Қозоқ халқи озодлигини истаган Алаш қаҳрамони Билол


Сақлаш
11:39 / 05.02.2025 10 0

Билол Сулеев 1893 йил ҳозирги Қозоғистон Республикасининг Алмати вилояти Сортепа қишлоғида дунёга келган. Отаси чорвадор бой Сулей ҳожи Мейлиули қозоқларнинг найман уруғидан бўлиб, маърифатпарвар инсон овул болаларига муаллимлик ҳам қилган. 

 

Билол Сулеев 1908-1911 йиллар Есенгул Маманулининг “Мамания” жадид мактабида ўқийди. Сўнг Маманулининг тавсияси билан Уфа шаҳридаги машҳур Олия мадрасасида кейинчалик улкан шоир бўлиб етишган Мағжан Жумабой, ёзувчи Беимбет Майлинлар билан бирга таҳсил олди. 1913-1916 йилларда Оренбург ўқитувчилар семинариясида ўқиб, таниқли публицист, турколог Аҳмад Бойтурсун билан танишади. Шу йилларда Оренбургда чоп этилувчи “Қозоқ” газетасида “Қаптиғай” имзосида қатор мақолалари, “Тўлқин”, “Ўзгаришга”, “Умид” каби кўплаб шеърлари босилади. Унинг мақолалари жадидчилик ғоялари билан суғорилган бўлиб, миллий ўзлик, миллий руҳни ташвиқ қилади ва қозоқ болаларининг қозоқ тилида таълим олишини олқишлайди. У болаларнинг миллий шоирлар – Абай, Аҳмад, Миржақибларнинг ўланларини билишини шарт деб билади. Шунингдек, у татарларнинг “Вақт”, “Шўро” журналларида ҳам чиқишлар қилди.

 

Ёш Билолнинг сиёсий тафаккури шаклланишида 1916 йилги “мардикорликка олиш воқеалари” ҳамда А.Букейхонов, А.Бойтурсун, А.Кенжин, Ф.Галимжанов каби Алаш етакчиларининг қарашлари муҳим ўрин тутади. 1917 йилдан Оренбургдаги қишлоқ хўжалиги билим юртида ўқиб, 1916 – 1918 йиллари Копалда, татар мактабида ўқув бўлимига раҳбарлик қилади. Билол 1917 йилнинг кузида Еттисув вилояти, Верний шаҳрида бўлган мусулмонлар съездида Муҳаммаджон Тинишбаев билан танишади. Қурултой сўнгида Алаш ўрда партиясига аъзо бўлиб, юрт ҳуррияти ва озодлиги учун курашни ҳаётининг мазмуни деб белгилайди. Муҳаммаджон Тинишбаев қурултойдан қайтганидан кейин кўп ўтмай Қўқон шаҳрида эълон қилинган Туркистон мухторияти ҳукуматига раҳбарлик қилади.

 

1918 йил декабрида “Сари — Арқа” газетасида босилган телеграммада Билол Сулеев Алаш-Ўрданинг Копал уезди бўлими бошлиғи сифатида қайд этилган ва уларда большевикларнинг оддий халққа қилаётган даҳшатли зулмларидан хабар беради. Сулеев Алаш Ўрда ҳукумати ҳимояси учун муаллимликни ташлаб, қуролли йигитлар гуруҳига ҳам қўшилади. Афсуски, 1919 йил сўнгида Қизил армия шиддатли ва қонли жангларидан кейин Сибир, Оренбург, Оқтўба ҳудудларини қўлга киритиб, Алаш ўрда ҳукуматини ҳам битирди. Алаш ўрда ҳукумати фаолларининг бир қисми муҳожиротга кетишга мажбур бўлди, бошқалари номаълум сабаблар билан ўлим топди. Аксар қисми эса совет ҳукуматига хизматга киришдан бўлак чора топа олишмайди. Билол Сулеев ҳам бир муддатлик ишсизликдан сўнг 1920 йил совет ҳукуматига ишга киради. У яна ўзининг севган касби – маориф соҳасига қайтади.

***

Большевиклар Алаш ўрда ҳукуматини куч билан йўқ қилса-да, уларнинг қалбларидаги истиқлол, эрк орзуларини йўқ қила олмаганди. Улар Тошкент, Алмати, Оренбургдаги Туркистон Республикаси Маориф халқ комиссарлиги мажлисларида тўпланишаркан, миллатни маорифга бошлаш, ҳуррият учун ҳаракат режаларини ишлаб чиқишар, Муҳаммаджон Тинишбаев, Турор Рисқуловлар бошчилигида Туркистондаги миллий истиқлол кураши қаҳрамонлари бўлган қўрбошилардан умид қилишар, яширин бўлса-да миллий ғоя, дин ва миллий қадриятларини йўқотмаслик ҳақида орзу қилишарди. Бироқ, кун сайин душман куч олиб, совет ҳокимияти кучайиб бораверди.

 

 

Билол Сулеев 1923 йил компартия аъзоси бўлгач, тинимсиз меҳнати туфайли Еттисувнинг аксар овулларида бошланғич мактаблар ва интернатлар иш бошлади. Айни пайтда ижодий фаолиятини ҳам тўхтатмади. “Матай” “Қаптағай”, “Буйрас” имзоси остида очерклар, шеърлар, мақолалар эълон қилишда давом этди. “Қиз билан йигитнинг айтиши”, “Нақисбек”, “Қозоқ муаллимига” каби кўплаб ҳажвий шеърлари газета ва журналларда босилди. “Тилши” газетасининг деярли ҳар сонида “Қаптағай” имзоси билан материаллари босиларди. 1924 йил “Сауле” журналида айни шу таҳаллус билан “Сўқир така” қозоқ болалар ўйинини ҳам чоп этади. 

 

Билол Сулеев 1925-26 йилларда Қозоғистон Маориф халқ комиссарлиги касбий таълим ва техникумлар масалалари бўлими мудири бўлиб ишларкан, қисқа муддатда 19 та бошланғич мактаб ва 11 та техникум очишга муваффақ бўлади. Унинг раҳбарлигида Тошкентдаги қозоқ педагогика институти Семипалатин шаҳрига, Оренбург педагогика институти Оқтўба шаҳрига кўчириб келтирилади. 1926 йил 26 февраль – 5 март кунлари Боку шаҳрида лотин алифбосига ўтишга бағишланган қурултойда таниқли қозоқ олими ва педагоглари Аҳмед Байтурсун (1872-1937), Элдес Омаров (1892-1937), Назир Тўрақулов (1892-1937), Азиз Байсаидов (1893-1955)лар билан бирга иштирок этади. 1928 йил Ўроз Жондўсов билан Алмати шаҳрида биринчи қозоқ университетининг очилишига бош қош бўлади.

 

Билол Сулеев 1929 йил Оқтўба вилоят халқ таълими бўлими мудири бўлиб, оиласи билан Оқтўбага кўчиб келади. Шу йилнинг сўнгида эса Семипалатин педагогика институти директорлигига тайинланади. Албатта, унинг бу қадар эркин фаолияти ўзини юртнинг эгаси деб ҳис қилувчи кимсаларга ёқмас эди. Кўп ўтмай баҳона ҳам топилди. 1930 йилнинг ёзида Сўзоқ ва Сарисув туманларида советларнинг ноинсоний иқтисодий сиёсатига қарши халқ қўзғалони юз берди. Қозоқ халқининг ардоқли фарзандлари ўз халқининг ёнида туриб зулмни бас қилишларини талаб қилади. Бироқ, шўролар ҳукумати ҳамишаги юзсизлиги билан барча айбловни Алаш ўрда аъзоларининг бўйнига босишга интилдилар. Тез орада қозоқнинг энг илғор фарзандларидан 30 га яқини, жумладан, 1930 йилнинг 4 августида Муҳаммаджон Тинишбаев, 14 сентябрда Халил Досмухаммедов, 27 сентябрда Билол Сулеевлар бирин-кетин ҳибсга олинади. 1930 йил ноябрь ойида Билол Сулеевнинг учинчи фарзанди Озод (1930-1997) дунёга келди. Бироқ... Билол Сулеев ҳеч бир айби исботланмаган ҳолда турманинг зах ҳужраларида узоқ вақт ноҳақ ушлаб турилди. 1932 йил ўзининг айбсизлигини исботлаб озодликка чиқди. Аммо, бу вақтда у оиласидан абадийга айрилганини тушунди. Фотима Габитова икки фарзанди билан Семипалатиндан Алматига қайтиб кетган эди.

 

Билол Сулеев ўзига нисбатан қилинган ноҳақликларни тўғрилашини талаб қилиб Москвага йўл олди. Аввалига 24-сонли заводга оддий ишчи сифатида жойлашиб, шу йилнинг август ойида партияга тикланишга муваффақ бўлади. Кейинроқ маданий-маърифий соҳада иш топиб, яна ижодга шўнғиди. Бироқ, изида юрган кимсалар унга қарши турли туҳмат ва бўҳтонларини давом эттираверди.

 

1935 йил Москвадан Қорақалпоғистоннинг Тўрткўлига келган Билол Сулеев Маориф халқ комиссарлиги олий ва ўрта мактаблар бўлимида иш бошлайди. Қисқа муддатда меҳнаткаш, фидойи ходим сифатида ўзини кўрсатади. Турмуш ўртоғи Евдакия Ивановна ва ўғли Жонибек билан мамнун ҳаёт кечиришарди.

 

***

1937 йил 7 сентябрь туни Тўрткўл шаҳри, Инқилоб майдони кўчаси, 6-уйнинг эшигини ҳам совуқ тусли кимсалар тақиллатишди. Тинтув сўнгида қўлига илинган барча нарсаларни рўйхатга олгач, Билол Сулеевни ҳибсга оладилар. Унинг ортидан 35 ёшли турмуш ўртоғи Евдакия ва 14 ёшли ўғли Жонибек қон йиғлаганича қолди.

 

1937 йил 9 сентябрь куни ИИХК Тўрткўл бўлимида ҚАССР Маориф халқ комиссарлиги олий ва тўлиқсиз ўрта мактаблар бўлими мудири Билол Сулеев аксилинқилобий Алаш партияси аъзоси деб топилиб, ЎзССР ЖКнинг 67-моддаси билан айбланиб, қамоққа олишга қарор имзоланади. Шу куни илк сўроқда Билол Сулеевнинг ўтмиши – Алаш фаолиятидаги иштирок ҳақида суриштирилди. Муҳаммаджон Тинишбаев ҳақидаги саволга “1936 йил март ойида Тўрткўлда кўрган эдим. 5-10 дақиқага чўзилган суҳбатда М.Тинишбаевни Ер ишлари халқ комиссарлигига ишга келганини англадим”, — дейди Сулеев. М.Тинишбаев билан 1930 йиллар қамоқда ораси бузилиб, 1932 йилдан сўнг мулоқотда бўлмаганини таъкидлайди. Тинишбаев Тўрткўлда совет партия мактаби ўқитувчиси Кусекеев Умаралининг уйида тургани ва 1936 йил сентябрь ойида Тўрткўлдан чиқиб кетганидан бошқа ҳеч қандай маълумотни билмаслигини маълум қилади.

 

1937 йил 10 сентябрь куни навбатдаги сўроқда ўзининг 1918-1922 йиллар Муҳаммаджон Тинишбаев, Данше Адилов, Халил Досмуҳаммедовлар билан ҳамкорликдаги фаолиятига тўхталади. Бироқ, 1930-32 йиллар Алаш аъзоси сифатида Алматида қамоқда бўлганидан сўнг бу алоқалар тўлиқ узилганини таъкидлайди.

 

Сулеев 1938 йил 25 февраль кунги сўроқда ҳам фақат ҳақиқатни сўзлади. Бирор инсонга бўҳтон қилмади. Фақат узоқ давом этган муттаасил таҳқир ва қийноқлардан сўнг 1938 йил 23 апрель куни бутунлай туҳматлар билан бежалган бир нечта машинкада ёзилган қоғозларга Билол Сулеевнинг имзоси олинди. Шу вақтгача сўроқларда номи тилга олинмаган инсонлар ва воқеликлар унинг ашаддий жиноятчи эканининг далили сифатида талқин этилди. Жумладан, “Алаш ўрда ҳукуматининг йўқ қилингани ҳолда сиёсатни ютқазсак-да маорифни қўлдан бой бермасликка интилдик”, дейди. М.Танишпаевнинг йўли бу – таълим даргоҳларида миллий ғурурни шакллантириш; китобларда хонликлар замони ва Алаш ўрда тарихига мурожаат этиш орқали миллий руҳни ташвиқ этиш; Бокудаги 1-туркология қурултойида араб алифбосини ҳимоя қилиш кўринишларида вазиятни қўлга олмоқчи эдик, дейди. 1930 йил қамоққа олинган М.Тинишпаев, Жангаш ва Халил Досмуҳаммедовлар, Азимжон Баримжон, Денша Адилов, Алимхон Ирмеков, Сайидазим Кадирбоев каби Алаш аъзолари билан Т.Рисқулов ва шогирдлари жами 17 киши қамоққа олингани, икки йил давомида Алмати турмасида ётиб, ўзининг айбсизлигини исботлаб қутилганини ҳикоя қилади. Ўзининг Москвага бориб партияга ҳам тиклангани, бошқаларнинг концлагерларга кетганини ёзади. Москвада вақтида №24 заводда ишчи бўлиб, кейин Қозоғистоннинг доимий вакили собиқ Алаш аъзоси Карим Тўхтабоев қабулида бўлгани ва 1935 йилдан Тўрткўлда Усен Сарикулев билан танишиб, аксилинқилобий мақсадда таржималар қилганини “тан олади”.

 

1938 йил 28 апрель куни Билол Сулеев Усен Сарикулов билан, 1938 йил 29 апрель куни Саит Туреев билан юзлаштирилди. Албатта, жисмоний қийноқ ва руҳий таҳқирлар остида яна керакли имзолар қўлга киритилади. Шундан сўнг ишга “Халқ душмани” экани исботланган инсонлар, жумладан Султонбек Хўжановнинг 1937 йил 31 июлдаги, Саидвақос Османовнинг 1937 йил 8-9 сентябрь кунларидаги, Ўроз Жондўсовнинг 1937 йил 20 сентябрдаги, Кабилбек Саримўлдаевнинг 1937 йил 5 октябрдаги сўроқ баённомаларидан Билол Сулеев номи қайд этилган бетларидан нусха олиб тикилди.

 

Жиноят бир хил, бироқ 1937 йил 14 сентябрда қарорда Билол Сулеев ЎзССР ЖКнинг 60-, 67-моддалари билан, 1938 йил 29 апрелдаги қарорда 67-, 63-, 57-1 – моддалари, сўнгги қарорда эса 64-, 67-, 63-, 58-4 – моддалари билан айбланади. Айблов баённомасида Билол Сулеев ҚАССРдаги троцкийчи аксилинқилобий ташкилот аъзоси, 1930 йил Сўзоқ ва Сарисув қўзғолони ташкилотчиси сифатида М.Танишбаев, А.Бойтурсунлар билан жазога тортилгани, 1935 йилдан Тўрткўлда бўлиб халқ таълимдаги ҳамма камчиликлар – олий маълумотлиларнинг камлиги, саводхонликнинг пастлиги, мактабларнинг юпунлиги, дарсликларнинг етишмаслиги учун айбдор деб топилади. Ваҳоланки, у қисқа муддатда улкан ишларни амалга оширган ҳақиқий таълим фидойиси эди.

 

1938 йил 13 октябрь куни Тошкент шаҳрида тузилган машъум учлик соат 14:10 дан 14:25 гача – 15 дақиқада Билол Сулеев ишини кўриб, уни ҳеч бир далил исботсиз олий жазога ҳукм қилади. Ноҳақ ҳукм шу туннинг ўзида ижро этилди.

 

***

Сталин вафотидан сўнг бошқа жабрдийдалар қаторида Билол Сулеевнинг фарзанди Азат Сулеев ҳам ҚАССР прокурорига хат йўллаб отасининг қисмати билан қизиқади. Шунингдек, отасининг ҳаёт фаолияти, қозоқ халқининг маърифий ривожидаги хизматлари ҳақида тўхталиб, унинг оқланишида ёрдам сўрайди. Шундан сўнг Билол Сулеевнинг иши қайта кўриб чиқишга топширилади. Афсуски, бу вақтга келиб унинг сафдошлари аллақачон сталинча қатағонлар қурбонига айлантирилган эди. Уни билган кўрган инсонлар эса фақат яхши томонларини эслайди. Жумладан, Билол Сулеев ишида асосий гувоҳлардан бўлган Ўрозали Кусекеев омон қолган экан. 1910 йил Мўйноқда туғилган Ўразали Кусекеев ҚАССР партия қўмитаси тарғибот-ташвиқот бўлими мудири ўринбосари, “Совет муаллими” журналининг муҳаррири бўлган. 1937 йил 15 сентябрда бўҳтон билан қамоққа олиниб, 1938 йил 13 октябр куни 10 йил концлагерга ҳукм этилади. 1954 йил Магадан лагеридан озодликка чиққан Кусекеев Қўнғирот туман халқ таълими бўлимига тегишли билим юртига ишчи бўлиб ишга киради.

 

 

Ўразали Кусекеев 1956 йил 17 май куни қайта сўроқда “1937-1938 йилларда мени аксилинқилобий фаолиятда айблаб қамоққа олдилар. Мен сўроқлар давомида ҳамма айбловларни рад этдим. Ҳеч кимга қарши кўрсатма бермадим. Бироқ, 1938 йил 31 март куни тинимсиз қийноқ ва таҳқирлар остида ақлимни йўқотиш ҳолатига келганимда қандайдир 9 варақдан иборат машинкада тайёрланган сўроқ баённомасини имзолатишган эди. Бу бўҳтонларни мен имзолашга мажбур қолганман. Аслида юзлаштиришларда ҳам тўлиқ жисмоний қийноқлар қўллаб имзолатишган эди. Мен энг сўнгги мажлисда ҳам буларнинг ҳаммаси бўҳтон дедим. “Учлик” раиси Алексеев бўлса “Ҳаммаси шунақа, ҳаммаси шу гапни айтади” деб эътиборсизлик билан мени чиқариб юборди. Кейинроқ мени 10 йилга қамоққа ҳукм қилишганини билдим. Шунча йил туҳмат ортидан ноҳақ ўтириб чиқдим”, - дейди.

 

Шу ўринда қорақалпоғистонлик таниқли давлат арбоби Қорабой Эрмонов (1903 й.т.)нинг гувоҳлиги ҳам аҳамиятли. 1939 йил 14 июн куни қайта сўроқда Қорабой Эрмонов “Мени 1938 йил 17 апрелда ёлғон кўрсатмалар ва бўҳтон билан ҳибсга олишган. Тергов вақтида мендан қандайдир аксилинқилобий ташкилот аъзоси эканимни тан олишимни талаб қилишди. Рад этганим учун жисмоний куч ишлатишга ўтдилар. Терговчи Акжигитов муттасил қийноқлар қўлларди. Айниқса, 8-хона дейиши билан маҳбуслар даҳшатга тушарди. Чунки бу хонада инсоннинг ақли бовар қилмайдиган қийноқлар ва ваҳшатлар қўлланар эдики, одам ундан ўлимни маъқул кўрарди. Бу даҳшатлар такрорланмаслиги учун айбланувчилар ҳар қандай қоғозга имзо қўяр эди”, дейди.

 

Шу тариқа Билол Сулеев 1957 йил 2 июлда СССР Олий суди қарори билан оқланди. Бироқ, унинг оила аъзоларига на моддий зарар, на қўлга олинган вақтда олиб кетилган оталарига тегишли бирор бир буюм қайтарилмади.

 

Таниқли жамоат арбоби, маърифатпарвар, Алаш партияси аъзоси, журналист ва драматург Билол Сулеев ўзининг қисқа, аммо сермазмун ҳаёти давомида публицист сифатида қозоқ миллий матбуотида, адиб сифатида қозоқ жадид адабиётида ўзининг муносиб ўрнига эга. Алаш ўрда ҳукуматида ҳуррият, миллий давлатчилик йўлида фидокорона хизмат қилди. Маърифатпарвар педагог сифатида эса кўплаб шогирдлар етиштириш, дарслик қўлланмалар яратишдан ташқари бугунги Қозоғистоннинг таълим тизими пойдеворини шакллантиришда улкан ҳисса қўшди. Қайси вазифада, қандай лавозимда ишламасин ҳамиша халқ, миллат томонида бўлди. Биргина 1936-37 йилларда Қорақалпоғистон маориф халқ комиссарлигида бошланғич мактаблар программаларини ишлаб чиқди, мактаб дарсликлари учун Пушкин, Добровский, Тургеновларнинг асарларидан таржималар қилди, бир қанча дарсликлар, адабий асарларга тақриз ёзди. Бундан ташқари ҳукуматнинг иқтисодий, ижтимоий сиёсатини халққа етказиш мақсадида кўпгина ҳисоботларни таржима қилди. Бироқ, шўро маъмурлари томонидан шундай олийжаноб хизматларга туҳмат қилинди.

 

Билол Сулеевнинг фарзандлари тақдири ҳам осон кечмаган, афсуски. Тўнғичи Фарида 1930 йил ўн бир ёшида вафот этади. 19 ёшли Жонибек эса 1942 йил ихтиёрий армияга ёзилади, 1943 йил март ойида Смоленск этакларидаги жанглардан бирида яраланиб ҳалок бўлади. Фақатгина кенжа фарзанди Озод Сулеев (1930-1997) отаси орзусидаги мустақил юртни кўриш имконига эга бўлди, у турколог ва таржимон бўлиб етишди. Набираси Жонибек Сулеев (1962) бугун Қозоғистоннинг кўзга кўринган журналист ва жамоат арбобларидан бири. Собиқ шўро қанчалар ҳаракат қилмасин юртнинг асл ўғлонини буткул йўқота олмади, у бугун авлодлари ва юртдошларининг хотираларида абадий қўним топган.

 

Баҳром ИРЗАЕВ,

Тарих фанлари бўйича фалсафа доктори

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Санъат

12:02 / 05.02.2025 0 13
Ҳинд йиғиси

Таълим-тарбия

17:02 / 03.02.2025 0 42
Ўзбек боғча қидирган тарбиячи





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 15140
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//