Авлодлар алмашинуви – тўхтовсиз кечадиган табиий жараён. Ҳар бир авлоднинг ўз қарашлари бўлганидай, феълида ҳам фарқли жиҳатлар бор. Охирги йилларда авлодлар алмашинувига илм-фан ҳам қизиқиб қолди ҳамда мазкур жараённи чуқур ўрганишга киришди. Натижада ҳар ўн йилда бир авлодга умумий ном бериладиган бўлди.
“Маънавият” асосий тушунчалар луғатида авлод тушунчасига “тор маънода алоҳида бир шахс, оила ёки сулоланинг давомчиси бўлган фарзандлар ва уларнинг зурриёдлари, кенг маънода эса миллат, халқ, цивилизация ривожининг муайян босқичида ягона ғоя, мақсад ва вазифалар билан майдонга чиқадиган, тараққиёт жараёнида узвийлик ва давомийликни таъминлаб, ўз даври қиёфасини белгилаб берадиган, ижтимоий ҳодиса даражасигача кўтариладиган кишилар гуруҳи” дея таъриф берилган.
Ўн-ўн беш йил илгари фарзандларимизни компютер технологиялари асри болалари дер эдик. Сал ўтмай рақамли технологиялар ва нанотехнологиялар асри болалари каби атамалар нутқимиздан ўрин олди. Ҳали бу тушунчаларга кўникиб улгурмасимиздан тилимизда сунъий интеллект даври болалари деган янги атама пайдо бўлди. Гўдаклигидан интернет ва рақамли технологиялар оғушида вояга етаётган бугунги болалар билан катта авлодлар ўртасида жиддий фарқ бор. Жоиз бўлса, ҳозирги авлод вакиллари онаси қорнидаёқ гаджет ва смартфонлардан фойдаланишни ўрганиб туғилаётгандай кайфият беради кишига. Ҳа, ақл-идрок ва илм-фан ривожи инсоннинг биологик аслиятига таъсир этиб, юз тузилишидан дунёқарашигача сезиларли ўзгартирди. Шундай экан, инсон қалби ва онги учун кечаётган шиддатли курашда ёшларимиз ёт кучларнинг қуролига айланиб қолмаслиги учун муносабатларни тўғри йўлга солиш ва ҳар бир авлоднинг хусусиятларини алоҳида ўрганиш долзарб масалага айланиб бораётир.
“Авлод назарияси”ни илк бор америкалик тадқиқотчилар Нил Ҳоу ва Уилям Страус тадқиқ этиб, 1991 йилда турли ёшдаги кишиларнинг умумий фалсафасига асосланган концепцияни ишлаб чиқиб, “Авлодлар” номли китоб чоп этди. Китобда 1584 йилдан бошлаб АҚШ ҳудудида яшаб ўтган ҳар бир авлоднинг тарихи батафсил таҳлил қилинди. 1997 йилда улар “Тўртинчи бурилиш” деган китоб ёзиб, авлодлар ҳар 20–25 йилда хусусиятини янгилайди деган ғояни илгари сурди.
Олимлар ғарбда яшаб ўтган авлодларни қуйидаги босқичларга бўлиб ўрганган: “Arturian” (1433–1460-йиллар), “Gumanist” (1461–1482), “Reformatsiya” (1483–1511), “Repressiya” (1512–1540), “Yelizabetta” (1541–1565), “Parlament avlod” (1566–1587), “Puritan” (1588–1617), “Ritsarlar” (1618–1647), “Shonli” (1648–1673), “Ma’rifatli” (1674–1700), “Uyg‘onuvchi” (1701–1723), “Ozodlik” (1724–1741), “Respublikachi” (1742–1766), “Murosa” (1767–1791), “Transsendent” (1792–1821), “Oltinlangan” (1822–1842), “Progressiv” (1843–1859), “Missioner” (1860–1882), “Yo‘qolgan” (1883–1900), “Buyuk” (1901–1924), “Sokin” (1923–1943), “Baby boomer” (1943–1963) “X” (1963–1984), “Y” (1984–1996), “Zed” (1996–2010).
Шу кунларда тез-тез қулоғимизга чалинаётган “Zed авлод” атамаси илк бор “Тўртинчи бурилиш” китобида тилга олинган. Айрим манбаларда бу авлод вакиллари “Zumer”лар деб ҳам аталади. Мутахассисларнинг фикрича, “zumer” тушунчаси 1943–1963-йилларда дунёга келган “bumer”ларнинг ривожланган модели.
Биз бугун кўриб турган “Zumer” авлод гени “Zed”га нисбатан моделлашган бўлиб, ушбу атама жисмоний фаол чақалоқ “bebi-bumer”ларга нисбатан ҳам айтилади. Айни пайтда унинг такомили “Zumer”лардир. Улар “Y”дан кейинги ва янги “Alfa” авлоддан олдинги табақа ҳисобланади. Ўрганишлар “Zed” вакиллари X ва Y авлодларнинг фарзанди эканини кўрсатади. Икки авлод бирлашувидан ҳосил бўлган ген ўзида янги-янги хусусиятларни намоён этиши билан фарқланади. Улардаги фаоллик, ақл-идрок, мулоҳаза қобилияти ва жамоа билан ишлаш хусусияти X-Y авлоднинг акси бўлган Zeta генларининг трансформациялашуви ва етакчи ген хусусиятлари кучайиши натижасида геппир авлод қатлами шаклланишига олиб келди.
Жаҳон иқтисодиёти ҳамда технологиялар асри учун бу авлод вакиллари жуда муҳим аҳамият касб этади. Авлод хусусиятига кўра Bumer-X-Millennial-Zumer орасидаги тафовутлар кун сайин ортиб бормоқда. Ҳатто 2000-йилларда туғилган болалар билан 2015 йилдан кейин дунёга келганлар ўртасида фарқ бор. X-Y va Z авлод ўртасида катта тушунмовчиликлар юзага келмоқда. Авлодлар ўртасида Ер сайёрасининг ҳозирги ҳолатидан норози Bebi-Bomer авлод X-Y томонидан “zeta”ларга нисбатан дунёнинг ижтимоий-сиёсий ҳолатига бепарволигидан эътироз билдирса, Z вакиллари Bebi-bomer ва X-Y авлодларни бугунги ернинг шу ҳолга келишига сабабчи сифатида кўради.
Инсоният олдида турган энг катта муаммолардан бири табиий ресурсларнинг чекланганлиги ҳамда инсон эҳтиёжларининг чексизлиги даврида BB, X-Y ва Z авлод вакиллари дунёқараш ўртасида кундан кунга ортиб бораётган тафовутнинг олдини олиш ўта муҳим ҳисобланади. Олдинги авлод билан солиштирганда, кундалик ҳаётида тез агрессия намоён этиши, ҳолати, жинс, дин ва мавжуд ҳолатларга ўзгача қарашлари, ўзининг алоҳида хусусиятга эга эканига ишониш авлодлар ўртасидаги фарқларни таъминлайди. Айрим ривожланган мамлакатларда “Zumer”лар яхши хулқ-атвор эгаси саналса-да, атрофдаги воқеаларга бепарволиги ҳамда хатарга нисбатан ёндашуви билан ажралиб туради.
“Zumer”ларнинг ҳаёт тарзи ўзларидан аввалги авлод вакилларига қараганда анча секинроқ. Вақтга нисбатан қарашлари ҳам bebi-bumer ҳамда X-Y авлод вакиллари билан тубдан фарқ қилади. Қатъий тартиб қоидалар ўрнини хотиржамлик, эркин ва вақтни ўз билганича сарфловчи авлод шаклланиши “bebi-bumer”дан то “zeta”ларгача бўлган табақалар ўртасида тушунмовчиликларни кучайтирмоқда.
Гап авлодлар ҳақида борар экан, улар билан боғлиқ катта гуруҳлар ҳақида тўлиқроқ маълумотни тақдим этиш зарур. Келинг, шу ўринда асосий катта гуруҳларни кўриб чиқамиз (йиллар турли манбаларда ҳар хил кўрсатилган, фарқи 1–3 йил ва улар муддаонинг умумий моҳиятига таъсир қилмайди).
“Bebi-bumer” – бу авлод 1943–1963-йилларда туғилганлар. Улар ўзига талабчан, жисмоний меҳнатга мослашган, ишга қизиқади, жамоавий меҳнат билан шуғулланишни хоҳлайди ва жамоавий ўйинларни ёқтиради. Айни вақтда бу қатламнинг асосий қисми пенсияда, лекин улар орасида ишлаётганлар ҳам бор. Уларнинг яна бир ўзига хос томони қийинчиликларга бардошлилиги. Муаммоларни гапиришдан қўрқмайди ва дунёнинг ўзгаришига ишонади. Иш ва карйерага кўп вақт ажратгани боис ушбу авлод вакиллари орасида оиласидан ажрашганлар кўпроқ.
X (номаълум) авлод 1963–1984-йилларда туғилганлар бўлиб, кўпроқ ўзига ишонади, ўзгача ўйлайди, дунёдаги ўзгаришлардан доим хабардор, керакли вақтда танлаш ва ўзгариш қобилиятига эга. Кўпинча руҳан ёлғиз ва индивидуал мақсадларга эришиш учун қаттиқ меҳнат қилишга тайёр, профессионал ўсишга ҳаракат қилувчи кишилар жамоаси. Улар “bebi-bumer”дан фарқли ўлароқ, бутун кучини оиласининг фаровонлигига қаратади. Фарзандларига ўзида йўқ бўлган ҳамма нарсани – яхши кийим-кечак, замонавий гаджетлар, олий маълумот, машина, квартира ва ўзини қулай, мустақил ҳис қилишига ёрдам берадиган барча нарсани беришга тайёр. Давлат ёки ижтимоий ёрдамларга ишонмайди, фақат ўзига таянади. Ҳаёт ва ишда аниқ вақт ва чегараларни яхши кўради.
Y (Millennials) авлод вакиллари 1984–1996-йилларда туғилган одамлар. Улар жамоатчилик идрок этиши энг қийин бўлган авлодлардан бири. Бу ном лотинча “мингйиллик” сўзидан келиб чиққан. Ушбу тоифадаги одамлар жуда қийин даврда ўсган: қайта қуриш, урушлар ва эпидемиялар. Бироқ бу даврда ахборот технологиялари соҳасида глобал тараққиёт кузатилганини ҳам таъкидлаш жоиз. Смартфонлар туфайли улар “бош бармоқ авлоди” деб ҳам аталади. Чунки улар бир бармоқ билан телефонда хабарларни биринчи бўлиб ёзган. Бу болаларда мақсад сари интилиш ва муваффақият тушунчалари бошқачароқ. Кўп ҳолларда уларга профессионал фаолиятни энг қуйи поғонадан бошлаш ёқмайди. Бир неча йилдан кейин уларни “кўтаришлари”га умид қилади. Асосий эътибори тезлик билан ўсишга қаратилгани уларнинг асосий камчилиги ҳисобланади.
Бу камчилик бир вақтнинг ўзида бир нечта соҳада профессионал бўлишга интилиш орқали билинмай кетади, яъни уларга фақат бир йўналишда мутахассис бўлишга “рухсат йўқ”. Y авлод замонавий бизнеснинг умиди, ишда вақтидан кўпроқ ишлашга тайёр; уларда техник саводхонлик ҳам юқори. Кўпчилик экспертлар Y авлод вакиллари тез орада глобал ишчи кучига айланишини таъкидлайди. Шунингдек, улар ўқиш ва иш фаолиятини бошлагунга қадар ота-она таъминотида бўлиши билан ажралиб туради.
“Zed” авлод ёки “zumer”лар постмодернизм ва глобаллашув даврида (1996–2010) туғилган одамлардир. Уларни қўлларида смартфон ёки планшет билан туғилган дейиш мумкин. Бола ҳали ўқиш ёки гапиришни билмайди, лекин планшет ё компютерни қандай ёқишни билади. Бошқача қилиб айтганда, “zumer”ларни тарбиялашда нафақат ота-оналар, балки турли ижтимоий тармоқлар ва кўплаб блогерлар ҳам иштирок этмоқда. Уларнинг ҳовлидаги дўстлар билан боғлиқ болалик хотиралари йўқ. Шунинг учун улар жамоада ишлаш тажрибасига эга эмас.
Файласуф Шавкат Тўраевнинг таъбири билан айтганда, бугун болалар кўчага чиқиб, жўрасини ёки дугонасини бирор ўйин учун чақириб, унинг ота-онаси жавоб бергунча кутиб ўтиришига ҳожат йўқ. У ўзининг смартфони, айфони билан хоҳлаган жойида ўтириб мулоқотни давом эттираверади...
Одатда инсон ўзини таний бошлаш жараёнидаги илк қадамларидаёқ атрофдагилар билан мулоқот бошлайди. Улардан сўрайди, бирга ўйнайди ва ана шу дўстлик, яқинлик ва ўйинлар натижасида унинг дунёқараши шаклланади. Кўриниб турибдики, кишиларнинг ижтимоий ҳаётда муносабатга киришишида оила, мактаб ва жамият бошланғич қадам ҳисобланади. Айнан шу қадамларни қўйишдаги оқсоқлик кишиларни реал ҳаётдан виртуал ҳаёт сари шиддат билан олиб кетиши мумкин. “Zed” авлодда ҳам ушбу ҳолатлар кузатилгани боис уларни жамоа бўлиб ишлашга ўргатиш керак.
“Alfa” атамасини австралиялик тадқиқотчи тавсия этган, бу авлод вакиллари 2010–2024-йилларда туғилганлар. “Alfa”лар XXI асрда туғилган авлод бўлиб, 2 миллиарддан ортиқ. Уларнинг барча ўтмишдошларидан фарқи шундаки, ҳар қандай муҳим мавзулар: сиёсат, иқтисодиёт, руҳият, болалар ва ота-оналар ўртасидаги муносабатлар, дунёдаги глобал ўзгаришлар ва бошқалар бўйича ўз нуқтаи назари ва аниқ позициясига эга эмас. Уларга осон таъсир ўтказиш мумкин. “Alfa”лар жуда ёшлигиданоқ сўзларини бошқалар тинглашини қадрлайди, янги билимлар олишни яхши кўради, лекин катта ҳажмдаги маълумотларни эслаб қолиш ва қайта ишлаш билан боғлиқ ҳолатлар бундан мустасно.
Улар асосий маълумотларни интернетдан олгани туфайли билимлари ҳаддан ташқари мавҳум, аниқ манбага эга эмас. Шу нарса келажакда уларга панд бериши мумкин. “Alfa”лар мактаб ва олий ўқув юртларида таълим олиш, ўрганишда нима фойдали эканини у қадар тушунмаганликлари сабабли дарсларда қушларни санаб ўтиришлари ҳамда ёзувда хатоси бор-йўқлигидан ташвишга тушмайдиган авлод ҳисобланади. Илгари “bebi-bumer” ва бошқа авлодлар соатлаб ҳуснихат ва имло устида ишлаган бўлса, “alfa”лар умуман таълимда ёзиш керакми деган саволни илгари суришмоқда. Улар ўзлари учун зарур бўлган таянч билимларни интернетдан олиши боис интернетни ўқитувчи дея эътироф этмоқда. Аммо улар ажойиб, кўп қиррали ва инновацион, креатив фикрлаш қобилияти кучли экани билан ажралиб туради. Шунингдек, улар жуда инжиқ ва ақлий жиҳатдан беқарор шахслар, нарциссизм ва худбинликка мойил. Агар уларнинг илтимоси рад этилса, жанжал чиқариши мумкин. Бу тоифадаги одамлар эркин ижодкордир. Уларга қулай шароит, барқарор иш ва молиявий имтиёз керак эмас. Уларни янги ва нотаниш нарсалар жалб этади. Уларга қаерда ухлаш ёки нима қилишнинг фарқи йўқ.
“Alfa”ларни пул, қимматбаҳо машина, квартиралар қизиқтирмайди. Кўчма маънода улар ўзига хос кўчманчилар. “Ҳамма нарсага боғланиш яхшилик келтирмайди, квартира ё машинани ижарага олиш мумкин экан, нега уларни сотиб олиш керак?” деб ўйлайди. Моддий ёки молиявий кўрсаткичлар муҳим эмас. Энг муҳим мезон – маънавий-руҳий восита ва жараёнлардир. Уларга ҳаётда янги ҳисларни бошдан кечиришга имкон берувчи тадбирлардан бошқаси қизиқмас. Улар ўз-ўзини тарбиялашга кўпроқ қизиқади. Ўтмишдошларидан ғайриоддий фикрлаши ва эрта вояга етиши билан ажралиб туради. Болалигидаёқ онам ёки отам ким учун ишлайди, қанча маош олади, бу пул уларга етадими-йўқми сингари саволларга қизиқади.
“Alfa” авлод интернетнинг доимий фойдаланувчиси саналади. Икки ёшли болаларнинг 80 фоизга яқини аллақачон смартфон ва планшетларда ўйин ўйнамоқда. Ҳозир дунёдаги ҳар тўртинчи бола уч-тўрт ёшида, ҳар учинчи бола беш-етти ёшида ва ҳар иккинчи бола саккиз-ўн бир ёшида шахсий гаджетига эга.
“Alfa” – камар билан калтакланмаган биринчи авлод десак адашмаймиз. Инсон онгида сезилмайдиган бу инқилоб қачон бўлганини тушуниб етиш амримаҳол. Йигирма йиллар аввал ножўя қилиғи ёки хулқи учун фарзандига тарсаки туширган ота-онага ҳеч ким эътибор қаратмасди. Бугун бу иш кескин қораланади. Смартфон ёки телефонга ёзиб олинади. Ижтимоий тармоққа жойланади. Сўнг бола ҳимояси учун васийлик хизматлари ҳаракатга тушади. Шу боис ота-оналар замонамиз болаларига нисбатан зулм қилиш, ҳатто ортиқча тергашдан ҳам ўзини тиймоқда.
“Alfa”лар ҳаддан ташқари аччиқланмайди, бироқ ёшлигиданоқ қадр-қимматини талаб қилади. Кекса кишилар билан ҳам худди ўртоғи каби гаплашади. Мустақил ҳаёт ҳақиқатини қабул қилиши ўта мушкул. Аввалги болалар етти-тўққиз ёшида овқат тайёрлашни эплаган, мактабдан ўзи уйга кела олган. Ҳозиргилар оналари ва оталаридан фарқли ўлароқ, ниҳоятда ночор ва ожиз, таъбир жоиз бўлса, мустақил эмас.
Таҳлилларга кўра “Alfa” авлоднинг қуйидаги хусусиятиларини қайд этиш мумкин:
улар деярли ҳамма нарсада амалиётчи;
мода бўлган (тренддаги) нарсаларни яхши кўради. Ўйинчоқ, кийим-кечак ва замонавий жиҳозларга қизиқади;
бир зумда ҳар қандай нарсага қизиқиши сўнади, уларни ҳайратда қолдириш ёки хурсанд қилиш қийин;
яхши суратга тушади;
ҳали катталар ҳам тушунмайдиган замонавий таҳрирлаш воситаларини осон ўзлаштиради;
ота-оналарга ёрдам берадиган бир қатор психологик усулларни билади ҳамда ўзининг аҳволини осон таҳлил қилиб, тушкунликнинг сабабларини тушуниши ёки, аксинча, ўз руҳини кўтариши мумкин;
ҳар қандай жазога тайёр, нима бўлишидан қатъи назар ўз жойида туради. Ўн йил аввалги болаларга бегона туюлган кўплаб масалалар юзасидан билимли ва малакали. Масалан, ота-она ўртасидаги муносабатлар, оиладаги молиявий муаммоларнинг сабаблари ва пул нима учун кераклигини таҳлил қила олади. Маълумотларни жуда тез қайта ишлайди ва батафсил таҳлил қилади.
“Alfa” авлодда энг кўп кузатиладиган камчиликлар:
клип хотира;
рақамли аутизм;
дофамин танқислиги;
ҳаётий иммунитетнинг сустлиги.
Авлодларнинг ҳар бири ҳақида ўқиб, бир-бирига солиштириб айрим хулосаларни чиқариш мумкин. Шу билан бирга улар ўртасидаги фарқ шартли эканини ҳам унутмаслик лозим. “Baby-Boomers”, “X-Xer”, “Y-Millennials”, “Zed” ва “Alfa” авлодлар ўртасида фарқларнинг юқорилиги технологик тараққиётнинг ривожланиши билан боғлиқ. Бугунги иқтисодий, сиёсий, ҳарбий, ижтимоий-маънавий, табиий-экологик омил ва таҳдидлар туфайли авлодлар қисқа вақт ичида мутацияга учради. Натижада уларнинг ривожланиши тезлашиб, руҳиятида ҳам ўзгаришлар содир бўлмоқда. Инсон илми ва тараққиёт таъсири туфайли туғилиши биланоқ смартфон ва гаджетга эга “Zed” ва “Alfa” авлод шаклланди.
Нигора ҲУСАНОВА,
Ижтимоий-маънавий тадқиқотлар институти илмий ходими
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 4-сон.
Санъат
Тил
Адабиёт
Жараён
Маънавият
Адабиёт
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ