Фотиманинг қўли, ҳаёт дарахти, бургут – Озарбойжон гиламларидаги безаклар нимани ифодалаган?


Сақлаш
12:44 / 22.01.2025 22 0

Шарқ гиламлари қадимдан сифати ва гўзаллиги билан дунёни лол қолдириб келган. Бухоро, эрон, туркман, озарбойжон, арман гиламлари айниқса машҳур. Уларнинг ҳар бири ўз тўқув услубига кўра бир-биридан фарқланади. Озарбойжон гиламлари бу борада алоҳида эътиборга молик. Унинг тўқилиш услуби 2010 йилда UNESCOнинг Инсониятнинг номоддий маданий мероси репрезентатив рўйхатига киритилган. Ушбу мақолада озарбойжон гилами тарихи ва ўзига хосликлари ҳақида фикр юритамиз.

 

Кавказ гиламлари

 

Кавказ минтақаси азалдан қадим цивилизациялар замини бўлиб келган. Озарбойжон ҳам ушбу минтақада жойлашган мамлакат ўлароқ ушбу цивилизация ривожида ўз ҳиссасини қўшган. Озарбойжон гиламларидан сўз очишдан олдин Кавказ гиламлари ҳақида озроқ маълумотга эга бўлиш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Кавказ гиламлари, асосан, минтақанинг ислом дини тарқалган ҳудудларида кенг ҳажмда ишлаб чиқарилган. Олимлар бунга сабаб қилиб мусулмон аёлларнинг уйдан ташқарига кам чиққанини ва уйда асосан гилам тўқиш вазифаcини бажарганини келтиради. Бугунги кунда музейларда сақланаётган энг қадимги Кавказ гиламлари XIII–XIV асрларга оиддир. Гилам тўқиш ҳам бошқа безак санъатлари қатори бир санъат тури бўлиб келган. Чунки гилам безаклари орқали авлоддан авлодга маълум бир ғоялар ташилган. Ҳукмдор саройлари, кўчманчилар ўтови ҳашаматининг маълум бир қисмини шу безаклар ташкил этган. Аммо XVII–XVIII асрга келиб гиламлар саройдаги безак функциясини тўхтатди ва асосан халқ ҳунармандчилигига айланди. Ўша даврга оид гиламлар безак санъатининг ҳақиқий шоҳ асарлари қаторидан жой олди.

 

XIX асрга келиб бутун Кавказ ҳудуди Россия империясига қўшиб олинди. Алоқа тармоқларининг кенгайиши ва Европа портлари билан уланиш Кавказ гиламлари учун дунё бозорини очиб берди. Бу эса минтақада гиламчиликнинг кенг ривожланишига сабаб бўлди. Энcйcлопедиа Ираниcа маълумотларига кўра XIX асрда Кавказ гиламлари асосан шарқий ҳудудларда, озарбойжонлар истиқомат қилган ҳудудда кенг тарқалган. Шунингдек, Грузия, Арманистон, Доғистон гиламлари ҳам маълум эди.

 

Ушбу факторлар бирлашиб XIX асрни Кавказ гиламдўзлигининг олтин асрига айлантира олган. Кавказ гиламлари асосий ишлаб чиқариш ҳудудларига кўра улар ишлаб чиқарилган қишлоқлар ёки шаҳарлар номини олган гуруҳлар ва турларга бўлинади. Гиламдўзлик асосан қишлоқ жойларда пайдо бўлган ва вақт ўтиши билан етук санъат асари даражасигача кўтарилган. Моҳир гиламдўзлар ҳукмдорлар олқишига сазовор бўлган ҳамда шоирлар уларни мақтаб шеърлар ёзган.

 

Озарбойжон ҳудуди асрлар давомида турли давлатлар, маданиятлар ва динлар ҳукмронлиги остида яшади. Шунинг учун ҳам мамлакат ҳудудида турли маданиятлар аралашуви юз берган. Бу гиламдўзликга ҳам таъсирини кўрсатган. Натижада Озарбойжонда бир қанча гиламдўзлик марказлари вужудга келди. Ҳар бирининг ўзига хос услуби ва мактаби бор. Озарбойжон гиламларини 4 та йирик ҳудудий категорияга бўлиш мумкин: Қуба-Ширвон, Ганжа-Қазах, Қорабоғ ва Баку.

 

XVI асрда Сафавийлар давлатининг ташкил топиши билан озарбойжон гиламдўзлик санъати гуллаб, саноат даражасига кўтарилди. Миниатюрачи рассомлар, хаттотлар ўша давр озарбойжон безак санъати шаклланишида муҳим рол ўйнади. Кейинчалик ушбу мактаб замирида “табриз мактаби” ҳам шаклланди. Асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб жанубий Озарбойжонда шаклланган афшан, лечек-турунж, гулбандлик каби безаклар кейинчалик шимол (Баку, Қорабоғ, Ширвон)га кўчди. Бу ерда Табризнинг ўсимликсимон нақшларига геометрик шаклларни омухталадилар. XVII асрдан бошлаб Қазах, Барда, Муған ва Жаброил шаҳарларида ишлаб чиқарилган гиламлар ва жойнамозлар машҳурликка эришди. XVIII асрда эса Шемаха, Шуша, Шеки шаҳарлари гиламлари ҳам пайдо бўлди. Айнан шу даврга хос ва экспортга мўлжалланган кичик ва узунчоқ гиламлар Баку яқинидаги Амиржон қишлоғида тўқилган.

 

Юқорида айтилганидек, XIX аср Озарбойжон гиламдўзлигида юксалиш асри бўлди. Биргина 1843 йилда Озарбойжонда 18 мингта гилам ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқарилган. Озарбойжон гиламлари Усмонли, Грузия ва бошқа Европа мамлакатлари бўйлаб сотилган. ХХ асрга келиб гиламдўзлик Озарбойжон иқтисодиётининг асосий йўналишларидан бирига айланди. Ҳозирда мамлакат бўйлаб 20 дан ортиқ йирик гилам фабрикалари ишлаб турибди.

 

Озарбойжон гиламлари ўзининг бежирим безаклари ва ранглари билан ажралиб туради. Безаклар гилам тўқилган жой ва гилам турига қараб фарқланади. Масалан, Қуба, Ширвон, Қазах, Зинжон гиламларида мураккаб геомтрик нақшлар ишлатилади. Бунда инсон ва ҳайвоннинг геометрик шакллари ҳамда марказида бир ўқ бўйлаб жойлаштирилган фигурали кўпбурчак ёки юлдуз шаклидаги медалёнлар жойлаштирилади. Табриз, Қорабоғ гиламлари эса гулли нақшларнинг кўплиги, ранг-баранглиги билан ажралиб туради. Озарбойжон гиламининг эстетик тамойили “тасвирларнинг” текис ечими, нақш ритми, марказий майдон ва ҳошияга анъанавий бўлиниш ва элементларнинг лаконик геометриясида мужассамлашган. Америкалик таниқли коллекционер ва санъатшунос Жойс Веанинг фикрича, озарбойжон гиламининг безакларида турк, форс ва Осиё нақшларининг анъаналари ва таъсири, шунингдек, Эроннинг шимоли-ғарбий қабилалари гиламчилик меросининг чамбарчас боғлиқлигини кўриш мумкин.

 

Геометрик нақшлар орасида свастика ва саккиз қиррали юлдуз устунлик қилади. Свастика қадимги кўпхудолик динларида учрайдиган элемент бўлиб, у осмон марказини ифодалайди. Бу рамз, эҳтимол, юлдуз туркумлари билан ўралган қуёшни ёки учиб юрувчи қушлар бўронининг одатий тасвирини англатади. Бундан ташқари, озарбойжон гиламларида исломий рамзлар ҳам безак сифатида учрайди. Булардан энг кўп тарқалгани Хамса, яъни беш бармоқ тасвири. Бу шиаларда Фотиманинг қўли ҳам дейилади. Сунний-тасаввуфда бу белги исломнинг беш устунини англатса, шиа эътиқоди бўйича энг кўп ҳурматга сазовор беш киши: Муҳаммад (с.а.в), Али, Фотима, Ҳасан ва Ҳусайн (р.а)ларни ифодалаб келади. Шунингдек, марказий безак сифатида меҳроб тасвирини ҳам кўриш мумкин.

 

Озарбойжон гиламларида, айниқса Табриз гиламида (Табриз аҳолиси асосан озарбойжонлардан иборат) ўсимлик нақшларини жуда кўп учратиш мумкин. Асосий безак сифатида “ҳаёт дарахти” дея аталадиган шакл ишлатилади. Ҳаёт дарахтининг геометрик шакли ҳам безак сифатида туширилади. Шунингдек, гиламларда боғ, анор тасвирлари ҳам кенг қўлланилади. Анор сосонийлар даврида муқаддас мева саналган. Зардуштийликда эса анорга қуёш рамзи сифатида қаралган. Бундан ташқари, гиламчиликда ҳайвон, қуш ва инсон тасвирлари ҳам безак вазифасини бажарган. Қушлардан бургут ва товус озарбойжон гиламларида кўп учрайди ва у кўпроқ ҳукмдорлар саройини безаган. Унга куч ва ҳокимият рамзи сифатида қаралган. Товус эса қуёш худосини англатган, шунингдек, товуснинг кўзлари ёмонликдан асрашига ишонишган. Қўй ва эчки тасвирлари қабилаларнинг кўчманчи ўтмиши ёки ҳаёт тарзи билан боғлиқ бўлган. XVII асрдан бошлаб эса гиламларда аждарҳо тасвири оммалашган ва XIX аср охиригача сақланиб қолган.

 

Тўқув техникалари

 

Озарбойжон гиламлари ишлаб чиқариш техникаси ва текстурасига кўра кескин фарқ қилувчи иккита турга бўлинади: юнгли ва юнгсиз. Тугунсиз гиламлар “маиший гиламлар” деб ҳам номланади. Бундай гиламларга палас, килим, жежим, зили, сумах кабилар киради ва улар гиламдўзликнинг дастлабки шакллари ҳисобланади. Улар тўқилган ва ўралган ипларни бир-бирига боғлаш орқали яратилган.

 

Юнгли гиламлар тўқиш техникаси жиҳатидан анча мураккаб: улар “Туркбоф” (симметрик “Туркий тугун”) усулида, кенг кўламли нақшлар, ранглар ва сюжетларни ўзида мужассамлаштирган ҳолда яратилган. Тўқиш жараёнида ҳар икки ипли тугунга юнгли тугун қўшилади ва бу гиламларга ҳар қандай шакл ва ўлчамдаги кўплаб безак тасвирини тушириш имконини беради. Жуда қадим тарихга эга Туркбоф техникаси XV–XVI асрларда илк бор Озарбойжонда қўлланилган. Бу техника ёрдамида ипак гиламларни юқори зичликда ишлаб чиқаришга эришилади. Озарбойжон юнгли гиламининг ўзига хос хусусияти унинг жуда юқори зичлигидир. Гиламнинг зичлиги эса ҳар квадрат дециметр майдондаги тугунлар сонига қараб белгиланади. Шундан келиб чиқиб гилам қанча зич бўлса, унинг нархи шунча юқори бўлади. Аммо айрим санъатшунослар фикрича, бундай қараш хато ҳисобланади. Ишлаб чиқариш майдонига қараб, маҳсулотнинг ҳар бир квадрат дециметри учун 1600 (40х40) дан 4900 (70х70) гача юнгли тугунлари мавжуд.

 

Озарбойжон ва ўзбек гиламларининг ўхшашлиги, фарқи

 

Шу ўринда, озарбойжон гиламларининг ўзбек гиламлари билан ўхшаш ва фарқли жиҳатларига назар солсак. Умуман Ўзбекистоннинг деярли барча ҳудудида гиламчилик анъанаси тарихан яхши ривожланган. Хусусан, Бухоро, Сурхондарё, Хоразм, Қорақалпоқ, Фарғона водийси, Нурота, Самарқанд гиламлари машҳур бўлган. Бу, айниқса, Совет иттифоқидан олдинги даврда яққол сезилган. Совет даврида хусусий ҳунармандчилик бекор қилиниб, барча ҳунармандчилик турлари қаторида ушбу соҳа ҳам давлат назоратига олинди ва анъанавий ҳунармандчилик ўрнини фабрика, ишлаб чиқариш эгаллади. Мустақиллик йилларида ҳунармандчиликка қаратилган эътибор сабаб гиламчилик ҳам анъанавий усулларга қайта бошлади. Бугунги кунда Бухоро, Самарқанд, Марғилонда анъанавий гиламдўзлик билан шуғулланаётган ҳунармандлар бор.

 

Ўзбекистон ва Озарбойжон давлатлари бир-бирига яқин географик минтақада жойлашгани боис, гиламлари ўртасида ўхшашликлар кўп, аммо маҳаллий маданият, анъана ва услублар қўл меҳнати санъатининг ўзига хос жиҳатларини белгилаб беради. Геометрик нақш, табиий бўёқ, қўлда тўқиш техникаси, симметрик дизайн, амалий ва декоратив функцияларида ўхшашлиги намоён бўлса, фарқли жиҳатлари нақшларнинг мавзуси, ранглар палитраси, тўқиш технологияси, ҳудудий ўзига хос услублар, маданий мансублик кабиларда кўринади. Умуман олганда, ўзбек ва озарбойжон гиламлари маҳаллий маданиятларнинг буюк санъати бўлиб, улар ўзига хос техникалар, нақшлар ва ранглар орқали ўз минтақаларининг руҳиятини акс эттиради. Шу билан бирга, улар ўзаро ўхшаш жиҳатлари билан Марказий Осиё ва Кавказнинг маданий бирлигидан далолат беради.

 

Юқоридагилардан хулоса қилиш мумкинки, озарбойжон гиламлари Кавказ-Эрон минтақасида энг кенг тарқалган ва жаҳон бозоридаа ўз ўрни, тарихи, техникаси ва ўзига хос безакларига эга гиламлардир. Ушбу гиламларнинг ҳар бир безаги, услуби, тарихи ҳақида томли китоблар, тадқиқот ишлари ёзиш мумкин. Мазкур мақола эса денгиздан бир томчи.

 

Жаҳонгир ОСТОНОВ,

ЎзР ФА Шарқшунослик институти таянч докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14475
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//