эди.
2018 йил январида мамлакатда 25 тадан ортиқ ишчиси бўлган хусусий ва давлат компаниялари аёл ва эркакларга тенг миқдорда ҳақ тўлашини талаб қилувчи, акс ҳолда, иш берувчига нисбатан жарима қўллашни назарда тутувчи қонун кучга киради. Бироқ Исландия статистика хизматига кўра, маошдаги фарқлар сақланиб қолган: 2023 йилда аёллар эркакларга нисбатан ўртача 9 фоиз кам маош олган.
2023 йил 24 октябрь куни Рейкьявикда маош оширишни талаб қилувчи аёллар намойиши бўлиб ўтади. The Guardian қайд этишича, ушбу намойиш иштирокчилари орасида 48 йил аввалги – 1975 йилги акция қатнашчилари ҳам бўлган.
Сўнги намойишда аёллар шунингдек, жинсий зўравонлик масаласига ҳам диққатни қаратади. Умуммиллий тадқиқотга кўра, зўравонликнинг бу турига умри давомида 40% исландиялик аёл дуч келади.
Исландиялик қизлар жамиятга ўз талабларини фақат доимий кўча намойишларидагина эмас, санъат орқали ҳам илгари суради. Масалан, 2013 йил мамлакатда “Рейкьявикурдотур”, “Рейкьявик қизлари” номли биринчи аёллар хип-хоп гуруҳи пайдо бўлди. Унинг таркибига 16 нафар қиз кирган. Қайд этилишича, иштирокчилар унга қадар аёллар учун мўлжалланмаган мусиқа майдонида қисқа муддатда ўз ўрнига эга бўлиб, эркаклар аудиториясини ҳам забт этган.
Деярли тенглик
Жаҳон иқтисодий форуми 10 йилдан кўпроқ вақт давомида дунёдаги энг юқори гендер тенгликка эга мамлакат сифатида Исландияни эътироф этади. Мамлакатда соғлиқни сақлаш ва таълимдан фойдаланиш бўйича жинсий бўшлиқлар тўлиқ йўқ қилинган. Оталар ҳам, оналар ҳам фарзанд тарбияси учун тенг – олти ойлик таътил олиш ҳуқуқига эга. Бу даврда ота-оналарга ойлик маошининг 80 фоизи миқдорида даромад тўланади. Бу усул кўпчилик оналарни таътилдан кейин яна ишга чиқишга ундайди.
Исландия шунингдек, маҳаллий ҳокимиятда аёлларнинг иштироки бўйича 51,3 фоиз билан дунёда биринчи ўринни эгаллайди. Мамлакатнинг Вазирлар маҳкамасида аёл ва эркак ходимлар сони тенг, парламентда эса 47,6 фоиз аёллар фаолият юритади.
Мамлакат ижобий ўзгаришларга тизимли ва кенг қамровли курашлар, шунингдек, аёлларнинг ўз ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги қатъияти ортидан эришган.
Тарих
Тарих
Санъат
Жараён
Адабиёт
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ