Мутахассислигим – мактабгача таълим психологияси ва педагогикаси. Мактабда 10 йил рус тили ўқитилган, Худо ҳаққи, “мама”, “папа”, “зраствуйте”дан бошқа нарсани тушунмайман. Шукурки, қишлоғимда, университетда бунинг ортидан ҳечам панд емадим. Ўтган йили Тошкентга кўчиб келдик. Бу ерда ҳам ҳаммаси яхши эди, токи иш излашни бошлагунимча. Ишни хўжайинимнинг бошини оғритишдан бошладим, ишламасам бўлмайди, уйда зерикяпман, тўрт девор мени ғажиб ташлаяпти, дедим. Безор бўлган у кишим бир кун ўтириб мен билан интернетдан иш изладилар. Асосан, болалар боғчасидан тарбиячи иш ўрни изладик. Хоҳ ишонинг, хоҳ ишонманг, 90 фоиз эълонлар фақат рус тилига ихтисослашган боғчалардан қолдирилган. Бу не савдо! Бошимни чангаллаб қолдим. Ўзбекчаси ҳам бор экан-ку, ўшаларига қўнғироқ қилайлик, деб туриб олдим. Эрим эса телефонни кўзимга яқинроқ тутиб, кўрмаяпсанми манзили қаердалигини, қанот чиқариб учиб бормоқчимисан, деди. Не кўз билан кўрайки, жонимга оро кирган бу эълонларнинг остига “Манзил: Тошкент вилояти...” деб ёзилган. Шу жойига келиб “пиштим”. Асабим дош беролмай қолди. Нима бўлса бўлди, телефон қилинг ўшанга, балки ўрисча билмасам ҳам ишга олишар, янглишишгандир, дедим талмовсираб.
– Бу рус болалар борадиган боғчами?
– Йўқ, ўзбек болалар учун.
– Ўзбекчанинг ўзи етарли бўлмасмикан, опажон?
– Бўлади, фақат ёрдамчи сифатида ишлайди, болаларни овқатлантириш, кийинтириш, тозалаш ишлари дегандек... Шунда ҳам уларга русча мурожаат қилиш керак.
Йўқ-йўқ дедим, бошимни илкис кўтариб. Ўша кун, ўша нуқтада бу мавзуни ёпдик. Эримни бошқа безовта қилмадим. Анча вақтгача мени тушкун кайфият тарк этмай юрди. Бу орада бир-икки ёш болаларга уйда қарайдиган бўлдим. Меҳнат ҳақимни беришди. Бу менинг биринчи ишлаб топган пулларим эди. На хурсандлигим, на хафалигим билинарди. Ўз юртингда ўзингнинг эмас, ўзганинг тилини билмаганинг учун расман ишлолмасанг, тўғриси, ёмонам алам қилар экан. Боз устига, ўз ватанингда ижарада турсанг... Шунинг ўзи етмасмиди-ей?
Кунлар ўтди, ойлар ўтди. Юрагимдаги мени ишга олмаганларга бўлган гиналарим тарқаб ҳам кетди. Ва худди шу кунларда ёнгинамиздаги бинода яп-янги боғча очиладиган бўлди. Суриштира-суриштира, мудираси билан гаплашдим, ишга олишга кўндирдим ҳам, фақат кичикроқ ёшдаги болалар гуруҳига қаровчи сифатида. Иш дегани мана бундоқ бўлибди! Юрибсиз-да сиз ҳам, хўжайин!
Расман очилгунча эгаларига кўмаклашиб турдим, супур-сидир, югур-югур, безат-чиздир қилиб ҳам чарчамадим, хурсанд эдим, чунки энди менинг чиндан ҳам ишим бор! Бирорта қариндош, синфдош, курсдошларим қолмади, ҳаммадан суюнчи олиб чиқдим, мен ишлайдиган боғчанинг расмларини ташладим. Ва кечга яқин суратларни бирма-бир кўриб чиқаётсам, аввал ўзим эътибор бермаган эшикдаги ёзувга кўзим тушиб, юрагим шув этди. “Добро пожаловат!” Бу қандай ҳазил!? Ё англашмовчиликмикан?
Эртаси куни оналар жажжи фарзандларини кўтариб кела бошлашди. Шароитлар, жиҳозлар, ўйинчоқларни кўздан кечиришди. Кейин битта-иккита гаплари қулоғимга чалинаверди:
– Ўзи тарбияловчилари русчани билишармикан?
– Менга қаранг, опа, болам русчани яхши ўрганиши керак!
– Нечи ёш ўзи?
– Бирдан ошди...
– Гапирадими?
– Энди-да...
Устимдан кимдир совуқ сув қуйиб юборгандай бўлди, қўлларим шалвираб қолди. Ҳали гапиришни билмайдиган бола-я? Ахир ўзи қистаб тургани йўқ-ку менга русча ўргатинглар деб! Нега бизда ота-оналар фарзандларининг тақдирини туғилмасиданоқ ҳал қилишади? Нонни нанна, сувни тув дейдиган, она сўзини айтолмайдиган болани ким мажбурлаяпти? Бу мантиқсизликнинг боши қаерда?
Кейин билсам, ота-оналарнинг аксарияти болам русча ўрганса, фикрлаш доираси кенгаяди, ўзлашитириши яхшиланади, чунки рус боғчаларда шароит яхши, ҳаммаси талаб даражасида, деб ўйлар экан. Қачондан бошлаб жамиятнинг тил билиш, илм ўрганиш даражаси, бутун бошли таълим тизимининг режали иш юритиши қаёқдаги миллатини менсимайдиган чала ўзбек ота-оналарнинг талаби билан шаклланадиган бўлди? Ё унақа эмасми? Наҳотки мана шу бемаънигарчиликни тузатишнинг имкони йўқ?!
Балки менинг мулоҳазаларимдан айб топишга киришиб кетгандирсиз. Тил билса нима бўпти, шунга ота гўри қозихонами? Қанча кўп тил билса яхши-ку, деётгандирсиз? Яшанг, бу ҳақда гап сўз бўлиши мумкин эмас. Катта бўлиб, ақлини таниганда ўнта тил ўрганса ҳам бўлади-ку! Аммо бир нарсани унутмаслик керак, болага инсоний туйғулар, инсоний фазилатлар она сути билан кирган бўлса, ватанни севиш, миллатини ардоқлаш ва у учун беғараз хизмат қилиш каби хислатлар она тили билан киради. Бугун боласини тарбиялашга олиб келганлар рус, ёки инглиз, немис эмас, айнан ўзбек оналар эди. У ҳам майли, яна биттасини айтиб берсам, ёқа ушлайсиз!
– Бу тарбияловчилариз “вотти”лаб гапиришадими, ишқилиб? “Япти”лаб гапирса бумийди, – деди лаби ботекс қилинган тўлачадан келган бир аёл.
– Нимага унақа деяпсиз? Ўзингиз ҳам вилоятдан келиб ижарада яшашингизни биламан-ку, опажон, – жавоб қайтарди мудирамиз синовчан нигоҳ билан.
– Тўғри, шунақа-ю, лекин болларимни тили бузилиб кетмасин, ўртоқларидан ажралиб қомасин дейманда, опажооон...
Бунисига нима дейсиз энди? Тилга қайғураётганим бир томон, мендан ҳам рус тилини талаб қилишаётгани бир томон... Мудирамиз эса менга “Ташвишланманг, сизга кичкиналари насиб қилган, уларга унчалик шарт эмас, мен сизни биласиз деб ўйлаган эканман-да. Ҳали ўрганиб кетарсиз...” деди. Энди нима қилишга бошим қотган. Аввалига оз-моз ўрганиб турсам, балки кейинчалик тушуниб борарман, ҳарҳолда, яна бир тилни ўрганиш зарар қилмайди. Лекин буни истамасанг-да бажариш жуда ёмон, мен сизга айтсам...
Уйга келсам хўжайиним телефонда кулгили бир видео кўраётган экан. Яхшилаб қулоқ солсам, аслида қайғули видео эди, буни фақат мен тушунган кўринаман. Чунки унда боғча тарбияловчиси болаларга рус тилидан санашни ўргатаётган эди.
– Адииин... Двааа... Читири...Шеест... Воосем...
Хўжайиним хандон отиб кулар, мен эса йиғлардим, ишонинг, чиндан кўзим ёшланди. Хўрлигим келди. Нимага биласизми, у биргина ўша боғча опа, мен ёки биз каби русча билмас тарбияловчиларнинг эмас, ўзи билмаган ҳолда бутун бир миллатнинг устидан кулаётган эди. Кечиринглар эримни, буни очиқдан очиқ гапираётган мени ҳам. Балки бу учун қонунда жазо ҳам бордир, буни билмайман. Аммо мен бир нарсани аниқ биламан, тилимни, миллатимни севмаганимда, бугун бунча йиғламас эдим...
Манзура АБДУҲАКИМОВА
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Маънавият
Дин
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ