
Цивилизация шоми
Инсониятнинг бугунги ҳаёти ўз шиддати, таъсир кўлами, муносабатлар мураккаблиги билан нафақат кечмиш асрлар, балки бир неча ўн йил илгариги ҳаётдан ҳам жиддий фарқ қилаётир. Ҳар соҳада кузатилаётган глобаллашув жараёни инсон аталмиш мавжудотнинг жисму жонини мисоли вайронкор қуюндек ўраб-чирмаб олмоқдаки, бу шиддат ва куч қаршисида унча-мунча одамнинг дош бериши – ўзини, ўзлигини, шахси ҳамда ақл-ҳушини сақлаши тобора қийинлашиб боряпти. Ўспиринлик ёхуд ёшликнинг ногаҳоний шабадага сезгир жисму жони не, ҳатто ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб улгурган, ўзини ҳар нарсага бардошли ҳисоблайдиган катта ёшдаги кишилар юриш-туриши, дунёқараши, ахлоқи ва умумруҳиятида кузатилаётган эврилишлар ҳам инсон зоти табиатида ортга қайтмас туб ўзгаришлар бошланганидан дарак бераётгандек. Инсонлараро муносабатларда шафқатсизлик, риёкорлик, сотқинлик, бебурдлик, хиёнат сингари иллатлар мисли кўрилмаган кўламда юзага чиқаётгандек. Нафсий интилишлар қутқуси-ла авж олаётган “ўлат пайтидаги шоҳона зиёфат”ларнинг бадбўй оқаваси комига одамий руҳ тобора чуқурроқ ғарқ бўлаётгандек. Шунга кўра, Ғарб инсоншунослик фанлари тилида “инсон деградацияси”, “шахснинг емирилиши”, “одамнинг қиёфасизлашуви”, “цивилизация шоми” сингари тушкун иборалар тобора кўпаяётганини тушуниш мумкин.
Бу ҳалокатли эврилишда дунё оммавий ахборот воситалари фаолияти ҳал қилувчи омиллардан бири бўлаётгани сир эмас. Дарвоқе, айни соҳада парадокс бир ҳолат тобора аниқроқ кузатиляпти. Ўзига “ахборот дунёси”, “ахборотлашган жамият” деб ном қўйиб олган бугунги жумла жаҳонда у ёхуд бу воқеа-ҳодиса ҳақида (у тарихда юз берганми ёки куни кеча содир бўлдими – фарқи йўқ!) оммавий ахборот воситалари “топиб” тарқатаётган маълумот, “тезкор хабар” қанча кўпайса, ўша воқеа-ҳодисага доир асл ҳақиқат шунчалар мавҳумлашиб бормоқда. Янги хабар ва “топилмалар” кўпайгани сари ўқувчи, томошабин, тингловчи бўлмиш инсон дунёқараши, онгу шуурини бошбошдоқлик – хаос шунчалар кенг ишғол қилаётир. Нафақат сиёсий, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-мафкуравий соҳалардаги жорий янгиликлар, узоқ муддатли кузатув ва ҳисоб-китобни талаб қилувчи соҳаларга оид хабарларнинг ҳам бир-бирига мутлақо зид мазмунда экани кишини лол қолдиради. Бир гуруҳ олимлар инсониятни, дейлик, Ер сайёрасида ҳаво ҳарорати тобора кўтарилиб бораётгани ва бу жараён мудҳиш оқибатларга олиб келиши ҳақидаги башоратлари билан қўрқитса, бошқа бир гуруҳ “мутахассислар” унга тескари гапни маъқуллаб кароматгўйлик қилади. Ёки 2001 йилнинг 11 сентябрида АҚШда содир бўлган аянчли ҳодисаларни, масалан, итальян кинорежиссёрлари “9/11 жумбоғи” номли ҳужжатли фильмда бир хил талқин этса, америкалик киночилар унинг тескарисини “исботлаб” беряпти.
“Учинчи дунё”нинг кўплаб минтақаларидаги ит эгасини танимайдиган бошбошдоқликларни қўйинг. 1963 йилни, ҳар жиҳатдан тартибли, қонунлар амалда бўлган, демократия ва ошкоралик гўё тўлиқ таъминланган Американинг Далласида юз берган қотиллик – Президент Жон Кеннедининг ўлдирилишини эслайлик. Ўтган ярим асрдан кўп вақт ичида бу ҳодиса тўғрисида минглаб мақола, юзлаб ҳужжатли ва ўнлаб бадиий фильм, сон-саноқсиз адабий ва публицистик асарлар пайдо бўлди. Уларни яратган ҳар бир муаллиф бу мудҳиш воқеанинг асл сабаби, қотиллик буюртмачилари ва ижрочилари тўғрисидаги энг тўғри гапни мен айтдим, дейиши аниқ. Бироқ... Бироқ бу “энг тўғри гап”лар кўпайгани сайин, воқеанинг асл илдизлари устига тортилган тупроқ шунчалик қалинлашиб бормоқда. Ҳозиргача илгари сурилган юзлаб версиялар ичида ҳақиқатга энг яқини, ҳатто асл ҳақиқатни ўзида мужассам этган талқин ҳам бўлгандир. Бироқ энди бизни – шунча “аниқ ахборот”, “ишончли маълумот”, “асл манба”дан воқиф ўқувчи, томошабин, тингловчини унга ишонтиришнинг, афсуски, иложи йўқ.
Энг ачинарлиси – инсон диққати асл масала моҳиятидан узилиб, у мазкур муаммо ҳақида “эркин, индивидуал, шахсий фикр-қараши”ни изҳор этаётган томонлар ўйинига маҳлиё бўлиб қолмоқда. Ҳолбуки, муҳокамага мавзу бўлган ўша масала, муаммолар вақтида ечимини топмаса (улар орасида одам зотига иснод келтирувчи бир жинсли никоҳлардан тортиб, араб мамлакатларида худонинг берган куни нобуд бўлаётган бегуноҳ одамлар қисматигача бор!), эрта ўтиб индин бутун инсоният тақдирига жиддий таҳдид солиши мумкин.
Шуниси таассуфлики, аксарият “дунё маним деганлар” – йирик ва таъсирдор давлатлар бошқарувчилари (тўғрироғи – уларни шу мансабга лойиқ кўрган кучлар!) сувнинг янада лойқаланишидан манфаатдордек таассурот қолдиради...
Оёққа тураётган Шахс
Энди ана шу ахборий талотумлар ичида кун кечиришга, оёққа туришга мажбур ёш инсоннинг ҳолатини кўз олдимизга келтирайлик. Унинг дунёқараши, диди, ахлоқи, руҳияти ва кайфияти, бир сўз билан айтганда, шахси шаклланишига таъсир ўтказадиган омилларнинг ранг-баранглиги, зиддиятлилигига диққат қилайлик.
Бизнингча, аҳвол одам боласи тақдирига битилган бир ўзгармас қонун билан янада чигаллашади. Дунёга келган гўдакнинг бобо-бувиси, ота-онаси ҳар қанча олам сирининг тубига етган аҳли дониш бўлмасин, ўз зурриёдига табиий тарзда нари борса рангу рўйи, ташқи қиёфа ва айрим жисмоний-руҳий имконият ва қусурларини мерос қилиб ўтказади, холос. Уларнинг йиллар давомида йиғиб-терган билими, ҳаётнинг аччиқ суви бурнидан кириб кўзидан ёш бўлиб чиқиши эвазига тўплаган бебаҳо тажрибаларини бояги болажонга тез ва соз кўчириб ўтказишнинг имкони йўқ. Замонавий тил билан айтганда, ёш одамча вужуди компьютер процессори эмаски, бошқа манбада ишланган ва тўпланган фалон гегабайт маълумотни биргина сим воситасида кўз юмиб очгунча унга ўтказиб бўлса... Яна ҳам бошқача қилиб айтсак, рус ёзувчиси А.Беляевнинг “Профессор Доуэлнинг боши” романидаги сингари воқеалар ҳозирча фақат фантастик асарлар имкониятидаги иш бўлиб қолмоқда.
Демак, дунёга келган гўдак худди аждодлари сингари нима иссиғу нима совуқлиги, нима ширину нима аччиқлиги, нима яхшию нима ёмонлиги, нима мумкину нима уят экани... – ҳамма-ҳаммасини ўзи ўрганиб-ўзлаштириб бормоғи керак. Таълим-тарбиянинг не-не ақллар ўйлаб топган жамики усул-воситалари, педагогика технологиялари, миллионлаб тарбия ўчоқлари ва мураббийлар – барча-барча омиллар ана шу ишга – одамдан инсон яратиш, шахс тарбиялашга сафарбар қилинади. Бағоят аниқ ишловчи янги техник анжомлару компьютер бошқарув тизимига эга бўлган цех новидан тап-тайёр, икки томчи сувдек ўхшаш ҳолда чиқадиган саноқсиз буюмлардан фарқ қилароқ, ҳаёт мактаби аталмиш “цех”да тайёрланадиган “маҳсулотлар”нинг бирортаси бир-бирига ўхшамаслиги баробарида, уларнинг ҳеч қайсисига “сўнгги ишловдан чиққан, фойдаланишга тўлиқ яроқли” мазмундаги муҳрни босиб бўлмайди.
Бугун инсон зотида кузатилаётган нохуш ўзгаришлар, ақлга ёт жиноий ҳаракатлар тўғрисида мақоламиз аввалида айтган эдик. Бироқ, шуни ҳам эслатиш ўринлики, мазкур ҳолатлар муайян муҳитнинг – одам жавҳарини емирадиган тарбиянинг (ёхуд тарбиясизликнинг) оқибатидир. Аслида эса Ер юзининг қаерида кўз очмасин, одам боласи табиатан шундай ҳолда, ўшандай қабиҳ амаллар содир этиш учун туғилмайди. Марҳум Озод Шарафиддинов домла бир мақоласида эслатган манзара эса то одамзод бор экан, шаклан ўзгариб қайтарилаверади: тош давридаги дипломсиз педагог қўлидаги чўқмори, қалбидаги пушаймони билан қояга ҳафталаб дарж этган аламли эътирофни бугунги соқолсиз оқсоқол айфон телефони экранига қадоқ нелигин билмаган, баргизубнинг танасидай нозик бармоқлари билан ёзмоқда: “Ёшлар айниб кетди...”
“Хато менинг назаримдандур...”
Агар юқорида бир қисми эслатилган муаммоларга юртимиз ёшлари тақдирига кўрсатадиган таъсири нуқтаи назаридан қарайдиган бўлсак, уларни чинакам халқтузар, юртсевар, инсонпарвар қилиб вояга етказишда ижтимоий-гуманитар фанларнинг ўрни ва аҳамияти яққол намоён бўлади.
Баъзан айрим одамлардан “Ҳуқуқшунос дегани юридик фанларни, бўлғуси дўхтир анатомия, химияни яхши билса бўлди-да, амалиётда уларга шулар керак бўлади, ижтимоий фанларни ўқитиб вақт ўтказиш, талабаларни чалғитишдан нима фойда?” қабилидаги гапларни ҳам эшитиб қоламиз. Юзаки қараганда, улар ҳақдек туюлади. Бироқ бу қараш нечоғли тўғри, шундай қараш билан узоққа бориб бўладими?
Инсон ўз қадр-қимматини англаши, имони бутун, иродаси бақувват бўлиши, олдига қўйган мақсади эзгу ва аниқ шаклланиши учун у, аввало, тўғри, мантиқли фикрлаш кўникмасини эгаллаши лозим. Унинг оқни қорадан, аслни сохтадан ажрата олиш қобилияти ҳам тарих, адабиёт, фалсафа ва бошқа ижтимоий-гуманитар фанлар ёрдамида ўзлаштириладиган билим ва тажриба кучи билан тезроқ ва самаралироқ очилади, чархланади.
Ишора қилганимиздек, одамзод яратилишида унинг табиатига ўрнашган фазилат ва қусурлар замонлар ўтиши билан ўз тусини ҳар қанча товлантириб борган бўлмасин, мазмунан ҳамда моҳиятан катта ўзгаришга, эврилишга учраган эмас. Яъни ибтидода инсон боласига ёққан нарса ҳозир ҳам ёқади, ўшанда унинг юрагига ботган нарса уни ҳозир ҳам азоблайди. Янада жўнроқ ифода этсак, ҳозир ҳам ўғрилик қаровсиз қолган тухумни ўмаришдан, хиёнат эса “қўшнининг хотини қиз кўриниши”дан бошланади.
Милоддан аввалги замонларда ҳукмфармонинг муайян мамлакатни босиб олиб, бойлиги ва халқига эгалик қилиш истагида қонли уруш бошлагани билан XXI аср иккинчи ўн йиллигида жаҳоннинг бирон бир минтақасига “демократия экспорти” ўртасида катта фарқ йўқ. Биргина фарқ: минглаб йил илгари яшаган “жоҳил подшоҳ” асл ниятини яшириб ўтирмай, ҳукмни ҳам ўз номидан чиқарган бўлса, ҳозир тараққий этиб улгурган давлатлар ўша мазмундаги ҳукмнинг “коллегиал тарзда” қабул қилиниши, “демократияга ташна халқлар талаби” шаклини олишига диққат қаратяпти, холос...
Масаланинг бу жиҳатларини инсоният тарихини остин-устун қилиб юборган катта муҳорабалар мавзуига бағишланган машғулотларда талабаларга таъсирчан тушунтириб бориш ўта муҳимдир. Айниқса, жаҳон урушларининг асл сабаблари, шу урушлар оқибатида дунё харитасида юз берган туб ўзгаришлар, мазкур муҳорабалар кимнинг тегирмонига кўпроқ сув қуйганини бизнинг фарзандларимиз – ўзбек ёшлари албатта чуқур билиб олмоғи лозим. Шундагина уларнинг тарихни тўғри идрок этиш, уни миллий манфаатлар негизида тушуниш, турли талқинлар ўртасидаги фарқни англаш ва бу фарқнинг сабабларини илғаш қобилияти юксалади. Бу қобилият, билим ва тажриба эса эртанги кун эгаларининг юрт тақдирига дахлдор масалаларга тийрак қараши, яқин-яқинга қадар бизни етовга муҳтож халқ деб билган устомонлар олдида яна содда ва гўл ҳолда қолмаслиги, бир сўз билан айтганда, ўз келажагини бутунлай ўз қўлига олишига кафолат бўлади.
Шу ўринда яқинда дунёдаги йирик давлатлардан бирининг раҳбари билан бўлган телесуҳбатни ёдга солмоқчиман. Керак бўлса, ундан сабоқ олиш зарар қилмайди, деб ўйлайман. Кейинги йилларда ўша раҳбарга ёқиш учун ҳар нарсага тайёрлигини ошкора намойиш этаётган тележурналистнинг саволларидан бири бундай янгради: “Нима деб ўйлайсиз: уруш бўладими?” Раҳбарнинг жавоби эса бундай бўлди: “Менимча, дунёда жаҳон урушини бошлашга жазм этадиган тентак топилмаса керак...”
Суҳбатдошлар ишонч билан, хотиржамгина айтаётган бу гапларни эшитиб ўтириб кўнглимдан шундай ўйлар кечди: Араб дунёси, Афғонистон ва яна бошқа ўнлаб ҳудудларда бўлаётган худкушликлар нима? Уруш эмасми? Ўша жойларда ҳар кун ҳеч бир айбсиз қурбон бўлаётган одамларнинг жони сабилми? Бу одамлар жаҳон урушида қурбон бўлди нима-ю, бугунги талотумларда ўлди нима – уларнинг қариндош-уруғлари, фарзандлари учун қандай фарқи бор? Қолаверса, бу суҳбатдошлар уруш деганда фақат юртида кечадиган хунрезликнигина тушунадими? Фақат юртида кечсагина урушни, унинг бутун даҳшатини ҳис қиладими?..
Ўтган йили пойтахтимиздаги олий ўқув юртларининг бирида таҳсил олаётган, тенгдошлари орасида ўзининг билими, онгу тафаккури илғорлиги билан ажралиб турадиган бир талабамиз Германияда ўтказилган нуфузли конференцияда илмий маъруза билан қатнашиб, фавқулодда таассурот ва хулосалар билан қайтди. Унинг эътирофи қуйидаги мазмунда бўлди: “Биз ҳам ўқияпмиз, аълочимиз, деб юрган эканмиз. Тўғри, баъзи мамлакатлардан келган талабалардан кам жойимиз бўлмагандир, лекин олмон талабалари билимининг чуқурлиги, дунёқарашининг кенглиги, кўп тилни билиши, энг муҳими – миллий ва глобал даражада фикрлаши билан барчани қойил қолдирди. Уларнинг дунё сиёсатидан қанчалар бохабарлиги, тарих ҳамда бугунги кун ўртасидаги боғлиқликни идрок этиши, деярли ҳаммасининг боболари қилган мудҳиш жиноят – Иккинчи жаҳон урушидаги қилмишлар учун чин дилдан хижолат тортиб гапириши, ўз халқи тарихига тик ва объектив қарай олиши – бу миллатнинг келажагидан сўзсиз дарак бериб турибди...”
Дарҳақиқат, юртимиздаги бугунги ўқувчи, талаба ҳам эрта ўтиб индин мамлакат бошқаруви, унинг ички ва ташқи сиёсати, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётига дахлдор вазифаларни эгаллайди. Улар ҳар бир ҳаётий долзарб муаммога миллат ва мамлакатнинг нафақат ҳозирги манфаатлари ҳимояси, балки узоқ келажакдаги тақдири нуқтаи назаридан ҳам қарай оладиган, шуларга таяниб иш кўрадиган мутахассислар бўлмоғи лозим.
Фақат бир қисмини эслатганимиз ана шу муҳим жиҳатлардан келиб чиқсак, миллий ва умуминсоний тарихни, унинг ўзгармас мантиғию ўзгарувчан талқинини чуқур билмайдиган дипломат, иқтисодчи, сенатор ва вазирни – умуман, мутахассисман, раҳбарман дейдиган одамни тушуниш, уни... оқлаш мумкинми? Ахир унинг бу аҳволи ўз оиласи, бир сиқим хешу ақрабоси ҳаётигагина эмас, бутун миллат ва мамлакат тақдирига дахл этиши мумкин-ку!
Ёхуд мактаб ва олий ўқув юртида адабиётга шунчаки вақт ўтказиш, бўлар-бўлмас афсоналар, китобий гапларни ўргатувчи дарс деб қараб келган, уни бор-йўғи кириш имтиҳонининг бир “блоки” деб билган бўлғуси мутахассис – шифокор, ҳуқуқшунос, боғча мудирасини тасаввур қилинг. Инсоний меҳр-шафқат, орият, одамий хулқ-атвор ифода топган адабиётга юрагини очмаган, бировларнинг – ўзи ҳеч қачон кўрмаган одамларнинг етим боласи бошини силаб, ювиб-тараб, борини бериб едириб-ичиргани етмагандай, “Кўзим усти миннатинг бошимга дурра!” (Ғафур Ғулом) дея оладиган халқи қалбини ҳис қилмаган, демакки, бу халққа бегона назар билан қарайдиган бундай “мутахассис” қўлига тушган одамни не кўйга солиши маълум-ку!
Ёки минг турли баҳонаю сабабни рўкач қилиб, ўзга юртлардан жаннат қидирган, ўзидек инсон боласини – Оллоҳнинг бандасини суд-сўроқсиз отиб-ёқиб, сўйиб-кўмиб, шу тубан амал устида суратларга тушиб юрган, айни йўл билан гўё муқаддас динни ҳимоя қилиб, унинг олам узра ёйилишига “ҳисса” қўшаётган кимсаларга ўз вақтида адабиёт муаллими ҳазрат Навоийнинг лоақал қуйидаги байти мазмун-моҳиятини англатиб улгурганида эди:
Бу коргаҳда хато келмади чу бир сари мўй,
Хато менинг назаримдандур, хато кўрсам...
Ёхуд ўша муаллим, бир томондан, мутафаккир бобомизнинг, аввало, комил мусулмон, бу дин мақсад-муддаоси, буюк вазифасини теран уққан олим бўлгани, ҳатто исмига қўшилган эътироф ва эъзоз сифати – Низомиддин ҳам айнан “динни низомга келтирувчи” деган маънони англатишини; иккинчи томондан эса, ҳар турли каллакесар гуруҳларга қўшилиб, қора байроқни кўр-кўрона боши узра ҳилпиратганча қўлини қонга ботириб юрган кимсаларнинг оқлаб бўлмас кирдикорларини шогирдларига эслатиб, улар қалбига қуруқ насиҳат эмас, ҳазрат бобомизнинг мана бу ўгитларини сингдирса, сизу биз кутган самарага эришилар балки:
Ким мусулмонлиғ айласа даъво,
Чин эрмас, гар фидо қилур жонлар.
Ул мусулмондурурки, солимдур
Тилию илгидин мусулмонлар...
Ахир ўша адабиёт муаллими қўлида бир-биридан ўқишли ва таъсирли манбалар – сўз санъатининг мумтоз намуналари бўлатуриб, унинг ўқувчиси олтита “диний китоб”ни ўқиб қолган чаламулла даъват этган ҳужрага бош эгиб кириб кетаётгани одамга алам қилмайдими?!
Даъвомиз қуруқ бўлмаслиги учун баъзи асарларни эслатишимиз мумкин. Бу асарларга эса, юқорида гина қилганимиз айрим адабиёт муаллимларининггина эмас, юртимизнинг исталган ҳудудидаги таълим муассасаси педагоглари, профессор-ўқитувчиларининг қўли бемалол етади. Масалан, XIX аср рус адабиётининг улкан ҳодисаси – Фёдор Достоевскийнинг “Бесы” (“Жинлар”, устоз таржимон И.Ғафуров талқинида – “Иблислар”. “Жаҳон адабиёти” журнали, 2014 йил 1–12-сонлар) романи одамзод тарихидаги энг қонли инқилоб “ижодкори” – Владимир Ленин чақалоқлигида – 1870–72 йиллардаёқ ёзилиб, инсониятга огоҳ қўнғироғи бўлиб янграган эди. Шуниси ҳайратланарлики, Россияни ичдан емириш, одамзоднинг минг йиллик ҳаёт устунларини ағдар-тўнтар қилиб ташлаш мақсадида, ғирт худосиз С.Верховенскийнинг “оташин тили” билан айтганда, “бор-йўғи юз миллион одамнинг бошини узиш керак бўлади, холос!” дея иш бошлаган, инқилобчи ниқобидаги “жинлар”нинг ёшларни йўлдан уриш учун қўллаган усулларидан бугунги диний экстремистик гуруҳлар ҳам деярли ўзгаришсиз фойдаланмоқда...
“Келин”ни кўриб... кураш майдонигами?
Энди, бир-биримизга тик қараб, баъзи саволларга жавоб берайлик: юртимизнинг қай бир мактаби, академик лицейи, касб-ҳунар коллежи ёки олий ўқув юртида “Жинлар” ёхуд шу сингари жиддий асарлар муҳокамаси ўтказилди? Неча нафар педагогимиз шогирдларига ана шундай асарларни ҳам ўқиш ва уқиш лозимлигини, ҳечқурса, эслатди? Умуман, бу асарларни ўқиган, муҳим жиҳатларини илғай олган, уларнинг мақсад-моҳиятини бугунги кун ҳаёти билан боғлаб фарзандларимизга тушунтириб бера оладиган мураббийлар кўпми?
Ахир шу ва шу сингари асарлар (Ф.Достоевскийнинг “Жиноят ва жазо” романи, Ж.Оруэлнинг “1984”, “Молхона” асарлари, С.Моэмнинг “Париждаги нотаниш одам” романи, Э.Севеланинг “Тўхтатинг самолётни, тушиб қоламан” қиссаси ва яна бошқа ўнлаб адабий полотнолар, Н.Бердяев, Э.Фромм, Ортега-и-Гассет, И.Бунич каби кўплаб файласуф, адиб, муаррихларнинг жиллақурса ўзбек тилига ўгирилган китоблари, “Тафаккур”, “Жаҳон адабиёти”, “Маънавий ҳаёт” журналларида пайдар-пай эълон қилинаётган трактатлари) мисолида, уларнинг таъсирли ва тушунарли тилдаги талқинлари ёрдамида ёшларимиз қалби ҳамда онгига маърифат нурини олиб кириш, уларни жаҳолат хуружидан огоҳ этиш мумкин эмасми?
Демоқчимизки, чинакам эркин ҳамда мустақил инсонни, ўз ҳаётий аъмоли ва мустаҳкам эътиқодига эга шахсни тарбиялаш – қуруқдан-қуруқ насиҳатбозликлар; юқоридан келадиган комиссия кўзи ва ҳисоботлар учун қилинадиган хашаки тадбирлар; боғча болаларига ўргатиладиган “келин салом”лар; бир дақиқалик интервьюни ҳам ТВ ходимлари “кашфиёти”– камера ёнбошида ушлаб турилган ноутбук экрани ёхуд қоғозга қараб ўқиб беришлар; дунё кино санъатининг ноёб дурдоналари қўлимизда бўлгани ҳолда, ўзини билган ҳинд томошабини ҳам кўришга ор қиладиган “Келин” отлиғ, аччиқ ичакдек узун видеофильмни қанча маблағ ва вақтнинг исрофи эвазига таржима қилиб, ўттиз икки миллионли халққа “илиниш”лар... билан бўладиган иш эмас.
Агар биз шахс тарбияси, миллат камоли, мамлакат қудрати масалаларини жиддий иш деб қабул қилсак, бу ишга ёндашишимиз ҳам шу даражада жиддий ҳамда профессионал бўлмоғи даркор. Бинобарин, бундан бир аср илгари истиқлол йўлида қўлидан келганки юмушга уннаган, бутун билими, кучи ва ҳаётини шу йўлда фидо қилган маърифатпарвар Абдурауф Фитрат таъкидлаганидек, “Бу дунё кураш майдонидир. Бу майдоннинг қуроли соғлом жисму тан, ақл ва ахлоқдир... Агар саодат, иззат, осойишталик, роҳат, шараф, номус ва эътибор керак бўлса, тезроқ авлод тарбияси усулларини билиб олиб, болаларимизни шу усул ва қоидалар асосида тарбия этишимиз лозим”.
Раҳмон ҚЎЧҚОР
“Tafakkur” журнали, 2016 йил 2-сон.
“Дунё – кураш майдонидир” мақоласи
Санъат
Санъат
Тарих
Тарих
Фалсафа
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ