Раҳминг келади, лекин кулгинг келмайди


Сақлаш
17:26 / 06.02.2025 28 0

Ёшликда одам нималарни орзу қилмайди. Лицейда сабоқдош бир дўстимиз ҳар икки гапининг бирида қизиқчи бўламан дея латифанамо гаплар тўқиб юрарди. Кунда, кунора янгисидан топиб, айтиб беришдан сира чарчамасди. Индаллосини айтганда, унинг латифалари латифага эмас, кўпроқ майнавозчиликка ўхшарди. На қилиқларининг, на сўзларининг маза-матраси бор эди. Аввалига дўстимизнинг кўнглига қараган бўлиб, ўзимизни кулган қилиб кўрсатардик. Бора-бора, олди-қочди, тайинсиз, қўштирноқ ичидаги латифалар ҳамманинг баъдига урди. Бу ҳақда ўзига айтишга ботинолмасдик, андиша қилардик. Ҳар тугул, инсоннинг юзи иссиқ, бунинг устига сабоқдош. Чидашга мажбурмиз.

 

Кундузнинг туни, оқшомнинг тонги, ҳар қандай яхши-ёмоннинг якуни бор. Адашмасам, янги йил байрами арафасида шаҳар марказидаги бир емакхонада зиёфат уюштирдик. Қизиқчи дўстимиз ҳам шу ерда. Ўша замонлар урф бўлган қўшиқлар тинмай жаранглаб турибди. Дастурхон тўкин, ўйин-кулги авжида, барчанинг кайфияти чоғ. Ҳамма масрур, зиёфат қизигандан қизиб борарди. Дабдурустдан давра сув қуйгандай жимжит бўлиб қолди. Ҳамма ярқ этиб саҳнага қаради. Сочини силлиқ тараган, ола-була устибош кийган, капалакнусха бўйинбоғ таққан қизиқчи дўстимиз тиржайганча микрофон ушлаб турибди. Бўлажак бачканаликни олдиндан сезгандай ҳамма хавотир билан саҳнага қараб қолди.

 

Дўстимиз аввал барчани байрам билан қутлади. Эзгу тилаклар билдирди. Ҳар бир инсон кулиб яшаши кераклиги, кулги одам иммунитетини ошириши, асабини тинчлантириши, энг муҳими, умрини узайтириши ҳақида ҳам анча вақт қулоққа тепди. Сўнг одатини канда қилмай, янги латифа бошлади. Эски ҳаммом, эски тос. Яна ўша латтачайнар гаплар. Етмаганига, гаплари орасида уят-уят жойлари ҳам бор.  Кейин даврада ғала-ғовур бошланиб кетди. Ҳамма қадаҳ сўзи айтиш, бир-бирига омад тилаш билан андармон бўлиб қолди. Қизиқчи дўстимизга биров қулоқ солмайди. Гўё у ўзига ўзи латифа айтаётгандай. Вақт ҳам тўхтаб қолгандай. Сира ўтмайди. Лағмондай чўзилган латифа ниҳоят тугади. Бироқ қарсаклар чалинмади. Ҳеч ким кулмади.

 

– Сизлар мени кўролмайсизлар, – деди дўстимиз даврага келиб қўшилгач. – Ҳаммангизнинг ичингиз қора. Кўнглим  учун ҳам кулмадингиз!

Ҳазил-ҳузил билан чақчақлашиб ўтирган сабоқдошлар жим бўлиб қолдик.  Ҳамманинг нигоҳи ерга қадалган, бир сўз айтишга тил ожиз.

– Ўзингиз ҳам кулгили қилиб айтинг-да, – шаддодгина бир сабоқдош қиз ҳар доимгидай гапни чўрт кесди. – Латифангизнинг қаерига кулишимиз керак эди? Куладиган жойи йўғ-у.

– Ҳали шунақами? – қизиқчи дўстимиз столга мушт тушириб, ташқарига чиқиб кетди. – Барингнинг тилинг бир! Ҳаммангга кўрсатиб қўяман!

 

Очиғи, бу воқеани унутиб юборган эканман. Шу кунларда интернетда ўзидан “сўз устаси” ясаб олган айрим қизиқчи ва жамоаларнинг чиқишларига кўзим тушиб, сабоқдош дўстим хаёлга келди. “Дизайн”, “Миллион”, “Браво”, “Космос”, “Аристократлар” сингари жамоаларнинг талайгина томошалари бачканалик, дидсизлик ва ҳаёсизликда дўстим айтиб юрган ҳангомалардан ёмонроқ бўлса бордирки, асло пеш эмас. Уларнинг томошабинни кулдириш учун ўйлаб топган қилиқларини кўриб, одамнинг бир раҳми келса, бир саҳнанинг қадрига ичи куяди.

 

Келинг, яхшиси, жамоаларнинг чиқишларидан олинган баъзи лавҳаларни қўлдан келганча таҳлил қилиб кўрамиз.

 

 

Биринчи лавҳа

 

“Халқлар дўстлиги” санъат саройида “Дизайн” жамоасининг концерти эндигина бошланган. Саҳнага жамоа аъзолари аста-аста чиқиб келаяпти. Аввалига замонавий мусиқа садосида узун бўйли, тўқ пушти ранг костюм кийган йигит чиқиб, мухлислар билан салом-алик қилиб олди.

– Ассалому алайкум, хуш келибсизлар! Чарчаб қолмадийлами? Яхши келдийлами? Сову, ёмғирларда қийналиб қолмадийлами? Дикорация қалай? Даҳшатми? Зални иссулиги-чи? Кастюм-шим қалай? Зўрми? Чунки бу йилги концертни ўзлари олиб борадилар. Анув учтасигаям айтдим. Бўлди, энди бачканаликни йиғиштирамиз, котта бўлдик дедим. Чиройли чиқамиз мухлисларни олдида дедим. Битта чиройли қарсак чалиб берсайлар, битта-битта чиқади.

Бирдан “Дачалар бор, дачалар” деган алаҳсирашга ўхшаш бир қўшиқ янгради. Саҳнага турли ҳайвонлар образидаги кийим кийган беш-олти киши чиқиб келди. Улар боғчада болаларга томоша кўрсатаётгандай у ёқдан-бу ёққа сакраб-сакраб ўйнар эди.

– Ўчир-ов, ўчир, – саҳнага биринчи бўлиб чиққан ҳалиги йигит санъат саройи дижейига буюрди. – Дилшод акамни чиқарларинг-ов. Нима бу? Ҳаммаёқ ҳайвонат боғи-ю.

– Саҳнадаман, ҳов, саҳнадаман, – айиқполвон бўлиб чиққан киши залдаги томошабинларга қараб икки қўлини кўтарди.

– Дилшод ака, серёзний чиқамиз дедик-ку! Нима аҳвол бу?

– Буларнинг ичида энг серёзнийси шу кийим экан-ку!

– Аювни кийиб олибсиз-ку, ҳўкиздай одам.

– Хўкиз дема манга. Бўйнингни кўп чўзма. Каллангни узиб оламан ҳозир.

Тўқ пушти костюм кийган ҳалиги йигит жаҳд билан айиқполвоннинг бош кийимини суғуриб олди.  Дилшод ака эмас, айиқполвоннинг ичида бир ёш бола бор экан.

– Болага озор берма. Нима қивоссан сан? – Дилшод ака дегани аслида ўрисларнинг “Қизалоқ ва маймоқ” мултфилми қаҳрамони Машанинг қиёфасида яширинган экан. – Ҳа, қалай? Даҳшату!

– Ака, калла жойидами? – саҳнага биринчи чиққан йигит қўли билан бошини кўрсатди.

– Йўқ, қўлимда, – деди Дилшод ака тиржайиб.

– Коп-котта одам. А, бу топиб олган кийимингизни қаранг! Серёзний чиқамиз дедигу.

– Мамбетдагилар мазза қилиб куламан деб келган. Нима, ёқмадими чиқиш? – Дилшод ака санъат саройига келганларга юзланди.

Залдагилар қий-чув, бақир-чақир қилиб юборди.

 

Концерт дебочасидан олти-етти дақиқани атай сўзма-сўз келтиришни маъқул кўрдик. Афтидан, бу йигитларнинг оғзидан чиққан гапини қулоқлари эшитмаётир. Бачканалик, дидсизлик, савиясизлик етмаганидай, ўзбек адабий тилига қилинган ҳурматсизликка кўз юмиб бўлмайди. Ҳар жумлада адабий тил бузилади. Етмаганига  орасида русчалари ҳам бор.  Афсуски, охирги вақтларда бундай ҳолат фақат концерт ва томошалардагина эмас, ҳар хил телеканал ва ижтимоий тармоқларда бот-бот учрамоқда. Ҳар ким билганича сайраб ётибди. Ўзбек тилини асраб-авайлаш, ривожлантириш аксарият кимсаларнинг хаёлига ҳам келгани йўқ. Аслида таниқли шахслар, санъаткор ва ижодкорлар ўз ижодида адабий тил меъёрларига амал қилиб, бу борада бошқа соҳа одамларига намуна бўлиши лозим.

 

Шевадаги сўз ва ибораларга ҳеч қандай эътироз бўлиши мумкин эмас. Қайтанга шевалар ўзбек тилининг бойлиги. Улардан ўз ўрнида ва вақтида фойдаланишнинг ҳеч бир зарари йўқ. Лекин оммавий чиқишлар, хусусан, кино, концерт ва қўшиқларда адабий тил меъёрларига риоя этиш санъаткорларнинг бурчи.

 

– Бир гал қишлоққа борган эдим, – деган эди адабиётшунос олим Узоқ Жўрақулов бир гурунгда. – Ёшларимизни танимай қолдим. Ўзларича алламбало шевада сўзлашишни одат қилибди. Ота-бобомиз сўйлашган тилдан асар ҳам қолмабди. Ҳайрон бўлдим: улар бу сўзларни қаердан ўзлаштириб олаяпти? Катта шаҳарларга бориб ўрганган десак, ахир қишлоқдош йигитчалар орасида ҳали уёқларга қадам босмаганлари бисёр. Охири ўйлаб-ўйлаб, ёшлар шева ва жаргонларни кино, қўшиқ ва турли концертлардан олаяпти деган хулосага келдим. Айтиш мумкинки, сўнгги вақтларда яратилаётган видео ва аудио шаклидаги барча “ижод маҳсуллари”да турли шева-ю жаргонлардан ҳеч бир истисносиз фойдаланилмоқда. Бу ҳолатга панжа ортидан қараб туришнинг охири хайрли эмас. Яна “Дизайн” жамоаси концертига қайтсак.

 

– Ҳов, бақир-тақир қималаринг! Мам бетда серёзний, ўзининг уривенига эга бўлган ман кевомман.

Кимдир саҳна ортидан гапирди. Сўнгра санъат саройи узра қўшиқ янгради: “Сомалайкум, сомсалар,  эҳ, эҳ, сомсалар”.

Залда томошабинлар жонланиб қолди: қарсаклар, қий-чув, ҳуштакбозлик. Пешонасига рўмолча танғиб олган, эгнига аскарларникига ўхшаш нимча кийган ўрта ёшли йигит саҳнага чиқиб келди. Ёнида элга эна бўлгудай икки сулув. У қўлини кўксига қўйиб, мухлисларга салом берди. Санъат саройи балконида ўтирганларга ҳам салом йўллади. Яна чапаклар, ҳуштаклар ва қий-чув!

– Қалай, сомсалар ёқвоттими? – саҳнага чиқиб келган йигит икки қўлини ёнига ёйди.  

Залда бақир-чақир авжига чиқди. Аёлу эркак мириқиб куларди.  Камина эса бу ҳолга ҳайрон эдим. Ахир бу куладиган эмас, оддий гаплар-ку.

– Ваалайкум ассалом, – концертни бошлаб берган тўқ пушти костюмли киши гапга аралашди. – Сомсалардан сўранг, “Дружба” ёқвоттими?

– Қайси биридан сўрий? – охири бўлиб саҳнага кўриниш берган йигит бир ўнгига, бир сўлига ишора қилди. – Қавоқли, товуқли бор!

– Сўрама, нима аҳвол бу?

– Зўрға топиб кевомман ўзи.

– Жа, қаттан қидирдинг, зўрға топиб?

– Қидирганини нима қиласан? – гапга аралашган Дилшод ака қизларга суқланиб, улардан бирига худди еб қўйгудек бўлиб қаради. – Зато, топиб келибди-ку! Қўй ёғли, қўй гўштлилигини топиб кепти-ку!

Концертнинг шу жойини қайта-қайта кўрдим. Тўғриси, зални тўлдириб ўтирган одамлар нега хандон отиб кулганига тушунмадим. Сомса – миллий таом. Қўй гўштидан ҳам, мол гўштидан ҳам тайёрланади. Қовоқли, товуқли, ҳатто картошкалилари ҳам бор! Бу гапга нега кулишим керак?

 

Аммо гап тагида бошқа маъни бор экан. Сомсанинг кўчма маъносини эшитмаган эканман. Сўраб-суриштирсам, Андижон тарафларда суюқоёқ аёлни сомса дейишар экан. Ё тавба! Бу не кўргулик?! Ўзбек санъати саҳналари қандай мавзулар, қандай кишилар қўлида қолди?! Дейлик, ўғил ё қизингиз интернетда шу концертни кўриб, сомсалар нима деб сўраса, қандай жавоб берасиз? Шу гапларга кулиб ўтирган хотин-қизларимиз номус қилмайдими? Худди бошқа мавзу қуриб кетгандай шуни саҳнага олиб чиққан, ўзини санъаткор санайдиган йигитлар онаси, хотини ва болалари олдида уялмайдими? Улар шу ҳақда ҳеч ўйлаб кўрганмикан?

 

 

Иккинчи лавҳа

 

Саҳнада замонавий лампалар ҳар тарафдан нур таратиб турибди. Олис-олисдан Дубай шаҳрининг осмонўпар бинолари кўзга ташланади. Сал берироқда қатор палма дарахтлари шамолда оҳиста тебранади. Залдан томошабинлар қийқириғи келади. “Энди қачон уйлонамиз” деган ашула эшитилади. Шу маҳал бугунги кунда урфга кирган устибош кийган, қўлида асо тутган учта чол саҳнага қилиқсиб ўйнаган ҳолда чиқиб келади.

– Бўлди, бўлди! – дейди эгнида оқ костюм-шим, бошида миллий дўппи бўлган чол қиёфасидаги бир йигит.

– Ҳой, аканг кучайди, аканг! – дейди бошида аскарларнинг каскаси, бир тутам қора соқоли бўлган бошқа бири. – Аканг уже Дубайда! Қизлар билан кайф қилаяпти. Ҳе-ҳе-ҳе...

– Ҳой, кечки Дубайди қара! Кампирингни уйидай катта экан.

Шу маҳал ориқ, ўрта бўйли, қиррабурун, шопмўйловли бошқа бир чол қиёфасидаги йигит залдагиларга ҳаводан бўса йўллади.

– Ҳов, Петка гаранг, – дейди оқ костюмли бобой. – Қизларга кўп анқаяверма. Биласан-а, қулоғинг яхши ишламайди.

Петка бобой залдагиларга ҳозир дегандай кўрсаткич бармоғини юқорига кўтариб ишора қилади:

– Ҳой, мени фақат қулоғим ишламайди! Хўбми?

Учовлон бир-бирига шохада ҳам, куракда ҳам турмайдиган сўзлар билан обдон ҳазил-ҳузул қилди.

– Тожи, – деди каскали бобой бир муддатдан сўнг. – Қизларингни чақир! Бир кўрайлик.

– Ҳозир, – Тожи бобой чўнтагидан телефон олди. – Қўнғироқ қилай-чи, ёмонлари келади-да ўзиям! Ҳозир, мана... Эй, антенна чиқмаяпти-ку!

– Қани? – Петка бобой гапга аралашди. – А, бу компаниянинг ўзимизда антеннаси йўқ-ку, Дубайда чиқармиди?

– Ҳа, бўлди, – деди Тожи бобой. – Дубайнинг сим картасидан чиқамиз. Ало-о-о, келаяпсизларми?

– Ало-о-о, биз келдик, – аёлнинг овози эшитилди.

Саҳнада бирови сариқ сочли, бирови очиқ-сочиқроқ кийинган иккита қиз кўриниш берди. Залда қий-чув, ҳуштакбозлик бошланди.

– Мана, биз учта чолнинг олдида турибмиз, – деди телефонда гаплашаётган сариқ сочли қиз.

– Ўша учта чолнинг бирови менман-да, жонидан, – деди Тожи бобой қизнинг ёнига келиб.

Тожи чолни кўрган қиз бақириб юборди...

Бу орада чоллар қизлар билан салом-алик қилди. Майда-чуйда ҳазил гап отди. Сўнгра гапни асосий мақсадига бурди.

– Ҳей, ломаца қилма-да. Хўп дейишинг учун қанча сўрайсан? Икки почка кўкат етадими? – Тожи бобой қизларнинг биридан сўради.

– Етади, – қиз дугонаси билан пичирлашиб олгач, рози бўлди. Пулни чўзинг дегандай қўлини чолнинг бурни тагигача кўтарди.

– Мана, ўзимизнинг боғдан икки почка укроп! Ҳе-ҳе-ҳе...

– Ота, ҳазилни ҳам ёмон қиларкансиз-а. Биз ҳақиқий пулни сўрадик.

– Ҳа, ундан ҳам бор, – Тожи бобой чўнтагига қўл суқди. – Қатда эди-я?

Шу маҳал бир танга ерга тушиб думалаб кетди.

– Эй, танга тушиб кетди-да, – Тожи бобой қизларнинг бирига гапирди. – Шуни олиб беролмайсанми? Бел жижжа кетган.

Қиз эгилиб нозу карашма ила ердан тангани олди. Унинг орқасида турган чоллар йиқилиб тушмаслик учун бир-бирига суяниб қолди гўё. Сўнгра чоллардан бири бир сиқим тангани ерга сочиб юборди...

 

Бу лавҳа “Аристократлар” жамоасининг “Отахонлар Дубайда” деган ҳазил-шоуси эди. Биз андиша қилсак-да, гапимиз асосли бўлиши учун  бу лавҳани атай сўзма-сўз келтирдик. Ҳар бир гапда фаҳш ва зинога ундовчи ёки шу иллатларни  тарғиб қилишга мойилликни сезиш мумкин. Айниқса миллатимизга ёт бўлган бундай мавзуларга отахонлар образи танланиши ачинарли. Чунки азал-азалдан Шарқ халқларида, хусусан, ўзбекларда боболар донишмандлик, ҳалоллик рамзи бўлиб келган. Улар қизи ёки набираси тенги қизларга гап отиш тугул, кўзининг қири тушишини ор билган. “Аристократлар” жамоаси бу борада ўз олдига қандай мақсад қўйгани эса қоронғи.

 

Отаси ёки бобоси тенги кишилар олдида қизларнинг турли қилиқ қилиб қилпанглашини кўриб уялиб кетасиз. Ахир бу ҳолатни минглаб ёш қизлар томоша қилаётган бўлиши мумкин. Бу бемаънилик уларга қандай таъсир кўрсатади, нимани ўргатади, нимада ибрат бўлади? Қизлар оиланинг ори, номуси ҳисобланган, ҳаёси ва ибоси билан азиз бўлган. Лекин сўнгги вақтларда машҳурлик, сохта обрў йўлида турли шоу ва концертларда чиқиб, ўзига ярашмаган xатти-ҳаракат қилаётган баъзи қизларимизнинг кўзга ташланаётгани қайғули ҳол.

 

 

Охири

 

Ҳозир замонавий ўзбек қизиқчилиги ҳақида қисман таассурот берадиган икки лавҳанинг матнли баёни ила танишдик. Ҳали бу хамир учидан патир, холос. Яна бунга ўхшаш ўнлаб жамоалар борки, уларнинг ҳам ижоди негизини белдан пастга қаратилган мавзулар, ўзбек миллатига бегона бўлган қараш ва ғоялар қамраб олади. Хусусан, Миллион, Браво, Космос каби жамоаларнинг чиқишларида ҳам бу ҳолатга бот-бот дуч келиш мумкин. Одамларни кулдираман дея ўйлаб топилган баъзи чиқишларни гапириш тугул эшитишга одамнинг юзи чидамайди.

 

Афсуски, одамларимиз бундай андишасизликка кўникиб бораётир. Аслида йиғлашимиз керак бўлган саҳналарга санъат саройларини тўлдириб ўтирган кишилар мириқиб кулмоқда. Улар орасида хотин-қизлар, ёши бир жойга бориб қолган кексаларнинг борлиги ортиқча. Бу ўринда барча айбни томошабинлар бўйнига ағдариб қўйиш ҳам инсофдан бўлмаса керак. Одамларни дидсизлик, савиясизлик гирдоби сари айнан шундай бачкана томошалар тортмоқда. Бу ҳақида ўйлаб кўриш ва хулоса чиқаришнинг эса аллақачон фурсати етиб бўлди.

 

Дарвоқе, ўша кезлари лицейдаги сабоқдош дўстимизни қизиқчилик қилишдан қайтариб тўғри қилган эканмиз. Йўқса, у ҳозир бир жамоа тузиб, бўлар-бўлмас гаплари билан одамларнинг қулоғига лағмон осиб юрармиди? Қайтанга ҳозирги иши яхши. Кўп йиллардан бери фермерлик қилади. Йилига фалон тонна буғдой, пистон тонна пахта етиштиради. Сут-қатиқ етказиб бермоқда. Хуллас, баъзи қизиқчилардан кўра халқимизга кўпроқ фойдаси тегмоқда.

 

 

Эскартиш:

 

Биз бу гапларимиз билан ҳамма қизиқчиларни шундай дейиш фикридан йироқмиз. Юртга қизиқчилар керак. Ҳар бир сўзи чақмоқдай, ҳар бир ҳаракати ёшларга  ибрат бўладиган,  ҳар  томошасида эл дарди ётадиган Ҳожибой Тожибоевдай савияси баланд, фикри теран қизиқчилар жуда керак.

 

Азим РЎЗИЕВ

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 4-сон.

“Қизиқчиликми ё бузиқчилик?..” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Санъат

12:02 / 05.02.2025 0 28
Ҳинд йиғиси

Таълим-тарбия

17:02 / 03.02.2025 0 48
Ўзбек боғча қидирган тарбиячи





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 15194
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//