Камбағал ҳам 70 та қўй баҳосига тўй қилган даврда Беҳбудий қандай тўй қилган?


Сақлаш
11:37 / 24.01.2025 48 0

Туркистон жадидларининг йўлбошчиларидан бири Абдурауф Фитрат бундан 125 йил олдин ўзининг “Нажот йўли” асарида “Дунё халқларининг нобуд бўлиши сабабларидан бири исрофгарчиликдир”, деганида ҳақ эди. XX юзйиллик бошларида Туркистон жамияти оилавий маросимларида мисли кўрилмаган исрофгарчилик, дабдаба акс этган тўй ва аза маросимлари авж олган. Ўзини чин мусулмон деб билган Туркистон аҳолиси Маҳмудхўжа Беҳбудий қайд қилганидек, Қуръони каримда муҳрлаб қўйилган “Лаъталаққу би ядикум ала таҳликкатиҳи”, яъни “Ўз қўлларингиз ила ўзингизни таҳликага отмангиз”, деган қоидага амал қилмай, бор-будини тўй ва азаларга сарфлаш йўлидан борган. Натижада кўплаб оилалар иқтисодий таназзулга учраган, уй-жойи ва ерини сотишга мажбур бўлган. Умрининг охиригача қарзидан қутула олмай, фарзандларининг оғир аҳволда қолишига сабаб бўлганлар.

 

Бу даврда суннат ва никоҳ тўйларида қанд ва чопон тарқатиш, 6-7 хил овқат қилиш, 5-6 кун тўй бериш, тўй кунлари улоқ ва кўпкари ўйинлари ташкил қилиш; аза маросимларида 3, 7, 20, 40 ва йил деган ном билан турли исрофли маросимларни ўтказиш, азага келганларга нон, рўмол, совун каби тортиқлар бериш урфга кирган. Камбағал оилалар тўйга 200 сўмдан 1000 сўмгача, ўртаҳол хонадонлар 2000 сўмдан 5000 сўмгача, бой хонадонлар 10000 сўмдан 30000 сўмгача харажат қилганлар. Ўша пайтда сигирнинг нархи 5 сўм, қўйнинг нархи 3 сўм, эчкининг нархи 2 сўм бўлгани инобатга олинса, камбағал оилаларнинг энг арзон тўйи қарийб 70 та қўй баҳосига тенг бўлган. Маҳмудхўжа Беҳбудий бу ҳақда Бир карра диққат қилинсун, бирор яҳудий ва ўрус ҳеч вақт тўй деган балоға беш минг сўм, ҳатто бир-икки минг сўм сарф қилингани эшитилмайдур. Биз бўлса, йигирма минг сўмлаб сарф этармиз. Кошки бу пул ўзимизники бўлса, эндики ёлғиз исроф гуноҳи ила қутулар эдик, йўқ балки биз ҳақ қулидин қўрқадурғон мусулмонлар бошқалар ақчасини барбод этиб, охиратға қарз, дунёға кулфат ортдирармиз, деб таъкидлаб, исрофли тўйларга қарши чиққан. Туркистонда ишбилармонлик билан шуғулланаётган рус, арман ва яҳудийларнинг исрофли тўйлар, аза маросимлари ўтказмасдан маблағларининг бир қисмини ўз юртида мактаб ва мадрасалар қуриш, таъмирлаш учун сарфлаётганини ўрнак қилиб кўрсатган. Туркистонликларни ўз пулларини дабдабали маросимларга сарфламасдан фойдали амаллар қилишга чақирган: Тўй ва маърака ақчасидан болаларни ҳукумат мактаблариға берсунлар ва талабаларни Макка, Мадина, Миср, Истанбулға ва Русия дорулфунун ва доруссаноалариға юбориб, диний ва дунёвий ва замонавий одамлар етиштирмоқға саъй қилсунлар.

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон аҳолиси оилада фарзанд туғилган кунидан бошлаб тўй учун маблағ йиғишни бошлаши, бунинг учун ҳафтада етти кун 18–20 соатлаб ишлаши “қонун”га айланиб қолганини афсус билан тилга олган: Бечора косибни аъмоли тўйдур. Ўзи роҳат юзи кўрмайдур. Кеча-кундузни 18, балки 20 соатни меҳнатга ўткаратургон косибларимиз бордур. Ҳаққинча емайдур, киймайдур. Ўн ва йигирма саналар меҳнат ва машаққат этар ва худодан ўғил тилар, тўй қилмоқ учун. Йигирма саналик меҳнати уч кун тўйда тамом”.

 

Абдурауф Фитрат Маҳмудхўжа Беҳбудий фикрини тўлдирар экан, уч кунлаб тўй қилиш исрофдан бошқа нарса эмаслигини таъкидлаган. “Оила ёки оила бошқариш тартиблари” асарида тўйларнинг ўтказиш кунлари масаласига диний нуқтаи назаридан ёндашиб, пайғамбаримизнинг Тўйда биринчи куннинг таоми ҳақ, иккинчи куннинг таоми суннатдур, лекин учинчи куннинг таоми риёдир... Икки одам бир-бирларидан ўтиш учун тўй ва зиёфат қилсалар, биронтасиникига борманглар, уларнинг таомларидан еманглар, деган гапларини иқтибос сифатида келтирган.

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий “Бизни кемиргувчи иллатлар” мақоласида тўй ва аза маросимларини иқтисодий зарар келтирувчи, қарз ботқоғига итарувчи, халқни кемирувчи иллат деб баҳолаган: Бизни кемиргувчи иллатлар деганда, заҳму маразними гумон этарсиз? Ёинки, сил, силария ва маховликними дерсиз? Йўқ, андан ҳам ёмонроқ ва андан ҳам жонхарош, бевоя, хонавайрон ва ғариб этгувчи бир дард, биз – туркистонийларни шаҳри ва қишлоқи ёйинки ярим маданий, ярим ваҳший синфларимизғача истило этиб, бутун тириклигимизға сарилган ва бизни инқирозға ва таҳликаға ва жаҳаннамға юмалататургон тўй, аза исминдаги икки қаттол душманни дерман”. Мутафаккир уч кунлаб тўй қилиб уйланган йигитлар 10 йил, ҳатто бир умр қарздан қутула олмай уй-жойини сотишга мажбур бўлаётганини, ҳолат шундай давом этса, туркистонликлар уйи ва еридан ажралиб, гадойликка маҳкум бўлиб қолишларига ачинган: “Бир дўкончи, бир гулкор, бир фақирҳол, бир косиб учун бу тўй ва таъзиялар ўлумдан қаттиғдурки, мунинг учун бечора ҳар кун ўлур. Ҳар кун ўлгон ила-да қутулмас. Ўзидан сўнгра аҳлу аёлига бу йўқсуллик ва бу мусибатни мерос қўяр”.

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий тўйлар одамларни барбод қиладиган даражага етиб келганидан афсусланган. Бутун дунёда Туркистон халқи каби исрофгарчиликка йўл қўядиган қавм йўқлигини айтиб, неча саналардан бери тараққийпарварлар бу масала юзасидан тарғибот қилсалар-да, кутилган натижа бўлмаётганидан афсусланган. Ўзининг “Таҳсил ва сафар замони ва таом” мақоласида тўйлар ва исрофли маросимларга сарфланган пуллар илм учун сарфланса, минг марта фойдали бўлишини уқтирган: “Азиз биродарлар, ўғул тўйлариға сарф қилатурғон ақчаларингизни мана шул илми замоний йўлиға сарф этингиз, сиздан ўғлунгизга мол мерос қолмасун, балки, албатта, илм ва тарбия мерос қолсун”.

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистонда мактаб, мадраса, мозор ва масжидлар хароб аҳволга келиб қолганини айтиб, ватандошларининг тўйга беҳуда сарфлаётган пулларини иншоотларнинг таъмири учун сарфлашга чақирган: Тўй ва маъракаға сарф қилинатурган ақчани эски мадраса ва мозор ва масжид ҳамда мактабларни шикастрехтларига сарф қилинсун.

 

Жадид ҳукумат раҳбарлари, амалдорлар ва уламолар исрофсиз тўйлар ўтказиб, халққа намуна бўлишлари кераклигини уқтирган. Ўз манфаатлари йўлида бемаъни урф-одатлар маросимларнинг ривожланиб кетишига йўл қўйиб бермасликларига даъват қилган. Ўзи ҳам халққа ўрнак бўлиш мақсадида камхарж тўй қилган. 1909 йил 15 апрелда ўғли Мақсудхўжанинг суннат тўйини 1000 сўмдан ҳам кам пул сарфлаб ўтказган. Тўйга кетиши мўлжалланган ортиқча сарф-харажатга Самарқанд шаҳридан бир бинони сотиб олиб, кутубхона очган ва китоблар харид қилган. Вадуд Маҳмуд “Беҳбудий ҳақидаги хотиралари”да ёзишича, мутафаккир кутубхона учун Миср, Туркия ва Россиядан 6000 сўмлик китоблар харид қилган.

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий ўғлининг суннат тўйи халқ орасида муҳокама бўлгани ҳақида ёзар экан, айримларга ўрнак бўла олганини, баъзилар бойлиги ва обрўсини ҳисобга олиб, тўй қилиши, тўйга 2000–3000 сўм сарфлаши керак эди, танқид қилганларини қайд этган. Шу ўринда айтиш жоизки, Маҳмудхўжа Беҳбудийдан ўрнак олиб, айрим бойлар дабдабали тўйлар қилишдан воз кечган. Жумладан, Мунаввар Алифкор ўғли камхарж суннат тўйи қилиб, қолган пулга мактаб қурган бўлса, Исҳоқжон Мирсолиҳбой ўғли мактаб ўқувчилари учун мевали боғ яратишга 2000 сўм берган.

 

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг энг яқин ва содиқ шогирди, жадидчиликнинг кўзга кўринган намояндаси Ҳожи Муин ҳам Туркистондаги исрофли тўйларни кўп марта танқид қилган: Биз Туркистон халқи илмсизлигимиз сабабли турли маросим ва одатлар юки остинда эзилиб, мунинг учун ахлоқий ва молий жиҳатдан ғоят кўб зарарлар кўрмакда бўлған бир миллатмиз. Тараққийпарвар суннат, никоҳ тўйлари ва аза маросимларини энг зарарли урф-одатлар деб атаган. Ушбу маросимларнинг энг ёмонларига барҳам бериш, баъзиларини ислоҳ қилиш керак, деган хулосага келган. Исрофли маросимларни билимсизлик ва жаҳолатдан пайдо бўлган, деб хулоса қилган ва миллат бойларини пулларни беҳуда, кераксиз, зарарли маросимларга сарфламай, ўринли жойларда ишлатишга чақирган: “Бизларнинг бойларимиз топган пулларини базм, кўбкори, тўйларда исроф қиларлар. Агар ўшал ерда исроф қилина турган пулни шундоқ ўрунли жойда сарф қилсалар, қанча болалари нодонликдан қутулиб, диндан ҳам илм ва адабдан хабардор бўларлар эди!”.

 

Ҳожи Муин “Тўй – таъзия исрофлари” мақоласида туркистонликларнинг исрофгарчиликларини чеклашга асосий масала сифатида қараган ва доимий тарғибот ишлари олиб бориш керак, деб таъкидлаган: “Халқни ўз ҳолига қўйса, ўзининг фойда-зарарини ўйламай, ҳар бир тўғри келган ишни қилаверади, ўлганича фойдасиз урф-одатларнинг асоратидан чиқа олмайди. Шунинг учун халқни ўз ҳолига қўйиш тузук эмас. Масъул кишилар ва ёшларимиз бу муаммоларни ҳал қилишда, тўхтатишда халққа йўлбошчи ва таъминотчи бўлиб туришлари керак”.

 

Ҳожи Муин матбуотда 10 йил давомида (1914–1924 йиллар) исрофли маросимларни танқид қилган. Бундан ташқари “Тўй” драмасини ёзган ва саҳналаштирган. Ушбу саҳна асари 1915 йил 21–24 январm кунлари Тошкент ва Наманган кўнгилли театр жамоалари томонидан намойиш этилган.

 

Йиллар давомида дабдабали тўйлар ва маросимларни танқид қилган Туркистон жадидлари 1917 йил 14 мартда “Шўройи Исломия” сиёсий ташкилотини тузганларида исрофгарчиликка барҳам беришни асосий вазифа қилиб белгилаб олганлар. Жумладан, “Шўройи Исломия” ташаббуси билан 1917 йил 16–23 апрелда бўлиб ўтган Умумтуркистон мусулмонларининг биринчи қурултойида тўй ва маъракаларни тартибга солиш тўғрисида Қарорнома тасдиқланган. Шунингдек, Саид Аҳрор Маҳсум, Муродхўжа Эшон, Ҳамидхўжа Эшон, Абдулсамиъ қоридан иборат ишчи гуруҳ тузилиб, уларга тўй ва маъракаларни дабдабасиз, исрофгарчиликсиз ўтказиш тартибларини халққа етказиш вазифаси қўйилган.

 

Қарорномада никоҳ тўйларида кичик тўй, қозон қайтариш, катта тўй-базмлар, юз кўрар, ҳайитларда мол сўйиб келин кўриш, қиз оши бериш, аёлларнинг ҳар бирига алоҳида нон ва ош тортиш, сандиқда йиллар давомида сақланадиган гулкўрпа ва бошқа фойдасиз моллар, араваларга ғалла ва бошқа нарсалар ортиб тўй юбориш, қалин олиш каби исрофли харажатларга барҳам бериш таъкидланган. Шунингдек, ушбу ҳужжатда тўй маросимида куёв билан борадиган одамлар 20–40 тадан, келин билан борадиган сони 10–20 тадан ошмаслиги белгиланган. Тўйдан кейинги чорлари бир марта қилиниб, унда икки томондан 10 тадан ортиқ киши қатнашмаслиги тайинланган. Бешик тўйи ва чиллагурезонларни бутунлай йўқотишга қарор қилинган. Қарорномада ўғил тўйларини чеклаш ҳам назарда тутилган бўлиб, 3-4 кишини чақириб, болани суннат қилдириш белгиланган.

 

“Шўройи Исломия” бойларга мурожаат қилиб, мавлудларни ҳам тежамкорлик билан ўтказиш, мавлудга аталган пул ва ғаллаларни маҳаллаларидаги камбағалларга, уй-жойсиз ва бечораларга, мактаб ва мадрасаларга, хайрия жамиятларига беришлари мақсадга мувофиқ деб таъкидлаган. Қарорномада кўзда тутилган тартибларга амал қилмаганларнинг тўйларини тўхтатиш, ўзларини қозига топшириш ва жазолаш белгилаб қўйилган. Афсуски, Туркистон аҳолиси исрофли маросимларидан воз кечмаган. Ким ўзарга дабдабали тўйлар қилган, турли оилавий маросимларни ўтказишда исрофгарчилик қилган.

 

Хуллас, бугун ҳам шу анъаналарга содиқ қолган “замонавий авлодлар” тўйларни ихчам ўтказиш, тежамкорлик қилиш фикридан анча узоқда бўлиб, янги урф ва одатларни ўйлаб топмоқдалар. Айниқса, ҳукумат раҳбарлари, амалдорлар, санъаткорлар ҳашаматли тўй ва маросимларни ўтказиш бўйича “халққа ўрнак бўлмоқдалар”. Агар жадид боболаримизнинг 100 йиллар олдин ихчам ва камхаражат тўй маросимларини ўтказишга оид даъватлари, тарғиботлари ҳукумат даражасида амалиётга жорий қилинса, миллат тараққиёти йўлидаги энг муҳим қадамлардан бўларди, деб ҳисоблайман.

 

Дилноза ЖАМОЛОВА,

Тарих институти директорининг илмий ишлар бўйича ўринбосари,

тарих фанлари доктори

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

14:01 / 23.01.2025 0 47
Бобур қандай жанг қилган?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14578
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//