“Бир аъмо боланинг ҳасрати” – Беҳбудийнинг рамзий ҳикояси


Сақлаш
17:38 / 23.01.2025 48 0

Маҳмудхўжа Беҳбудий ХХ аср бўсағасидаги жаҳолатга ботган она Туркистон фарзандларининг ўй-хаёллари, орзу-умидлари ўлароқ дунёга келган ва ўз даврининг ижтимоий-сиёсий ҳаракатларида фаол иштирок этган, жонбозлик кўрсатган фидойи, янги замон ўзбек маданиятининг яловбардори эди. У янги бир куч, оқим сифатида майдонга келган Туркистон жадидларининг раҳнамоси, янги мактаб ғоясининг пешқадами, амалиётчиси, биринчи ўзбек драматурги, театрчи, ношир, журналист эди. У замонасининг энг илғор кишиси, жадидшунос Бегали Қосимов таъбири билан айтганда, “карвонбоши” эди. Беҳбудийни “Туркистон жадидчилик ҳаракатининг бонийси” сифатида ҳам эътироф этишади. 

 

1875 йилнинг 19 январида Самарқанд яқинидаги Бахшитепа қишлоғида туғилган Маҳмудхўжа 1894 йилда отаси Беҳбудхўжа вафот этгач, тоғаси – қози Муҳаммад Сиддиқ қарамоғида камолотга етган. Маҳмудхўжа Беҳбудий дастлаб Самарқанд мадрасаларида, кейинчалик Бухорода таҳсил олган. Унинг дунёқарашининг шаклланиши ва “ходими миллат” бўлиб майдонга чиқишида Русия жадидчилик ҳаракатининг асосчиси Исмоилбек Гаспралининг хизмати катта эди. Замона зайлини ақл тарозусига қўйган ва дастлаб, дунё эврилишларини ҳис этишни истаган Маҳмудхўжа Беҳбудий 1899-1900 йилларда бухоролик дўсти Ҳожи Бақо билан ҳаж сафарига йўл олади. Бу ҳақда 1914 йилда “Ойна” журналининг 31-сонида эълон қилинган “Қасди сафар” мақоласида “1318 санаи ҳижрияси тавофи Байтуллоға Кафказ йўли ила Истамбул ва Миср ал-Қоҳира воситаси-ла бориб эдим. Муддати сафарим саккиз ойдан зиёда чўзилуб эди”, дея ёзиб қолдирган. Ушбу сафар Беҳбудий ҳаётида туб бурилиш ясаган. Дунё кўриш, тараққий этган юртлар аҳволи, турмуш тарзидан хабардор бўлиш ўз юртини ҳур ва озод кўриш истагини юксалтиради. Тараққиётнинг асоси илм-маърифат эканлиги, бунинг учун мактаб, маориф ва маданият сув ва ҳаводек зарур эканлиги исботланади.

 

Юртга қайтган Беҳбудий 1903 йилда Самарқанд яқинидаги Ҳалвойи қишлоғида, кейинчалик Ражабаминда янги мактаб ташкил этади ва дарсликлар ёза бошлайди. “Рисолаи асбоби савод” (1904), “Рисолаи жуғрофияи умроний” (1905), “Рисолаи жуғрофияи Русий” (1905), “Китобат-ул атфол” (1908), “Амалиёти ислом” (1908), “Тарихи ислом” (1909) каби китоблар шу мақсадда ёзилган эди.

 

Маҳмудхўжа Беҳбудий 1903-1904 йилларда хизмат сафари билан Москва, Петербургга, 1906 йилда Қозон, Уфа, Нижний Новгородга боради. Ушбу сафарлар унинг маънавий оламида, бадиий тафаккурида буюк бир эврилишларни содир этади. Ниҳоят у миллат маърифати учун фақатгина мактаб кифоя қилмаслиги, халқни замон ва дунё воқеалари билан таништириш, Ватаннинг аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ этиш кераклиги заруратидан миллат юзига ойна тутишни мақсад қилади. Натижада 1911 йилда “Падаркуш” драмасини яратади. “Падаркуш” – ўзбек драматургиясининг илк намунаси. Мутахассислар уни “янги ўзбек адабиётини бошлаб берган бир асар” сифатида эътироф этадилар.

 

“Миллий фожиа” деб аталган, 3 парда, 4 манзарадан иборат ушбу драма ҳажм жиҳатдан жуда ихчам, мазмунан содда ва жўн бўлишига қарамасдан миллатдошлар миясига чақмоқ каби урилди. “Падаркуш” ўз маишатига ўралиб, дунёни унутган Туркистон халқи юзига тутилган бир кўзгу эди. Ундан ҳар ким ўз истаганини топди. Биров ўзини, биров бой отасини... Биров умуммиллат фожеасини кўра олди. Драма жаҳолат ва нодонлик, ўқимаган жоҳил ўғилнинг бузуқ йўлларга кириб, ўз отасини ўлдириши ҳақида. Рамзларга солиб кўрилса, Падар – Туркистон, падаркуш – ўз миллатини йўқ қилаётган жоҳил авлодлар эди...

 

Умид ва нажот шунда эдики, икки ренессансни бошдан кечирган миллат авлодларининг ҳали қалблари қотмаган, руҳлари ўлмаган эди. Халқ ўз фожиаси бўлган “Падаркуш”ни кўришга ошиқар ва хулоса чиқарар эди. “Падаркуш” 1914 йилинг 15 январида илк бор саҳнага қўйилган. Ўша давр матбуотида “Халқ ниҳоят кўп келиб, билет етмагани ва жойни йўқлиги учун уч-тўрт юз киши қайтиб кетди”, деб ёзилган. Спектакль қўйилган пайтда чипталарнинг олдиндан сотилиб кетгани, шунга қарамасдан, одамлар жой етишмаётган театр – ибратхонада 3 сўм бериб бўлса ҳам тик туриб томоша қилишга рози эканлиги, чипта нархи 2 сўм бўлиб, ўша пайтда унга бир ўртача қўй беришини инобатга олсак, халқнинг маънавиятга ташналиги ҳам аён бўлади.

 

Бундай ташналикни ҳис этган Маҳмудхўжа Беҳбудий фаолиятини янги бир босқичга кўтарди. Халқ оғзаки ижоди ҳамда мумтоз адабиёт намуналарини ўрганиш ва ижодий анъаналарни таҳлил қилиш, маълум маънода ўзлаштириш натижасида асрлар давомида анъана бўлиб келган назмий услуб, маснавий шаклдан насрга ўтишда ҳам Маҳмудхўжа Беҳбудий карвонбошиликни ўз қўлига олган эди. Дастлаб, у усмонли туркчадан “Бир вафолик заифани хусусида ҳикоя” таржима қилиб, 1903 йилнинг 15 октябридан то 1904 йилнинг 3 февралигача “Туркистон вилоятининг газетаси”да эълон қилган бўлса, 1909 йилда асли хитой адабиётидан олинган “Оқ елпоғичли чинли хотун” ҳикоясини тақдим этиб, жадид намояндалари орасида биринчилардан бўлиб, янгиланаётган адабиётга наср ҳавосини олиб кирди. Орадан беш йил ўтиб, 1914 йилда Абдулҳамид Чўлпон “Қурбони жаҳолат”, “Дўхтур Муҳаммадиёр”, “Баҳор авваллари”, 1915 йилда Абдулла Қодирий “Жувонбоз”, “Улоқда”, Мунавварқори Абдурашидхонов эса “Бизда ҳамият” номли ҳикояларни яратди. Шу тарзда ўзбек ҳикоячилигининг тамал тоши қўйилиб, шакл ва мазмун, ғоя уйғунлашди. Халқаро тажрибалар ҳам эгаллана бошланди.

 

Бу янги ўзбек адабиётининг, хусусан, жадид ҳикоячилигининг шаклланиш даври эди. Ҳикояларда жаҳолат сабаблари, ундан халос бўлиш йўллари тасвирланди. Сабаб ва оқибатлар кўрсатилди. Ўша давр адабиётшуносларидан бири Отажон Ҳошимовнинг “Жадид адабиёти тўғрисида” номли мақоласида ёзишича, бу жараён “жадид адабиётининг ёшлиғи, кучсизлиги давридир. Бу даврда жадид адабиёти шаклан эскиликдан чиқмаған, ўз фикрига яраша, ўзига боп шакл, тил туғдирмоқда эди. Фикр олдда, шакл орқада эди”. Беҳбудийнинг “Бир вафолик заифани хусусида ҳикоя”, “Бир аъмо боланинг ҳасрати”, “Оқ елпуғичли чинли хотун” каби табдил – таржималари, Чўлпоннинг “Қурбони жаҳолат”, “Дўхтур Муҳаммадиёр”, “Баҳор авваллари”, Абдулла Қодирийнинг “Жувонбоз”, “Улоқда”, “Шодмарг”, Фитратнинг “Мусулмон севгиси”, Мунавварқорининг “Бизда ҳамият” ҳикоялари ана шу давр адабиёти маҳсулидир.

 

Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг “Бир аъмо боланинг ҳасрати” табдил – ҳикояси рамзларга тўла асар. Ушбу кичик ҳикояда ёруғлик истаётган авлод изтироблари яширинган. Асарда инсон руҳияти табиат тасвирлари билан шу қадар уйғунлашиб, яхлит бир композиция, жадидона тимсолларни тақдим этганки, бу асар ғоясининг юзага чиқишида муҳим восита бўлиб хизмат қилган.

 

БИР АЪМО БОЛАНИНГ ҲАСРАТИ

 

Эшитарманки, кун (офтоб) кўб гўзал… Наҳр бўйинда, сувнинг устида узайиб осилган гулларнинг кўруниши кўб латиф эмиш… Нозик-нозик сайраган қушларнинг …ҳавойи қўш қанотларининг учушинда кўрулатургон нимарсалардан эмиш!.. Эшитарманки, кечалари кўк юзинда ёшурунгон ёруқлар кўрунар эмиш… Мавж ва гирдобларидек ҳазин бўлган денгиз ичинда оқ чотирлик кемалар оқуб кетарлар эмиш!.. Эшитарманки, гулларнинг ранглари ислариндан, сулувликда яна зиёда эмиш. Даралар… Тоғлар… Майдонлар… Сувлар, бешалар, хусусан, тонг замонлари у қадар латиф… у қадар тотли эмишларки, бу қадар буюклик ва эҳтишомға қарши инсон ҳайратиндан саждаға кетармиш. Лекин, ман ана ул гулдурагани эшитилатургон денгизни… на у ранглик гулларни… на кўк юзини… на кунни… на бешаларни… на у яхши меваларни… на қушларни… на ойдинликни… кўролмаслигимдан таассуф этмайман. Хайр, Оллоҳим! Хайр! Шу фоний оламнинг яхшилигиндан ҳеч бирини орзу этмайман, магар… Ҳайҳот!.. Онажонимни кўрсайдим!

 

Муҳаррири: француз қизи Соррун.

Мутаржими: Рижоизода марҳум Маҳмуд Акрам (1847—1914) – машҳур турк адиби.

Усмонличадан табдил этгони: Маҳмудхўжа.

«Ойна» ж., 1914 й., 27-сон.

 

Кўриниб турибдики, ҳикоя қаҳрамони бўлган Она – икки ренессансни бошдан кечирган Туркистон тимсоли, бола эса давр фарзанди. У дунё лаззатларини, инсон баҳра олиши мумкин бўлган барча жиҳатларни тарозининг бир томонига, бир томонига эса Она – Туркистон дийдорини қўйган.

 

“Миллат озод бўлиб, ўзининг мустақил давлатини ўрнатмагунча, ижтимоий адолатни тиклаб бўлмайди”, деган эди Беҳбудий “Вақт” газетасида чоп этилган мақоласида. Беҳбудийшунос Нормурод Авазов таъкидлаганидек, “У ўз мақсади йўлида ҳар доим собит ва барқарор эди. Бу йўлда ҳатто у ўлимдан ҳам қўрқмас, айтиш мумкинки, ўлимга ҳам тик қарай олар эди”. Беҳбудий ва унинг сафдошларининг бош мақсади Туркистонни ҳур ва озод кўриш эди. Жадидлар ана шундай жаҳоний тенгликни истаган эдилар.

 

Уларнинг орзуси ушалди, аммо жуда кеч... Мана, орадан 100 йилча вақт ўтди. “Бизни кемиргувчи иллатлар” мақоласида “Тўй ва таъзияға сарф қилинатургон оқчаларимизни биз, туронийлар, илм ва дин йўлиға сарф этсак, анқариб оврупойилардек тараққий этармиз ва ўзимиз-да, динимиз-да обрўй ва ривож топар!” дея таъкидлаган Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг сўзлари ҳамон аҳамиятини йўқотмаган.

 

Холиёр САФАРОВ,

Алишер Навоий номидаги

Ўзбек тили ва адабиёти университети тадқиқотчиси

 

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси

Тарих

14:01 / 23.01.2025 0 47
Бобур қандай жанг қилган?





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14578
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//