Қўштепа канали – Марказий Осиё беқарорлигининг янги сабабчиси


Сақлаш
18:01 / 07.02.2025 64 0

Ўзбекистонда яқин беш йилдан сўнг сув танқислиги бошланиши мумкин. Қандай қилиб дейсизми? Бунинг бир қанча сабаблари бор. Масалан, биринчи, қишлоқ хўжалигига кўп сув сарф қилиб юбориш ёки сувни тежаб ишлатмаслик; иккинчи тарафдан, Ўзбекистон ҳудудидан оқиб ўтувчи трансчегаравий сув манбаларида сувнинг қисқариши.

 

Олимларнинг ҳисоб-китобига кўра кейинги беш йилда, тўғрироғи 2030 йилга келиб республикада сув етишмовчилиги 7 млрд куб метрга етиб, Ўзбекистон сув тақчиллигига учраган дунёнинг 33 давлатидан бирига айланади. Бунга асосий сабаблардан бири Афғонистон ҳукумати томонидан қурилаётган Қўштепа каналидир. Канал келажакда Марказий Осиё учун нафақат экологик, балки иқтисодий ҳалокатларни ҳам олиб келиши мумкин. Ўзбекистон расмийлари Қўштепа канали қуриб битказилса, Афғонистон Амударё умумий сув ҳажмининг учдан бир қисмини ўзлаштириши мумкинлигидан хавотир билдирмоқда. Минтақада аллақачон мавжуд бўлган сув танқислиги шароитида бу жуда оғир оқибатларга олиб келиши мумкин. Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2023 йил 15 сентябрь куни Душанбеда ўтган Халқаро Оролни қутқариш жамғармаси (ХОҚЖ) саммитида бу борада қуйидагича фикр билдирган эди: “Бизнинг минтақамизда сув ресурсларидан фойдаланиш жараёнига янги иштирокчи қўшилди. Аммо у бизнинг давлатларимиз олдида ҳеч қандай мажбуриятни зиммасига олмаган”.

 

Ўзбекистон ҳукуматининг фикрича, Амударё сувларидан фойдаланиш бўйича ҳар қандай янги лойиҳа бутун Марказий Осиёнинг сув баланси ва режимига жиддий таъсир кўрсатиши мумкин. Афғонистон ҳукумати эса Қўштепа канали ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини таъкидламоқда. Кобул маъмуриятига кўра, мамлакат Амударё ҳавзасидан унча кўп сув олмайди, шу боис бу лойиҳа минтақавий сув тақсимотига катта таъсир кўрсатмайди. Ўзбекистон Президенти баёнотига жавобан, Афғонистон Муваққат сув ва энергетика вазири Абдул-Латиф Мансур қуйидагича фикр билдирган: “Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Амударё сувлари ва Қўштепа канали бўйича хавотирлари фақат биз халқаро шартномаларни бузганимиздагина ўринли бўлар эди. Аммо биз ҳеч қандай мажбуриятни зиммамизга олмаганмиз. Чунки шартнома йўқ. Шундай экан, ўзимиз тўғри деб билган ишни қиламиз”. Афғонистон шимолий ҳудудларида суғориш тизимини ривожлантириш 1970-йилларда Президент Муҳаммад Довуд даврида ҳам муҳокама қилинган эди.

 

СССР қулашидан олдин ҳам Афғонистон ва қўшни давлатлар, хусусан СССР ўртасида трансчегаравий сув ресурсларидан фойдаланишни тартибга солувчи бир нечта ҳужжатлар имзоланди. Шундай қилиб, Афғонистон СССР билан бир қатор келишувларга эга бўлиб, улар фақат сув соҳасидаги томонларнинг ўзаро муносабатлари доирасини белгилаб берди. 1946 йилда СССР ва Афғонистон Амударё бўйича битим имзолади. Кейин 1958 йилда собиқ СССР ва Афғонистон ўртасида  янги шартнома имзоланди. Шартнома “чегара сувлари ва давлат чегараси чизиғини кесиб ўтувчи асосий йўллардан фойдаланиш қоидалари” қисмини ўз ичига олган. 1958 йилги ҳужжат ва имзоланган протоколда Амударё ва унинг қуйи оқимларини биргаликда бошқариш тўғрисидаги қоидалар мавжуд эди. Бироқ ушбу ҳужжатларда сувни ажратишнинг миқдорий параметрларини аниқлайдиган қоидалар мавжуд эмас эди. Шундай қилиб, 1946 йилда, кейин 1958 йилда, сўнгра 1978 йилда СССР ва Афғонистон ўртасида ҳамкорлик чегаралари ва умумий тамойиллари тўғрисидагина битимлар имзоланди.

 

2018 йилда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (УСАИД) ушбу канал бўйича техник-иқтисодий асосларни ўрганиш жараёнини бошлаган, бироқ АҚШ ва НАТО кучлари Афғонистондан чиқиб кетганидан сўнг бу тадқиқот тўхтатилган эди. Шундан сўнг, 2022 йилда Толибон ҳукуматининг лойиҳани амалга оширишга киришгани кузатилди. Ушбу каналга сув Тожикистон чегарасидаги Мозори-Шариф шаҳридан тахминан 90 км шимоли-ғарбда Амударё дарёсидан ажратилади. Канал Жанубий йўналишда тахминан 10 км давом этиб, сўнгра Мозори-Шарифдан шимолга – ғарбга қараб давом этади. Кейин канал Жузжон вилоятидан ўтиб, Туркманистон чегараси яқинидаги Фарёб вилоятида тугайди.

 

Қўштепа канали

 

 

Каналнинг қирғоқлари пулни тежаш мақсадида бетонлаштирилмаслиги эълон қилинган. Сув босимининг кўпайиб кетиши ёки шиддатли оқиши оқибатида (тупроқ етарли даражада зичлаштирилмаган) сувнинг тошиб кетиши ва ҳаттоки ҳалокатли тошқинлар келтириши эҳтимоли катта. Канал икки босқичда қурилиши режалаштирилган бўлиб, ҳеч қандай ташқи ёрдамсиз бунёд бўлмоқда. Қурилиш ишлари 2022 йил март ойида бошланиб жуда тез фурсатларда қуриляпти. Бу Афғонистон ҳукуматининг ишларни жуда шошиилинч равишда ташкил этгани билан боғлиқ. Германияда яшовчи афғон муҳандиси Нажибулла Садид 2023 йил февраль ойида Толибоннинг мураккаб муҳандислик ишлари, хусусан, сув ўтказгичлари ва кўприклар қурилишини бошқариш қобилиятига шубҳа билан қараб, каналнинг тупроқ билан қопланганидан хавотирдалигини билдирган. Унинг фикрича, минтақанинг қуруқ, қумли тупроғида сувнинг катта қисми йўқолиб кетиши эҳтимоли юқори. Шуни унутмаслик керакки, канални қазиш уни қуришнинг энг осон қисмидир. Энг муҳим масала сувни каналда сақлаб қолиш ва бекорга сарф бўлишининг олдини олишдир. Агар ишлар шу тарзда давом этса, кўп сув тупроққа сингиб кетади, дейди мутахассис.

 

Каналнинг 108 км узунликдаги биринчи қисми 2023 йил 19 майида қуриб битказилди ва сув билан тўлдирилди. Умумий миқдорда каналнинг узунлиги 285 км (бошқа маълумотларга кўра, ҳатто 340 км (йўналишга қараб) бўлиши кутилмоқда.  Кенглиги 100 м, чуқурлиги 8,5 м. Лойиҳани амалга ошириш учун Афғонистон 684 миллион доллар маблағ ажратиши белгиланган. Канал қурилишидан асосий мақсад Балх, Жузжон ва Фаряб вилоятларида 3 миллион жериб ерларини (1 жериб 2 000 квадрат метр) суғориш ва 250 мингга яқин одамни иш билан таъминлашдир. Толибон 2028 йилга қадар лойиҳани тўлиқ тугатмоқчи, аммо ҳозирнинг ўзидаёқ кўплаб мутахассислар Қўштепанинг қурилишидан хавотирда.

 

Амударёнинг Афғонистондан оқиб ўтувчи қисми

 

 

Толибон ҳаракати манбаларининг Афғонистон оммавий ахборот воситаларига айтишича, ҳозирда 5500 га яқин одам ишни тезлаштириш учун бир вақтнинг ўзида 120 га яқин жойда ишламоқда. Қурилишга 3300 дан ортиқ техника сафарбар қилинган. Афғонистонни ривожлантириш миллий компанияси раҳбарлигида 200 га яқин маҳаллий компаниялар субпудратчилар сифатида ишлайди. Биринчи босқичнинг қиймати тахминан 91 миллион АҚШ долларига баҳоланган бўлиб, ҳозирда ишлар тугалланган. Кейинги икки босқичини эса Афғонистондаги конларни, хусусан Даресуф конини сотишдан тушган маблағлар ҳисобидан молиялаштириш режалаштирилган. Каналнинг ўтказиш қобилияти секундига 650 куб метрни ташкил этади, бу эса Балх, Жаузжан ва Фарёб вилоятларини сув билан таъминлаш имконини беради.

 

Ушбу канални қуриш кимга фойда келтириши ҳақида кўплаб саволлар туғилади. Афғонистон томони маълумотларига кўра, лойиҳанинг умумий қиймати 684 миллион долларни ташкил этади. Афғонистон расмийларининг таъкидлашича, канал қурилиши давлат маблағлари ҳисобидан амалга оширилади. Бироқ мамлакат қийин иқтисодий вазиятга тушиб қолганини, лойиҳанинг кўламини ҳисобга олганда давлат маблағлари билан қуриш эҳтимолдан йироқ кўринади. Канал лойиҳасини амалга оширишда минтақавий бўлмаган давлатларнинг иштироки тўғрисида турли гаплар тез-тез қулоққа чалиниб турибди. “Реклама қилинмайдиган Хитой инвестициялари бор” деган маълумотлар ҳам мавжуд. Бошқа маълумотларга кўра, канални молиялаштириш “Хитой компаниясининг оффшор фирмалари ва бир қатор Ғарб мамлакатлари” орқали амалга оширилади. Шунингдек, “лойиҳага инвестициялар Хитой ва Покистондан келади” деган қарашлар ҳам бор.  Агар шундай бўлса, унда канал қурилиши ташқи томондан Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистон ўртасида зиддият чиқариш мақсад қилинган пухта режа ҳисобланади. Шундай қилиб, Хитой Афғонистонга ва унинг табиий ресурсларига катта қизиқиш билдирмоқда. Бу қизиқиш асосан шимолий Афғонистондаги нефт конларига тааллуқли. Афғонистонда канал қурилиши лойиҳаси бир неча йиллардан бери айнан Ғарб давлатлари томонидан ишлаб чиқилгани (Техник-иқтисодий асослаш Америка тараққиёт институтлари (USAID) кўмагида тайёрланган. Тадқиқот AACS Consulting томонидан AECOM International Development, Inc’лар бошқарадиган USAIDнинг “сув йиғиш ва суғоришни бошқаришни кучайтириш” (SWIM) лойиҳаси доирасида амалга оширилган) ҳам юқоридаги канал қурислишига ғарбнинг таъсири кучли деган қарашларни яна бир бор қувватлайди.

 

Марказий Осиё мамлакатлари Афғонистон билан келажакда Амударё сув ресурсларидан фойдаланиш бўйича музокаралар олиб боришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ буни амалга ошириш жуда қийин. Чунки канални қуриб, маълум миқдордаги қўшимча сув ресурсларини олиши Кобулнинг ажралмас ҳуқуқи эканини ҳам тушуниш керак. Шунингдек, Амударё сувларидан Афғонистон томонидан фойдаланиш тўғрисида Марказий Осиё давлатлари билан умумий шартнома қилинмаган. Каналнинг ишга туширилиши тахминан 2027-2028-йилларга тўғри келиб, Марказий Осиёдаги сув ресурслари билан боғлиқ вазиятни янада кучайтириши мумкин. Музликларнинг эриши натижасида Қирғизистон ва Тожикистонда сув оқими пасаяди, шунингдек, сув ресурсларининг бир қисми Афғонистонда қолиб кетади.

 

Амударё сувининг давлатаро тақсимланиши

 

 

Бундай сценарий давлатлараро муносабатларнинг кескинлашишига олиб келади. Натижада эса сув танқислиги билан боғлиқ ижтимоий-иқтисодий вазият ёмонлашади. Сув ресурсларининг етишмаслиги минтақа мамлакатлари дуч келаётган экологик муаммоларни кучайтиради. БМТ маълумотларига кўра, “минтақа мамлакатлари сув ресурсларидан фойдаланишнинг ёмон мувофиқлаштирилиши туфайли ҳар йили 1,75 миллиард доллар йўқотади ва келажакда – 30 йилдан сўнг Марказий Осиёда тоза сув танқислиги ЯИМнинг 11 фоизга пасайишига олиб келади”.

 

Канал қурилиши минтақадаги геосиёсий вазиятга ҳам таъсир ўтказиб, уни янада кескинлаштиради. Сўнгги пайтларда доимий равишда сув танқислиги билан курашаётган ҳудуд зиддият марказига айланиши мумкин. Марказий Осиё мамлакатларида ҳар бир кубометр сув учун кураш қаттиқ бўлади ва у тез орада бошланиши мумкин, деб ҳисоблайди кўпгина мутахассислар. Рус эксперти С.Жилтсовнинг фикрича: “Сув муаммолари Марказий Осиё ривожланишига таъсир қиладиган муаммолар орасида биринчи ўринни эгаллайди. Шу билан бирга, минтақадан ташқари кучларнинг сиёсати аслида келажакда Афғонистон ва Марказий Осиё ўртасидаги кескин муносабатларнинг сақланиши ҳамда кучайишига олиб келади”.

 

Хулоса қилиб айтганда, канал қурилиши Амударёнинг қуйи оқимида жойлашган давлатларда (Ўзбекистон ва Туркманистонда) сув ресурслари билан боғлиқ вазиятни кескинлаштириши мумкин. Амударёнинг юқори ва пастки оқимида жойлашган мамлакатлар ўртасидаги зиддиятларни ҳал қилишнинг ҳуқуқий механизмлари мавжуд эмас. Натижада эса 2030 йилдан кейин сув учун курашлар авжига чиқиши ва охир-оқибатда қуролли тўқнашувларга ҳам сабаб бўлиши ҳеч гап эмас.

 

Шоҳруз ШАРИПОВ,

Тарих институти кичик илмий ходими,

тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Санъат

12:02 / 05.02.2025 0 46
Ҳинд йиғиси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 15306
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//