
Бегали Қосимов илмий фаолиятининг ҳаммасини тўлалигича жадидлар мавзусига бағишлаган, уларнинг маърифатпарварлик соҳасидаги, миллатни уйғотиб ҳозирги замон цивилизациясига эш қилиш йўлидаги ҳаракатларини давом эттирган эди. Деярли ярим аср давом этган бу иш жараёнида Бегалининг ўзи ҳам жадидларнинг қай бир хислатларини ўзлаштириб олгандек кўринарди. Шунинг учун “Сўнгги жадид” деган лақаб унга жуда мос тушган эди…
Бегали докторлик диссертацияси устида иш бошлади. Табиийки, бу тадқиқот ҳам жадидизм масаласига бағишланган бўлиб, энди Бегали уни катта кўламда, ҳамма назарий жиҳатлари билан бирга ёритишни мақсад қилиб қўйган эди. Бироқ бу пайтга келиб, мафкурамизда яна бир эврилиш содир бўлди – энди жадидлар масаласини умуман тилга олиш мушкул бўлиб қолди. Маҳаллий “доҳийлар”имиздан аллақайсиси, билса-билмаса, “Жадидлар синфий душманимиздир” деган “ҳикмат”ни айтипти. Шўролар даврида, айниқса Ўзбекистонда мафкура ана шунақа аҳволда эди. Нима қилмоқ керак? Бу мавзудан воз кечиш – ўзбек адабиётининг чорак асрлик тарихидан воз кечиш демак эди. ХХ аср биринчи чорагидаги адабиёт тарих саҳифаларидан ўчириб ташланса, адабиёт ривожида узилиш рўй берар, унинг тадрижий ривожланиш йўлларини изоҳлаш мумкин бўлмай қоларди…
Озод ШАРАФИДДИНОВ,
Ўзбекистон қаҳрамони
Болалигимда отамнинг ишдан келишини ухламай кутардим. Мени ҳар куни озроқ ўйнатиб, сўнг бағрига босганча секингина “Гиря”ни куйларди. Ҳадеганда ухлайвермасам бирин-кетин ғазал ўқирди. Отам хиргойи қилмаса ухлаб қолганимни сира эслолмайман.
Тўнғич фарзандман. Исмимни Адиба деб отам қўйган. Адабиётга дахлдор одам бўлишимни истаб шу исмни танлаган деб ўйлайман. Бир синглим, икки укам бор. Отам ҳаммамизни бирдай яхши кўрар, бирдай ардоқларди. Ҳар биримизга алоҳида эътибор қаратарди.
Ҳар баҳорда отамнинг ота юрти Қашқадарёга борардик. Ҳар сафар довон орқали юрардик. Доим лола теришга тўхтардик. Отам йўл-йўлакай манзилларнинг тарихини тўлиб-тошиб гапириб берарди. Тарихда бўлган воқеалар кўз олдимизда жонланиб, буюк Амир Темур бобомиз ёнимизда тургандай бўларди гўё. Шунинг учун биз – болалар отамни эшитишни хуш кўрардик. Кўпинча адабиётшунос Қозоқбой Йўлдош ёки шифокор Жуманазар Бекназаров биз билан қишлоғимизга борарди. Улар бора-боргунча шеър ўқирди.
Қишлоққа кирмай, аввал бобом ва момомнинг қабрини зиёрат қилардик.
Сўнгра бобо ҳовлимизда байрам бошланиб кетарди. Ҳамма бизни интиқ кутган, дийдорни соғинган бўларди. Амма-ю амакиларим билан дастурхон бошида гурунг бўларди. Баҳру байтга уланган суҳбатлар ярим тунгача давом этарди. Баҳру байтда ҳар доим биз ютқазганмиз, чунки улар кўп шеър ёдлашган эди.
Амаки ва аммаларимнинг айтишича, отам мактабда аъло баҳога ўқиган экан. Илмга чанқоқлиги боис ўн беш ёшидаёқ талаба бўлган. Ўйлашимча, отамнинг етук олим бўлишида оиладаги муҳит муҳим аҳамият касб этган. Чунки отамнинг ота-боболари ҳам илмли, санъатга ошуфта кишилар бўлган. Илмга, санъатга ошуфталик аждодлар генидан ўтган дея гапирарди амаким Шомурод Қосимов. Бобом қишнинг узун тунларида фарзандларини сандал атрофига йиғиб, дутор чалиб берар экан. Шунданми, отам ҳам дуторни маромига етказиб чаларди.
Уйимиздагилар отам уч марта ўлимдан қолганини кўп эслашади. Чақалоқлигида отам қаттиқ касал бўлади. Ҳеч қандай дори-дармон кор қилмайди. Иситмаси тушавермагач, бобом “асраб қололмасак ёлғончининг шамолини ҳам бир кўрсин” деб чақалоқни ташқарига олиб чиқиб, шамолга қаратиб қўяди. Шундан кейин худонинг марҳамати билан отам тузалиб кетади.
Бир куни чўмилишга борган отам ариққа калла ташлайди-ю, анча вақт сув юзига қайтиб чиқмайди. Олисроқда буни кузатиб турган бобом ўғлини қутқариб олади.
Учинчисида бўлажак олим ток уришидан омон қолади.
Шуларни эслаганимда, Xудо отамнинг жонини катта ишлар учун асраб қолганмикан деб ўйлайман.
Отам ҳар ишда тартибни биринчи ўринга қўярди. Нонуштани ҳам, кечки овқатни ҳам оила билан бирга ейишимиз шарт эди. Ҳамма бирга овқатланса меҳр бўлади дерди. Агар кимдир етиб келолмаса, албатта уни кутардик. Яна, қандай овқат бўлишидан қатъи назар, бир қошиқ қолдирмай охиригача еб қўйишимизни айтарди. Отамнинг энг севимли таоми чучвара билан угра (кескан ош) эди. Шунинг учун уйимизда бу таомлар тез-тез тайёрланарди.
Оқшом соат тўққиздан сўнг чироқлар ўчирилиб, ҳаммамиз ухлардик. Отамнинг ҳар бир сонияси ҳисобли эди. Масалан, ҳар куни нонуштадан сўнг машинкада бир-икки қоғоз ёзарди. Биздан ҳам вақтнинг қадрига етишни талаб қиларди. Кун давомида қилган ишимизни бирма-бир кундалигимизга ёзишимиз шарт эди. Отам ишдан келибоқ ҳамманинг кундалигини текширар, хатосиз ёзган кишини мукофотларди. Ҳатто оилавий дам олишга борсак ҳам тартибга қаттиқ амал қилардик. Ҳар йили ёзда Шоҳимардонга борганимизда отам каллаи саҳарлаб ҳаммамизни уйғотиб, машқ қилишга ундарди. Барвақт ухлашга ҳам қўймасди. Кечки овқатдан кейин ҳазми таом учун сайр қилардик, бадминтон ёки волейбол ўйнардик.
Уйда ҳеч кимнинг овозини баландлатиб гапиришга ҳаққи бўлмаган. Ҳатто ота-онам ҳам жуда секин гаплашарди. Уларнинг муҳаббатичалик муҳаббат кўрмадим. Бир-бирини эъзозлар, авайлар эди. Отамнинг онамга сизлаб гапириши фарзандларига доим ўрнак бўлган.
Қаттиққўл бўлишига қарамай, отам жуда самимий, ҳазилкаш, меҳрибон инсон эди. Дилозорликни ёмон кўрарди. Эсимда, уйимизда бир мушук бор эди. Уни Қарши шаҳридан олиб келгандик. Ўша мушук доим отамнинг елкасига чиқиб оларди. Бир куни отам ишдан келса, ўша мушук уйда йўқ. Қочиб кетибди. Ўшанда отам мушукка озор бергансизлар, шунга қочиб кетган дея анча кунгача биз билан гаплашмай юрган.
Қуйи синфда ўқирдик. Бир куни бекор ўтирганимизни кўрган отам Жюл Верннинг “Ўн беш ёшли капитан”и ва Майн Риднинг “Бошсиз чавандоз”ини ўқишни буюрди. Аввалига китобларни ўқигим келмади. Лекин отамнинг жиддий нигоҳидан қўрқиб, истаб-истамай қўлга олдим. Кейин асар воқеаларига шу қадар шўнғидимки, улар ичида яшай бошладим. Фикру хаёлим шу китоб бўлиб қолди. Шу-шу адабиётга меҳрим тушди. Ҳатто бошқа дарсларни қилмай, бурчак-бурчакларда китоб ўқийдиган бўлдим.
Уйга вазифаларни тайёрлашда ҳам отам ёрдам берарди. Айниқса ёдлашга берилган ғазалларнинг маъносини билмасак, уларни маромига етказиб тушунтирарди. Мактабда бирорта ўқитувчи ғазалларни у кишидай шарҳлаб берган эмас.
Болаликда композитор бўлишни орзу қилардим. Мусиқа жону дилим эди. Отам эса фарзандларига нима кераклигини доим ҳис қилган, қўллаган. Бир гал туғилган кунимда пианино совға қилган. Ўзимда йўқ хурсанд бўлдим. Аслида пианино олиб беришини илгарироқ сўраган эдим. Чунки мусиқа мактабига қатнаётганим учун пианино жуда керак бўлган.
Ўша пианино отамдан эсдалик бўлиб қолди. Ҳозир у кишини соғинсам, пианиномни чаламан.
Отамнинг мусиқа эшитиб ишлайдиган одати бор эди. У менга ҳам юққан. Шу жиҳатдан отам билан бир хилмиз. Ҳар куни хонасида мусиқа чалиб берардим. Отамнинг ўзи дутор чаларди. Жуда кўп куйларни, хусусан, “Муножот”, “Гиря”ни маромига етказиб ижро этарди.
Мусиқа мактабида ўқиганлар маълум бир муддатда имтиҳонлар бўлиб туришини яхши билади. Имтиҳондан кейин концерт бўлади. Бир гал тенгдошларимнинг барчасининг ота-онаси келди. Залдан фақат отамни қидирардим, аксига олиб уйдан ҳам ҳеч ким келмаган экан. Қанийди отам келиб қолса деб кутдим. Боз устига навбатим яқинлашиб қолган. Бир маҳал отам шошиб залга кириб келди. Жуда банд бўлишига қарамай, мен учун ўша куни вақт топиб келганди. Ўзимда куч ва ишонч пайдо бўлиб Бетховеннинг “Ойдин” сонатасини шу қадар гўзал ижро этдимки, бутун зал олқишлади.
Бунақа воқеалар ҳаётимда кўп бўлган. Отам ортимизда тоғдай суянч бўлиб турганини доим ҳис қилганман. Ҳеч қандай қийинчилик йўқ эди, чунки ортимда тоғдай отам бор эди.
Отам тез-тез хорижий мамлакатларга сафарга бориб турарди. Баъзан икки-уч ой ўша ерда қолиб кетарди. Қаерга бормасин, албатта тарихий жойларни кўрмасдан юртга келмас эди. Сафардан қайтаётганини эшитсак, ҳаммамиз нимадир олиб келишига умид қилиб интиқлик билан эшик олдида кутиб ўтирардик. Келиши билан шоша-пиша сафархалтасини очсак, унинг ичидан оғир-оғир китоблар чиқарди.
Бир марта германиялик профессор Ингеборг Балдауф отамни юртига таклиф қилди. У ерда икки ойча қолиб кетди. Қайтиб келгач, уйимизга дўстлари, шогирдлари ва ҳамкасблари йўқлаб келди. Сафар таассуротларини эшитиб ўтиришганда кимдир “Немисча ҳам бир-икки сўз ўргандингизми?” деб сўраб қолди. “Ҳа, албатта, – деб жавоб берди отам. – “Илтимос, эшикни очиб юборинг, мен кутубхонада қамалиб қолдим” дейишни ўргандим”.
Отамнинг айтишича, ўша сафар давомида “Ойина” журналининг барча сонларини тўлиқ ўрганиб келган экан.
Ота-онам туғилган кунимизга қизиқишларимизга қараб совға оларди. Масалан, синглим Нилуфар тикувчиликка қизиққани учун тикув машинаси олиб берган. Менга, ҳозир айтганимдай, пианино совға қилган.
Бир гал қишда Қашқадарёга бордик. Қайтишда отам Регистонга олиб борди. Сўнгра бир ресторанга кириб, кабоб едик. Ўшанда туғилган куним эди. Ўн олтига кирган эдим. Отам соат совға қилди. Шунақа хурсанд бўлдимки, асти қўяверасиз. Ресторандан чиқиб, Улуғбек расадхонасини зиёрат қилдик.
Отам талабчан бўлса ҳам касб танлашимизга эътироз билдирмаган. “Кўнглингизга яқин касбни танланг” дерди доим. Мен Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг таржимонлик факултетига ўқишга кирдим. Талабалик йилларим отам ишлаётган университетга бориб, дарсларига кирардим. У кишининг дарс ўтиши жуда ёқарди. Бир гал университетимизда профессор Бегали Қосимов билан ижодий учрашув бўлди. Отам актриса Гавҳар Зокирова билан бирга келди. Учрашув қизғин ўтди. Отам Абдулла Авлоний ҳақида гапираётиб талабалар орасида каминага кўзи тушиб қолди. Мени кўрди-ю бир муддат жим бўлиб қолди. Уйга келганда “ғалати бўларкан, қизим, сени кўриб гапимни йўқотиб қўйдим” деган эди болаларча ҳазиллашиб. Ўша учрашувда профессор Бегали Қосимовнинг қизи эканимдан фахрланиб ўтирганман.
Бегали Қосимов меҳридарё инсон эди. Ўша дарёдан баҳраманд бўлиб яшаганмиз. Бир куни отамнинг ишхонасига кимдир қўнғироқ қилиб, “катта қизингиз ҳеч қаерда йўқ, моргларни қидиринг” деб айтибди. Балки ўша одам ҳазиллашмоқчи бўлгандир ёки душманлик кайфиятида бўлгандир, очиғи, билмайман, аммо отам бу совуқ хабардан ўзини йўқотиб қўйган. Уйга қўнғироқ қилган. Ўша куни уйда эдим. Аниқ эслолмайману, ухлаб қолган бўлишим мумкин. Хуллас, телефон овозини эшитмай қолганман.
Отам қидириб бормаган бирорта касалхона қолмаган. Охири тарвузи қўлтиғидан тушиб, не бир аҳволда уйга келган. Эшикни эса мен очганман. Эшикни очишим билан отам бағрига босганча ўкириб йиғлаб юборган. У кишини илк марта бундай аҳволда кўришим эди. Оёқ-қўли дир-дир титрарди. Жуссаси кичрайиб кетгандай эди. Мен ҳам қўшилиб йиғладим.
2004 йил... Катта йўқотиш йили бўлди. Кутилмаганда отам касал бўлиб қолди. Шифохонага борсак, саратон касаллиги экан. Зудлик билан операция қилдирдик. Орадан қирқ кун ўтиб, отам чин дунёга сафар қилди. Доғда қолдик. Охирги кунларини яхши эслайман, ҳаммамиз билан бирма-бир гаплашиб чиқди. Ўшанда ҳам отамдан айрилиб қоламиз деб ўйламаганман. Тузалишидан умидвор эдим. “Мени видеога олиб қўйинглар, эслаб юрасизлар” деганди укамга.
Ҳали отамдан ўрганадиган нарсаларим кўп эди. Вақтида гурунглашиб, дийдорига тўйиб қолмаганимдан афсусдаман. Ҳар гал уйимизга борсам, отамни излайман. Қанийди қаршимдан чиқса, қанийди ҳаёт бўлса...
Ҳар гал отамни эслар эканман, у кишининг умри сўнгида ёзган қуйидаги сатрлари ёдимга келади:
Биламан, ҳар кимга бу он келадир,
Сўнгги сўз айтурга имкон келадир.
Виждон-ла юзма-юз иймон келадир,
Қувончлар чекиниб армон келадир.
Комида яширин аламли видо –
Ул видо онидир, видо алвидо!
Олимнинг қизи Адиба ҚОСИМОВА хотираларини
Гулжаҳон НАМОЗОВА оққа кўчирди.
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 4-сон.
Тарих
Тарих
Ватандош
Тарих
Тарих
Фалсафа
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ