Тилшуносликда фаух амис – «алдоқчи дўстлар» тушунчаси бор. Икки ёки ундан ортиқ тиллардаги талаффузи ёки ёзилиши ўхшаш, лекин маъноси турли бўлган сўзлар шундай аталади. Тилшуносликда алдоқчи дўстларнинг пайдо бўлиши одатда, қуйидаги омилларга боғлиқ:
1. Тарихий алоқа. Мисол учун, ўзбек ва турк тиллари каби қариндош тиллар ўртасида бир хил илдиздан келиб чиққан, лекин вақт ўтиши билан маъноси ўзгариб кетган сўзлар кўп учрайди.
2. Ўзлашмалар. Турли тиллардан ўзлашган сўзлар ўзлашиш жараёнида турлича шакл ва маъно олиши мумкин. Масалан, арабча илдизга эга бўлган сўзлар ўзбек ва турк тилларида ҳар хил ишлатилади.
3. Талаффуз ва ёзув ўхшашлиги. Баъзан икки тил бир-бирига яқин бўлгани учун сўзларнинг талаффузи ёки ёзилиши ўхшаш туюлади, лекин асл маъноси фарқ қилади.
Алдоқчи дўстлар турли тилларда мавжуд сўзларнинг шакл жиҳатидан ўхшаш, аммо семантик томондан фарқланишига асосланади. Ўзбек ва турк тилларида бундай ҳодисалар, асосан, қуйидаги сабабларга кўра юзага келган:
1. Тарихий ривожланиш: Ўзбек ва турк тиллари умумий туркий илдизга эга бўлсада, уларнинг ривожланиш жараёни турли географик, маданий ва ижтимоий шароитлар таъсирида бўлган. Бу эса сўзларнинг шаклий ўхшашлиги билан бирга семантик фарқланишига олиб келган.
2. Семантик ўзгаришлар: Баъзи сўзлар бир тилнинг лексикасида маълум бир маъно сақлаган бўлса, бошқа тил лексикасида уларга янги ёки кенгайтирилган маъно юкланган.
3. Ўгирма сўзлар таъсири: Иккала тил ҳам тарихий жараёнда бошқа тиллардан ўзлаштирилган сўзлар туфайли ўхшаш лексик бирликларни шакллантирган.
Бугунги кунда туркий тиллар 35 дан ортиқ тил ва лаҳжага бўлинган бўлсада, уларнинг барчаси бир ота тил – прото-турк тили авлодлари ҳисобланади. Лекин тарихий жараёнларда геосиёсий, иқтисодий, диний-маданий ва табиий омиллар туфайли бу тиллар сезиларли даражада ўзгаришга учраган. Ўзгаришлар нафақат грамматик тузилиш ва фонетик ўзгаришлар шаклида, балки лексик даражада ҳам намоён бўлган. Ушбу мақолада ўзбек ва турк тиллари ўртасидаги алдоқчи дўстлар ҳодисасига бир қанча ўрнаклар келтирамиз.
Ахтармоқ – Aktarmoq
Ўзбекча: Қидирмоқ, изламоқ.
Туркча: Бир нарсани бир ердан ёки идишдан бошқа ерга ўтказмоқ, жўнатмоқ, юбормоқ, тўкмоқ.
Англамоқ – Anlamak
Ўзбекча: Фикр-мулоҳаза, ҳодиса мазмунини билиб олмоқ, тушунмоқ, идрок этмоқ, фаҳмламоқ.
Туркча: Бирор нарсанинг нимани англатишини тушунмоқ.
Бекор – Bekar
Ўзбекча: Ишдан ҳоли, иши йўқ; бўш, ишсиз, беиш.
Туркча: уйланмаган ёки турмушга чиқмаган, бўйдоқ.
Бобо – Baba
Ўзбекча: Отанинг ёки онанинг отаси (набирага нисбатан).
Туркча: ота, падар.
Дада – Dede
Ўзбекча: ота, падар.
Туркча: бобо, бува.
Эшик – Eşik
Ўзбекча: Уй, хона, бино ёки ҳовлининг кираверишига ўрнатиладиган, очиб-ёпиб туриладиган қурилиш буюми.
Туркча: Эшикнинг пастки қисмидаги босиб кириладиган ер, остона.
Гул – Gül
Ўзбекча: Ёпиқ уруғли ўсимликларнинг урчиш учун хизмат қиладиган, гулбанд, косачабарглар, тожбарглар, чангчилар ва уруғчилардан иборат қисми.
Туркча: Атиргул
Ҳовли – Havlu
Ўзбекча: Бирор оила, хўжалик, ташкилотга тегишли жойнинг иморат қурилмаган, одатда, атрофи ўралган қисми.
Туркча: Сочиқ.
Ҳовуч – Havuç
Ўзбекча: Бир қўл бармоқларини букиб, шунингдек, икки қўлнинг кафт ва бармоқларини ёнма-ён бирлаштириб, бармоқларни букиб, чуқурча қилинган ҳолат.
Туркча: Сабзи (сабзавот тури)
Ифлос – İflas
Ўзбекча: Нопок нарсалар билан булғанган, кир босган.
Туркча: Суд қарори билан қарзини тўлашга қодир эмаслиги, тўлашга лаёқатсизлиги, банкротлиги аниқланган ва эълон қилинган тадбиркорнинг аҳволи.
Калит – Kilit
Ўзбекча: Қулфни очиш ёки беркитиш учун ишлатиладиган металл асбоб.
Туркча: Қулф.
Кира – Kira
Ўзбекча: Бирор жойга бориш ёки бирор юкни олиб бориб бериш учун арава, машина ёллаш, ёлланиш.
Туркча: Уй-жой, мол-мулк ёки транспорт воситаси каби нарсаларни эгаси томонидан бошқа бировга маълум муддатга бериш, ижарага бериш.
Кровать – Kravat
Ўзбекча: Тўрт оёқли, устига кўрпа-тўшак солиб ётиладиган уй-рўзғор анжоми.
Туркча: Бўйинбоғ.
Пора – Para
Ўзбекча: Лавозимли кишига бирор ишни ноқонуний битириб олиш учун берилган нарса ёки пул.
Туркча: Нақд пул, давлат томонидан босилган қиймати бўлган қоғоз ёки металл тўлов воситаси.
Қилиқ – Kılık
Ўзбекча: Кишининг юриш-туришидаги, бошқалар билан муомаласидаги ўзига хос ҳаракатлари, хулқ-атвори.
Туркча: Бир кишининг кийиниши, ташқи кўриниши, қиёфа, уст боши.
Қоплон – Кaplan
Ўзбекча: Мушуксимонлар оиласига мансуб, мўйнали қалин сарғиш тусли, қора ҳалқали доғлари (ҳоллари) бор йирик сутэмизувчи йиртқич ҳайвон.
Туркча: Мушуксимонлардан, энига қора чизиқлар қопланган ва тўқ сариқ мўйнали, Осиёда яшайдиган чаққон ва йиртқич ҳайвон, яъни йўлбарс (Телис тигрис).
Сайр қилмоқ // Сайратмоқ – Seyretmek
Ўзбекча: 1. Сайр қилмоқ – осуда ерларда, оромгоҳ, сайргоҳларда айланиб юриш, томоша қилиш, ором олиш. 2. Сайратмоқ – Сайрамоқ сўзининг орттирма нисбат шакли.
Туркча: Бир нарсанинг ҳолатини, шаклини кўрмоқ, томоша қилмоқ.
Совчи – Savcı
Ўзбекча: этник. Уйланувчи йигит томонидан бирор хонадоннинг вояга етган қизини кўриш ва уни келин қилиб беришга розилик сўраш учун вакил қилинган киши.
Туркча: қонун. Давлат номидан ва манфаати учун судга даъво қўзғатувчи, жамоат ҳуқуқлари ва қонунни бажариш учун, судья олдида судланувчиларни жавобгарликка тортувчи мансабдор шахс, яъни прокурор.
Тинч – Dinç
Ўзбекча: Ғала-ғовур, шовқин-сурон, тўс-тўполондан ҳоли.
Туркча: Кучи ва соғлиғи жойида, жонли, бақувват, меҳнатсевар, ҳар томонлама ривожланган.
Топмоқ – Tapmak
Ўзбекча: Йўқотган, умуман, қидирилаётган (қидирувда бўлган) нарса ёки шахсга дуч келмоқ, кўзга илинтирмоқ.
Туркча: Сиғинмоқ, топинмоқ.
Туман – Duman
Ўзбекча: Атмосферанинг қуйи қатламларида юзага келадиган майда сув ёки муз зарралари.
Туркча: Бир модданинг ёниши натижасида ажраб чиқадиган, таркибида қаттиқ зарралар ва буғ бўлган турли рангдаги газ, яъни тутун.
Тутқун – Тutkun
Ўзбекча: Асир олинган, асирлик ҳолатидаги шахс; асир банди.
Туркча: Кўнгил бермоқ, мафтун этмоқ, ишқибоз.
Ушоқ – Uşak
Ўзбекча: Ноннинг майда бўлаклари; увоқ.
Туркча: Бола, бола-чақа.
Халат – Halat
Ўзбекча: Ўзи ҳам, енги ҳам узун ва кенг бўлган, тугма ўрнига белбоғ қўлланиладиган устки кийим (асосан хотин-қизлар, баъзан эркаклар ҳам кияди).
Туркча: Арқон
Ёпмоқ – Yapmak
Ўзбекча: Эшик, дераза кабиларни беркитмоқ.
Туркча: қилмоқ, бажармоқ.
Зўр – Zor
Ўзбекча: Куч-қувват, қудрат; таъсир.
Туркча: Осоннинг зид англами, қийин ёки қийинчилик.
Ўтмоқ – Ötmek
Ўзбекча: Маълум йўналишда ҳаракатда бўлмоқ (юрмоқ, учмоқ, оқмоқ ва ҳ.к).
Туркча: Қуш ёки ҳашаротларнинг турли оҳангларда товуш чиқариши, яъни сайрамоқ.
Туркий тиллар оиласи жаҳон тиллари тизимида қадимийлиги, бойлиги ва мураккаблиги билан алоҳида ўринга эга бўлиб, бу тиллар ўртасидаги қариндошлик ва ўзаро боғлиқлик турли лингвистик ҳодисаларни таҳлил қилиш учун асосий майдон сифатида намоён бўла олади. Алдоқчи сўзларнинг ўрганилиши эса нафақат лингвистик билимларни бойитади, балки турли халқлар маданиятларини ўртасидаги ўзаро таъсирни ҳам чуқурроқ тушунишга хизмат қилади. Шу сабабли бу ҳодисани таҳлил қилиш таржимонлар, тилшунослар ва тил ўрганувчилар учун назарий ва амалий аҳамиятга эга.
Алишербек МАМАЖОНОВ,
Фарғона давлат университети магистранти
Фойдаланилган адабиётлар:
1. Ўзбек тилининг изоҳли луғати. Тошкент: Ўзбекистон миллий энциклопедияси, 2006.
2. Türkçe sözlük. Электрон китоб. 2023.
3. Юсуф Б. Туркча-Ўзбекча ва Ўзбекча-Туркча луғат. Тошкент: Ўзбекистон. 1993.
4. Машраббекова А. Лексические параллели в тюркских языках и их возникновение. Филология: научные исследования, 2019 – 2.
5. https//tureng.com
6. Telegram: t.me/AsanovEldar
7. Telegram: t.me/akademik_til
Адабиёт
Санъат
Тил
Адабиёт
Жараён
Маънавият
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ