![](/storage/articles/February2025/TqIGFEQBWtbfmX2D8ihd.png)
Гутенберг ихтиросидан қарийб беш аср ўтиб, Туркистонда матбаачилик кириб келган бўлса-да, унинг жадал ривожланиши ўлка маданий ҳаётида жиддий аҳамият касб этди. ХIХ аср охири ХХ аср бошларида Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Қўқон, Андижон, Наманган каби шаҳарларда босмахоналар ташкил қилиниб, уларда асосан маҳаллий китобларни чоп қилишга эътибор қаратилган. Бундай манбаларнинг энг қийматлиларини санаганда, шубҳасиз, Алишер Навоий асарлари салмоқли ўрин эгаллайди, бошқача айтганда, шоир лирик меросининг қўлёзмалардан кейинги – иккинчи умри бошланди. Хусусан, шоир девонлари ҳам шу давр мобайнида халққа минглаб нусхада етиб борди. Тадқиқотларга кўра, 1879–1917-йиллар давомида ижодкор асарлари етмиш мартадан зиёд нашр этилган.
Ижодкорнинг олти асрдан бери авлоддан авлодга ўтиб келаётган асарларига қайта-қайта мурожаат қилиш сабабларини қуйидагача изоҳлаш мумкин:
1. Китобхонларнинг талаби;
2. Мадрасаларда дарслик сифатида фойдаланилганлиги;
3. Миллат зиёлиси ўлароқ ноширларнинг Навоий асарларини тарғиб қилиш мақсади;
4. Қўлёзма китобларнинг қиммат ва сон жиҳатдан чеклангани.
Ҳар бир китобни чоп этаётган масъул, биринчи навбатда, унинг сотилишини, эҳтиёж мавжудлигини ҳисобга олган. Пировардида, шоир асарларининг тарғибини ҳам йўлга қўйган. Шунга қарамай, китобларнинг Туркистоннинг барча ҳудудларида бир хил тарқалиши имконсиз эди. Зеро, матбаа корхоналарининг сони, жойлашуви бунга жиддий таъсир кўрсатарди. Шу боис Навоий асарлари нашрларини ҳудудлар кесимида ўрганиш мавзуга ойдинлик киритади. Тошбосмалар ҳам ўз вақти адабий муҳитини кўрсатувчи муҳим омиллардан биридир.
Алишер Навоий асарларининг тошбосма нашрлари илк тавсифини амалга оширган олим Б.Қосимхонов шоир китобларини Тошкентдаги Брейденбах, Илъин, ака-ука Каменскийлар, Лахтин, Портсев, Ғулом Ҳасан Орифжонов, “Туркистон курери” газетаси, Туркистон ҳарбий округи штаби, Самарқанддаги Демуров, Бухородаги Десинский, Левин, Қўқондаги Вайнер, Хивадаги Муҳаммад Раҳимхон II матбаалари ва Истанбулдаги Саид Маҳмудбек, Ориф афанди ҳамда Боғчасарой шаҳарларидаги матбааларда нашр этилгани ҳақида хабар беради. Юқоридаги рўйхатдан келиб чиқиб айтиш мумкинки, хусусий босмахоналарда Навоий асарлари кўпроқ чоп этилган. Хусусан, Илъин матбааси 6 марта, Брейденбах 4 марта, Орифжонов 9 марта нашр қилгани ҳақида маълумотлар бор.
Таъкидлаш ўринлики, 1883 йилдан бошлаб Туркистондаги маҳаллий сензура комитетининг тугатилиши ва Петербургдаги бош сензура комитетига мурожаат қилиниши маҳаллий тилларда китоб чиқарилишини чегаралаб қўйди. “Окраина” газетасининг маълумотларига кўра, баъзи маҳаллий китоблар чоп этилиши учун рухсатномани икки йилгача кутишга мажбур бўлинган. Шундай бир ҳолатда Илъин, Брейденбах, айниқса, Орифжонов матбааларининг нечоғли фидокорлик кўрсатганини Навоий тошбосма китобларининг кўплиги исботлайди.
Навоий “Хамса”си тошбосма асарларнинг илк нашрларидан бўлиб, Хива матбаасида 1297(1879) йилда чоп қилинган. ЎзР ФА Шарқшунослик институти фондидаги манбаларга кўра, 1878–1907 йилларда дастлаб “Фарҳод ва Ширин”, кейинчалик “Ҳайрат-ул-аброр”, “Лайли ва Мажнун”, “Саббаъи сайёр” “Искандарнома” достонлари алоҳида ҳолатда, “Мажолис-ун-нафоис”, “Тарихи мулуки ажам”, “Чиҳл ҳадис”, “Муншаот”, “Вақфия” “Маҳбуб-ул-қулуб” каби шеърий-насрий асарлари ҳам турли литографияларда чоп этилди. Маърифатпарвар хаттот Ашурали Зоҳирий кўчирган “Муҳокамат-ул-луғатайн” эса Вайнер босмахонасида нашр этилган ноёб нусхалардан ҳисобланади. Бу даврдаги Навоий ижодининг оммавий қамровини эса девонлари билан кўрсатиш аҳамиятлидир. Зеро, биргина девонларнинг ўзи қирқ мартагача эълон қилингани ҳақида қарашлар бор.
Навоий меросининг босма нусхалари ҳақидаги илк манба ҳам Хива матбаасига тегишлидир. Муҳаммад Раҳимхон II матбаасида асосан ўзбекча китоблар – Мунис, Комил Хоразмий, Рожий, Холис, Аваз, Табибий, Саноий, Огаҳий каби давр шоирларининг асарлари билан бир қаторда мумтоз адабий намуналарга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. “Хамса”дан икки йил ўтиб, ҳижрий 1299 (милодий 1881-1882) йилда маҳаллий халқ ичида “Чаҳор девон” номи билан машҳур бўлган 50 минг мисрадан иборат “Хазойин-ул-маоний” шоир ва хаттот Комил Хоразмий сўзбошиси билан нашр қилинади. Тарихчи М.Матякубованинг хабар беришича, Муҳаммад Раҳимхон II Феруз ниҳоятда нодир ва йирик асарларни нашрга тайёрлаш ва чоп этишни фақат Муҳаммадрасул Мирзогагина ишониб топширган. Шу боис ҳам Навоийнинг икки ноёб асари Муҳаммадрасул Мирзабоши таҳрири остида нашр этилган. Ушбу нусха тошбосма китоблар ичида “Хазойин ул-маоний” куллиётининг нисбатан мукаммали ҳисобланади. Мажмуа хон топшириғи билан хаттот Иброҳим Султон Эроний томонидан Комил Хоразмий ноширлигида Муҳаммад Раҳимхон II матбаасида чоп этилган. Матншунос Р.Маҳмудова “Чаҳор девон”ни синчковлик билан тадқиқ этиб, “… лирик жанрлар таркиби девон тузиш қоидасига мувофиқ бўлса ҳам, лекин улар бир-биридан маълум даражада таркибининг ҳар хиллиги билан фарқ қилади”, дейди. Хусусан, Ҳ.Сулаймон аниқлаган “Хазойин-ул-маоний” нашри билан солиштирганда “Ғаройиб-ус-сиғар”даги ғазаллар 641 та (аслида, ҳар тўрт девонда ғазаллар 650 тадан ўрин олгани бизга маълум), рубоий эса 126 та (133 та бўлиши лозим), “Наводир-уш-шабоб” девонида 634 та ғазал, қитъа 21 та (50 та бўлиши лозим), “Бадоеъ-ул-васат”да 637 та ғазал, қитъа 43 та (60 та бўлиши лозим), мустазод ва туюқ (йўқ), “Фавойид-ул-кибар” 610 та ғазал, фард 82 та (86 та бўлиши лозим) каби фарқларни кузатади. Шунга қарамай, ушбу девон Навоий тошбосма асарлари ичидаги энг нодир, илк нусха сифатида қадрлидир.
Матбаа “Хазойин-ул-маоний” нашридан сўнг тўрт девонни алоҳида чоп қилишни мақсад қилади. Хоссатан, матншунос М.Ҳакимов “Бадоеъ-ул-васат”нинг 1300/1882 йили китобхонларга тақдим қилингани, ушбу девон ҳам Муҳаммад Раҳимхон II фармони билан Муҳаммадниёз ибн Охунд Комил Хоразмий томонидан нашрга тайёрлангани, аммо котиби кўрсатилмагани, бундан ташқари, айни йилда хаттоти номаълум терма девон ҳам чоп этилгани ҳақида маълумот беради. Республикамиздаги турли фондларни кузатиш давомида ушбу матбаада “Ғаройиб-ус-сиғар”, “Наводир-уш-шабоб”, “Фавойид-ул-кибар” девонларининг ҳам чоп этилганига гувоҳ бўлдик. Уларнинг хат услуби “Чаҳор девон”никидан фарқ қилмайди, яъни айни котиб кўчирган нусханинг алоҳида китобларга бўлинган шаклидир.
Алишер Навоий девонлари энг кўп чоп этилган Туркистоннинг марказий ҳудудларидан бири Тошкент ҳисобланган. Бир томондан, бу ерда босмахоналар кўп бўлгани, иккинчи томондан, бунда асосан ўзбек тилидаги асарлар нашр этилишига эътибор берилгани билан боғлиқ. 1889 йили Фурқат “Лахтин” босмахонаси билан танишади ва бу ҳақида “Туркистон вилоятининг газети”да маълумот беради. Муҳим жиҳати, Лахтин Навоий девонларини нашр эттирган Тошкентдаги дастлабки босмахоналардандир. Унда 1334/1884 йили “Амир Алишер Навоий наввараллоҳу марқадаҳу девонлари” Санкт-Петербургнинг 1884 йил 14 декабрдаги 745-рақамли рухсатномаси билан нашр этилган. 288 бетдан иборат девон Шоҳмурод Мулло Шоҳнеъмат ўғли томонидан кўчирилиб, Раҳимхўжа эшон ибн Алихўжа эшон ноширлигида чоп этилган. Шунингдек, “Лахтин”да Навоий девонининг айни котиб ва ношир ҳамкорлигидаги 1888 йили чоп этилган нусхаси ҳам мавжуд.
Навоий девонларининг Туркистон ва ундан ташқаридаги ҳудудларда нашр этилиши ва ёйилиши бир-бирига боғлиқ кечган. Хусусан, 1891 йили С.И.Лахтин матбааси қарздорлик туфайли ака-ука Каменскийлар қўлига ўтади. Шу боис шоирнинг кейинги девонлари Каменскийлар матбаасида чоп этилган. Бунда 1893 йили Мулло Аҳмаднинг “Ақоидга шарҳ” китоби ҳамда Навоийнинг “Чиҳил ҳадис”и билан бир қаторда терма девони ҳам босилган. Р.Маҳмудова тадқиқотида ушбу босмахонада икки марта (1893–1894) чоп этилган деб ёзса, Б.Қосимхонов Навоий девонларининг уч тавсифи (барчаси 1893 йил)ни келтирган. Улар: “Амир Алишер Навоий наввараллоҳу марқадаҳу девонлари”, “Амир Алишер Навоий девонлари”, “Девони Амир Алишер Муллоқаб би-Навоий” деб номланган интихоб девонлардир. Уларнинг ҳажми бир-бирига яқин бўлса-да, жанрлар сони жиҳатдан жиддий фарқаланди. Хусусан, Шоҳмурод котиб кўчирган мажмуада соқийнома ва туюқ, Мулло Муҳаммад Юнус Мулло Ғойиб ўғли хаттотлик қилган девонда мухаммас, мустазод, рубоий, Ҳожи Абдулмалик Абдулнаби ўғли ноширлик қилган яна бир нашрда эса мавъиза ва қитъа каби жанрлар ўрин олгани билан бир-биридан фарқланади. Бундан кўринадики, Р.Маҳмудованинг шоир девони 1893-1894 йилларда айни матбаада 2 марта нашр қилинган деган маълумоти ҳақиқатга тўғри келмайди.
Шуни айтиш жоизки, баъзи манбаларда ушбу нусхалар “Бадоеъ ул-васат” девони деб берилган, аслида эса у терма девондир. Сабаби бошланма ғазаллар ва тугалланма байтларнинг ҳамда аксарият шеърлар шу девондан олингани тавсиф қилувчида шундай таассурот уйғотган.
Ака-ука Каменскийлар 1899 йили босмахонани В.М.Илинга сотиб юборадилар. Бунга қадар Илин 1896 йили унча катта бўлмаган босмахонага эга бўлган. Матбаанинг кенгайиши билан китоблар тури ҳам ошиб, “Амир Навоий” (1318/1900), “Навоий” (1319/1901), “Девони мавлоно Амир Алишер” (1324/1906), “Амир Алишер Навоий” (1324/1906) девонлари шу ерда чоп этилган. Р.Маҳмудованинг хабар беришича, бу матбаа Навоий девонларини саккиз марта чиқаришга муяссар бўлган. Олима уларнинг 1900, 1903, 1906-йиллардаги нашрларини нисбатан тўлиқроқ деб ҳисоблайди. Аммо бизга маълум 1906 йилги нашрда тўрт жанр ва 280 шеър мавжуд. Бошқа девонлар билан қиёслаганда бу нусхани тўлиқроқ деб бўлмайди. Чунки Лахтин ва Ака-ука Каменскийлар чиқарган девонларда 500 га яқин шеърлар бор.
Тошкентда жойлашган Брейденбах литографиясида эса “Навоий” “Амир Алишер Навоий девонлари”, “Навоий девонлари” каби асарлар 1896–1898-йиллари беш марта чоп қилинган. Уларнинг 1315 (1897) йилги нусхасидагина Санкт-Петербург цензурасидан ўтгани ҳақида рухсатнома бор.
Туркистон Ҳарбий округ штаби қошида ўлкадаги ўзбек полиграфия соҳасига асос солган дастлабки босмахона 1867 йилда ташкил этилган бўлса-да, унда маҳаллий тилдаги китобларга мурожаат этилиши нисбатан кечроқ кузатилади. Штаб босмахонасида Навоий девони икки марта – 1900 ва 1902 йилларда “Девони Навоий” ва “Навоий” китоблари чоп қилинган. Аҳамиятли томони, ҳар иккала нашр ҳам Ширкати “Хайрия” ноширлиги ва ҳомийлигида тайёрланган. Алишер Навоий тошбосма девонларининг бошқа бирор нашрида ушбу ташкилот ҳақида маълумот тилга олинмаган.
Яковлевда 1908 йили бир марта ҳамда “Туркистон курери” газетаси матбаасида Мирза Аҳмад Мирза Карим ўғли ноширлигида 1334 (1915) йили 70 саҳифадан иборат кичик ҳажмли “Амир Алишер Навоий” девони нашр қилинган.
Миллий матбаа ва ноширларнинг пайдо бўлиши Туркистонда туркий китобларнинг сони ортишига хизмат қилгани юқорида таъкидланди. ХIХ асрнинг 90-йилларида марғилонлик Азимхўжа, тошкентлик Эсонбой Ҳусайнбоев каби зиёлилар литография ташкил этган, ноширлик фаолиятини олиб борган илк маҳаллий вакиллар эди. Хусусий матбаа очмоқчи бўлган маҳаллий киши чор ҳукуматининг цензурасидан рухсатнома олишда бир қанча муаммоларга дуч келарди. Буни юқорида санаб ўтилган босмахоналарга эгалик қилувчиларнинг асосан рус миллатига мансуб кишилар экани яққол кўрсатиб турибди. Шунга қарамай, ўша йиллари маҳаллий матбаачилар сони ошиб бораверган. Зеро, бу пайтда ҳудуд аҳолисининг асосий қисми, яъни 98 фоизи маҳаллий миллат вакилларидан иборат эди.
Дастлабки фаолиятини саҳҳофликдан бошлаган Ғулом Ҳасан Орифжонов матбаачилик ва ноширлик соҳасида нафақат Тошкент ёки Туркистонда, балки Марказий Осиё ҳудудида ҳам муҳим ўринга эга бўлган. Орифжонов литографиясининг қачон ташкил этилганлиги ҳақида турли қарашлар бор. Р.Маҳмудова босмахона очилишининг айнан йилини келтирмай, ХХ аср бошларида дея умумий маълумот берган. А.Бобохонов эса “ХIХ асрнинг иккинчи ярми охирларида иш бошлаган” деб ёзади. А.Мирзорахимов ўз тадқиқотида “Ал-Кофия маъа фиқҳ” асари 1897 йили ушбу матбаада чоп этилганини келтириб, шу йили тошбосмахонага асос солинганини далиллайди. Бизнингча ҳам, аниқ манбаси келтирилган йил ҳақиқатга яқинроқ. Матбаанинг ўзига хослиги унда халқ оғзаки ижоди намуналари, мумтоз бадиий асарлар ва диний адабиётларнинг юздан ортиғи чоп қилингани эди. Бу билан Орифжонов миллий матбаачилик тарихида жиддий ўрин тутган, маҳаллий китобларни тарғиб қилишда фидойилик кўрсатган ҳамда ўзбек тилидаги китоблар салмоғининг ошишига катта ҳисса қўшган. Биргина Алишер Навоий асарларининг ўн мартадан ошиқ нашр қилингани корхона фаолиятининг кўламини кўрсатиб турибди. Б.Қосимхонов тузган Алишер Навоий асарларининг тошбосма нашрлари тавсифида эса тўққиз марта деб маълумот берилади. Босмахона улуғ шоирнинг “Мавлоно амир Навоий”, “Куллиёти девони амир Навоий”, “Амир Навоий” каби девонларини “Ғуломия”, “Орифжонов”, “Ғулом Ҳасан Орифжонов” номлари билан 1909–1916 йилга қадар нашр этиб турган.
“Ғуломия” матбаасининг техник имконияти бошқа матбааларга қараганда юқорироқ бўлган деб қаралади. Навоий девонларининг тарқалиш кўлами назарда тутилганда айрим маълумотлар диққатни тортади. М.Рустамов ва Р.Маҳмудова тадқиқотларида ёзилишича, ҳар бир китоб ўрта ҳисобда 2000–3000 тиражда нашр этилган. Аммо манбашунос М.Ҳакимов: “Тошбосмада босилган ҳар бир нашрнинг тиражи (адади) 500–600 нусхадан ошмаган. Камдан-кам ҳоллардагина бир нашрнинг адади 1000 нусхага борган. Хаттот томонидан ёзилиб тошқолипга ўтказилган матндан муайян нусха (кўпинча 500–600 атрофида) олингач, матн сийқаланиб ўча бошлаган. Натижада хаттот ўша нашр матнини янгидан ёзиб берган”, дея ёзади. Шу ўринда Н.Абдуазизованинг маълумоти ҳам ўринли: “Статистик маълумотларга қараганда, 1913 йили китоб нашри бор-йўғи 56 нусхани, шунингдек, ўзбек тилида 33 нусхани ташкил этарди, холос. Уларнинг умумий тиражи 100 минг нусхани, ўзбек тилидагиси атиги 8 минг нусхани ташкил қилар эди”.
Агарда 33 турдаги китобнинг ўрта ҳисобда 200–300 нусхадан чиқиши 8 минг нусхани ташкил қиладиган бўлса, тошбосмалар 2000–3000 нусхада нашр этилмаганлиги маълум бўлади. Бу М.Ҳакимов қарашларида асос борлигини кўрсатади. Шунга қарамай, биргина матбаада девонларнинг ўн марталаб чоп қилиниши ҳамда беш минглаб китобхонларни Навоийга ошуфта қилгани ношир Ғулом Ҳасан Орифжоновнинг халқ ва шоир олдидаги тарихий хизмати дейиш мумкин.
Самарқанддаги Демуров матбааси эса Ўрта Осиёдаги бир неча рангли китоб маҳсулоти боса оладиган йирик ягона босмахона бўлган. Бунда ношир Солиҳхўжа Бухорий ташаббуси билан 1322 (1904) йили “Навоий девони” нашр этилади. 1910 йили Қори Абдуррауф ноширлигида котиб Саййид Абдуссалом Маҳдум Самарқандий хати билан шоир девонининг яна бир нусхаси чоп қилинган. Самарқанддаги бу дастлабки нашр, яъни “Навоий девони” шеърлар миқдори ва жанрлар хилма-хиллиги билан кейинги йилги нашридан тўлиқроқдир.
Янги Бухородаги Левин ва Когон матбаалари 1910–1916-йилларда шоир лирик асарларини тўрт марта нашр этган. Хусусан, Мулло Сайидхўжа ноширлиги ва Мулло Муҳаммад Усмон котиблигида Когон тошбосмасида “Мавлоно Амир Навоий” девони, Левинда чоп қилинган “Девони мавлоно амир Навоий” ҳам ўша йиллари Бухоро аҳлига етиб борган.
Қўқонда 1902 йили “Ғаройиб-ус-сиғар” девони Вайнер босмахонасида чоп этилган. Бу ерда тошбосма асарлар сони бошқаларига нисбатан кам. Аммо Қўқон хони Муҳаммадалихон топшириғи билан “Хазойин-ул-маоний” 1254/1838–1839-йиллари 300 нусхада кўчирилган ва хонликнинг турли шаҳарларига жўнатилган. Шу боис бу даврда Қўқон Навоий девонлари энг кўп китобат қилинган ҳудудлардан бири бўлган, деб айтиш мумкин. Ушбу адабий муҳитни чуқур ўрганган О.Жўрабоевнинг фикрича, Навоий девонлари “…ХIХ аср Қўқонда тартиб берилган девонларнинг тузилишида ҳам муҳим роль ўйнади; лирик жанрлардаги асарларда ўзига хос анъаналарнинг сақланиб қолишида муҳим омил” бўлган.
Шу тариқа Хива, Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Қўқонда чоп қилинган тошбосма китоблар Озарбойжон, Кошғар, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Афғонистон, Араб мамлакатларига ҳам тарқалган. Ўз навбатида, бу юртлардан, асосан, Боку ва Истанбулдан олиб келинган манбалар орасида Навоий девонлари ҳам учрайди. 1319/1901 йилда “Мир Алишер Навоий девони” ва “Девони амир Навоий” нусхалари Истанбулда Саид Маҳмудбек матбаасида туркистонлик Солиҳхўжа Бухорий ва Муҳаммад Содиқ Афғон Қандаҳорий ноширлигида нашр қилинган. Бу икки девон тузилиши жиҳатидан фарқланса-да, уларни бирлаштириб турадиган икки муҳим жиҳат бор, булар – бир матбаада чоп этилгани ва деярли бир хил шеърий шаклдаги колофонга эгалигидир. Албатта, ҳар икки китобнинг айнан бир матбаада чоп этилишида ғайриоддийлик йўқ. Аммо матбаачиликнинг Туркистон ҳудудида 1870-йиллари кириб келганини ҳисобга олсак, бу ерда 1901-йиллари китоб нашр қилиш унчалик катта муаммо туғдирмасди. Шундай экан, ноширларнинг китобларни Истанбулда чоп этишларида қандай омиллар муҳим аҳамиятга эга бўлгани ҳақида тўхталишни жоиз деб билдик.
Маҳмудбек матбааси 1872-1873-йилларда Истанбулда замонасининг зиёлиси Маҳмудбей томонидан хусусий босмахона ўлароқ ташкил этилган. Айтиш керакки, Усмонли давлатида ушбу матбаанинг алоҳида ўрни бўлган. Унда ХIХ–ХХ асрларда маданият ва таълим соҳаларига оид 2017 турдаги китоб, 63 та журнал ва газета чоп этилган. Ўз ўрнида вазирлик мақомида бўлган Маориф назорати матбаада чоп этилаётган ҳар бир манбани текшириб турган. Буни юқорида номларини келтирган ҳар икки девоннинг 1-саҳифасидаги назоратдан ўтгани ҳақидаги маълумотдан ҳам билиш мумкин. Нуфузга эга бу матбаада чоп қилинган Навоий девонларини китобат санъатининг гўзал намунаси ва сифатли қоғоздан фойдаланилган нашр деб баҳолаш қийин.
Бизнингча, Навоий асарларини кенгроқ ёйиш билан биргаликда уларнинг сотувдаги аҳволини яхшилаш учун ҳам айнан Маҳмудбек матбааси танланган. Зеро, 1890-йиллари бу босмахона ўз китоб дўконини очган. Бугунги тил билан айтганда, унда китоб савдоси маркетинги яхши йўлга қўйилган эди.
Навоий асарларининг тошбосма нашрлари тавсифини келтирган манбашунос Б.Қосимхонов Истанбулда чоп қилинган девонларнинг ноширлари – Ҳожи Муҳаммад Сиддиқ Хўжандий ва Солиҳ хўжа Бухорийларни ҳам келтиради. Албатта, китоб тайёрлашда саъй-ҳаракат кўрсатган, унинг моддий таъминотини амалга оширган одамни ношир дейиш жоиз. Аммо ҳар икки манбанинг 1-бетидаги унвон остида улар کتب تاجر – “тожири кутуб”, яъни “китоб савдоси билан шуғулланувчи шахс” дея кўрсатилган. Бизнингча, китоб савдогарлари девонларнинг Истанбулда нашр қилинишида кўпроқ савдо имкониятидан манфаатдор бўлишган.
Шуни ҳам эслатиб ўтиш керакки, матбаачилик саноати ўлкада котиблик касби билан шуғулланувчилар сонининг ошишига сабаб бўлган. ХIХ аср охири ХХ аср бошларида Туркистон ҳудудида 70 дан ортиқ котиб (25 котиб Навоий асарларини кўчиргани маълум), 80 дан зиёд ношир ва бир қанча китоб савдогарлари билан биргаликда давр эҳтиёжидан келиб чиқиб, китоблар нашр қилишган.
Навоий тошбосма девонларининг барчасида ҳам котиблари кўрсатилмаган. Аммо биз кўра олган мавжуд тошбосма китобларда Иброҳим Султон Эроний, Шоҳмурод ибн Шоҳнеъматуллоҳ, Мулло Ортуқ Абдурасулбой ўғли, Мулло Муҳаммадюнус Мулло Муҳаммадғоюб ўғли, Абдулқайюм Хўқандий, Хожа Нажмуддин Хўқандий, Муҳаммадсодиқ Афғон Қандаҳорий, Абдусамад Табризий, Абдулғафур, Мулло Муҳаммадусмон котиб, Саййид Абдуссалом Махдум Самарқандий, Шоҳислом Шоҳмуҳаммад ўғли, Юсуфжон Зокиржон ўғли, Мулло Ўтаб Расулмуҳаммад ўғли каби котибларнинг номлари келтирилган. Тошбосмага матн кўчиришда асосан настаълиқ хат услубидан фойдаланилган. Хатнинг чиройли ва тушунарлилиги китобларнинг кўпроқ сотилишига хизмат қилган.
Чиндан ҳам, ХIХ аср Навоий асарлари энг кўп кўчирилган давр ҳисобланади.
Умуман олганда, девонлар ношир, котиб ҳамда халқ ҳамкорлигида чоп этилган. Бунда ноширнинг дунёқараши, иқтисодий имконияти, бозор шароитини олдиндан кўра билиши, котибнинг шоир асарларини билиши ва хат илмини пухта эгаллаган бўлиши, буларнинг барчаси эса халқ маданий эҳтиёжини қондиришга хизмат қилиши лозим эди.
Навоий лирикаси бу даврда асосан терма девон тузилишида чоп қилинган. Матншунос олим Ҳ.Сулаймон ушбу давр манбаларига нисбатан “шоирнинг тошбосмада нашр қилинган асарлари ичида энг кўпи “Хазойин-ул-маоний” шеърларидан тузилган турли ҳажм ва тартибдаги компелятив девонлардир”, дея таъриф беради. Албатта, Хивада чоп этилган дастлабки девон бу таърифдан мустаснодир. Зеро, “компелятив” (“турли манбалардан йиғилган” маъносини англатади) атамасини бу нашрга нисбатан қўллаш жоиз эмас. Уни кўпроқ терма девонларга нисбатан ишлатиш мумкин.
Интихоб (танланган) девонларнинг нашр этилишига эса бир қанча омиллар сабаб бўлган. Биринчидан, матбаачилик билан шуғулланувчи кишилар ўз даврининг зиёли қатлами эди. Улар халқ қизиқишлари ва эҳтиёжига қараб, хоссатан, моддий манфаатдорликни ҳам кўзлаб китоблар чоп қилишган. Лирик асарлар насрий китобларга нисбатан осон ва тез ўқилади. Қолаверса, “Хазойин-ул-маоний”нинг тўрт китобдан иборат тўлиқ нусхасини нашр қилиш катта харажатни талаб этарди. Моддий томондан қийналиб, тез-тез ёпилиб турадиган матбааларга бу қийинчилик туғдирарди. Иккинчидан, терма девонларга халқ томонидан севиб ўқиладиган, қўшиқ қилиб куйланадиган шеърларнинг киритилиши китобларнинг кенгроқ ёйилишига сабаб бўларди. Буни тошбосма девонлар мундарижаси билан танишиш орқали ҳам билиш мумкин.
Яна бир муҳим жиҳат, М.Ҳакимов Навоий асарларини кўчирган хаттотлар фаолиятини ўрганар экан, айнан 1888–1916-йиллари “Хазойин-ул-маноий”дан танлаб олинган терма девонлар 40 мартадан ортиқ нашр қилингани ҳақида хабар бериб, шундай ёзади: “Навоий терма девонларининг мана шу ўнлаб тошбосма нусхалари мавжуд эски усул мактабларида ҳамда янги усул мактабларида илми адаб (адабиёт)дан дарслик вазифасини ҳам бажарган”. Олимнинг ушбу хулосаси шоир терма девонлари аҳамиятининг нечоғли баланд эканлигини кўрсатади. Зеро, дарсликлар бошқа тошбосма китобларга нисбатан кўпроқ нашр этилган бўлиши, натижада кенгроқ тарқалгани ойдинлашади.
Жадид мактабларида ёшларга дарс берган олим Пўлотжон Қайюмий “Эски усул мактабларида ўқиш китоблари тўғрисида” эсдаликларида шундай ёзади: “Юқори синфларга кўтарилгач эса… шикаста хатли Мирзо Абдулқодир Бедилнинг девони ўқитилур эди. Бундан кейин “Девони Навоий” – Мавлоно Алишер ўқилур эрди”. Аҳамиятли томони, назмий асарларни ўрганиш учун илми таҳлил, илми маъоний, илми муаммо усулларидан фойдаланилган. Қолаверса, шарҳ илмини ўзлаштиришда “Ҳайрат-ул-аброр”, “Лисон-ут-тайр” достонлари, аруз илмида “Мезон-ул-авзон” асари адабиёт дарсликлари вазифасини бажариб келган.
Демак, Алишер Навоий девонларининг тошбосма нашрлари асосан терма девон тузилишига эга бўлиб, турли жанрлардан ташкил топган. Аслида, уларнинг барчасини терма девон талабларига тўла амал қилиб тайёрланган, деб ҳам бўлмайди. Хусусан, баъзи нашрларда “Куллиёти девони амир Навоий” тарзида ҳам номланган. Бу эса шу давр адабиётшунослигида атамаларга жиддий аҳамият берилмаганини кўрсатади. (Зеро, куллиёт бўлиши учун ижодкорнинг барча асарлари қамраб олиниши лозим, юқоридаги ҳолатда эса шеърларнинг бир жойда жамланиши маъносида келган). Хусусан, Ҳ.Сулаймоннинг Навоий қўлёзмалари куллиётларига оид тадқиқотида тошбосма китобларга нисбатан яқин давр – ХIХ асрда (1240–1245/1824–1830) уйғур адабиётининг мумтоз вакили Абдул Раҳим Низорий томонидан кўчирилган нусхада “Арбаин”, “Лисон-ут-тайр”, “Хамса” достонларининг барчаси, “Хамсат-ул-мутаҳҳаййирин”, “Мажолис-ун-нафоис”, “Вақфия”, “Муншаот”, “Маҳбуб-ул-қулуб”, “Дебоча” кабилар ўрин олганлиги ҳақида хабар беради. Кўринганидек, гарчи куллиёт деб аталса-да, шоир лирик асарлари ушбу мажмуадан ўрин олмаган. О.Мадалиева Навоий девонлари қўлёзмаларида ҳам “Куллиёти Навоий” деб номлангани ҳақида ёзади: “Бу ҳолат кўпгина тадқиқотларда тўрт девондан иборат “Хазойин-ул-маоний”нинг куллиёт деб ёзилишига ўхшайди. Бизнингча, ҳар икки ҳолда ҳам куллиёт атамаси тор маънода ишлатилмоқда... Алишер Навоий асарлари, умуман, ўрта асрлар шарқ классиклари асарларининг номланишида қатъий ўлчовлар бўлмаган”. Юқоридаги фикрлар ҳам О.Мадалиева қарашларига мос келади.
Китобни номлашдаги хатолик кейинги нашрларда ҳам кўзга ташланади. Тошбосмалардан сўнг чоп этилган лотин ёзувидаги биринчи девон ҳам маълум маънода ўзидан олдинги авлоддан намуна олгани табиий. Буюк шоир дунёга келганининг беш юз йиллиги муносабати билан Собир Абдулла ва Уйғун 1940 йилда “Чор девон” мажмуасини тайёрлайди. “Чор девон” “Хазойин-ул-маоний”нинг халқ орасидаги машҳур номи бўлиши билан бирга, тўрт девонни жамлаганини ҳам англатиб туради. Хива матбаасидаги “Чаҳор девон” бунинг ёрқин далилидир. Қолаверса, нафақат тошбосмалар, балки қўлёзма китоблар ҳам “Чор девон” деб аталган. Аммо бу нусха терма девон бўлиб, номланишда анъанадан келиб чиқилган кўринади. Бинобарин, янги лотин алифбосида чоп этилган бу тўпламда тўрт девондан сараланган жами 633 та шеър, 10 жанр – ғазал, мустазод, мухаммас, мусаддас, мусамман, маснавий, соқийнома, рубоий, туюқ, қитъа мавжуд. Мумтоз адабиёт намуналари таҳлил қилинган матбуотдаги дастлабки чиқишларда ҳам Навоийнинг ўттиздан ортиқ асарлари қаторида “Чор девон” ҳам саналган.
Навоий лирикаси ҳар бир давр адабий жараёнидан доимий равишда муҳим ўрин олган. ХIХ асрда миллий матбаачилик юзага келаётган бир пайтда Навоий девонларининг фаол иштироки эса унинг барча даврлар шоири эканини кўрсатиб турибди. Тошбосма китоб саноати қарийб 40 йиллик фаолияти мобайнида даҳо ижодкор лирикасининг кенгроқ ёйилишига хизмат қилган. Бу жараён қўлёзма китобларни кўчиришдаги бир шахс хоҳиш-иродасидан ташқари китобхонлар адабий эҳтиёжидан келиб чиқиб шаклланган. Шоир тошбосма девонлари матнида кузатиладиган айрим ноқисликлар эса ўртадаги узоқ масофанинг ҳосиласи сифатида адабий манба қадр-қимматига соя солмайди.
Дилноза РУСТАМОВА,
ЎзР ФА Давлат адабиёт музейи лектори
Фойдаланилган адабиётлар
1. Алишер Навоий. Чаҳор девон. №10293. ЎзР ФАШИ асосий фонди.
2. Алишер Навоий. Хамса. №10363. ЎзР ФАШИ асосий фонди. – Б. 512.
3. Алишер Навоий. Ғаройиб-ус-сиғар. №18; Наводир-уш-шабоб. №10293; Бадоеъ-ул-васат. №18460; Фавойид-ул-кибар. №10511. ЎзР ФАШИ асосий фонди.
4. Алишер Навоий. Куллиёти девони амир Навоий. ЎзР ФА ДАМ фонди. – №220 тошбосма.
5. Алишер Навоий номидаги Давлар адабиёт музейида сақланаётган тошбосмалар каталоги. – Тошкент: Фан, 2020. – Б. 20.
6. Қосимхонов Б. Алишер Навоий асарларининг тошбосма нашрлари тавсифи. – Тошкент, 1988. – Б. 61.
7. Сирожиддинов Ш. Матншунослик сабоқлари. – Тошкент: Навоий университети НМУ, 2019. – Б. 72.
8. Сулаймон Ҳ. Алишер Навоий куллиёти қўлёзмалари тадқиқотидан // Адабий мерос. – Тошкент. – №3. 1973. – Б. 86–89.
9. Эрназаров Т. Туркистонда вақтли матбуот. – Тошкент: Ўзбекистон, 1959. – Б. 13.
10. Матякубова М. ХИХ аср иккинчи ярми ХХ асрнинг бошларида Хива хонлигида китобат ва кутубхона тарихи. Тарих.фан. номз. ...дисс. – Тошкент, 2008. – Б. 140.
11. Маҳмудова Р. Тошбосма асарлар ва уларнинг ўзбек адабиёти тарихидаги аҳамияти. Филол.фан. номз. ...дисс. – Тошкент. 1979. – Б. 60
12. Мадалиева О. Навоий девонлари қўлёзмаларининг таркибий-қиёсий тадқиқи. – Тошкент: Донишманд зиёси, 2021. – Б. 146.
13. Ҳакимов М. Навоий асарларини кўчирган хаттотлар. – Тошкент: Фан, 1991. – Б. 41.
Мафкура
Санъат
Жараён
Маънавият
Адабиёт
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ