Саволларга Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво маркази бош мутахассиси Ҳикматуллоҳ Тоштемиров жавоб берди
– Қишлоғимизда “қора қозон” деган одат бор. Бирор киши азадор бўлса, унга ҳамқишлоқлар ёрдам тарзида пул беради. Бир ҳисобда бу хайрли урфдек. Бироқ ўша пулни ўрни келганда қайтариш лозим, худди тўёнадек.
Яна бир муҳим масала – худойи қилиш, яъни азадорлар уч кун ичида халққа ош ёки шўрва қилиб тарқатиши керак. Бунга кимнингдир қурби етади, кимнинг эса йўқ. Бироқ азали хонадон буни қилишга мажбур. Шу тўғрими?
– Халқ орасида вафот этган кишининг яқинларига ёрдам тарзида пул бериш урфга кирган ва ўша маблағ қарз бўлса, унинг ҳукми қарз олди-бердиси сингари бўлади. Чунки шариатимизда “Ал-маъруфу кал-машрут” (яъни одамлар орасида маълум ва машҳур ишлар шарт қилинган ишлардек бўлади) деган қоида бор. Демак, мусибат эгаси бу қарзни олиши ёки олмаслиги ўз ихтиёрида. Агар олса, уни имкон бўлиши билан узиши керак. Қарзни узмаса, эгаси кечмагунча унинг зиммасида қолиб кетади, қиёматда савоблари билан адо қилиб беради. Лекин мусибат эгасига холис ёрдам қилиб, эҳсон маъносида пул берилган бўлса, қарз бўлмайди ва қайтарилмайди.
Аллоҳ таоло инсонни баъзи мусибатлар билан синаб, сабр қилган бандага улкан ажрлар беради. Бундай оилага таъзия билдириш, далда бериш орқали маънавий ёрдам қилиш, дафн маросимларида иштирок этиш, қарз сифатида эмас, балки беғараз, ҳар ким имкони етганча моддий ёрдам кўрсатиши каби амаллар савобли ҳисобланади.
Абдуллоҳ ибн Жаъфар розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Жаъфарнинг ўлими хабари келганда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Жаъфарнинг аҳлига таом қилиб беринглар. Уларни машғул қиладиган нарса келиб қолди” деди” (Имом Термизий ривояти).
Демак, қариндош ва қўни-қўшнилар бошига мусибат тушган хонадонга уч кунгача таом чиқариб туриши, камбағал оила бўлса уларга моддий ёрдам бериши суннатга мос иш. Мусибат етган кишилар имкони бўлса уч кундан сўнг кун тайин қилмасдан таом тарқатиши, эҳсон дастурхонини ёзиб, савобини майитга бағишлаши жоиз амал. Аммо бу ишлар омма учун мажбуриятга айланиб қолмаслиги, қилмаса хижолат бўлиб, ўзларини айбдор ҳис этиши даражасига етмаслиги керак. Бу ҳар кимнинг шароити ва хоҳишига қараб белгиланиши зарур. Шунингдек, мазкур эҳсонлар майитнинг мерос молидан меросхўрларнинг розилигисиз амалга оширилиши ҳам ўзганинг ҳаққига эътиборсизлик саналади.
Шундай экан, ҳақиқий мусулмон ҳар бир ишни шаръий мезонларга кўра бажариши, айниқса вафот этиб кетган яқинлари учун савоб улашиш мақсадида қилаётган амалларида тўғри йўлни тутиши, савоб қиламан деб зиммасида ўзгалар ҳаққи қолиб кетмаслигини таъминлаши зарур.
– “Салам бай” дегани қандай бай? Шу ҳақда маълумот берсангиз...
– Шариатимизда харидор пулни аввалдан бериб қўйиб, сотувчи маҳсулотни кейин етказиб бериши – “салам” савдоси дейилади. Аслида бу савдо ҳали мавжуд бўлмаган нарсани сотиш бўлса-да, унинг жоиз эканига Қуръон, суннат ва ижмодан далиллар бор.
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳу айтади: “Гувоҳлик бераманки, маълум муддатга зиммага олинган салаф (яъни, салам савдоси)ни Аллоҳ таоло ҳалол қилган ва рухсат берган. Аллоҳ таоло шундай дейди: “Эй иймон келтирганлар! Бир-бирингиздан бирор муддатга қарз олиб, қарз берсангиз, уни ёзиб қўйингиз” (Бақара сурасининг 282-оятидан, Имом Ҳоким ривояти).
Ибн Аббос розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинага келганида одамлар мевалар учун бир, икки йилга пул оларди. У зот алайҳиссалом “Ким хурмо учун қарз олса, маълум идиш (ўша пайтларда маҳсулотлар идишларда ҳам ўлчанган), маълум оғирликка ва маълум вақтга олсин” деди” (Имом Бухорий ривояти).
Ислом уммати салам савдосининг жоизлигига якдил фикрга келган. Чунки савдонинг бу турига зарурат бор.
Салам савдосининг риоя қилиниши керак бўлган бир нечта шарти мавжуд. Умумий шарт – маҳсулотнинг миқдори ва сифати маълум бўлиши керак. Масалан, кило, идиш ёки метрда ўлчанадиган ёки саналадиган маҳсулотлар. Ҳайвонлар, уларнинг аъзолари, териси ва қимматбаҳо гавҳарларда салам савдоси бўлмайди.
Салам битимини тузиш учун маҳсулотнинг қуйидаги жиҳатлари маълум бўлиши лозим:
1) тури (масалан, буғдой);
2) нави (лалми ёки оби);
3) сифати (яхши, ўртача ёки ёмон);
4) миқдори (кило, метр, дона ёки ҳажми);
5) вақти (саламнинг энг кам муддати – бир ой);
6) тўланадиган пулнинг миқдори (битим ўз кучида қолиши учун маҳсулот сотмоқчи бўлган одам пулни олдиндан олиши керак);
7) маҳсулотни ташиш харажатли бўлса, маҳсулотни қаерга етказиб бериш жойи маълум бўлиши керак (“Фатҳу бобил иноя”, “ал-Мухтор”).
Демак, юқоридаги шартларга тўғри келадиган маҳсулотларга аввалдан пул бериб қўйиш жоиз. Лекин салам савдосида белгиланган вақт келгач, маҳсулотнинг нархи келишилган нархдан арзон ёки қиммат бўлиши эътиборга олинмайди.
Баъзилар “Менга бир тонна картошка уруғ берсангиз, кузда ҳосилни йиғиштириб олганимда тўрт ё беш тонна қилиб қайтараман” дейди.
Бу савдо шаръан дуруст эмас. Чунки бир турдаги молни бир-бирига айирбошлашда кам ёки кўп қилиб бўлмайди. Демак, бир тонна картошка уруғлик олса, шу миқдорда қайтарилади.
Бир жинсли молни айирбошлашда насия қилиш ҳам дуруст эмас. Шунинг учун бирор нарсанинг уруғлигига муҳтож бўлса, айирбошлаш йўли билан эмас, нақд пул олиб савдо молини насия қилиш мумкин. Унинг кўриниши қуйидагича бўлади. “Ҳозир менга фалон сўм берсангиз, кузда сизга тўрт тонна фалон навли, яхши сифатли картошкани фалон жойга етказиб бераман” дейди. Кузда картошканинг нархи қанча бўлишидан қатъи назар келишувга мувофиқ миқдорда беради. Шу ҳолатда кузда тўрт тонна картошканинг пулини олиш мумкин эмас. Қолаверса, картошка ўрнига сабзи, пиёзга ўхшаш бошқа маҳсулотни олиб бўлмайди. Акс ҳолда рибо бўлади.
– Нақдга 10 сўмга сотиладиган буюмни кредитга ўхшатиб 12 ойда бўлиб тўлаш шарти билан 12 сўм деб баҳолаб, ойига бир сўмдан тўлов шарт қилиб қўйилмоқда. Агар ойига шарт бажарилмаса, буюмни қайтариб олади. Шу насия савдоси тўғрими? 12 ойга байлашиб шу муддат ичида қурби етганча тўлаб бориши насия савдоси дейилмайдими?
– Савдо молига нақдга фалон сўм, насияга фалон сўм деб икки хил нарх белгилаш мумкин. Уни ойма-ой тўлашга ёки охирида бирданига тўлашга келишиш ҳам мумкин. Насия савдода муддат ва нарх аниқ бўлиши лозим.
“Ойига шарт бажарилмаса, буюм қайтариб олинади” каби шартлар қўйиш мумкин эмас. Чунки савдо бундай шартларни тақозо қилмайди. Агар шундай шарт қўйиладиган бўлса, савдони бузиб қайтадан тўғрилаш керак. Бунинг устига, насия савдосида ҳам битим тузилиши билан мол харидорнинг мулкига ўтади ва у сотувчидан молнинг нархига қарздор бўлади. Келишилган маблағни вақтида тўлай олмаса ҳам сотувчи харидордан сотган нарсасини қайтариб (тортиб) ололмайди. Лекин икки томоннинг розилиги билан савдони бекор қилиш мумкин.
Шариатимизда тузилган савдони бузиш иқола дейилади. Бу иш икки томоннинг розилиги билан бўлади ҳамда сотилган маҳсулот сотувчига, тўланган пул харидорга қайтади: “Иқола биринчи (берилган) маблағ миқдори билан тўғри бўлади” (“Фатҳу бобил иноя” китобидан). Яъни, икки томон неча пулга келишган бўлса, ана шу пул миқдорида бекор бўлади. Сотувчи бундан ортиқ ёки кам олиши мумкин эмас.
Юқоридаги гаплар харидор маҳсулотга ҳеч қандай айб етказмасдан қайтариб келган ҳолатга тегишли.
Агар харидор маҳсулотни савдогар наздида нархни туширадиган айб билан қайтариб келса, етказилган айб миқдори холис савдогарларга баҳолатилади. Агар савдогарлар “Айб етиши туфайли бу машинанинг нархи фалон сўм пастлаган” деб баҳолаб берса, сотувчи иқола пайтида ўша миқдорни ушлаб қолади ва қолган пулни қайтаради.
Пулни вақтида тўламагани сабабли, дарҳол ақдни бузмасдан, иложини қилиб бироз муҳлат бериш ҳам тавсия қилинган. Чунки Абу Ҳурайра розийаллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам “Ким ночорга муҳлат берса ёки ундан бир қисмини кечиб юборса, Қиёмат куни, унинг соясидан ўзга соя бўлмаган кунда Аллоҳ таоло уни Аршининг сояси билан соялантиради” деди” (Имом Термизий ривояти). Агар муҳлат берса ҳам, муддат тугаса ҳам қарзини тўлай олмаса, мазкур нарсани тортиб олмасдан, балки эгаси билан келишган ҳолда сотиб, қарзини ундириб олса бўлади.
“12 ойга байлашиб шу муддат ичида қурби етганча тўлаб бориши насия савдоси дейилмайдими?”. Бу насия савдонинг бир тури – тақсит савдоси. Унда савдо моли нақд берилиб, унинг пулини бериш кечиктирилади.
Тақсит савдоси салам савдосининг аксидир. Яъни, салам савдосида пул нақд берилиб мол насия қилинади. Тақсит савдосида белгиланган пулнинг барчасини ёки бир қисмини насия қилиш мумкин. Кўпинча белгиланган маблағ бир неча қисмга ёки бир неча босқичга бўлиб адо этилади. Агар белгиланган маблағ келишилган муддатнинг охирида бирданига адо этилса, бу насия савдо бўлади. Насия савдосида ҳам савдо битими тузилиши билан мол харидорнинг мулкига ўтади ва у сотувчидан молнинг нархига қарздор бўлади.
Дамин ЖУМАҚУЛ тайёрлади.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 4-сон.
“Қалтис саволларга нозик жавоблар” суҳбати
Фото: Абдуманнон Муҳаммад
Тарих
Маънавият
Адабиёт
Адабиёт
Санъат
Тил
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ