Форс эпик шеъриятига реализмни олиб кирган шоир


Сақлаш
12:02 / 31.01.2025 5 0

Марказий Осиё, Эрон ва Ҳиндистон адабиётининг шаклланиши ва ривожланишига озарбайжонлик буюк шоир ва мутафаккир Низомий Ганжавий ўзига хос таъсир кўрсатган. Ушбу мақолада шоирнинг шарқ адабиётида тутган ўрни ва қўшган ҳиссаси ҳақида, унинг фаолиятига доир айрим жиҳатларга тўхталиб ўтамиз. 

 

Асли исми Илёс бўлган Низомий Ганжавий ХII асрда бугунги Озарбoйжоннинг Ганжа шаҳрида таваллуд топди. Бутун умр давомида шу шаҳарда яшади ва ижод қилди. Ганжавий яшаган замонда юқори даража ва мартабага эришиш учун саройда хизмат қилиш ва ижод қилиш энг муҳим шартлардан бири эди. Аммо Ганжавий бу йўлни танламади. Балки шунинг учун у бугунги буюкликка эришгандир. Оддий ҳаёт кечирган Ганжавий асосан ҳукмдорларга юборган шеърлари ортидан кун кўрган. Ганжавий шеърларини юборган ҳукмдорлар ичида Ироқ салжуқийлари султони Тўғрулбек, Озарбoйжон отабегларидан Насриддин Жаҳон Паҳлавон, Қизиларслон, Насриддин Абу Бакр ибн Муҳаммад, Алоуддин Кўрпа Арслон, Эрзинжон ҳокими Малик Фахриддин Баҳромшоҳ ва Мўсул отабеги Изиддин Масъудлар бор эди.

 

Низомий Ганжавий олим ҳамдир. У форсча ва арабчадан ташқари паҳлавий, сурёний, иброний, армани ва гуржу тилларини ҳам мукаммал билган. Турли фан соҳаларида таълим олган. Астрономия, фалсафа, география, тиббиёт, математика, мусиқа илмидан хабардор бўлган. Низомийга “ҳаким” унвонининг берилиши унинг олимлигига далил. Унгача бундай улуғ унвонга фақат Ибн Сино ва Умар Хайёмларгина эга бўлган. Низомийнинг шахсий ҳаёти ҳақида кўп маълумотлар сақланмаган. Бу унинг саройда фаолият юритмагани билан боғлиқ бўлса керак.

 

Низомий ижодининг ўзига хослиги

 

Низомий Ганжавий шарқ романтизми асосчиси сифатида машҳур. У форс эпик шеъриятига диалог ва реализмни олиб кирган шахс сифатида тан олинган. Халқ оғзаки ижоди намуналари ва тарихий хроникалардан фойдаланган ҳолда ўз шеърлари билан исломгача ва исломдан кейинги давр Эронни бирлаштира олди. Профессор Челковскийнинг фикрига кўра, Фирдавсийнинг “Шоҳнома”сини ўқиш Низмоийнинг севимли машғулоти бўлган. Натижада унинг ижодига Фирдавсийнинг таъсири пайдо бўлган. Шунингдек, Низомий ижодига Қатрон Табризий, Саноий, Фахриддин Журжоний ва тарихчи Табарийлар ҳам ўз таъсирини кўрсатган. Аммо Фирдавсий Низомийнинг илҳом манбаи бўлган. Бу Низомийнинг “Искандарнома” достонида яққол кўринади. Ушбу достонни ёзишда у “Шоҳнома”дан кўп бор фойдаланган. Яна Хамса”сидаги “Хусрав ва Ширин”, “Ҳафт пайкар” достонларини ёзишда ҳам Шоҳномадан асосий манба сифатида фойдаланган.

 

Низомий Фирдавсийнинг достон жанрини чўққига олиб чиқибгина қолмай, назмий севги ҳикояларининг энг буюк устаси унвонига сазовор бўлди ва форс адабиётида Хамса” жанрининг асосчиси бўлиб тарихда қолди. Унинг мавзуларни юритиш техникасидаги маҳорати, ифодалаш услуби, янги маъно ва метафораларни топиши, ифодалашда эстетикага аҳамият бериши, таърифлар, қалб таҳлилидаги теранлик, тасаввуридаги кенглик, услубидаги ёрқинлик ва маданий бойлик форс адабиётининг даҳо шоири сифатида тан олинишида муҳим роль ўйнади. Воқеа, тушунча ва ҳис-туйғуларни ифодалашда адабий санъатлардан фойдаланиб, уларни бой тасвирга жойлаштиргани учун ҳар бир байт ўзида бир бутунлик ва гўзалликни ташийди.

 

Низомий шеърий асарлар ёзган, лекин улар драматик характери билан ажралиб туради. Унинг ишқий шеърлари сюжети ҳикоянинг психологик мураккаблигини ошириш учун пухта қурилган. Қаҳрамонлари ҳаракатлар босими остида яшайди ҳамда ўзларини ва бошқаларни англаш учун шошилинч қарорлар қабул қилишлари керак. У ўз қаҳрамонларининг психологик портретларини чизиб, кучли ва заволсиз муҳаббатга дуч келгандаги инсон қалбининг бойлиги ва мураккаблигини очиб беради. Низомий ишқий достон жанрининг моҳир устаси эди. Низомий ўзининг шаҳвоний-эротик шеърларида инсоннинг ўзини шундай тутишига нима сабаб бўлаётганини тушунтириб, унинг бепарволиги ва улуғлигини, кураш, эҳтирос ва фожиаларини очиб беради. Низомий учун ҳақиқат шеъриятнинг туб моҳияти эди. Шундай ёндашув орқали у ўз истеъдодини ер-мулк ҳадялари эвазига сотган сарой шоирларини танқид қилди.

 

Низомий мистик шоир бўлган. Шу билан бирга унинг ижодида мистикани эротикадан, динийликни дунёвийликдан ажратиш мумкин эмас. Манбаларда унинг сунний мусулмон ва диндор кишилиги айтилади. Шунингдек, ўша пайтларда кенг тарқалган ботинийликка ашаддий қаршилардан бири бўлган. Шеърларида сунний ислом, пайғамбар ва тўрт халифани кўп бор тилга олган. Айримлар уни мутасаввиф ҳам дейди, айримлар эса унинг бирор бир тасаввуф мактабига аъзо бўлмаганини келтиради. Аммо шунга қарамай унинг шеъриятида тасаввуф рамзлари, анъаналари ва образларини учратиш мумкин. Низомийнинг мистикаси аскетик мистика бўлиб, бу жиҳатдан у Абу Ҳомид Ғаззолий ва Фаридиддин Атторга яқин туради.

 

Низомийнинг асарлари

 

Низомий шоир сифатида кўп асарлар яратгани шубҳасиз, лекин бизгача унинг ягона шеърий девони – Хамса”си етиб келган ва муаллифни ушбу йўналишнинг “отаси”га айлантирган. Мазкур девонида 6 та қасида, 116 та ғазал, 2 та қитъа ва 30 та рубоий ўрин олган. Шоирнинг “Панж ганж”и ҳақида бироз кенгроқ маълумот берамиз. Ганжавий беш достондан иборат ушбу асарни 35–40 йил давомида ёзган ва унинг ҳажми 35 минг байтни ташкил этади. Хамса”дан ўрин олган достонлар қуйидагилар: “Махзан ул-асрор”, “Хусрав ва Ширин”, “Лайли ва мажнун”, “Ҳафт пайкар” ва “Искандарнома”. Ушбу достонлар маснавий жанрида ёзилган бўлиб, ўзидан кейин ёзилган барча Хамса”лар учун асос бўлиб хизмат қилди. Биринчи достон, яъни “Махзан ул-асрор” ғазналик шоир Саноийнинг “Ҳадиқат ул-ҳақиқат” (Ҳақиқатлар боғи) достони таъсирида ёзилган. Бу достонни Низомий Эрзинжон ҳокими Фахриддин Баҳромшоҳга бағишлаб, панд-насиҳат шаклида ёзган. Кейинги асрларда ушбу дидактик асарга бир қанча назиралар ёзилган бўлишига қарамай, уларнинг бирортаси, ҳатто Навоийнинг “Ҳайрат ул-аброр”и ҳам мазкур достон билан тенглаша олмайди.

 

Хамса”нинг иккинчи достони “Хусрав ва Ширин”, тўртинчи достони “Ҳафт пайкар” ва бешинчи достони “Искандарнома” юқорида қайд этганимиздек Фирдавсийнинг Шоҳномаси асосида ёзилган бўлиб, Сосонийлар империяси шоҳлари Хусрав ва Баҳром ҳамда буюк Александр Македонский ҳақида сўзлайди. Учинчи достони “Лайли ва Мажнун” эса VII асрда яшаган араб шоири Қайс ибн Муллаваҳнинг муҳаббатидан ҳикоя қилади.

 

Низомий достонларида айнан унинг таърифлари туфайли бугунги кунгача етиб келган ноёб маълумотлар мавжуд. Масалан,Хамса”нинг ҳайратланарли томонларидан бири шундаки, унда созандаларнинг батафсил таърифи берилган. Бу эса Низомий достонларини ХII аср форс мусиқаси ва чолғу асбоблари ҳақидаги қимматли маълумотлар баъзасига айлантира олган. Низомийнинг оддий одамлар ҳаётига қизиқишига қарамай, шоир монархия институтини инкор этмаган ва уни форс турмуш тарзининг ажралмас, маънавий ва муқаддас бир қисми деб ҳисоблаган.

 

Низомийнинг бошқа шоирларга таъсири

 

Низомийнинг адабиёт ва маданиятга кўрсатган таъсири кейинги асрларда ҳам давом этди. У қаламга олган асосий мавзуларга қизиқиш саккиз асрдан бери давом этиб келмоқда. Буни ушбу мавзуларга бағишланган тадқиқотлар ҳам таъкидлаб турибди. Кавказ, Марказий Осиё, Яқин ва Ўрта Шарқ, шунингдек, Ҳиндистонда яшаган юзлаб шоирлар ўз ижодларида Низомийга мурожаат қилишган ва у қолдирган адабий мактаб давомчиларига айланишган. Унинг асарлари кўплаб тилларга таржима қилинган. Жаҳон адабиёти тарихида бундай шахслар саноқли.

 

Адабиёт тарихида беш достондан иборат бўлиши қатъий белгиланган Хамса”чилик анъанаси айнан Низомийдан бошланди. Кейинги асрларда Ҳиндистонда Хусрав Деҳлавий, Ҳиротда Абдураҳмон Жомий ва Алишер Навоийлар ҳам ўз “Хамса”ларини яратди. Абдураҳмон Жомийнинг жияни Абдуллоҳ Хотифий ҳам бу борада ўзини кўрсатди, десак бўлади. ХVI асрга келиб Ҳиндистонда Шайх Абулфайз Файзи ҳам Ганжавий ва Деҳлавийдан илҳомланиб Хамса” ёзишга киришди, бироқ учта достон билан кифояланди. ХVII асрда яшаган кашмирлик шоир Муҳсин Фоний эса 4 та достон билан кифояланди. Хамса”навислар ўз асарларида эпик-романик, қаҳрамонлик ёки сўфийлик мавзусини биринчи ўринга қўйган. Низомий Ганжавий Хамса”сининг сюжет ва мавзулари турли халқлар бадиий адабиётларига таъсир этиб, ХIIIХХ асрлар мобайнида 600 дан ортиқ асар яратилган.

 

Низомий Хамса”си ва Амир Хусрав Деҳлавий асос солган мактаб инсонпарварлик идеалини тарғиб қилиш, инсонлар ва халқларни юксак ахлоқий қадриятлар атрофида бирлаштириш, халқлар ва мамлакатлар ўртасидаги ўзаро тушуниш, ҳамкорлик ва дўстликни ҳимоя қилишда катта роль ўйнади. Низомийнинг асарлари бир қатор ғарб адабиёти намоёндалари ижодига таъсир қилгани айтилади. Жумладан, Шекспир, Данте, Гёте каби адиблар Низомий Хамса”сидан илҳомланган. Шунингдек, Пуччинининг Турандот операси ҳам Низомий ижодидан илҳомланиб яратилган. Франциялик журналист Жан Мишел Бруннинг фикрича, Низомий Ганжавий қарашлари Франсиядаги “Маърифатпарварлар даври” мутафаккирлари шаклланишида ҳам салмоқли роль ўйнаган.

 

Низомий Ганжавий шарқ адабиёти, фалсафаси ва дунёқараши шаклланишида юксак ҳисса қўшган буюк шахсиятдир. У форс адабиётида Фирдавсийдан кейин энг йирик фигура ҳисобланади. У ҳақида бир қатор ғарб олимлари ва мутафаккирлари илиқ сўзлар айтган. Россиялик шарқшунос Спасский-Автономов фикрича, Эронда Саъдий, Фирдавсий, Анварийларни пайғамбар ҳисоблашган бўлса, Низомийни шоирлар ичида худо деб ҳисоблашган. Бу албатта бироз муболаға ҳолида айтилган гап. ХV асрда яшаган самарқандлик тазкирашунос Давлатшоҳ Самарқандий Низомийни ўз даврининг энг нафис шоири деб таърифлайди. Ҳофиз Шеърозий эса у ҳақда шеърлар ёзиб “ўтган кунларнинг барча хазиналарини Низомий қўшиқларининг ширинлиги билан солиштириб бўлмайди”, дейди. Биз эса Низомий ижодига хулосаларимизни Ҳазрат Навоийнинг қуйидаги мисралари билан якунлаймиз:

 

Эмас осон бу майдон ичра турмоқ,

Низомий панжасига пажна урмоқ.

 

Жаҳонгир ОСТОНОВ,

OзР ФА Абу Райҳон Беруний номидаги

Шарқшунослик институти таянч докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14935
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//