Санъат
Ҳазрат Алишер Навоий “Насойимул-муҳаббат” асарида 69 ўринда ориф истилоҳини қўллайди. Уларнинг ярми Ориф исмли зотлар бўлса, қолгани ориф тушунчаси валий зотлар талқинида қандай экани ҳақидадир.
“Орифлик” сўзининг луғавий ўзаги “ирфон” бўлиб, мазмуни “маърифат” тушунчасига, хусусан, унинг тасаввуфий маъносига ёндош. Мурид ёки соликнинг орифлик мартабасига эришиши учун яқиний илм асос вазифасини ўтайди.
Тасаввуфда зоҳирий ва ботиний билим тушунчалари бор. Бунда шариат билимлари ва дунёвий билимлар зоҳирий – ташқи, яъни Аллоҳни билишнинг биринчи босқичи саналади. Чунки Аллоҳни билиш дунёни билишдан бошланади. Моддий олам, борлиқ Аллоҳ таолонинг тажаллисидир. Солик эришган орифлик, яъни маърифат босқичи эса ботиний илм бўлиб, у “Ҳаққул-яқин” Аллоҳга эришиш учун ташланган қадам ҳисобланади.
Аҳли тасаввуф инсонларни ибодатлари, каромат даражасига кўра тўрт гуруҳга ажратади. Бу – обидлик, зоҳидлик, ошиқлик ва орифликдир. Обидлар шариат қавмидан бўлиб, Аллоҳ талонинг буюрганини бажариб, қайтарганидан қайтадилар. Ҳалол ва ҳаром, пок ва нопок ҳақида тушунча ҳосил қилиб, шариатга амал қилади. Обид ўз номи билан обид, яъни ибодат қилувчидир. Обидларнинг ибодатлари: намоз ўқимоқ, рўза тутмоқ, закот бермоқ, ҳажга бормоқ, нафс орзуларини енгиб, охират неъматларига интилмоқдир.
Иккинчи гуруҳ – зоҳидлар. Улар тариқат аҳлига мансуб бўлиб, тоат-ибодатларида, дунёдан юз ўгиришларида ва турмуш тарзларида Аллоҳнинг розилигини топиб, жаннатга кириш ва жаҳаннам азобидан қутулишни мақсад қилади. Уларнинг ибодатлари кеча-кундуз Тангрини зикр айлаш, қўрқув ва умид ичида нафас олмоқ, орзулари эса бу дунёда охират учун яроқли ишларни амалга оширмоқдир.
Учинчи тоифа – ошиқлар эса Аллоҳнинг кўп ҳолатлари важд ва жазаба билан ўтадиган ошиқларидир. Ошиқлар фақат ишқ билан нафас олади. Уларнинг ишқи мажозий ёки башарий эмас, илоҳий ишқдир.
Энди тўртинчи тоифа – орифларга келсак, уларнинг ҳолати ҳам ошиқлар ҳолатига ўхшайди. Улар маърифат аҳлидан бўлиб, ақлу донишда етук, маърифат нури билан қалби лиммо-лим, нияти пок, покиза ахлоқли закий одамлардир. Орифлар ҳамма вақт эзгуликни ўйлаб, ўзига эргашган одамларнинг қалбини тарбиялаган, уларнинг руҳий-маънавий иродасини чиниқтириб, кўнгил кўзини очиб, ҳақ йўлига интилишни ўргатган.
Азизиддин Насафий “Зубдатул-ҳақойиқ” китобида орифга шундай таъриф беради: “Нарса ва ҳодисаларнинг ботиний моҳиятини англаса, назаридан ҳеч нарса яширин қолмаса ва тақлид чегарасидан ирфон чегарасига қадам қўйган бўлса, уни донишманд – ориф дейдилар”.
Абдулқодир Гийлоний “Раббонийликни англаш” китобида зоҳид ва ориф даражалари хусусида сўз юритиб, орифга шундай баҳо беради: “Сўнгги (зоҳидликдан кейинги) даражага кўтарилиб, имконияти қувватланади, Аллоҳ таолони танийди. У қалбига охиратни эмас, балки мавлосига етишишни қарор қилиб олади. Шу вақт дунё амалларининг мингтаси кўрилса ҳам қалбига зарар бермайди. Бунда у Аллоҳнинг буйруғига бўйсунади, ҳукмига, тақдирига мувофиқ келади. Аллоҳ учун инсонлар хизматида уларга енгиллик етказишда қойим туради. Зулматнинг ўрнига нурни етказади”.
Алишер Навоий талқинича ҳам ориф Аллоҳни таниган, билган ва илоҳий маърифатдан мукаммал хабардор бўлган соликдир. Ориф Аллоҳнинг ҳайй (ҳаёт), илм, ирода, қудрат сингари сифатларини теран идрок этиш ёки ўзлаштириш билан чекланмайди. Балки бутун коинот – борлиқнинг сирларидан ҳам чуқур огоҳликка эришади.
Ориф Аллоҳнинг иззати, азамати ва қудратини ўта аъло даражада билади. У охират орзуси билан эмас, Тангри таоло даргоҳига талпиниш билан яшайди.
“Насойимул-муҳаббат”да 23-рақам билан зикр этилган Абу Сулаймон Дороний ҳақидаги бобда Дороний тилидан шундай дейилади: “...деди улдурки, икки дунёда мурод бирдин ўзга бўлмағай. Ва ҳам ул дебдурки, бир китобда ўқубменки, Ҳақ субҳаноҳу таоло дебдурки, тун кириши билан мени унутиб, уйқуга кетган кишининг менга муҳаббат даъво қилиши ёлғондир. Ва ҳам ул дебдурки, вақтики, Ироқда эрдим, обид эрдим ва Шомда орифмен. Бу тоифадин баъзи дебдурларки, Шомда анинг учун ориф эрдики, Ироқда обид эрди, агар анда обидроқ бўлса, мунда орифроқ бўлғай эрди. Ва ҳам Абу Сулаймон дебдурки, кўпинча ҳақиқат (кашфу асрор) қалбимда қирқ кунлаб улоқиб юради. Уларнинг фақат икки гувоҳ: оят ва ҳадис асосидагина қалбимдан жой олишига рухсат бераман. Ва ҳам ул дебдурки, қалб матлубни тополмай ғамгин бўлганида руҳ уни топганидан шод бўлади. Аҳмад Абулҳаворий дебдурки, Абу Сулаймонға дедимким, хилватда намоз қилдим, андин лаззат топтим. Сўрдиким, лаззатингнинг сабаби не эрди? Дедим, мени ҳеч (ким) кўрмади. Дедики, қалбингда халқ ёди ўтган пайт сен албатта заифсен. Ҳам ул дебдурким, ҳар бир нарсанинг занги бўлади, қалб нурининг занги эса тўйиб овқатланишдир...”. Юқоридагилардан англашиладики, кишининг орифлик ёки обидлик ҳолатига муҳит ҳам катта таъсир қилади.
Ориф зотнинг зоҳиддан фарқини ҳазрат Махдуми Аъзам қуйидагича баён қилади: “Ориф билан зоҳид орасидаги фарқ шуки, ориф бамисли қуёш, зоҳид бамисли ой, ой тунни равшан қилгай; қуёш эса кўп улуғ бўлиб, кунни равшан айлар. Зоҳид Аллоҳ таолонинг сўзига, ориф эса унинг ўзига машғул бўлгай. Зоҳид халқни илми зоҳир ила даъват қилгай, ориф халқни илми ботин билан даъват қилгай. Зоҳид ҳар не келса халқдан кўргай, ориф ҳар не кўрса Ҳақдан кўргай, зоҳиднинг талаби беҳишт, орифнинг талаби дийдор бўлгай...”.
“Насойимул-муҳаббат” асарида 146-рақам билан зикр этилган Тоҳир Мақдисий ҳақидаги бобда орифлик тўғрисида шундай дейилган: “...Шом машойихининг бузургларидиндур. Зуннун Мисрий қуддиса сирруҳу кўруб эрмиш ва Яҳё Жалло била суҳбат тутубдур. Дерларки, Зуннун била Шиблий ани Хайруш-Шом дебдурлар. Тоҳир Мақдисий дебдурки, Зуннун Мисрий манга дедиким, Аллоҳнинг зоти ҳақида идрок қилиш жоҳилликдир. Унинг маърифат ҳақиқатидан сўзлаш ҳайратдир. Ишорат қилувчининг ишорати ширкдир. Ва ҳам дебдурки, агар орифнинг нурин кўрсалар куйгайлар ва агар ориф ҳам вужуд нурин кўрса куйгай...”.
Камолотга эришган орифларнинг ҳаёти, сўзлари ва эзгу амаллари бизга ибрат, сабоқдир. Уларнинг табаррук руҳларини шод этиш, маърифатини ўрганиш орқали биз ўз қалбимизни – виждонимизни тозалаймиз, ҳаёт тарзимизни ростлик ва эзгулик сари йўналтирамиз.
Хожа Аҳрор валий ҳикоя қилади: “Тошкентда экан вақтларим шаҳар aтрофига чиқиб, орифона суҳбатлар уюштирардик. Бир йигитча бизнинг даврамизни узоқдан термилиб кузатиб турар, ҳеч нари кетгуси йўқ эди. Бир куни таҳорат олишга чиққанимда дарров келиб, сув тутқазди. Шунда мен унинг аҳволини сўрадим. Кўзига ёш олиб дедики: “Мени бир кўринмас куч сизлар томон тортиб туради, сизларга яқинлашсам сўзларингизни эшитсам, ажиб бир ҳолат сезаман, қувонгандан яйрайман”. Хожа Аҳрор сўзида давом этиб дейдики, “...йигит биз билан юриб, суҳбатларимизга қатнашиб улуғ мартабаларга эришди...”.
“Насойимул-муҳаббат” асарида 166-рақам билан келтирилган Ғайлон Самарқандий ҳақидаги бобда шундай дейилади: “...Машойихнинг киборидандур. Жунайд қуддиса сирруҳу била суҳбат тутубдур. Ва маорифда соҳиби такаллум эрди. Ул дебдурки, ориф Тенгридан Тенгриға боқар ва олим далилдин. Ва соҳиби важд далилдин мустағнийдурур...”. Бундан англашиладики, ориф Аллоҳнинг тақдирот ишларига қараб Аллоҳ қандай муомалада эканини билади, олим эса далилларга қарайди. Ўз навбатида “соҳиби важд”, яъни ошиққа далил керак эмас.
Хулоса қилиб айтганда, тасаввуфда ориф деб ўзини англаган, тўғри йўлга тушган Ҳақнинг одами тушунилади. Ориф ҳамиша қалб кўзи очиқ валий, Нажмиддин Розий ибораси билан айтганда, “Ҳақ тажаллиси ногоҳ келур, аммо дили огоҳга келур” ҳолатидаги инсондир. Ориф – ирфон соҳиби, англаган ва таниган инсон. Сўфийларнинг нуқтаи назарида ирфон Аллоҳ туҳфаси бўлгани учун илмдан устун туради. Ориф – Аллоҳнинг шуҳуд, асмо ва сифатларини идрок этган, мавҳум борлиғидан кечиб, Ҳақ борлиғига интилган кишидир.
Мухтасар айтсак, ҳазрат Алишер Навоий “ориф” тушунчаси валий зотлар талқинида қандай эканига махсус тўхталиб ўтади. Зеро, ҳазрат Навоийнинг ўзи ҳам Аллоҳнинг ориф бандасидир.
Шукур ЖАББОРОВ,
Тошкент давлат шарқшунослик
университети тадқиқотчиси
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 4-сон.
“Ҳақ одамлари” мақоласи
Санъат
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ