Ўзбек адабиётида ўз сўзи, услубига эга бўлган ва сўзга, адабий эътиқодига хиёнат қилмаган саноқли адиблардан бири, шубҳасиз, Тоғай Муроддир.
Тоғай Мурод – миллат ёзувчиси. Унинг ижоди миллат тақдирига тутилган бир кўзгудир. Адиб асарларининг тили ва услуби, унда кўтарилган ғоялар, топилмалар асл ўқувчининг 72 томирини титратади. Боиси, ёзувчининг битиклари, қаҳрамонлари, уларнинг юриш-туриши, гап-сўзлари, ўй-хаёллари ҳам соф ўзбекона. Унда Сиз ёки отангиз ёки бобонгиз ҳақида сўз бораётгандек туюлади. Саид Аҳмад таъкидлаганидек, “Тоғай Мурод қиссаларида тасвирлаган одамларга бошқа халқ либосини кийдирсангиз ҳам ўзбеклиги билиниб туради. Уларнинг хулқ-атвори ҳам бошқа халққа асло ўхшамайди”.
Тоғай Мурод нафақат ровий тилидан, балки ўзи каби дўлвор, ростгўй қаҳрамонлари тилидан ҳам ўзбек тилининг бетакрор жозибасини кўрсата олган. Ҳатто у узукка кўз қўйгандек ўхшатиб қўллаган айрим сўзларни “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”дан ҳам тополмайсиз. Мана, эътибор беринг:
Керосин – ер мойи;
Шамол тўсувчи – елпана;
Зажигалка – ёндиргич;
Шампун – соч совун;
Папка – жуздон;
Доска – битик тахта;
Селька – уруғ сепгич;
Лаб бўёқ – лолаб.
Бу каби юзлаб сўзлар Тоғай Муродгача бўлган адабиётимизда турлича шаклларда қўлланиб келинган. Ундан кейин эса бу қадар гўзал ифода этилгани анча баҳсли...
Ёзувчидан атиги тўрттагина ҳикоя сақланиб қолган: “Бобоси билан набираси”, “Кузнинг бир кунида”, “Ку-ку-ку”, “Эр-хотин”. Уларнинг ҳам тили шу қадар ширали ва жозибалики, бу самимият ва сўздаги чечанлик Тоғай Муродгагина хос. Аммо адибнинг бадиий тафаккур олами ҳикояга сиғмади. У қиссалар ва романлар орқали тўла ўзлигини намоён этди.
Адиб асарлари ўз давридаёқ юксак эътирофларга сазовор бўлган. Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов Тоғай Муроднинг “ўз тили, ўз услубини яратган катта истеъдодли ёзувчи” эканини таъкидласа, Пиримқул Қодиров “От қишнаган оқшом” қиссаси “Алпомиш” достони анъаналарини эслатадиган халқчил руҳ билан суғорилган”ини эътироф этади. Туркия Отатурк университети профессори Ҳусайн Бойдемир “Тоғай Мурод халқнинг изтиробларини чуқур ҳис қилган, унинг дарди билан яшаган” дея таъкидлайди. Бу таъкид назаркада олимнинг буюк бир табиб каби “ёзувчи асарларининг ўқ томирини ушлаб айтган хулосаси”, дейиш мумкин.
Дарҳақиқат, ёзувчи 1998 йилда, нақд эллик ёшнинг устида ёзиб тугаллаган сўнгги романи “Бу дунёда ўлиб бўлмайди”ни ўқиганимизда ўз мезонларига содиқ қолиб, ёлғон эътиқодлар, сохта шиорларга алданиб, ҳаётини елга совурган собиқ фирқа раҳбарларининг қисмати билан танишар эканмиз Тоғай Муродгагина хос, халқнинг дарди, ўй-хаёллари акс этган латиф иборалар, топилмалар, қочиримларга дуч келганимизда муаллифнинг беқиёс маҳоратига лол қоламиз. Сўзни ўйнатиш, эркалаш ва жилолантириш маҳорати китобхонни мафтун қилади ва асар оламига тортиб кетади.
Келинг, “Бу дунёда ўлиб бўлмайди” романини безаб турган ва Тоғай Муродгагина хос бўлган 72 та ибора – марваридни эътиборингизга ҳавола этаман.
1. Қўшчи калондимоғ-калондимоқ қадам босди, Кибор-кибор қулоч отди. Кермоқош-кермоқош боқди.
2. Қоровул ҳадаҳа-ҳадаҳа келди.
3. Ерга шаҳодат бармоқ ўйнатди.
4. Деҳқонлар бурчакка бет буриб келди.
5. Оналар тасбеҳдай-тасбеҳдай тузилиб ўтирди.
6. Ботир фирқа ҳолилатиб-ҳолилатиб оёқ илди.
7. Қадамингиз кира тилайдими?
8. Мозорда соғ жой қолмади.
9. Жар солиб ёяди, карнай қилиб чалади.
10. Сочлари орасида мисоли қумурсқа юрди.
11. Ўзимга эн бўлолмайман, сизга қандай эн бўламан?
12. Ботир фирқа Йўлдош Охунбобоев дастурига тушди.
13. Ботир фирқа бир эскича ўйлади, бир янгича ўйлади. Эскича билан янгичани қўшиб ўйлади.
14. Бегим кунлар – 8 март келди.
15. Эркаклар шонли ютуқлар учун қадаҳ чўқиштирди, аёллар… чой чўқиштирди.
16. Ичкаридаги ҳа-ҳулар ҳовлилади.
17. Қизлар… эркаклаб кетди.
18. Саратон ошиқ юрагидай ёнди, маъшуқ юрагидай ёнди.
19. Ер чатнаб ётибди, чатнаб.
20. Ишқбоз – фоҳиша, лаббайгўй – сохта.
21. Зим-зиё қоранғизор бўлди.
22. Пиш-пиш энтикди, пиш-пиш нафас олди.
23. Мадиев чапарасталаб-чапарасталаб сўкди.
24. Партактивлар кетига тис-тис бўлди.
25. “Голос Америки” шу ҳақда ҳурибди.
26. Жиннихонадаги беморлар таснифи:
диний-руҳий беморлар;
тарихчи-руҳий касаллар;
бойвачча беморлар;
ҳарбий қонун-қоида қурбонлари;
ихтирочи-кашфиётчи беморлар;
27. Жиннихона – тириклар қабристони.
28. Эл-юртда қайта кураш, демократия, шарият сўзлари оралаб қолди.
29. Замон қалтис келди. Дўппи тор келди.
30. Юртингиздан капитализм ҳиди анқиб қолди.
31. Елкамизда байроқ кўтариб эдик. Бошимиз узра шиор ҳилпиратиб эдик.
32. Ботир фирқа дами чиққан копток мисол ўтирди.
33. Ҳа ўша ашулангизга куйдирги чиқсин, ашулангинангизга куйдургилар чиқсин.
34. Ботир фирқа бақалоқ шиширди. Томоқ қирди, қироат билан йўталди. Салтанат билан йўталди. Амалдарона-амалдарона чой ҳўплади. Мансабдорона-мансабдорона чой ҳўплади. Ўзига-ўзи ҳайкал қўйди. Эркак – Xудонинг ердаги пайғамбари!
35. Кампири амалдордан пенсия сўраб келган муштипар мисоли мўлтираб-мўлтираб қараб ўтирди.
36. Ёқаларини кампирона-кампирона ушлаб-ушлаб… ажабланди.
37. Шу қайта қурувчи демократларга ўнгирим тегиб кетсин, ўнгиримни қирқиб-қирқиб ташлайман!
38. Кампир бўқоқ шишириб, ғанимига яғрин берди.
39. Ҳаводан куз ҳиди келди, хазон ҳиди келди.
40. Қизиллардан хонақоҳ деворига…. чуриллатиш келади.
41. Менга деса, оқ бўл, кўк бўл. Лекин ярат, қур. Майли, менга деса, қора бўл, сариқ бўл, пистоқи бўл. Лекин ярат, қур.
42. Ўзбек хотин-қизлари халтага ўралган булбул эди. Ўзбек хотин-қизлари енг ичидаги бедана эди. Ўзбек хотин-қизлари юзига парда тортилган ойна эди.
43. Атиргуллар атриёт анқитди.
44. Кафтини қулоғига елпана қилиб эшитди.
45. Ботир фирқанинг кўкси қизиди.
46. Ботир фирқа елкадан нафас олди.
47. Интеллектуаллар ҳаёт ҳақида қоғоздай қуруқ ўйлайди.
48. Европа – халқлар қабристони.
49. Оролпаноҳлар бирин-кетин минбарлади.
50. Мадиев… лўлилик йўлига ўтди.
51. Ўқ етмаган жойга иғво етади. Ўқ етмаган жойларни фитна тешади.
52. Шон-шуҳрат дарди сурункали дард.
53. Қадамлари ушбу дунёдай тор-тор бўлди. Қадамлари ушбу дунёдай қари-қари бўлди.
54. Йигирма йил бир йигит ёши вақт. Бир қиз бўйи вақт.
55. Палатада ўнтача кароват бўлди. Барча кароватнинг ўз бемори бўлди.
56. Санитар гапни эламади, гапни хорламади.
57. Бошлиқ Ботир фирқага бет бўлди.
58. Унинг юзлари суюқ-суюқ, кўзлари ғар-ғар.
59. Қулоч отиб-қулоч отиб қадам босди.
60. Шартаки бўл, санамараста бўл, эви билан бўл.
61. Қари одамнинг энагаси – гўрков.
62. Ботир фирқа марҳумлар шаҳри оралаб борди. Марҳумлар шаҳри шу қадар сераҳоли, шу қадар тиғиз бўлди.
63. Қалбида мунислик давр сурди. Тан-жонида мунтазамлик давр сурди.
64. Ботир фирқа ҳаммомдан чиқмишдай енгил бўлди. Ботир фирқа елкасидан бир қоп унни ташламишдай енгил бўлди.
65. Бу дунёда ўлиб бўлмайди.
66. Соя тор-тор қадам босди.
67. У тушлик уйқуда ётди, ғарқ уйқуда ётди.
68. Ботир фирқанинг ичи ойдин-ойдин бўлди…
Тоғай Муродни ўқинг, сизнинг-да ичингиз ойдин бўлсин!
Холиёр САФАРОВ
Тарих
Маънавият
Дин
Адабиёт
Адабиёт
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ