Санъат
Туркистонда ҳали кураш давом этаётган бир пайтда ташкил этилган “Ўрта Осиё Миллий Авоми инқилобий қўмиталари” дастлаб “Туркистон озодлик жамияти”га, кейин эса “Туркистон миллий иттифоқи”га айлантирилган. Бундан асосий мақсад Совет Иттифоқининг асирлигида қолган бошқа миллатлар билан биргаликда Совет Иттифоқининг парчаланишини таъминлаш ва ўз мамлакатининг мустақиллигига эришиш бўлган.
Бунга фақат матбуот ва радиоэшиттиришлар орқали эришиш мумкинлигини англаб етган туркистонлик муҳожирлар Истанбулда жойлашган Туркистон миллий бирлик (ТМБ) ҳаракатининг илк ташаббуси билан “Янги Туркистон” журналини нашр этишни йўлга қўйишган. 1927 йил июн ойида чоп этила бошланган “Янги Туркистон” тез орада Туркистоннинг озодлиги, мустақиллиги учун кураш ҳаракатининг ташқи дунёдаги матбуот котибига айланган. Бироқ, 1928 йили Туркия Республикаси маъмурияти томонидан кун тартибига киритилган алифбо инқилоби ва лотин алифбосига ўтиш қарори “Янги Туркистон” журналининг нашр органи бўлган Туркистон миллий бирлик ҳаракати фаолияти соҳасини анча қисқартирган. Журнал лотин ҳарфларида нашр этилиши билан Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон ва араб давлатларида яшовчи туркистонликларга етиб бориш имконияти йўқолган. Туркистон миллий бирлиги раҳбарияти вазиятни баҳолаган ҳолда журналнинг бош қароргоҳини Европага кўчириш ва уни араб ҳарфларида қайта чоп этиш бўйича тадқиқот бошлаган, аммо бу ҳаракатлар муваффақиятсиз тугаган. Ниҳоят, 1929 йил сентябрда Истанбулда бўлиб ўтган Туркистон миллий бирлиги қурултойида журналнинг Туркияда нашр этилишини давом эттириш, Берлинда эса араб ҳарфлари билан чоп этиладиган бошқа журнал чиқаришга қарор қилинган. Ўзбек шевасида нашр этиладиган журнал “Ёш Туркистон” деб номланган. Мазкур журнал Туркистон миллий бирлик ҳаракатининг Европадаги вакили Мустафо Чўқай ўғли раҳбарлигида нашр этилиши назарда тутилган, лекин 1929 йилги қурултой ҳужжатлари ва Туркистон миллий бирлик ҳаракати раҳбарларининг ёзишмаларидан маълум бўлишича, бу журнал “Янги Туркистон” журналида бўлгани каби Пилсудский фондидан, яъни “Промете” ҳаракатининг маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган.
Журнал таъсисчилари унинг номланишини бўйича: “Бугун ва ҳатто Чорлик замонида умумий ном сифатида қўлланилиши тақиқланган, Шарқий ва ғарбий Туркистон, Қозоғистон ҳамда Туркманистон ҳудудларини бир ном остида ифодаловчи “Туркистон” сўзи журналимиз учун ном бўлмишдир. Ҳақиқий ва табиий маъноси ила “Туркистон”нинг “янги”лигини фақатгина асрий маъноси орқали миллий истиқлолни ифодалаши нуқтаи назаридан бу шаклда тасвирламоқдамиз” дея изоҳлашган.
“Янги Туркистон” журнали ўз олдига қуйидаги муҳим мақсад ва вазифаларни қўйган:
1. “Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Туркия, Европа ҳатто Япония, Миср ва Америка каби дунёнинг фарқли жойларида яшаган туркистонлик муҳожирларга Туркистондаги миллий ҳаракатлар, унинг сиёсий, маданий ва иқтисодий аҳволи билан боғлиқ маълумотлар бериш;
2. Туркистондаги турк маданияти ҳақида мақолалар чоп этиш ҳамда турклар орасидаги маданият бирлиги хусусидаги масалаларга ойдинлик киритиш;
3. Туркистондан ташқарида яшовчи туркистонликлар ва европаликлар орасида амалга оширилаётган турк маданияти борасидаги лойиҳаларни ёритиб бориш;
4. Қўшни ислом давлатларидаги янгиликлар ҳақида маълумотлар бериш;
5. Шунингдек, дунёнинг фарқли ерларидаги туркча ўқиб англай оладиган дўстларимизга Туркистондаки аҳвол, туркистонликларнинг орзу ва истаклари ҳақида хабар бермоқликдир”.
“Янги Туркистон” журнали Туркиядаги муҳожир жадидларнинг илк матбуот органи бўлиб, журнал тили Онадўли туркчаси, Туркистон (чиғатой) туркчасида араб ҳарфида чоп қилинган. 1928 йил ноябрь ойида Туркияда араб алифбосидан лотин алифбосига ўтилиши билан “Янги Туркистон” журнали ҳам, аниқроғи 17-сонидан бошлаб лотин алифбосида нашр қилинган. 27-сонидан бошлаб журналнинг нашр қилинишида 7 ойлик узилиш юз берган. Журнал 28-сонининг илк саҳифасида “Тазарру” сарлавҳали мақолада узилишнинг сабаби сифатида моддий қийинчиликларга дуч келингани, жумладан: “Янги Туркистон журналимиз афсуски, молиявий қийинчиликлар туфайли март, апрел, май, июн, июл, август ва сентябр ойларида нашр этилмади. Бугун фидойи, ватанпарвар, миллатпарвар сафдошларимиз кўмагида бу камчиликлар қисман бартараф этилди, эски таҳририят ҳайъатига бошқа қаламкаш ҳамкасбларини ҳам ўз атрофига тўплади. Бошқа томондан, алоқа масалалари ҳам қатъий таъминланади. Бундан буён журналимиз кучга тўла, янги мавзу ва янгиликларни мунтазам чоп этиб, узоқ вақтдан бери интиқлик билан кутган ишларимизни рўёбга чиқаришга ҳаракат қиламиз. Журналимизнинг янада мустаҳкамланиши ва давом этиши учун Туркистондан ташқарида яшовчи фуқароларимизнинг моддий ва маънавий ёрдамини кутиш билан шу пайтгача муросага келганимиздан очиқ афсусдамиз” деб айтилган.
1927 йил 5 июндан 1931 йил сентябргача журналнинг жами 39 та сони Истанбулда босилган. Журналнинг сўнгги саҳифасида босмахона манзили дастлаб Истанбулдаги Гумушҳане кўчаси 5-уй, кейинчалик Нуриосмония, Ориф Пошо кўчаси 4-уйда жойлашганлиги кўрсатилган. Истанбулнинг Анқара марказий кўчасидаги Замон кутубхонаси эса журнал тарқатиладиган жой бўлган. “Янги Туркистон” сиёсий, илмий, адабий, иқтисодий журнал бўлиб, 32 саҳифалик ҳолда ойда бир марта чиққан.
Журналнинг сиёсий, адабий ва илмий, иқтисодий, тарих ва элшунослик, тарбиявий-ижтимоий, жўғрофия ва осори-атиқа, Туркистон миллий курашлар тарихига оид масалалар, матбуот, китобиёт, хабарлар, обуначилар саҳифаси ҳамда сиёсий воқеалар каби рукнлари бўлган. Ушбу рукнларда Туркистон масаласи, унинг ҳудуди ва аҳолиси, Туркистон этнографияси, совет ҳокимиятига қарши олиб борилган истиқлолчилик ҳаракатлари, сайловлар, мустамлака тузумининг Туркистонни бошқаришда қўллаган иқтисодий, миллий, маориф, дин ва совет адабиётини яратиш сиёсатини очиб берувчи мақолалар нашр қилинган. Хабарлар рукнида ўзбек, қозоқ, туркман, қирғиз элидаги, шунингдек, Франция, Италия, Полша, Болтиқ давлатлари, Миср ва Русиядаги сиёсий воқеалар доимо ёритиб борилган. Обуначилар саҳифаси рукнида Германия, Коня, Будапешт, Ҳиндистон, Франция, Қоҳира, Қутаҳя ва бошқа мамлакатлардан идорага келган мактублар эълон қилиб борилган.
Усмонхўжа Пўлатхўжаев, Аҳмад Заки Валидий Тўғон Мустафо Чўқай, Солиҳ Исмоил Эркинқул, Абдулқодир Инон, Абдуллоҳ Зода Таваккул, Мағжон Жумабой, Мустафо Шоҳқули, Аҳмад Наим Ўктам, Аҳмад Ҳаққи, Нажмиддин Аҳмад Далил, Жафар Саид Аҳмадбек, Ҳусайн Бойқаро, Козимзода, Бурхониддин Балхий ва бошқа муаллифлар томонидан журнал саҳифаларида мунтазам мақолалар чоп қилинган. Журналнинг деярли ҳар сонида бош мақола ўрнида Усмонхўжа Пўлатхўжаевнинг мақолалари берилган. Шунингдек, Абдулла Қодирийнинг “Русияда миллий истиқлол ҳаракати ва оқ рус матбуоти”, “Қозоқ-қирғиз ўлкасида ер масаласи”, “Комсомол аҳлоқи” каби мақолалари, Абдулҳамид Чўлпоннинг “Суҳбат”, Абдурауф Фитратнинг “Қор”, Элбекнинг “Миллий байроқ” шеъри ва бошқа жадид маърифатпарварларининг илмий-бадиий ижодидан намуналар келтирилган.
Журнал саҳифаларида миллат ойдинларининг ҳаёти ва фаолиятига оид мақолалар ҳам эълон қилинган. Хусусан, журналнинг 1927 йил 7-сонида берилган хабарда: “6 ноябрда Эски Тошкент шаҳри Маориф уйи биносида тўпланган мунавварлар мажлисида Туркистон маориф ходимларидан 6 кишига “Хизмат қаҳрамони” унвонини тақдим этдилар. Булар Абдулла Авлоний, Мажид Қори, Ҳошим домла, Ҳасан домла, Саид домла, Мусо ва Мўминжон Муҳаммаджонлардан иборат”лиги айтилган. 1931 йил 31-сонидаги мақолада эса совет ҳокимияти томонидан Абдулла Қодирий, Боту, Ботир, Миртемир каби зиёлиларнинг таъқиб қилиниши ва қамоққа олиниши ҳақида қимматли маълумотлар берилган.
“Янги Туркистон” журнали Туркистон миллий истиқлоли мафкурасини ва замонавий турк фикрини ёювчи, Туркистон ва Анадўли турклари орасидаги тил ҳамда маданият бирлигига қаратилган улкан хизматларни амалга оширувчи миллий озодлик ҳаракати байроқдори бўлган. Мазкур журнал айни вақтда ҳам Туркистоннинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий-маданий ҳаёти, тарихи, жумладан, жадидчилик ҳаракати, унинг намояндалари ва уларнинг меросини ўрганишда муҳим манба бўлиб хизмат қилади.
Машҳурахон ДАРМОНОВА,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD)
Фойдаланилган манба ва адабиётлар
1. A. Ahat Andican. Yaş Türkistan Dergisi ve Türkistan Milli Hareketi. “Yaş Türkistanʼdan Seçilmiş Makaleler”. İstanbul. 2006.
2. یګی تورکستان” . ۱۹۲۷ — حزیران — ۵. صانی ۱. صهفه ۳۲”.
3. A. Ahat Andican. “Cedidizmden Bağımsızlığa Hariçte Türkistan Mücadelesi”. İstanbul. 2003.
4. Tevfi̇k EVCİ. Yeni̇ Türki̇stan Dergsi̇ (1927 – 1931). Kirikkale Üni̇versi̇tesi̇ sosyal bli̇mler ensti̇tüsü tari̇h anabi̇li̇m dali, yüksek lisans tezi̇. Kirikkale – 2006.
5. İdare. İtizar. “Yeni̇ Türki̇stan” dergsi̇. Sayı: 16 (28). Teşrinievvel 1930.
6. Чўлпон. Суҳбат (шеър) // “Янги Туркистон” журнали. 1927 йил 4-сон.
7. Фитрат. Қор (шеър) // “Янги Туркистон” журнали. 1928 йил 14 – 15-сон.
8. Элбек. Миллий байроқ (шеър) // “Янги Туркистон” журнали. 1928 йил 10-11-12-сон.
Санъат
Тарих
Таълим-тарбия
Адабиёт
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ