Адабиёт
Афсонанинг туғилиши
Дунё даҳоларнинг атрофида айланади, даҳолар эса тарихнинг. Биз билган (балки билмаган) Моцартнинг буюклик сири нимада эди? У бор йўғи 35 йиллик умрида 600 дан ортиқ асарлари, самовий истеъдоди, шиддатли ҳаёт йўли ва сирли ўлими билан Шекспир каби ўзи ҳақида афсоналар қолдиришга улгурган. Вена классик мактабининг йирик намоёндаси бўлган Моцартнинг ижодида классицизим ўз чўққисини забт этганди.
Волфганг Амадей Моцарт мусиқа дунёсига жуда эрта қадам қўйган эди. Ўша даврда Залсбургнинг сарой мусиқачиси бўлган Леопольд камбағал бўлишига қарамай, энг бебаҳо бойлик – истеъдодини ўғлига мерос қолдирган бўлса не ажаб. Ягона устози ва ҳомийси бўлган отаси сабаб Моцарт уч ёшидан клавесин (пианинонинг аждоди) чала бошлаган. Кейинчалик унинг жажжи бармоқларида эркалана бошлаган скрипканинг сочлари Алп тоғларидан тушаётган жилғаларга ҳамоҳанг хонишлар этди. Бир куни Моцарт ҳошияларига сиёҳ сачраган, чумолидай ноталар ғимирлаб ётган қоғозни Леополдга кўрсатиб “Ўзим ёздим, кўрингчи” деганда атиги беш ёшда эди.
Унинг опаси Анна ҳам мусиқа чаларди. Отаси икки “вундеркинд”ларини қанот қилиб, Европадаги сарой саҳналари бўйлаб саёҳат қилди. Бир неча йиллаб давом этган гастроллар оиланинг молиявий аҳволини оз бўлса-да ўнглашга кўмак берарди. Айниқса, олти ёшли Моцартнинг кўзи боғланган ҳолдаги ижролари томошабинларни ром этиб, ҳамённи семиртирарди.
Етуклик йиллари
Ноёб эшитиш қобилиятига эга, импровизацияда моҳир композиторнинг болалик ва ўсмирлик йиллари шу зайлда ўтаркан, у баридан зерикади. Арзимаган ойликка жўрнавоз бўлиб ишлашни ўзига раво кўрмайди ва 25 ёшида отасининг назоратидан чиқиб мустақил парвоз этиши кераклигини англаб етади. Ниҳоят 1781 йил нафақат Австрия империяси, балки ўша даврда санъатнинг пойтахти бўлган Венага кўчиб ўтади. Бу ерда кўплаб концерт заллари, мусиқий академия ва иқтидорли жамият ҳукмрон эди. Шунинг учун ҳам Вена композиторнинг ҳақиқий уйига айланади.
Моцарт академиялар, обуна концертлари ва меценатлар уйларида чиқишлар қилиб пул топган. У фортепианода дарс берган – ҳозирги кунда шахсан Моцартдан дарс олган ўқувчилар бўлганини тасаввур қилиш қийин, албатта. Шунга қарамай, тиним билмай меҳнат қилган композитор ўзи каби иқтидори бўлмасдан туриб мўмайгина даромад кўраётган мусиқачилардан анча кам пул топарди.
Даҳо шу даражада камбағал эдики, ўзининг фақирона, ғариб уйини иситиш учун бир боғлам ўтин харид қила олмасди. Шу боис номини абадийлаштирган илоҳий мусиқаларни яратаётиб, қўлига жун пайпоқ кийиб ўтирар, шу орқали исимоқчи бўларди.
18 аср охири, сарой муҳити бу – энг иқтидорли композиторлар лавозимлар учун жон-жаҳди билан курашган, тилла тўғноғич ва олмос тугмалар, тиззагача бўлган фраклар ва ипак пальтолар даври эди. Уларнинг ортида эса хиёнат, найранглар ва фитналар яширин... Сальери ҳақида эшитган чиқарсиз. Моцартнинг Венадаги асосий рақиби ўша – Антонио Сальери эди (муваффақиятли италян композитори, уч тилда опералар ёзгани билан машҳурликка эришган). У Вена операсини эгаллаган ва Моцарт эндигина катта карьерасини қуришни бошлаганда кўпинча йўлига тўғаноқ бўларди.
Шундай бўлса-да, Моцарт ва Сальери бир-бирининг мусиқий иқтидорини ҳурмат қиладигандек туюларди. 1785 йилда улар биргаликда кантата (хор учун белгиланадиган тантанавор йирик мусиқий асар) ёзади, 1788 йилда Сальери ўз операларидан бирининг ўрнига Моцартнинг “Фигаро”сини намойиш этади. Биринчи марта 1791 йилда Моцартнинг “Сеҳрли флейта” томошасига ташриф буюрган Сальери унинг сеҳрига дучор бўлди. Асардаги ҳар бир элемент – муқаддимадан тортиб, охирги хорга қадар уни ҳайратга ғарқ этганди. “Душман”нини шу тариқа истеъдоди билан забт этган Моцарт “енгилмас” асарлар қўшинини яратишда давом этади.
Ўқувчиларидан бири Моцарт ҳақида шундай ёзганди: “Моцарт Сальеридан фарқли ўлароқ, саломат шахс эмасди. ...ўрта бўйли ва рангпар, ёқимтой ва дўстона кўринишга эга, кўк кўзлари ёрқин порлайди”.
Австрия операси шаклланиши айнан унинг исми билан боғлиқ. Моцартгача Австрия саҳнасида асосан италян композиторлар ёки уларга тақлид қилувчиларнинг опералари қўйиларди. 1782 йилда Моцарт “Ҳарамдан олиб қочиш” комик операсини ёзади. Бу асар Австрия миллий операсининг илк намунаси бўлиб қолади. Тўрт йилдан кейин француз драматурги – Пер Бомаршенинг машҳур комедия сюжети асосида янада такомиллашган “Фигаронинг уйланиши” операси яратилади. Опера фавқулотда машҳурликка эришди. Одамлар бу операдаги ария-қўшиқларни ёд олиб, кўчаларда рақс тушардилар. Натижада Моцартни Прагадаги ушбу опера тақдимотида дирижёрлик қилишга чақиришади. Унинг асарларидаги ўзига хослик ёрқин, ҳаётга ташна, ўйноқи оҳангларнинг мукаммал гармонияларида эди.
1787 йил февраль ойида Венага қайтиб келгач, Моцарт опера устида ишлай бошлади. Аммо “Дон Жуан” Вена саҳнасида муваффақиятсизликка учради ва дастурхонга деярли ҳеч нарса келтирмади. Шу сабабли Моцартнинг молиявий аҳволи кескин ёмонлашди. Шубҳасиз, бу вақтда у тез-тез туғиш ортидан касал бўлган хотинини даволаш харажатлари туфайли қарзга кира бошлади.
Аянчли вазиятига қарамай, 1788 йил ёзининг бир ярим ойи давомида Моцарт учта, ҳозирда энг машҳур симфонияларни ёзди: 39-40- ва 41-сонли (“Юпитер”). Аслида бир симфония ёки опера ёзиш, адабиётга қиёсласак, бир роман ёзишдек машаққат. Моцарт эса шамолдай тез, тиним билмас, меҳнаткаш инсон эди.
Бир уйнинг икки эшиги
Моцарт ҳақида ёзилган кўплаб таржимаи ҳолларда унинг уйланиши ҳаётини якунлаган, деб ҳисоблайдилар. Масалан, Карл Кобальд қайд этишича, “Моцартнинг оила қуриши оғир ҳаёт йўлининг муқаддимаси бўлганди. Қашшоқлик билан тинка-мадорни қуритадиган кураш бошланди. Бу яшаб қолиш учун бой берилган кундалик кураш эди”.
Даҳо шу даражада камбағал эдики, ўзининг фақирона, ғариб уйини иситиш учун бир боғлам ўтин харид қила олмасди. Шу боис номини абадийлаштирган илоҳий мусиқаларни яратаётиб, қўлларига жун пайпоқ кийиб ўтирарди...
Охирги йилларда тўртта муваффақиятли опера ёзгани сабаб Моцартнинг даромадлари сезиларли даражада ошган. Бироқ у кийим-кечак, ҳашаматли тушликлар, Констанца учун совғалар ва қимор ўйинларига муккасидан кетгани туфайли доим қарздор бўлиб юрган деган маълумотлар мавжуд.
Аммо бошқа таҳлилларга кўра Костанца турмуш ўртоғини ҳамиша севиб ардоқлаган. Улар жами олтита фарзанд кўрса-да, улардан икки ўғил Томас ва Франц Ксавьер омонлик обига етишганди. Томас туғилганда оила бир ҳафталик чақалоқ билан Шулерштрассга, шинам уйга жойлашади. “Фигаронинг уйланиши” операси ўша гўшада ёзилган. Моцарт ва Констанца учун Венада ўтказилган тўрт йил гарчи муҳтожликда ўтса-да, энг бахтиёр лаҳзалар эди. Констанца хаста ва оғир меҳнат туфайли бутунлай ҳолдан тойган эрини ишдан чалғитишга уринган, ҳатто “Реквием” (черков учун мотам куйи)ни яширган. У ҳаво очиқ кунларда, Моцартни Пратер паркига олиб бориб, сайр қилдирарди. 20 ноябрь куни Вольфганг омма олдида охирги марта чиқиш қилиб, сўнг ётиб қолди. Умри ниҳоясига етаётган бир вақтда яна кўчишга тўғри келди. Улар “Фигаронинг тўйи” операси ёзилган шинам уйни тарк этишади. Сабаби оддий: маблағ етишмасди. Энди улар Венанинг бир чеккасига жойлашадилар. Энг қайғули воқеалардан бирида уларнинг фамилияси ёзилган кумуш анжом гаровхонадан жой олди. Бир куни эса ўтин харид қилишга пул топилмади. Шунда исиниб олиш учун рақсга тушдилар. Эътибор беринг, эр-хотин бир-бирларини танқид қилишмади, балки рақсга тушишди. Ваҳоланки, улар бир-бирларини айблашлари, бу ҳақорат ё маломат даражасига етиши ҳам мумкин эди.
5 декабрда умри тугаёзган мусиқачи учун шифокор чақиришди, аммо у ҳаддан зиёд кечикиб келди. Жон бераётган Моцартнинг ёнида чуқур қайғуга ботган умидсиз икки аёл – Констанца ҳамда унинг синглиси турарди. Констанцанинг ўша оқшомдаги аҳволи тўғрисида ҳикоя қилишларича, у чўккалаб, ёрдам сўраб, Худога илтижо қилган. Сўнгра жонсиз эрининг ёнига чўзилиб, унинг изидан кетмоқчи бўлган. Ака-ука Томас ва Ксавьер (улар ўртасидаги фарқ етти йил бўлган) наслни давом эттиришлари керак эди. Аммо Миланда яшаган тўнғичи ҳам, ҳамма вақт Польшада истиқомат қилган мусиқачи бўлмиш кичиги ҳам зурриёт қолдирмади. Бироқ Моцартнинг ҳамма мусиқий жанрларда ёзилган бебаҳо асарлари изсиз кетмаган давомчилари десак муболаға бўлмас.
Сирли ўлим
Ўша машъум куни – буюк композитор вафотидан сўнг шишиб, юзи таниб бўлмас даражада ўзгариб кетади. Уни Австрия империяси саройи мусиқачиси Антонио Сальери заҳарлаган бўлиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалади.
Бева Констанца дўстларига турмуш ўртоғи безгакдан вафот этганини айтган. Аммо икки фарзанди, улкан қарзлар ҳамда даромадсиз қолган аёл жамоатчилик эътиборини тортиш мақсадида заҳарланиш тўғрисидаги тахминни қўллаб-қувватлаган. У ниқоб таққан номаълум шахс марҳумлар учун реквием (католикларда махсус куй) буюртма қилгани ҳақида гапирган. Мазкур афсонага кўра, Моцарт айнан шу иш устида ишлаш вақтида жиддий оғриб қолган.
“Тез орада вафот этишимни биламан. Афтидан, кимдир менга заҳарли сув берган ва ўлимим вақтини аниқ ҳисоб-китоб қилган, натижада мен ўзимга ўзим реквием ёзмоқдаман”, деган Моцарт рафиқасининг сўзларига кўра.
Ҳақиқат эса кутилганидан анча оддий эди. Моцарт ўлимидан бир неча ой олдин граф Франс фон Валзегг яқиндагина вафот этган рафиқаси учун куй басталашини буюртма қилади. Буюртманинг махфийлиги шундаки, мусиқа ишқибози бўлган граф реквиемни ўзи ёзгандек оммага тақдим этмоқчи бўлган.
Шунча фактларга қарамай, Констанц императордан пенсия ва марҳумнинг мусиқалари ижро этилган концертлардан улуш ола бошлаган.
Моцарт томонидан 1791 йил 14 октябрда ёзилган ва сақланиб қолган охирги мактубда келтирилишича, у Сальери ва сопрано Катарина Кавалери билан операга борган. Сальери масалан, Моцартга алкогол ичишини таклиф қилган, каретада кетишаётганида винога бирор нима аралаштириб қўйган бўлиши мумкин эди.
Сальери ҳеч қачон заҳарлаш борасидаги миш-мишларни рад этмаган, бироқ Моцартнинг беш ойлик етим қолган кенжа ўғлига мусиқий таълим беришни зиммасига олган. Унинг қўл остида Франс Ксавьер Волфганг Моцарт машҳур композитор ва дирижёрга айланган. Умрининг охирларида вақти-вақти билан юз берадиган ақлий заифлик синдромидан азият чеккан Сальери Моцартни ўлдирганини тан олган, аммо эс-ҳуши жойига келган вақтда буни рад этган. Бу ҳикоя Александр Сергеевич Пушкиннинг “Мотсарт ва Сальери” трагедиясига асос бўлган.
Веналиклар учун Моцартнинг ўлими деярли сезилмай ўтди, аммо Прагада унинг ўлимидан 9 кун ўтгач, катта оломон (тахминан 4000 киши) билан 120 мусиқачи Моцарт хотирасига “Реквием”ни ижро этди.
Буюк даҳонинг ўлимини ўрганаётган олимлар икки гуруҳга бўлинган: суиқасд ва табиий ўлим тарафдорлари. Бироқ олимларнинг аксарияти Моцартнинг табиий равишда вафот этганига ишонишади ва заҳарланишнинг ҳар қандай версиялари, айниқса Сальери заҳарлашининг версияси исботланмаган. Ҳозирги кунда ўрганиш мумкин бўлган қолдиқлар ҳам сақланиб қолмаган. Француз инқилоби томонидан жорий этилган тенглик тамойилларига амал қилган ҳолда Иосиф II дабдабали дафн маросимларини тақиқлаш бўйича қонунлар қабул қилган. Шу боисдан Моцартнинг жонсиз танаси тунда Авлиё Марк қабристонига олиб келинган, ҳеч қанақа дафн маросими ўтказилмаган ва оила аъзоларидан ҳеч бири унинг қаерга кўмилганини билмаган. Бундан ташқари, Иосифнинг буйруғи билан “ўрта синф”га оид тобутлар битта қабрга бештадан жойлаштирилган. Бу ўн йилдан кейин уларни қазиб олиб, янги қабрлар учун жой ажратишга қулай бўлиши учун қилинган.
Моцартнинг вафотига айнан нима сабаб бўлганини била олмаймиз, бироқ бунинг аҳамияти ҳам у қадар катта эмас. Энг муҳими, у ҳаётда қачонлардир мавжуд бўлган ва ақл бовар қилмас мусиқалари билан ҳалигача дунёни “Сеҳрли флейта”сига жо этиб келмоқда.
Нозима ҲАБИБУЛЛАЕВА
Адабиёт
Тарих
Тарих
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ