“Ўзингизни итга ўхшатибсиз. Бундан жамоатга ҳам ҳақорат етгай...” – Навоийнинг бир байти тарихи


Сақлаш
16:09 / 03.02.2025 18 0

Темурийлар салтанати даврининг икки мутафаккир сиймоси Мир Алишер Навоий билан Нуриддин Абдураҳмон Жомий бир-бирига устоз-шогирд, сирдош дўст, фикрдош бўлганлар. Улар “Барои Ҳақ паноҳи халқ бошй”, яъни “Оллоҳ учун улус паноҳи бўлғил”, деган олижаноб шиорга амал қилишган. Икки буюк зот ҳаётда ҳам, ижод майдонида ҳам бир-бирини рағбатлантириб, янги асарлар яратишга илҳом бериб яшаганлар. Биз уларнинг улуғ дўстлик китобини ўқиб, “Навоий жоми – Жомий навоси” (Жоми Навой – Навои Жомй) номли таржима рисоласи тайёрладик. Қуйида шу китобдан бир парчани эътиборингизга ҳавола этамиз.

 

Яхши байтнинг жавоби

 

Навоий устози Жомийга бағишлаб “Туҳфат ул-афкор”, яъни “Фикрлар туҳфаси номли ажойиб қасида ёзган бўлиб, асар ҳазратга жуда манзур бўлган экан. Ҳамманинг тилида ўша қасида байтлари қайта-қайта айтилар, мухлислар ёд олиб ўқиб юришарди.

 

Пойтахт Ҳирот шаҳри. Подшоҳ Ҳусайн Бойқаронинг ўғли шаҳзода Кичик Мирзо ҳам қасидадан қаттиқ таъсирланган эди. Кунлардан бир куни у ўша машҳур асардан бир байтни алоҳида кўчириб, Самарқанд шаҳрида яшаётган Хожа Аҳрор валий ҳузурига юборди:

 

Як назар фармо, ки мустасно шавам з-абнои жинс,

Саг чу шуд манзури Нажмиддин сагонро сарвар аст.

 

Таржимаси:

 

Ё пирим, бир назар қилинг, тенг-туш олдига тушай,

Нажми Куброга манзур ит бўлмиш итлар бошчиси.

 

Бу байтни яхши англаб олиш учун ҳиссий чекиниш қилишга тўғри келади.

 

(Шу ерда пир билан мурид ўртасидаги муносабатлар ҳақида озгина сўзламасак бўлмайди. Нақшбандийлар эътиқодига кўра, Оллоҳнинг яқин дўсти бўлмиш пирнинг сирли назарида илоҳий нур бор. Бу нур қалбларга даво бўлгувчи доридир. Бу нур билан тоғларни ўрнидан қўзғатиш мумкин. Мухлис пиридан бир тилак сўрайди, ул зот маънавий қувват билан тилакка етказади. Оллоҳ ўз дўстининг тилагини бўш қайтармайди. Пирнинг ҳиммати ва назари билан мақсадга етиш мумкин бўлади.

 

Бир валий комил пир назарининг таъсири ҳақида шундай мисол келтиради. Шайхларнинг назари тошбақанинг назарига ўхшашдир. Тошбақа тухум қўйиб бўлгач бир оз ортига тисарилади. Тухумига бир муддат тикилиб туради, кейин уни қум ёки тупроққа кўмиб қўяди. Ўша қараш тухумни етилтиришга етади. Вақт-соати келгач боласи тухумни ёриб чиқади. Пирнинг назари эса қалбни пиширади, мухлис ўзлик қобиғини ёриб чиқади.

 

Бир қудсий ҳадисда шундай дейилади: “Мен қулимни севдимми, уни эшитар қулоғи, кўрар кўзи, тутар қўли, юрар оёғи бўламан. У мен билан кўради, мен билан эшитади, мен билан ушлайди, мен билан юради. У мендан нима сўраса бераман, менга сиғинса ҳимоя қиламан”.

 

Ҳа, Ҳақ дўстлари шундай юксак давлатга эришиб, маънавий ваколат олар эканлар.

 

Энди ҳазрат Нажмиддин Кубро воқеасига келамиз. Ул зотнинг бир ўғли бўлиб, отасига бўйин сунмас экан. Бундан ота-она жуда изтиробга тушибди. Бечора она нима қиларини билмай, охири эрига шундай деб ёлворибди: Хожам, эл-улусга фойдангиз тегмаган кун йўқ. Бетаъсир ўғлимизга ҳам бир нарса қилинг, ортиқ уятга қўймасин. Ота ўйлай-ўйлай шундай депти: Ундоқ бўлса ўғлимиз бу оқшом боғдаги анави оғоч остида қилт этмай ўтирсин. Она ўғлига вазиятни тушунтириб, ўша оғоч остида миқ этмай ўтиришни тайинлабди. Кеч кирибди. Ўғил айтилган оғоч остида бир оз ўтирибди, аммо кўп ўтмай зерикиб туриб кетиб қолибди. Шу пайт бир дайди ит ҳалиги оғоч остига келиб чўнқайибди. Нажмиддин Кубро ўша лаҳзада оғоч томонга назарларини солибди. Дам ўтмай итнинг аянчли вовуллагани эшитилибди. Жонивор боғни бузиб юборгудек ҳурганча қоча бошлабди. Не кўз билан кўришсинки, бошқа итлар ҳалиги итнинг ортидан эргашибди. Охири ўша итни ўраб олиб теграсида тек қотиб туришибди. Орадан уч кун ўтиб ўша ит ўлибди. Нажмиддин Кубро айтибдиларки, “Бул итни кўминглар. Оллоҳ таоло ишқининг ўти унинг ичини ёқиб юборди. Шунинг учун ўлди”.)

 

Кичик Мирзонинг Навоий байтини ўртага қўйиб Хожа Аҳрор валийдан тилак тилаш воқеаси халқ ичига ёйилиб турли шов-шувларга сабаб бўлди. Кишилар шаҳзоданинг қилган ишини мақташиб, ҳаққига дуо қилишарди. Улар Навоий ёзган байтнинг чуқур маъносига тан беришиб, “ажойиб иш бўпти-да” дейишарди. Байт яна янги маъно касб этиб, кундан кунга эл оғзида овоза бўларди. Кичик Мирзога ёққан байт Навоий шуҳратини янада ошириб юборди.

 

Ўша давр олим ва шоири бўлмиш Мир Сарбараҳна Навоийнинг олдига келиб, тортишмоқчи бўлиб эътироз билдирди: “Сиз байтда ўзингизни паст, кичик олиб итга ўхшатибсиз. Бу гап тенг-тўшларингизга ҳам тегиб кетади. Мабодо гап эгасини топгудек бўлса, улар ор-номус қилиб яхши қабул қилишмайди, деб қўрқаман. Киши кичиккўнгиллик қилиб, ўзини итга ташбиҳ қилса, бундан жамоатга ҳам ҳақорат етгай, хулласи калом яхши эмас”.

 

Мир Алишер унга жавоб бериб шундай дедилар: Ўзимни итга ўхшатишим камтарлик эмас, балки нафсим итини жиловлашга уринишдир. Тенг-тўшларим деганда сизни эмас, кўча-кўйдаги бошқа дайди итларни айтганман.

 

Мир Сарбараҳна бу гаплардан таъсирланиб, йиғлаганча шоирни дуо қила кетди.

 

Бўлиб ўтган гаплар эл орасига жуда тез ёйилди. Воқеадан хабар топган ҳазрат Жомий завқланиб дедиларки, Ўша байтнинг ўзи жуда яхши байт эди, жавоби ундан ҳам яхшироқ чиқибди. Нун устига нур”.

 

Толиб НОСИР

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Таълим-тарбия

17:02 / 03.02.2025 0 16
Ўзбек боғча қидирган тарбиячи

Маънавият

17:01 / 31.01.2025 0 45
Қиёфанинг эврилиши





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 15066
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//