Ҳар бир одамнинг ҳаётида маълум манзилга етганда бурилиш нуқтаси бўлиши муқаррар. Умр йўлидаги энг қизиқ ҳодиса ҳам шу. Чунки шу нуқтада инсон ўзгаради, ҳаёт ўзгаради. Унинг қандай содир бўлиши эса одамнинг нияти билан боғлиқ. Инсоннинг қалби ва тафаккурини ўзгартириш осон эмас. Бурилиш нуқтаси кимнингдир ҳаётида олти ёшида, яна кимдадир олтмиш ёшида содир бўлиши мумкин. Муҳими ёшда эмас, муҳими инсоний ислоҳотларда. Халқ ва миллат ҳаётида тарихий бурилишлар бўлгани каби ҳар бир инсон ҳаётида ҳам бу кечмиш кечади. Бу шунчаки кечмиш эмас, балки катта сабоқдир. Бу ҳақдаги ҳикояларни таниқли ва машҳур кишилардан кўп эшитамиз. Ўйлаймизки, ўзбек зиёлиларининг бу борадаги хотиралари ҳам журналхонларимизга қизиқ. Мазкур янги рукнда таниқли ёзувчи Назар Эшонқулнинг фикрларини ҳавола этамиз.
Таҳририят
“Инсон – лойиҳа!”
Болалигимнинг аксар қисми хотирамдан ўчиб кетган. Лекин негадир биринчи марта китоб ўқиганим эсимдан чиқмайди. Эҳтимол, бу биз яшаётган дунёга нисбатан китоблар кўнглимизга мос тушгани сабаблидир. Ёки китоб хотирани мустаҳкамлагани учундир...
Опам мендан уч ёш катта эди. У иккинчи синфга борганда мен ҳам опамга қўшилиб ўқишни ўрганиб олганман. Ўша давр “Ўқиш китоби”даги барча эртак ва ҳикояларни ўқиб чиққандим. Менга айниқса айиқ келиб қолганда дўстини ташлаб қочган одам ҳақидаги эртак ёқарди. Биз тоғ қишлоғида яшардик. Онда-сонда оч айиқлар қишлоқ оралаб қоларди. Қишлоқдагилар милтиқ отиб, шов-шув кўтариб уларни ҳайдашарди. Мен эса томнинг устида уларга ачиниб қараб ўтирардим. Менга улар бу ерга худди ўша ўқиганим эртакдаги каби дўст излаб келгандай туюларди.
Мактабга борганимда муаллимларимиздан бири “Ўқиш” китобидаги барча шеъру ҳикояларни ўқиб чиққаним учун мени учинчи синфда ўқийдиган бир қариндошимизнинг ўрнига ўтқазиб, “Бу энди учинчида, сен эса биринчида ўқийсан” деб изза қилган. Шу изза эвазига ўша қариндошимиз мени то эсимизни танигунча кўз очиргани қўймаган: кўрган ерида турткилаб, бурнимни қонатиб юрган. Ўшанда биринчи марта китоб ўқиганим учун жазони ҳам ҳис қилганман.
Китоб ўқишга қизиқишимни бу жазолар барибир сўндиролмаган. Иккинчи синфни битирганимда отам Шаҳрисабзга – бозорга тушганда менга битта эртак китобини олиб келган. Ўша китоб номи ҳали ҳам эсимда. “Али баҳодир” деб аталарди. Кейинчалик, университетда ўқиб юрганимда бу китоб курд эртаклари эканини билдим. Аммо у пайтлар бу эртаклар менга бошқа бир халқники бўлиб туюлмаган: уларни ўз эртакларимиздай қайта-қайта ўқиб чиққанман. У ерда ғаройиб эртаклар бор эди. Мен ўша хаёлий қаҳрамонларга ва воқеаларга ишонганман, ҳаёт менга бор бўйи билан эртаклардан иборат бўлиб туюлган.
Бу китоб менга хаёл суришни ва тасаввур қилишни ўргатган. Кейин кўплаб эртак китоблар ўқидим. Ҳаммаси ҳам эсимда қолмаган. Фақат “Ёрилтош” эртаги эсимда. Қишлоқ аёллари уйимизга йиғилса мендан ўша эртакни ўқиб беришимни сўрашгани учундир? Радио, телевизор йўқ эди. Менинг ўқиб берган эртакларим бугунги сериаллар вазифасини ўтаган бўлса керак деб ўйлайман. Шунинг учун ҳам оқибат ва инсонийлик кучли бўлгандир? Чунки эртаклар меҳру шафқат, мардлик, ҳалоллик, эзгулик ҳақида бўларди ва ҳаммасида ёвузлик барибир енгиларди. Шу сабабли ҳам бугунги кунимиздан фарқли равишда одамлар инсонийлик барибир ғалаба қилишига ишонарди, эзгулик ва ёвузлик, ҳалол ва ҳаром, мардлик ва қўрқоқлик, хоинлик ва жасорат, шафқат ва меҳр ўртасида аниқ чегара бор эди. Эртаклар бизни шунга ишонтирарди.
Бу, менимча, китоб ўқишнинг энг муҳим фазилати бўлса керак.
Эртаклар менга тоғу тош, ҳайвонлар, ўсимликлари, ҳатто ҳашоратлар ҳам акамиз ё укамиз, жигаримиз, биродаримиз эканини, кўз олдимиздаги дунё чегараларини тасаввур билан бўлса-да бузиб ўтишни ўргатган.
Эртаклар биз билган дунёдан ташқари ёнимизда, ичимизда кўзимизга кўринмас, аслида ҳақиқийдир, олам борлигига ишора қиларди.
Мана шу ҳис, шу ишонч пайдо бўлишининг ўзи гуманизмни, унинг кўламини, масъулиятини англашнинг бошланишидир балки?
Китоблар мени тасаввурда бўлса ҳам бошқа дунёда яшашга ўргатди.
Эртаклар, демак, китоблар бизнинг моддий эҳтиёжларимиз қўйган, бизни ўраб турган қолипларни бузишга, ички бир эркинликка давъат қилаверади.
Олтинчи синфда Термиз шаҳрида касалхонага тушиб қолдим. Қанча ётганимни билмайман. Лекин ўшанда касалхона кутубхонасидан “Минг бир кеча”нинг уч томини топиб, ўқиб чиққанман.
Бу китоб менинг ўй-хаёлларимни бутунлай ўзгартириб юборган.
Эртаклар кўз олдингиздаги дунёнинг уқубати ва адолатсизлигидан ожизланиб қолганингизда шу дунёга зид бўлган, ўзингиз истаган нарсалар, эзгулик ҳамиша ғолиб ўз оламингизни яратиш имконини беради.
Эртаклар билан қаршингиздаги шафқатсиз дунёга қарши ўлароқ ўзингизнинг пешма-пеш дунёнгизни ярата оласиз. Шунда китоб сиз учун ёлғончи дунёда ўз ростингизни ярата оладиган, ўз дунёнгизни сақлаб қоладиган ягона бошпана вазифасини ўтайди.
Китоблар “Сен ўзи кимсан? Нега келдинг, мақсадинг нима, қайга йўл оласан?” деган лойиҳани қаршингизга кўндаланг қўяди.
Китоб ўқиркансиз, китоб ҳимоясига, китоб тасарруфига ўтасиз. Чунки бу ерда ҳамиша мардлик ва ҳалоллик, меҳр ва оқибат, инсонийлик ва виждон ғалаба қилади. Умуман, бу фазилатлар ўқишга арзийдиган барча китобларга тааллуқли. Шу китобдан сўнг мен учун халқ оғзаки ижоди ҳаётимниг ажралмас бўлагига айланди.
Айнан ҳали бола бўлиб “Минг бир кеча”ни ўқиганман деганим учун адабиётни конфет сўриш деб биладиган ёш муаллимимиз ҳамманинг олдида изза қилган. Менга “Пўлат қандай тобланди?” деган романни ўқишни тавсия этган. Барибир Павел Корчагин менга Али баҳодирчалик завқ бермаган.
Мен ҳалигача у нима сабабдан изза қилганини тушунмайман.
Тўққиз-ўнинчи синфларда қирққа яқин достонни ўқиб чиқдим. Ростини айтаман, мен у пайтлари достоннинг сюжети изидан қувиб юрардим. Аммо барибир ичимда Алпомиш нега ғайритабиий кучга эга, қандай қилиб Гўрўғли гўрда туғилиши мумкин, бу ерда ўзи нима сир бор, бу ердаги дунё нега кўз олдимиздаги дунёга ҳеч бир ўхшамайди деган саволлар пайдо бўларди.
Талабалигимизнинг биринчи йили бизга юнон мифологияси дарсини ўтишди. Бу тизимга солинган космогоник мифология эди. Мен бу мифологияга шунчалик ошно бўлиб қолдимки, оловбардор Прометей ва шўрпешона Медея ҳақида шеърлар ёздим. Улар шеър эмасди, аслида улар ҳайрат ва саволга тўла жавобсиз ҳиссиётлар эди.
Кейин ўзимизнинг халқ оғзаки ижоди ўтилди. Мен бу дарсларда 9-10-синфда достонларни ўқиб олган таассуротимдан бошқа ҳеч нарса олганим йўқ. Бу дарслар менинг ўсмир ёшдаги саволларимга тўлиқ жавоб беролгани йўқ, шунчаки саноқлар ўзгарди, жавобдаги моҳият ўзгармади.
Савол эса каттараверди. Нега бизнинг мифология юнонларники каби бир тизимга солинмаган? Бизда мифология бўлмаганми? Биз ўзи қайдан келдик, қайга кетамиз? Биз қайси дарахтдан ўсиб чиқдик? Биз ўсиб чиққан дарахтнинг илдизи қаерга туташади? Биз дунё яралганда борлиққа исм беришда иштирок этган миллатлар қаторига кирамизми ё йўқ? Ё биз тараққиётнинг кейинги қайсидир даврида тайёрига айёр бўлиб пайдо бўлган бир тўдамизми?!
Масала шундаки, мифологик қарашларига қараб халқнинг азал ва абаддаги ўрни билинади. Космогоник қарашлар шу маънода мезонга ўхшайди. Қани бизнинг бир тизимга солинган космогоник қарашларимиз акс этган асотирлар?
Бу нафсоният ва шаън билан боғлиқ саволлар эди. Бу жавобсизлик бизга қолоқ миллат сифатида қараётганларнинг ўчоғига ўт қалаб берарди.
Жавобни китоблардан изладим.
Кейинчалик Юнг, Фромм, Мелетинский тадқиқотларини, жаҳон адабиётидаги асарларни ўқигач, ўша пайти қўйган саволларим ўзи жавоб бўлганини англадим.
Мана, ўша мутолаа қилган, ўзим савол қўйиб, китоб орқали жавоб топган қайдларим. Буларнинг кўпи савол тариқасида эди. Аммо китоблар менга излаган жавобларни топиб берди.
Юнон космогониясига кўра олам аввал хаосдан, газдан иборат эди.
Зардўшт мифологиясида олам аввал хаосдан, бўшлиқ ва бетартибликдан иборат эди. Рабғузийга кўра олам аввал гавҳар эди, гавҳар эриб суюқлик бўлди, суюқлик тутунга айланди. Олам тутундан яралди (“Хабарда келтирибдиларки, Оллоҳ субҳонаҳу ва таоло ҳамма нарсадан илгари бир гавҳарни яратди. Бу гавҳарга ҳайбат назари билан қараган эди, у эриб кетди. Эриб сув бўлган гавҳардан ерни яратди. Сув устига тушгач, у кўпикланди. У кўпикдан тутун кўтарилди, у тутундан кўкни яратди”. “Қисаси Рабғузий”).
Оламнинг аввали хаос мифлар тилига – бадиий мушоҳадага, образларга қандай кўчади, қандай тасвирланади?
“Гўрўғлининг туғилиши” достони мутолаасидан саволларга жавоб топишга уриниб кўрганман.
Одилшоҳ ва Қовуштихон ўртасидаги зиддият ва ўзбўлармонлик, Шоҳдорхоннинг бостириб келиши, ўзбошимчалик, талаш, бўйсунмаслик – булар ҳаммаси тартиб ва қонун-қоидалар йўқлигини, дунёнинг, ҳаётнинг хаос эканлигини кўрсатмаяптими?
Одилшоҳ, Қовуштихон, Шоҳдорхоннинг ўзаро курашлари бошбошдоқликка, мазмунсизликка, бетартибликка, хаосга ишора қилмаяптими?
Тўлибой ва Бибиойшадан Равшан туғилди. Равшан ва Ҳилолдан Гўрўғли туғилди (баъзи бир версияларда Ҳилол нурдан, ёруғликдан ҳомиладор бўлгани келади). Гўрўғли гўрда туғилди. Кейин ер устига чиқди.
Етим тойчоққа қўй, эчки, туя, шер, йўлбарс, олқор, қуён, кийик, қулон, фил, карки, қундуз, балиқ, қуш, қоплон, тулки, този сутини ичирди, қушу балиқларнинг жигарини едирди.
Бургут, туйғун, шунқор, лочин, динор, қузғун ва маймун жигарини едирди.
Кейин Афсар тоғига от излаб борди.
Афсар тоғи – парилар, илоҳлар яшайдиган тоғ. Арши аълонинг достондаги тасвири.
Гўрўғлининг бўлажак жуфти пари Мисқол ҳам шу ерда. Чунки у ҳам илоҳларга тааллуқли – пари.
У Гўрўғлига “Чўл оралаб, кўл оралаб азият чекиб келибсиз” дейди. У чўлга урғу беради. Чўл! Кўл! Улар ўзи нима? Нега барча достонда қаҳрамон чўл ва кўлга дуч келади?
Гўрўғли отига илоҳалар ичида яшаётган Мисқол пари исм беради. Ғиркўк, Ғирот деб.
Хизр – илоҳий бобо шу ерда отни меники дейди, Гўрўғли меники дейди.
Уларнинг бу мунозараси илоҳийликка даъвогарликни эслатади.
Гўрўғли қувват меники деяпти. Хизр меники деяпти.
Кейин Гўрўғли Хизрдан отни сотиб олади.
Сотиб олиш савдони билдирадими? Ё бу осмон билан келишув, инсон ва илоҳий кучлар ўртасидаги битимми? Мантиққа суянадиган бўлсак, илоҳий Хизрга танганинг нима кераги бор? Демак, бу – битим. Алп (юнон мифологиясидаги ярим илоҳ, ярим одам қаҳрамонлар) ва илоҳиёт ўртасидаги битим.
“Бобо”лар мажлиси Гўрўғлининг тақдирини белгилайди. Боболар орасида Соқи булбул ҳам бор. Соқи булбул Гўрўғлига далда бериб туради. “Каттароқ тилак тила” дейди. У гапларига ва Гўрўғлига хайрихоҳлигига кўра юнон мифларидаги ҳомий маъбудларни эслатади.
Шу мажлисда Гўрўғлининг тақдир чизиғи чизилади. Унга от, янги қурилажак дунё – Чамбилга шоҳлик, париларга уйланиш, қирқ ўзбек уруғидан қирқ йигитни танлаб атрофида олиб юриши, умуман қирқ уруғни бирлаштириши, ўзи эса зурёдсиз ўтиши тақдир қилиб белгиланади. Жума куни ерни ларзага солиб, Соқи булбул бориши, Гўрўғлини тахтга ўтирғизиши айтилади. Рабғузийга кўра, жума куни одам яралган.
Афсар тоғи Олимпни эслатмаяптими? Умуман, бу ерда оламнинг яралиши ҳақидаги миф устида гап кетмаяптими?
Битта достондан излаб топган жавобларим шундай бўлган. Шу ҳиссиёт мени “Алпомиш”ни ҳам шу жавобларни излаб ўқишга ундади. “Алпомиш” ҳам ҳар қандай саволга жавоб беришга қодир бўлган достон эди.
Китоблар ўзлари қўйган саволларга ўзлари жавоб беради. Бизнинг энг қадимги мифларимиз ҳам тарих силсиласида йўқолиб кетмаган, у кийимини ва қиёфасини ўзгартирган, у ҳамон ботинимизда – фақат китобларда хотира, ичимизда бегона бўлиб яшаяпти.
Китоб инсонни илдизига, ботинига боқишга, виждон ва иймон билан юзма-юз бўлишга, улар билан бирга яшашга ундайди.
Китоб – инсоннинг дунёни мукаммал кўриш истаги ва хоҳиши ўлароқ дунёга келади ва дунёни мукаммал кўришни истаганларни ўз бағрига олади.
Ҳар бир китоб шу орзунинг битта қадами, битта поғонаси.
“Ижод – кўз олдимиздаги дунёга қарши ўз дунёсини ярата олиш маҳоратидир”, дейди Камю.
“Инсон – лойиҳа!”, дейди Кьеркегор. Ибтидо ва интиҳони туташтирувчи лойиҳа.
Болаликдан бошланган лойиҳанинг қандай лойиҳа эканига китоблардан жавоб топасиз.
Болалик шудгорга ташланган уруғга ўхшайди. Агар яхшилаб парвариш қилсангиз, албатта ҳосил оласиз. Агар муҳит қурғоқчиликдан иборат бўлса ёки вақтида ўғитини олмаса, умуман, парвариш суст бўлса, ҳосил ҳам шунга яраша, уруғи пуч, таъми тахир, тош босмайдиган, палағда бўлади. Палағда истеъдодлар палағда маҳсулотлар яратади. Бугунги кунимизнинг энг катта фожеаларидан бири – палағда истеъдодлар кўпайиб кетганида.
Бугунги дунё, шу пайтгача маданий онгнинг мезони бўлган ёввойи ё маданийларга эмас, китоб ўқиган ва ўқимаганларга бўлинаяпти.
Ўқимай қўйсак фикрлашдан, ўзимиздаги “лойиҳа”ни амалга оширишдан тўхтаб қоламиз. Тафаккур турғунлиги бошланади. Тафаккур турғунлиги тараққиётнинг, ҳаракатнинг, ўсиш ва ҳаётнинг турғунлигига олиб келади.
Китобсиз дунё менга шундай туюлади.
Назар ЭШОНҚУЛ
“Маънавий ҳаёт” журнали, 2024 йил 4-сон.
“Инсон бу – лойиҳа” мақоласи
Тарих
Санъат
Тарих
Адабиёт
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ