Давлат арбоби ва саркарда Заҳириддин Бобурнинг «Бобурнома» асари ҳарбий тарихни ўрганишда алоҳида қимматга эга. Унда муаллиф ҳаёти давомида содир бўлган жанглар ва замондош ҳарбий саркардалар фаолияти ҳақида ҳам кўплаб маълумотлар берадики, улар бошқа манбаларда учрамайди[1]. Асардаги ҳарбий санъат ва ҳолат бўйича берилган ҳарбий-элшунослик маълумотларнинг айримларини таҳлил қиламиз.
Жангдан аввал
Бобур Мирзо 4 ёшдан таълим олишни, 14 ёшидан бошлаб эса ҳарбий юришларда қатнашишни бошлайди, унгача отаси Умаршайх Мирзо замонида ҳарбий машқлар, айниқса, камондан ўқ узиш ҳарбий илмини яхши ўзлаштирган. Буни «Бобурнома»да бир нечта жанг лавҳаларида, ов жараёнларидаги ҳаракатлардан билиш мумкин. Унинг ўсмирлик даври таҳликали, суронли даврга тўғри келгани учун «Мен ҳамиша тинч омонликда ҳам тўн, ўқ ёйни ташламай ётардим»[2] — дея ёзади. Ҳарбий тайёргарлик муҳим аҳамият касб этишини билган Бобур Мирзо жангдан аввал анъанавий ҳарбий кўрик[3] ўтказган ҳамда моҳир жангчиларни саралаш, қўшин сонини аниқлаш, ҳарбий қисмларга бўлиш каби ишлар амалга оширилган. Жумладан, Панипат жанги олдидан «…жўнаб ўнг қанот, чап қанот ва марказ қўшинларини сафлаб кўрикдан ўтказдим» («Бобурнома». 291-бет). Бу маросим лавҳаларини «Бобурнома» асарига бағишланган, бугун «Британия» музейида сақланаётган миниатюраларда кўришимиз мумкин. Уларда қўмондон қўшинни саналган ҳолатда қисмларга бўлиши, туғлар белгилаши, саркардалар тайинланиши, жанг ҳаракат харитасини тушунтириш ва садоқат қасамларини ичиш ҳамда жанг натижаси хайрли бўлиши учун қурбонлик келтириш каби маросимлар тасвирланган. Қурбонлик келтириш учун асосан йирик шохли ҳайвон (миниатюрада оқ рангли қорамол) танланган. Бу анъанавий амал ҳисобланиб, Худога атаб қон чиқариш, жонлиқ сўйиш келажакда қилинадиган ишларни хайрли бўлишига ишонч сифатида амалга оширилган.
Иттифоқчилар билан келишувларда қўшинлар жанг пайти бир-бирларини таниб олиши ва қўшилиб жанг қилиши учун аввалдан махсус ўрон (пароль) танланган доим. Жанг пайти ундан фойдаланиш анъанаси ҳақида асарда шундай ёзилади: «Ўрон икки хил бўлади: ҳар бир қавмнинг ўрони бор. Чунончи: баъзи қавмнинг ўрони «дурдона»дир ва баъзисиники «тўқбой» ёки «лулу»; яна бошқаси: бутун лашкарга жанг пайти икки сўзини ўрон қилиб қўядики, зарур пайтда ҳар қаерда учрашганда, бири бир сўзни айтса, яна бири ўша айтилиши керак бўлган иккинчи сўзни айтади. Ана шу йўсинда эл ёвдан айрилади ва ўз кишисини ётдан фарқ қилади. Бу юришда расмий ўрон «Тошканд» билан «Сайрам» сўзлари эди. «Тошканд» деса, «Сайрам» дейилгай ва «Сайрам» деса, «Тошкент». Бу жангда Хожа Муҳаммадали илгарироқ экан. Мўғуллар: «Тошканд, Тошканд» дейди. У беихтиёр «Тошканд» дейди. Мўғуллар уни ёв кишиси деб ҳаёл қилиб, сурон солиб, ноғорачи ноғора чалиб, ўқ қўядилар. Ушбу хатолик туфайли лашкар бир жойда турмай, тарқалишиб кетдик («Бобурнома».114-бет). «Ўрон» сўзи тарихан сақланган ҳарбий сўз бўлиб, бугунги кунда замонавий технология тил бирликлари учун ҳам қўлланмоқда.
Бобур Мирзо жанглар учун кўпинча тоғалари Султон Маҳмудхон ва Султон Аҳмадхон томонидан бўлган мўғулларни ёрдамга чақирган, шу боис уларнинг жанг усуллари, одатлари бўйича ҳам элшуносликка оид маълумотларни беради: «Бизга кўмакка келган мўғул лашкарларининг урушга тоқатлари йўқ эди. Урушмоқни қўйиб, ўзимизнинг элниёқ талаб, отдан туширишга киришдилар. Бир бу гал эмас, ҳамиша бадбахт мўғулнинг одати ана шунақа. Босса ҳам ўлжа олади, бостирса ҳам ўз элини танлаб ўлжа олади» («Бобурнома. 99-бет). Мўғуллар табиатан кўчманчи бўлгани учун уларда ягона мақсадга интилиш устунроқ бўлади. Шунингдек, уларда келишувга вафо қилиш каби қадриятлар деярли шаклланмагани учун[4] Бобур Мирзо алам билан зикр этади буни.
Ҳинд диёри фатҳида муҳим роль ўйнаган ҳинд рожаси Рана Цангага қарши Канва жанги олдидан бир нечта ҳарбий анъанавий маросимлар ўтказилган. Хусусан, бобурий малика Гулбаданбегим ўз асари «Ҳумоюннома»да: «Дҳолпур*да ҳам бир пора тошдан даҳ дар даҳи (ўнга ўн) ҳовуз қуришга фармон бердилар ва дедиларки, қачонки ҳовуз тайёр бўлса, шароп билан тўлдираман. Рана Цанга билан бўлган жанг олдидан шароб ичишдан тавба қилдилар ва лимон шарбати билан тўлдирдилар. Анъанага кўра, қўшин уруш бошланишидан аввал қўрқув ва хавотирни босиш мақсадида ҳовузга тўлдирилган шаропдан ичилган ва жангга кирилган. Аммо Бобур Канва жангги олдидан қўшин олдида туриб, ичкиликни ташлаш тўғрисида фармон беради ва «мардлик, якдиллик ва ҳамжиҳатликка даъвогар тўрт юз ёш йигитлар ҳам ўша мажлисда тавба қилдилар»[5]. Яна бир одатга кўра, жанг олдидан мунажжимларга мурожаат қилинар ва тўқнашув юлдузлар ҳисобида хайрли ёки аксинча бўлиши аниқлаштириларди. Рана Цанга қўшини қаршисида турган пайтда мунажжим Муҳаммад Шариф лашкарлар орасида «Подшоҳ ҳазратлари ҳозир жанг қилмаганлари маъқул, саккиз юлдуз баробар турибди»[6], — деб гап тарқатади. Лашкар хавотирда қолади. Шунда Бобур ақлли тадбир ўйлайди: маст қилувчи ичимлик ичишни ташлаб, тавба қилиш ҳақида фармон беради. Олтин-кумуш қадаҳлар синдирилиб, камбағалларга эҳсон қилинади. Ва аскарларни шундай йўллар билан руҳлантира олган Бобур жангда ғолиб бўлади.
Жангда
Асарда уруш вақтида душманга таслим бўлиш ёки у рақиб сафига кириш истагини билдирувчилар ҳақида қизиқарли лавҳа келтирилади: «Уруш асносида Пирибек туркман тўрт-беш оға-иниси била дастор(салла)ларин олиб[7], ёғий(душман)дин юз ўгириб бизга қўшилдилар» («Бобурнома». 226-227-бет). Бундан кўринадики, душман жангчилар салласини ечиб, қуролларининг учини ерга қаратиб қўйиши рақибга таслим бўлгани ёки у тарафга ўтганини англатадиган ҳарбий анъаналардан ҳисобланган.
Бобур жанг усулларидан ташқари ҳарбий ҳийлаларни ҳам келтириб ўтади: «Баннуга тушган заҳотиёқ хабар топилдики, даштдаги бир қабила шимолдаги тоғларни сингирлаб турипти. Жаҳонгир Мирзо (Бобурнинг укаси) бошчилигида лашкар юборилди. Киви(Афғон қабиласи номи, ҳозирги Афғонистоннинг Банну вилоятида яшаган – Д.О.)нинг сингири экан. …Бу сингир олингандан сўнг кивининг улуғларидан Шодихон исмли киши ўт тишлаб келди. Асирларни озод қилдик» («Бобурнома». 159-бет). Бугун матндаги икки тушунча – «сингир» ва «ўт тишлаб келди» сўзлари бир қарашда тушунарсиз кўринади. «Бобурнома»нинг ўзида уларга шундай таъриф берилган: Сингир лафзини Кобулга келганда эшитилди. Бу эл тоғни беркитканни сингир дерлар эмиш. (Сингир сўзини Кобулга келганда эшитдик. Бу эл тоғни тош билан тўсишни сингир дейишаркан)«Бобурнома», 160-бет. «Афғонлар урушмоқдан ожиз бўлсалар душманларининг олдига ўт тишлаб келар экан. Яъни бу – мен сенинг молингман дегани экан. Бу одатни ўша ерда кўрдик. Ожиз қолган афғонлар ўт тишлаб келдилар» («Бобурнома». 159-бет).
Бобур Мирзо Афғонистон диёрига юриш қилганда маҳаллий афғон қабилаларининг кўпчилиги қаршиликлар кўрсатган, ҳатто қалъа қамалида тунда девордан ошиб тушиб, Бобур қўшинига кўплаб талофатлар етказишган. Шунинг учун Бобур тунги қўриқчиликни кучайтиришга мажбур бўлади. Кўҳатга юриш пайтида шу билан боғлиқ ҳарбий этнографик маълумот келтирилади: «…ҳар кеча шу йўсинда черик элининг ҳаммаси навбатма-навбат (қўриқчиликка) чиқариларди. Ички кишиларимиздан (Бобурнинг яқин одамлари, укалар, қариндошлар – Д.О.) уч-тўрттаси машъал кўтариб ҳар оқшом навбат билан айланиб келарди. Мен ҳам бирор навбат айланар эдим. Навбатида чиқмаган кишининг бурнини тешиб, Лашкар ўртасида айлантирардик» («Бобурнома». 161-бет). Демак, бундан кўринадики, тунги навбатчилик қилиш барча учун баробар бўлган ва қаттиқ интизом талаб этилган. Яна у тоғда яшовчи афғонлар савдо йўлларини атайин тош билан тўсиб, карвонни ўзлари жойлашган ҳудудга буриш ва уни талашни одат қилиб олганини ҳамда бунга чек қўйганини ёзади.
Бобур қўшини доимий қуролланган ёки қуролланишга тайёр ҳолатда юрган. Афғон заминига юришлар қилинганда аксар қўшин таркибини пиёдалар ташкил қилган бўлса, Ҳиндистонга юришда отлиқлар кўп сонли бўлганини жанг лавҳалари берилган маълумотлардан билиб олишимиз мумкин. Лашкарнинг таъминоти аввал эгалланган ҳудудлар ҳисобидан бўлган. Шунингдек, ҳарбий юриш пайтида лашкар ортидан юрадиган «уруқ» номли кўч, юк бўлиб, у қўшин чодирлари, қурол-аслаҳалар, ҳукмдорга тегишли анжомлардан иборат бўлган[8].
Панипат жанги олдидан қўшинни тайёрлаш, уруш тактикасини тузиш ишларини режа асосида олиб боришади. Бобур жангда душман учун янгилик бўлган тўфанг (милтиқ)дан фойдаланган ва қозонилган ғалабада бунинг хизмати катта эди[9]. «Шу қўнимжойда (Панипатда – Д.О.) бутунлашкар халқи ҳолига яраша арава келтиришларини буюрдим. Етти юзта арава олиб келдилар. Устод Алиқули*га Рум усули билан аравалар орасида занжир ўрнига ҳўкизнинг хом терисидан арқон эшиб тасма қилиб бир бири билан боғлашга буюрдим. Ҳар иккита арава ўртасига олти-етти тўра* қўйилади. Тўфанглардан шу арава ва тўра ортида туриб, тўфанг отадилар» («Бобурнома». 291-бет).
Рум (Туркия) ҳарбий усулидан хабардорлиги Бобурнинг ҳарбий ўрганувчи эканига яна бир далил ҳисобланади. Панипат жангида ғалаба қозонган Бобур қўшинининг ютуқлари ва рақиб Султон Иброҳим қўшини мағлубиятига изоҳ бериб «Ҳиндистонда шундай одат бор: агар шундай урушлар рўй бергудек бўлса, белгиланган муддат учун пулга навкар ёлланади. Ёлланган кишиларни «бадҳандий» деб атайдилар» («Бобурнома». 292-бет), дейди. Яъни ҳиндлар таркибидаги ёлланган аскарлар тартибсиз жанг қилиши ва жонини фидо қила олмайдиган жангчилар Бобур қўшинининг ғалабасига сабаб бўлганини ёзади.
Қўшиннинг жангга кириш усуллари
«Бобурнома»да қўшин бошқаруви ва тузилиши ҳақида ҳам батафсил маълумотлар берилади. Қўшиннинг асосий қисми отлиқ аскарлар ва пиёдалардан иборат бўлиб, ҳар бир бўлимнинг ўзига хос вазифалари бўлган. Қўшиндаги қўмондонлик занжирининг аниқ белгилангани ҳам жангларда самарадорликни оширган. Асарда, шунингдек, «Кўли Малик» (Шайбонийхон), «Ғиждувон»(шайбоний султонлар), «Панипат»(Иброҳим султон), «Канва» (Рана Цанга) каби Бобур Мирзо ҳаёти билан боғлиқ муҳим, йирик жанглар ва улардаги ҳарбий тузилишлар ҳам баён қилинган.
Бобур Мирзо темурийлар жанг усулларидан ташқари, шайбонийлар, мўғулларнинг ҳам жанг санъати ютуқларидан кенг фойдаланган. Уларга қўшимча ўт очувчи – тўплар, милтиқлардан кенг фойдаланиши жангларда ғалабалар олиб келган[10]. Турон учун янгилик бўлган жанговар филлардан ҳам оқилона фойдаланиш ғалабанинг муҳим омиллардан эди. Шабихун (тунги ҳужум қилиш усули. Афғон ва Ҳиндистон ҳудудларидаги муҳим жанглар олдидан қўлланган – Д.О.) дан унумли фойдаланиш ҳам Мирзо қўшинининг яширин жанг қилиш услубларидан ҳисобланган[11].
Бобур ҳаётининг аксар қисми ҳарбий ҳолатда, жанглар билан ўтди. Барча ғалаба ва мағлубиятли жанглар келажакда марказлашган давлат барпо қилиш йўлида унга муҳим тажрибалар берди. Замонасининг йирик саркардалари – Исмоил Сафавий, Шайбонийхон, Иброҳим Лўдий, Рана Цанга кабилар билан иттифоқда ёки қарши жанглардан Бобур кўп билимларни ўзлаштириб, кейинги ҳарбий юришларида ундан фойдаланганини «Бобурнома» асари орқали биламиз.
Хулоса қилиб айтганда, «Бобурнома»да ҳарбий тарихнинг элшунослик жиҳатларини ўрганиш муаллиф даври жамиятининг маданий хусусиятларини очиб беради. Бобур қўшинининг тузилмаси, қурол-яроғлари ва ҳарбий одатлари унинг нафақат ҳарбий истеъдодини, балки маданиятни юксалтиришга қаратилган ёндашувини ҳам кўрсатади. Унинг ҳарбий усулларини замонасининг энг яхши ва синовдан ўтган тажриба намунаси, дейиш мумкин бемалол.
Давронбек ОЛИМЖОНОВ,
Тарих институти «Этнология ва антропология»
маркази таянч докторанти
[1] Д.Олимжонов. «Бобурнома» асарида ҳарб иши билан боғлиқ маълумотлар // ЎзМУ хабарлари. – №1/2. – 2024. – Б.30.
[2] З.М.Бобур. Бобурнома. – Тошкент: Ўзбекистон, 2019. – 116-бет. («Бобурнома» асаридан олинган ҳаволалар матн ичида («Бобурнома». …-бет) шаклда берилади).
[3] Бобирнома расмлари. – Тошкент: Фан, 1979. – 20-бет.
[4] П.Сеарлес. Tactics in the Time of Babur // The Military Engineer. – 1927. – Вол. 19. – П.315.
* Аградан 57 км жанубда жойлашган Дҳолпур ҳокими Муҳаммад Зайтун 1526 йил ардоғида Бобур ҳукмронлигини тан олган ва Бобур Муҳаммад Жунайид барлосни у ерга ҳоким этиб тайинлаган.
[5] Гулбаданбегим. Ҳумоюннома. – Тошкент: Фан, 2021. – 20-бет.
[6] Ўша бетда.
[7] Салла (бош кийимларини) ечиб демоқчи. Жанг пайтида душмандан ажралиб туриш ва ўз одамларини таниш учун бир хил рангдаги кийим кийиш лозим бўлган.
[8] Panipat in history: a study of inscripitons // Proceedings of the Indian History Congress. – 2003. – Вол. 64. – П. 405.
[9] Tactics in the Time of Babur // The Military Engineer. – 1927. – Вол. 19. – П.313.
* Устоз Алиқули – Бобурнинг ўқотар жангчиси ва қуролсоз устаси.
* Одам бўйли қалқон
[10] Panipat in history: a study of inscripitons // Proceedings of the Indian History Congress. – 2003. – Вол. 64. – П. 408.
[11] Н.Мануccи. (trans. by W.Irvine) A Pepys of Mogul India. – London: John Murrey, 1913. – П.121.
Тарих
Санъат
Тарих
Адабиёт
Адабиёт
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ