Қиш келиши учун ер остига тушадиган Паризод, денгизни иккига бўлган ҳўкиз – буржларнинг яралиш асотирлари


Сақлаш
10:52 / 30.01.2025 398 0

Осмон илмини илк бор тадқиқ этган халқ шумер-акадлар бўлиб, улар осмонни 360° градус деб ҳисоблаган ва уни 12 ойга 30° градусдан бўлган. Ҳар бир 30° градусда жойлашган юлдузлар афсоналардаги қаҳрамонлар номи билан аталган. Бу усул, биринчидан, эслаб қолиш ва бошқаларга ўргатиш учун қулай бўлган. Иккинчидан, ўша градусдаги қаҳрамон жасорати одамларга умид ва жасорат бағишлаган. Осмон илмидаги бундай кашфиётлар савдо-сотиқ, маданий-маърифий алоқалар, эллинизм туфайли бошқа давлатларга ҳам кириб борган. Афсоналар асосида талқин этилган осмон илми бошқа давлатларда ё янги афсонага алмаштирилган, ёки қаҳрамонлари исми ўзгарган ҳолда моҳияти сақланиб қолинган. Биз эса ҳозир 12 буржнинг юнон-мифологиясидаги талқинини кўриб чиқамиз.

 

1. Қўй (ҳамал) – (юнонча “олтин қўй”/“олтин мўйна”) “Ясон ва Аргонавтлар” афсонасини ёдга солувчи асосий детал. Келинг, “қўй”нинг ҳикоясини бошидан кўриб чиқамиз:

 

Беотиядаги қадимги минийлар шаҳри Орхоменда шамол худоси Эолнинг ўғли Афамант подшолик қиларди. Унинг булутлар маъбудаси Нефеладан туғилган икки нафар фарзанди – ўғли Фрикс ва қизи Ҳелла бор эди. Афамант Нефелага хиёнат қилиб, Кадмнинг қизи Инога уйланди. Ино Афамантнинг дастлабки никоҳидан туғилган болаларини ёмон кўрарди ва уларни ўлдириш пайига тушади. У орхоменлик аёллар билан экишга тайёрланган уруғларни қуритишга келишиб олди. Орхоменликлар далаларга қайнатилган уруғларни қадашди, оқибатда ҳар доимо серҳосил бўлган далаларда ҳеч нарса унмади. Орхоменликларга очлик таҳдид соларди. Шунда Афамант экин ерларининг ҳосил бермагани сабабини билиб келиш учун муқаддас Делфага, тирандоз Аполлоннинг кароматсоҳибига элчи юборди. Маккора Ино элчиларни ўзига оғдириб олганди, улар Делфадан ёлғон жавоб келтиришди. Эмишки, далалар яна ҳосилга кириши учун Афамант тўнғич фарзандини илоҳларга қурбон келтириши керак. (Бу сюжет сизга таниш туюлмаяптими?)

 

 

Қурбонлик бериш учун ҳамма нарса муҳайё этилди. Ёш Фрикс коҳин пичоғига бошини тутиши керак эди, дафъатан осмондан олтин жунли қўй пайдо бўлди, у тангри Ҳермеснинг армуғони эди. Қўйни болаларини асраб қолиш учун Фрикснинг онаси маъбуда Нефела юборганди.

 

Гувоҳи бўлганингиздек, биринчи буржнинг қўй афсонаси билан боғланиши экин экиш вақти ва ҳосил мўл-кўл бўлиши учун маъбудларга қурбонлик келтириш кераклигини инсонларга эслатиб турган.

 

2. Бузоқ (салв) – Taurus (юнонча “ҳўкиз”) бу ном бизга юнон мифологиясидаги “Европанинг ўғирланиши” афсонасини эслатади. Воқеа мана бундай бўлганди:

 

Лидов подшоси Агенорнинг уч ўғли, соҳибжамол ва умрибоқий маъбудлар янглиғ бир қизи бор эди. Ўша ёш соҳибжамол қизнинг исми Европа бўлган. Кунлардан бир куни у дугоналари билан анвойи гуллар чаппар уриб очилган денгиз соҳилидаги ям-яшил ўтлоққа боришди. У ерда турфа гуллар очилиб ётарди, дугоналари орасида ўз латофати билан ажралиб турадиган Агенорнинг қизи эса саватчасига нуқул қип-қизил атиргулларни териб соларди. Қизлар гуллар териб, саватларни тўлдиргач, қувноқ давра қуриб, роса яйрашди. Уларнинг навқирон овози яшнаб турган ўтлоқ ва ложувард денгиз шовуллашини босиб кетаркан, узоқ-узоқларга тараларди. Соҳибжамол Европанинг беташвиш ҳаётдан завқланиши ва лаззатланиши узоққа чўзилмади. Уни Хронснинг ўғли пурқудрат булутқувар Зевс кўриб қолди ва ўғирлашга карор қилди. У ўзининг келбати билан навниҳол Европани қўрқитиб қўймаслик мақсадида ғаройиб ҳўкиз қиёфасига кирди. Ҳўкизнинг туклари олтин сингари ялтирар, фақат унинг манглайида ой ёғдусига монанд кумуш доғ товланиб турарди, ҳўкизнинг мугузлари алвон тусли уфқда эндигина пайдо бўлган ҳилолдай эгик бўлиб, сайҳондаги майсаларга тегар-тегмас, билинар-билинмас одимлаган ҳолда қизлар ёнига келди. Сидон қизлари ундан қўрқишмади, улар ғаройиб жониворни ўраб олиб, унинг баданини силаб-сийпаб майингина уқалашди. Ҳўкиз Европага яқинлашиб, унинг қўлларини ялаб, унга суркала бошлади. Ҳўкизнинг оғзидан маъбудлар емагининг ҳиди келарди, бутун атрофни муаттар ҳид чулғаб олди. Европа ҳўкизнинг тукларини нозик қўллари билан силар, бошини қучар ва ўпар эди. Ҳўкиз соҳибжамол қизнинг оёқ томонига ётиб олиб, устимга ўтир дегандай эркаланарди.

 

 

Европа кулиб, ҳўкизнинг кенг яғринига ўтириб олди. У билан бирга бошқа қизлар ҳам ўтирмоқчи эди. Ҳўкиз дафъатан ўрнидан ирғиб турди-ю, денгизга қараб югуриб кетди. У истаганини ўғирлаб, жўнаб қолди. Сидон қизлари ваҳимага тушиб, қаттиқ чинқириб юборишди. Европа уларга томон қўлларини чўзиб, ёрдамга чорлади. Аммо Сидон қизлари унга ёрдам беришга ожиз эдилар. Олтин мугузли ҳўкиз шамолдай тез югуриб кетди. У ўзини денгизга ташлади ва унинг ложувард сувларига қўшилиб, делфин сингари жадаллаб сузиб кетди. Денгиз тўлқинлари эса икки томонга сурилиб, унга йўл очардилар (эътибор беринг!), уларнинг қатралари олмос каби унинг танига намлик юқтирмай, тукларидан сирпаниб тушарди. Посейдон ўзининг уч бошли ҳассаси билан акаси – буюк Зевснинг йўлини очиш мақсадида тўлқинларни забт этиб бормоқда эди. Ҳўкизнинг елкасида ўтирган Европа эса қўрққанидан қалтираб борарди. Ҳиёл ўтмай Крит соҳиллари кўзга ташланди. Зевс елкасидаги бебаҳо хазинаси билан қирғоққа чиқиб олди. Европа Зевсга хотин бўлиб қолди.

 

Афсоналардаги айрим деталлар бизга бу мавсумдаги баъзи жараёнларни: масалан, қўш қўшилган ҳўкиз билан ерни шудгор қилганда тупроқнинг худди денгиз иккига ажралгандек ажралиши ва яна гуллар ҳам шу вақтга келиб очилишини эслатади.

 

3. Эгизаклар (жавзо) – Gemini. Бу бурж Зевснинг Кастор ва Паллукси исмли эгизак ўғиллари шарафига шундай номланган. Бунга сабаб эса улар кўрсатган жасоратлардир. Келинг, энди ҳикояни эгизаклардан тингласак.

 

Парта подшоси Тиндарейнинг хотини Этолия подшоси Фестийнинг қизи, соҳибжамол Леда эди. У ўзининг беқиёс сулувлиги билан бутун Юнонистонда донг таратганди. Леда Зевсга хотин бўлганда ундан икки нафар фарзанд кўрди: маъбуда сингари гўзал қизи Елена ва буюк қаҳрамон ўғли Полидевк. Леданинг Тиндарейдан ҳам икки нафар фарзанди бор эди: қизи Клитемнестра ва ўғли Кастор.

 

 

Полидевк ўз отаси Зевсдан умрибоқийликни олган, укаси Кастор эса фонийзот эди. Ҳар иккала ака-ука ҳам Юнонистоннинг буюк қаҳрамонлари сирасига мансуб. Маҳода бошқаришда ҳеч ким Касторга тенг келолмасди, у ҳар қандай асов отларни ҳам ўзига бўйсундира оларди. Полидевк эса муштлашиш санъатида тенгсиз жангчи эди. Улар ҳамиша бирга бўлиб, ака-укани самимий муҳаббат ришталари боғлаган. Хуллас, эгизаклар юнон қаҳрамонларининг барча жасоратларида иштирок этишган.

 

Икки хил хулқ-атворга эга эгизакларнинг абадий ҳамроҳлиги инсон табиатининг икки қиёфаси рамзи ҳам дейиш мумкин. Эгизаклар буржи ҳам вақт нуқтаи назаридан баҳор ва ёзнинг ўртаси ҳисобланади. Шунинг учун унда ҳам баҳор ифори, ҳам ёзнинг ҳарорати мужассам.

 

4. Қисқичбақа (саратон) – cancer/rak. Ушбу бурж юнон мифологиясидаги Ҳераклнинг 12 жасоратидан бири бўлиб, унинг тарихи қуйидагича:

 

Юнон мифологиясида ер ости дунёси дарвозаларини қўриқлаган ўликлар дунёси маъбуди Аиднинг содиқ уй ҳайвони – Сербер – бор эди, у ер ости оламига киришни қўриқлаган улкан уч бошли ит. У Эчидна ва Тифон номли йиртқич ҳайвонларнинг бирлашувидан туғилган. Кўриниши шер тирноқли, илон думли, уч бошли улкан ит сифатида тасвирланган. У ер ости дунёсидан ҳеч бир жон чиқмаслиги ва ер ости дунёсига ҳеч бир тирик жон кирмаслиги учун масъул эди.

 

 

Ҳеракл эндигина Тиринфга қайтиб келганда Эврисфей уни тағин жасорат кўрсатишга отлантирди. Бу Ҳераклнинг Эврисфей хизматидаги ўн биринчи жасорати эди. У даҳшатли зулматгоҳ, мудҳиш воқеа-ҳодисалар макони бўлмиш Аид салтанатига тушиб, Эврисфейга ер ости салтанатининг қўриқчиси дўзахий кўппак Серберни келтириши керак эди. Ҳеракл Аиднинг ҳузурига бориб, Серберни беришини ва бу Зевснинг иродаси эканини айтади. Аид бир шарт билан кўппагини беришга рози бўлади, яъни Ҳеракл Серберни қуролсиз ҳолда бўйсундириши керак эди. Шарт бажарилади ва Ҳеракл кўппакни олиб кетади. Ер ости дунёсидан тириклар оламига чиққан кўппакнинг қуёш нуридан кўзлари қамашиб, иссиқдан терга ботади.

 

Ҳеракл Серберни саройга етаклаб борганда Эврисфей даҳшатга тушади ва Ҳераклдан уни келган жойига қайтаришини сўрайди. Ҳеракл буйруқни бажаради.

 

Бу афсонада абадий олов ёниб турувчи жаҳаннамдан тириклар дунёсига чиққан дўзахий жонзот ҳам совуқ терга ботиши бежиз келтирилмагандир, албатта. Одатда, бу мавсум иссиқлик энг юқори даражага кўтариладиган вақтга тўғри келади.

 

5. Арслон (Асад) – Leo. Бу ҳам Ҳеракл билан боғлиқ афсона бўлиб, 12 жасоратнинг дастлабкисидир. Унда келтирилишича:

 

Эврисфей Ҳераклга Немей арслонини ўлдиришни топширди. Тифон ва Эхиднадан туғилган ушбу арслон бениҳоя баҳайбат эди. У Немей шаҳрига яқин жойда яшарди, унинг дастидан шаҳар атрофи харобазорга айланганди. Ҳеракл арслонни излаб тоғларга чиқиб кетди. У етиб келганида теварак-атрофда тирик жондан асар ҳам йўқ эди. На чўпонлар, на деҳқонлар кўринарди. Қаттол арслондан қўрққан барча жонзот бу ерлардан тумтарақай бўлиб кетганди. Ҳеракл арслонни узоқ вақт излади, ниҳоят, қуёш уфқ сари оғганда бир дарадан топди. У икки томонидан чиқиладиган каттакон ғорда жойлашган эди. Ҳеракл ғорга кириладиган тешиклардан бирининг оғзини улкан қоятош билан бекитиб, арслоннинг келишини тошлар орқасига яшириниб кутди. Тун бостириб келаётган чоғда узун ёллари паҳмайган, лапанглаб келаётган ҳайбатли арслон кўзга ташланди.

 

 

Ҳеракл ёйининг камалак ипини таранг тортиб, арслонга бирин-кетин учта ўқ узди, лекин ўқлар унинг пўлатдай қаттиқ терисига урилиб қайтди. Арслон ваҳимали ўкирди, унинг момоқалдироқ янглиғ ўкириши тоғу тошни ларзага келтирди. Арслон атрофга алангларкан, ғазабдан ёнган кўзлари билан ўз овчисини қидирарди. Ана, у Ҳераклни кўриб қолди ва сакраб, навқирон баҳодирга томон отилди. Ҳераклнинг гурзиси яшиндай чақнаб кетди ва момоқалдироқ залворидай зарб билан арслоннинг бошига урилди. Даҳшатли зарбадан гангиган арслон ерга қулади. Шунда Ҳеракл арслонга ташланиб, уни қудратли қўллари билан бўғиб ташлади. Ҳеракл ўлдирилган арслонни ўзининг бақувват елкасига ташлаб, Немейга қайтди, дарҳол Зевсга қурбонлик берди ва ўзининг биринчи жасорати шарафига Немей ўйин (мусобақа)ларини таъсис этди. Ҳеракл ўзи ўлдирган арслонни Микенага келтирганида Эврисфей баҳайбат арслонга назар ташларкан, қўрққанидан ранги қув ўчди. Микена подшоси Ҳераклнинг қандай ғайрибашарий кучга эга эканини англади. Унга ҳатто Микена дарвозасига яқинлашишни ҳам ман этди. Ҳеракл ўз жасоратини исботловчи далиллар келтиргач, Эврисфей уларга қўрқа-писа қараб қўярди, холос.

 

6. Паризод (сунбула) – Virgo (юнонча “бокира қиз” маъносини англатади), бурж номи юнон мифологиясидаги Деметра ва унинг қизи Персефона ҳақидаги афсона шарафига шундай аталган бўлиб, унда келтирилишича:

 

Яшил табиат маъбудаси Деметранинг ёш ва соҳибжамол Персефона исмли қизи бор эди. Кунлардан бир кун у дугоналари – Ўқёнус (Океанида) қизлари билан бирга гулларга бурканган Нисей водийсида сайр қилиб юрарди. Ўша вақтда Персефона отаси Зевс белгилаб қўйган тақдиридан бехабар эди. Кўп ўтмай қуёшнинг ёрқин нурларини кўришдан маҳрум бўлажагини, муаттар гуллар билан завқланолмаслигини, уларни тўйиб-тўйиб ҳидлаёлмаслигини хаёлига ҳам келтирмасди. Зевс уни бадқовоқ укаси, ўликлар кўланкаси салтанатининг ҳукмдори Аидга атаган эди. Ёруғлик ва иссиқ жануб қуёшидан мосуво бўлган Персефона Ер ости салтанати зулмати ичра яшашга маҳкум эди.

 

 

Аид Персефонани Нисей водийсида кўриб қолди ва ўша заҳотиёқ уни ўғирлашга қарор қилди. У маъбуда Геядан (Ердан) илтимос қилиб, уни ўзгача гул ўстиришга кўндирди. Маъбуда Гея розилик берди. Нисей водийсида беқиёс бир гул униб чиқди, унинг кишини маст қилувчи хушбўй ҳиди узоқ-узоқларга таралди. Персефона гулни кўраркан, унга томон югуриб борди-да, поясидан ушлаб, юлқиб олди. Туйқусдан ер ёрилди-ю, унинг ичидан олтин маҳодада ўтирган ўликлар кўланкалари салтанатининг ҳукмдори бадқовоқ Аид пайдо бўлди. У ёш Персефонани кўтарди-ю, қора отлар қўшилган маҳодасига миндириб, бир зумдаёқ ўзининг Ер қаърига кириб кетди. Персефона кичқиришга улгурди, холос. Қизнинг даҳшатли қичқириғи олис-олисларга тарқалди, у денгиз пўртаналари, сарбаланд ва нурафшон Олимпгача етди. Бадқовоқ Аиднинг Персефонани ўғирлаганини Қуёш маъбуди Ҳелиосдан бўлак ҳеч ким кўрмади.

 

Маъбуда Деметра Персефонанинг қичқириғини эшитибоқ дарҳол Нисей водийсига шошилди, қизини қидирмаган жойи, сўрамаган зоти қолмади. Ниҳоят Ҳелиос унга бўлган воқеани айтиб берди. Маъбуда Деметра баттар ғамга ботди. У яшинчақнатар Зевсдан онасининг розилигисиз қизини Аидга хотинликка бергани учун жуда ғазабланди. У маъбудлар даврасини тарк этди, нурафшон Олимпни ҳам тарк этиб, оддий фоний мардум қиёфасига кириб, қоп-қора кийимга бурканиб, аччиқ кўз ёш тўкиб, узоқ вақтлар одамлар орасида тентираб юрди.

 

Ер юзида ҳар қандай ўсиш тўхтади. Дарахтларнинг япроқлари сўлди. Ўрмонлар яланғочланиб, майсалар қовжираб, гулларнинг тожи эгилиб қуриб қолди. Боғлар мева бермай қўйди, ям-яшил узумзорлар қуриди, мевалар пишмади, ўсимликлар бесамар бўлиб қолди. Илгари серҳосил бўлган экинзорлар тамоман бўшаб, уларда яшилликдан нишона ҳам қолмади. Ҳар ёнда очлик ҳукм сурарди. Ҳамма ёқда оҳ-воҳ, дод-фарёд эшитиларди. Инсон зоти ҳалокат ёқасида қолганди. Суюкли қизининг аҳволига ачиниб, ғамга чўмган Деметранинг кўзига ҳеч нарса кўринмас, қулоғига гап кирмас эди. Шунда буюк Зевс ўзининг даҳшатли укаси Аид ҳузурига фикрдек тезкор Ҳермесни юборди. Ҳермес даҳшатга тўла Аид салтанатига тушиб, унинг ҳузурида зоҳир бўлди ва унга Зевснинг ҳукмини баён этди.

 

Аид Персефонага онасининг олдига қайтишга розилик берди, аммо унга даставвал никоҳ рамзи бўлган анор меваси уруғини ютишни амр этди.

 

Қизининг қайтганидан қувонган Деметра унинг истиқболига отилди ва уни бағрига олди. Суюкли қизи Персефона яна у билан эди. Деметра қизи билан бирга Олимпга қайтди ва ерга яна файзу барака ва ҳосилдорлик бахш этди, тағин ҳамма нарса гуллаб-яшнаб кетди. Ўрмонлар нафис баҳор япроқларига бурканди. Ўтлоқлар ичра зумраддек яшнаган ўт-ўлан ва гуллар чаппар уриб очилди. Кўп ўтмай далаларда арпа-буғдойлар бошоқ чиқара бошлади. Боғлар гуллаб, ҳар ён хушбўй ҳидларга тўлиб кетди. Қуёш ёғдусида узумлар барг ёза бошлади. Табиат уйғонганди. Барча тирик зот яйрар ва буюк маъбуда Деметра ҳамда унинг қизи Персефонани шарафларди.

 

Ўшанда буюк Зевс Персефонага йилнинг учдан икки қисмини онаси билан ўтказишга, қолган қисмини эса эри Аид билан ўтказишга ижозат берди.

 

Шундан буён Деметра қизи билан бирга ўтаказадиган вақтлар – баҳор, ёз ва куз – экин-текин мавсумининг; қизи ер остида бўладиган вақтлар эса табиатда сўлиш, тўкилиш мавсумининг рамзий ифодаси деб қаралган.

 

7. Тарози (мезон) – Libra, бу бурж номи Зевснинг қизи Дека шарафига қўйилган бўлиб, у Олимпнинг олий суд ҳаками ҳисобланган ва қарорлар адолатли бўлишини назорат қилган. Адолатсизлик ва ёлғонни бешафқат жазолаган.

 

 

Мезон ойи табиатан ҳам кузнинг ўртаси бўлиб, унда иссиқлик ҳамда совуқлик; кун ва тун тенглашади.

 

8. Чаён (ақраб) – Scorpion. Бурж номи Орионни ўлдирган чаён афсонаси шарафига шундай номланган. Бу афсона бизгача тўлиқ етиб келмаган бўлса-да, Одиссей ва Ясон жасоратлари ҳақидаги афсоналарда қисман тилга олинган. Шундан хулоса чиқарадиган бўлсак, Орион чапдас овчи бўлгани, ёввойи йиртқич ҳайвонларни ўлдиргани бизга маълум. Чаён билан душманчилиги ҳақида эса турлича талқинлар бор.

 

 

Улар орасидаги энг ишонарли талқин эса Орион овчилик маҳорати бўйича ов илоҳаси Артемидани беллашувга чақиради. Артемида беллашувга чаён қиёфасида келади ва Орионни ўлдиради.

 

9. Ўқотар (қавс) – кентавр Ҳирон. У юнон мифологиясида донишмандлик рамзи бўлиб, Ахиллес, Ясон каби қаҳрамонларга устозлик қилган, шунингдек, Ҳераклнинг дўсти ҳам бўлган. Лекин афсуски Ҳеракл заҳарланган ўқ билан ўз дўстини тасодифан ўлдириб қўйган.

 

 

Қавс буржининг рамзий маъноси баҳорнинг ўлимидан қайғуга ботиб, оқ тушли мотам либоси кийган ер бўлса ажабмас.

 

10. Тоғ эчкиси (жадий) – Пан, ушбу буржнинг Пан шарафига номланиши бежиз эмас. Унинг афсонаси қуйидагича:

 

Пан туғилганда унинг онаси нимфа Дриопа ўғлига қараб даҳшатга тушган, зурриёдидан юз ўгириб қочиб қолган. Паннинг оёқлари, мугузи ва соқоли эчкини эслатарди. Бироқ отаси Ҳермес ўғли туғилганидан қувонган ҳолда уни қўлига олиб, нурафшон Олимпдаги худолар ҳузурига келтирган эди. Барча маъбудлар Паннинг туғилганидан бағоят суюнган эдилар.

 

 

Маъбуд Пан Олимпдаги худолар билан яшаб қолмади. У соя-салқин ўрмон ва тоғларни афзал билиб, улар бағрига интиларди. У ерларда Пан хушовоз найини чалиб, пода боқиб юради. Нимфалар Пан найининг жозибали товушини эшитар-эшитмас унинг олдига югуриб келишар, атрофида давра қуриб олишар эди. Паннинг ўзи ҳам нимфалар рақсида иштирок этишни хуш кўрарди. У вақтичоғлик қилганида тоғ ёнбағирларидаги ўрмонлар шўх қийқириқларга тўлиб кетарди. Эчки оёқли бақироқ Панга қувноқ нимфа ва сатирлар ҳам жўр бўлардилар. Жазирама туш пайти яқинлашди дегунча Пан ўрмоннинг энг қуюқ жойига ёки салқин ғорга кириб дам оларди. Ўшанда Панни безовта қилиш ниҳоятда хатарли эди. У қизиққон бўлиб, жаҳли чиққанда кишиларни ғафлат уйқусига чўмдириши, унга халал берган йўловчини тўсатдан қўркитиб юбориши мумкин эди. Пан кайфияти чоғ бўлганда раҳмдил ва олижаноб эди. У чўпонларга беҳисоб ноз-неъмат бахш этарди. Пан юнонлар подасини бало-қазолардан асрар, ғазабнок менадалар рақсида ҳозиру нозир, май худоси Диониснинг суюкли ва содиқ йўлдоши бўлган.

 

Бу мавсумда юнонлар барча йиғим-терим ишларини тугатгач, мўл ҳосил бергани учун Дионис шарафига байрам уюштирганлар. Байрамда олов ёқиб, мусиқа чалиб, гулхан атрофида Панга тақлидан рақсга тушганлар. Балки, бу рақс чорвачилик ҳомийси бўлмиш Пандан подаларига омонлик ва барака сўрашнинг бир кўриниши ҳам бўлгандир.

 

11. Қовға (далв) – Ҳанимед, бу образ Месопотамия ва Рим мифологиясида кўзасидаги сувни дарёга қуйиб, тошқин келтириб чиқарувчи салбий қаҳрамон сифатида ифодаланган бўлса, юнон мифологиясида эса Троя шоҳи Траяннинг ўғли Ҳанимед бўлиб, Зевс уни бургут қиёфасида ўғирлаб кетади ва Олимпга келтириб, унга боқий умр ҳадя этган ҳолда маъбудларга сув келтириш вазифасини юклайди.

 

 

Далв буржига нисбатан юнон мифологияси талқинидан кўра Месопотамия ва Рим мифологияси талқини асослироқ, менимча. Чунки чиндан ҳам бу ойда сойу дарёлар тўлиб оқади. 

 

12. Балиқ (ҳут) – Pisces. Балиқ буржи йил ҳисобининг тугаши бўлиб, бурж номининг келиб чиқиши ҳақида кўплаб афсоналар мавжуд. Улардан энг кенг тарқалгани эса Афротида ва ўғли Эроснинг балиққа айланиш афсонасидир. Унда келтирилишича, вақт худоси Хронсни тахтдан қулатиш учун бошланган урушда Зевс тарафдорлари бўлган Афротида ва ўғли Эрос қирол тарафдорлари бўлган Тифон ҳужумидан ҳимояланиш учун балиқ қиёфасига кириб, ўзларини сувга отадилар.

 

 

Уруш якунлангунга қадар балиқ қиёфасида жон сақлайдилар. Урушда Зевс ва унинг тарафдорлари ғолиб бўлади ва вақт маъбуди Хронс тахтдан ағдарилади.

 

Зиёдахон ТУРДИБОЕВА

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 17247
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//