Кулер – сувлуқ, пранк – зил-ҳазил, кешбек – қайтиқ – муқобил сўзлар тавсияси


Сақлаш
11:32 / 29.01.2025 77 0

1. Караокэ – японча сўз бўлиб, “яккахон ижрочи” маъносини билдиради. Бирор ашуланинг ҳаваскорлар томонидан тайёр матн ва куй асосида ижро этилишига караокэ дейилади.

 

2. Самосуд – “ўзбошимча судлаш”, яъни жиноятчининг давлат органи эмас, одамлар томонидан жазоланиши.

 

3. Повербанк – инглиз тилидан сўзма-сўз таржима қилганда “қувват банки” деган маънони билдиради. Мобил қурилмаларни қувватлайдиган қўшимча батарея.

 

4. Барсетка – италянча сўз, “ҳамён халта” дегани. Ундан асосан эркаклар фойдаланади. Телефон, пул, пластик карта кабиларни олиб юришга қулай буюм.

 

5. Онлайн – инглизча сўз бўлиб, “алоқада” маъносида тушунилади.

 

6. Кафел – немисча kachel сўзидан келиб чиққан. Йўлакларда,  деворларнинг пойдеворида, ошхона ва ювиниш хоналарида ерга ё деворга териладиган сувшиммас  қурилиш материали.

 

7. “Аристон” – Италиядаги корпорация номи, кейинчалик брендга айланган. Хонадонларда сувни иситиб берадиган мослама.

 

8. Кэшбэк – инглизча cashback сўзидан олинган, “пулни қайтармоқ” маъносини билдиради. Яъни, тўланган сумманинг маълум қисмининг истеъмолчига қайтариб берилиши.

 

9. Карвинг – “кесиш, ўймакорлик” дегани. Мева ва сабзавотларни кесиб безак бериш санъати.

 

10. Штрих-код – strich – “чизиқ, йўл” ҳамда лотинча  codex – “юпқа ёзув” сўзларининг бирикмаси. Маҳсулот ва унинг ишлаб чиқарувчиси ҳақида маълумот берувчи график белги.

 

11. Кулер  инглизча cooler – “совутувчи” ва французча couler – “қуймоқ” сўзларидан келиб чиққан, компьютерларнинг совутиш тизимидаги шамол ҳайдагич, шунингдек, сувни иситиб ёки совутиб, идишга қуйиб берадиган мослама.

 

12. Пранк – инглизча “ҳазил” дегани. Блогерлар уюштирадиган, видео тасмасига ёзиб олиниб, жамоатчиликка тарқатиладиган қора ҳазиллар тушунилади. 

 

 

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Исажон Султон тавсия қилади:

 

1. Караокэ. Технологик атамалар бошқа халқларга ўша технология кашф қилинган тилда тарқалади. Ушбу сўз дунёнинг барча ўлкаларида қандай бўлса шундай: “караокэ” шаклида қўлланади. Шундай бўлса-да, унга эш сўз тилимизда бор: жўр бўлмоқ, жўрламоқ. Мисол учун “Эшмат жўр ускунасини ёқди”, “Тошмат жўрлов қурилмасидаги ёзувга қараб қўшиқ айтди”.

 

2. Самосудоломон қилмоқ. “Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да ҳам бу сўзга “Оломон қилмоқ – судсиз-бошқасиз кўплашиб урмоқ, уриб ўлдирмоқ” деб изоҳ берилган (“Гап шу, мусулмонлар, агар бугун ҳам бир гап чиқмаса, бизни лақиллатганлари учун учовининг бошига тўн ёпиб, оломон қиламиз. Худойберди Тўхтабоев, “Йиллар ва йўллар”).

 

3. Повербанк – бу борадаги энг мақбул сўз – кучлуқ, замонавийроғини истасак, қувватлагич кўринишида қўлласа бўлади. 

 

4. Барсетка – ҳа, бу сўз италянча “борсетта” сўзидан келиб қолган. Ўзбекчаси ёнқопчиқ, белқопчиқ. Умуман, бундай нарсаларни ифодалайдиган сўзларга тилимиз анча бой: тўрва, халта, қоп, қопчиқ, кисса, чўнтак, ҳамён...

 

5. Онлайн – бунинг энг яхши муқобили – давра. Маъноси “онлайн”дан кўра анча кенг. Асли арабча бу сўз тилимизда “муттасил айланиб турувчи замон” мазмунида келади. Бизда эса чин ўзбекона руҳиятни ифодалаши билан эътиборга лойиқ. Масалан: даврага кирмоқ, даврадан чиқмоқ, давра қурмоқ, давра айланмоқ.

 

6. Кафелкошин. Яна “Сопол ёки чинни кошин тўшалган” ибораси “кафел ётқизилган”дан анча афзал. Кошинли шифт, кошинли тавон, кошинли саҳн...

 

7. “Аристон” – ҳа, бу бизда арго сўзга айланиб қолган. Шунга ўхшаш ҳолат “Тефал”да ҳам кузатилган эди. Ҳозир “электр чойнак атамаси билан тенг қўлланади. Бунинг маъносини энг яхши ифодалайдиган сўз иситкич. “Аристон” ва “Тефал” ҳодисаси тадбиркорларимизга яхшигина овоза учун имкон беради. Мосроқ бирон-бир сўз билан шунақа қурилма ишлаб чиқаришса, ўша сўз ўз-ўзидан ускуна номига айланиб қолган бўларди.

 

8. Кэшбэкқайтиқ, қайтқи, қайтим.

 

9. Карвингкесма безак.

 

10. Штрих-код  ўзимизга ўгирсак “тамға-чизиқ”. Лекин камина бунинг ўрнига “пайса”ни тавсия қилган бўлардим. Тўғри, пайса бир вақтлар майда чақа-пулни билдирган, Покистонда ҳозир ҳам шундай. Бироқ эски турк улусларидан то Чингизхонгача у нишон-ёрлиқ ўлароқ қўлланган бўлиб, кишининг кимлигини ва рутбасини ифодалаган.

 

11. Кулер иссиқ-совуқ сувни қуйиб берадиган мосламани англатса ҳам аслида “cool” (совуқ) сўзидан олинган. Электрон қурилмаларни совутадиган парракчаниям “кулер” дейишади. Агар бу мослама фақат совутса эди, номлаш муаммоси музлуқ сўзи билан ҳал бўларди, аммо у сувни иситади ҳам. Шу сабабли умумий қилиб сувлуқ сўзини ишлатса бўлади. Агар ҳар бир ускунага шу тамға ёпиштирилиб сотилса, бу сўз тез оммалашади. “От сувлиғи ҳам бор-ку” дегандай мулоҳазалар бўлиши мумкин. Тилимизда турли маъноларни билдирадиган сўзлар анчагина, ўшалар қаторида яшайверади.

 

12. Пранк – қарангки, тилимиз бу мазмунни ифодалашда ҳам бой экан. Ҳазрат Навоий “ҳазил” сўзи билан бирга “зарофат” ва “мутойиба” сўзларини ҳам қўллаган. Менимча, пранк ўрнига “ҳазил” сўзи мос келади, яъни: ҳазил видео. “Пранкда бир оз мазах ҳам бор-ку” деган эътироз бўлиши мумкин, бундайлари “мазах видео”, янаям қорароғи – “масхара видео” дейиш мумкин ва ҳоказо.

 

 

Филология фанлари доктори, профессор Дурдона Худойберганова тавсия қилади:

 

1. Караокэ – ушбу сўз ўзбек тилида, хусусан, ёшлар нутқида анча оммалашган ва маъноси ҳам кўпчиликка тушунарли. Унинг иккита маъноси бор: 1) бирор қўшиқнинг ҳаваскор  томонидан тайёр матн ва куй асосида ижро этилиши; 2) шундай қўшиқ тури учун мосланган қурилма. Бизнингча, биринчи маънони англатувчи караокэ сўзи шу тарзда қолгани маъқул. Иккинчи маънода қўлланувчи караокэ сўзини эса биринчисидан фарқлаш мақсадида “караоке қурилмаси” деб номлаш мумкин.

 

2. Самосуд – мазкур сўз маъносини ўзбекча “ноқонуний жазо” деб ифодалаш мумкин. Чунки самосуд қилаётган шахс бошқа шахс устидан ўзича ҳукм чиқаради, яъни уни айбланувчи деб ҳисоблайди ва уни куч ишлатиб, ноқонуний жазолайди.

 

3. Повербанк – ўзбек тили сўз ясалиши қолипи асосида ҳосил қилинган қувватсақлагич сўзини қўллаш мумкин деб ҳисоблайман.

 

4. Барсеткани “ёнхалта дейиш мумкин.

 

5. Онлайн англатган маънони “масофали тарзда” бирикмаси орқали ифодаласа бўлади. Қиёсланг: “Мажлисда онлайн қатнашди. Мажлисда масофали тарзда қатнашди”.

 

6. Кафел – айни шаклда ўзбеклар яхши тушунади ва кўп ишлатади. Уни бошқа сўз билан алмаштиришга эҳтиёж йўқ.

 

7. “Аристон”ни “сувиситгич” сўзи билан алмаштириш тарафдориман.

 

8. Кэшбэк уни “харид чегирмаси” бирикмаси билан ифодалаш мумкин.

 

9. Карвинг ўз ҳолида қолгани маъқул.

 

10. Штрих-код ўрнига “график маълумотнома” бирикмасини таклиф қиламан.

 

11. Кулер – “сувқуйгич” ҳам ёмон сўз эмас.

 

12. Пранк бу сўз ифодалаб келган ҳодиса аксар ҳолларда ҳазил қилинган одамни стресс ҳолатига тушириб, ўзаро муносабатларнинг бузилишига, баъзан оғир оқибатларга ҳам олиб келиши мумкин. Бу “Ҳазил – ҳазилнинг таги зил” мақолида ифодаланган вазиятга ўхшайди. “Оғир” сўзининг маънодоши ҳисобланган “зил” сўзи бу ерда салбий оқибатга ишора. Шу мулоҳазадан келиб чиққан ҳолда пранкни “зил-ҳазил” жуфт сўзи орқали ифодалашни таклиф қиламан.

 

Байрам АЛИ тайёрлади.

 

“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 4-сон.

“Эшиклар очиқ, лекин...” мақоласи

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14912
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//