Султон 1902 йил 15 декабрь куни Хўжанд шаҳрида дунёга келган. Матқулнинг бобоси Алибек Бухоро амирининг юқори мулозимларидан бўлган. Отаси Матқул Алибек ўғли Хўжандда илк пахта заводини очган давлатманд инсонлардан эди. У савдо ишлари билан шуғулланиб, рус тили ва Европа маданияти билан танишади, тараққийпарвар сифатида ўғли Султоннинг тарбиясига алоҳида эътибор билан қарайди. Султон Матқул аввал жадид ва рус-тузем мактабларида, сўнг Бухоро мадрасаларида таълим олди. 1919-1920 йиллар “Ёш бухороликлар” сафида бўлди, бироқ, “қизил армия”нинг Бухородаги ваҳшатларини кўргач, шаҳарни тарк этиб таҳсилни давом эттириш мақсадида Тошкентга қайтади.
Султон Матқул 1922 йил Тошкентда Туркистон МИК ётоқхонасида яшаган. У маҳаллий ёшларни Германия ва бошқа хорижий мамлакатлар олий таълим муассасаларига ўқишга йўллаш мақсадида “Кўмак” уюшмасини тузиш ташаббускорларидан бири бўлди. Туркистон Республикаси раҳбарлари Абдулла Раҳимбоев, Акмал Икромов, Усмонхон Эшонхўжаевлар “Кўмак” уюшмаси ғоясини қўллаб-қувватлайди.
1922 йил сентябрида Султон Матқул, Аҳмаджон Иброҳим, Тўлаган Мўмин, Солиҳ Муҳаммад, Хайринисо Мажидхонова, Марям Султонмуродова, Тоҳир Шокир, Темурбек Казбек, Собир Иброҳим, Абдуваҳҳоб Исҳоқ, Азимбек Беримжон ҳамда Саида, Насриддин ва Фузайл Шераҳмедовлардан иборат гуруҳ Тошкентдан Германияга йўлга чиқади. Султон Матқул, дастлаб, Берлиндаги хорижликлар учун олмон тили курсида, сўнг гимназияда ўқийди.
1922 йил охирида Бухоро Халқ Республикаси раҳбари Файзулла Хўжаев даволаниш баҳонаси билан Берлинга келади. У 25 кун давомида Германияда бўлиб, унга бухоролик машҳур миллионер Аминжон Сулаймонов ва Эдельман исмли Бухоро яҳудийси ҳамкорлик қилади. Шу даврда Файзулла Хўжаев махфий равишда бир неча бор олмон сиёсий доиралари билан музокаралар олиб боради. Бу жараёнда Бухоро ҳукумати вакили Олимжон Идрисий ва талабалардан Султон Матқул фаол иштирок этади. Келишувга кўра Файзулла Хўжаев Бухорога қайтгач, Германия давлати БХРнинг мустақиллигини халқаро доирада тан олиши керак эди. Бироқ Германия ҳукумати вакиллари ўзларидаги оғир сиёсий инқироз туфайли берган ваъдасини бажара олмайди.
Султон Матқул 1926 йил Берлин олий техника институтининг электр-муҳандислиги факультетига ўқишга киради. У таҳсил билан бир пайтда Германиядаги талабалар oрасида Туркистон ҳукуматининг вакили сифатида иш олиб борди. У талабаларнинг иқтисодий муаммоларига ечим топишга интилди, тўгараклар ташкил этиб, уларнинг сифатли таълим олишига кўмакдош бўлди.
1927 йил Германиядан бир гуруҳ ўзбек талабалари ёзги таътилда Туркистонга келади. ГПУ улардан Тўлаган Мўминни Султон Матқулнинг Ўзбекистон ҳукумати раҳбарлари Файзулла Хўжаев ва Акмал Икромовлар номига ёзган хатини келтирган деган айблов билан қамоққа олади. Терговда бу маълумот ўз исботини топмаганига қарамай, Тўлаган Мўминга Германияга қайтиб олий таълимни якунлашига рухсат берилмади. Султон Матқул таҳсилнинг сўнгги йилида Берлин университетининг кимё факультетида таълим олган, асли Литванинг Кавно шаҳрида, яҳудий савдогари оиласида туғилган Бася Овсеевна Райбман билан турмуш қуради.
1931 йил Ватанга қайтган Султон Матқул Тошкентда Ўзбекэлектрлаштириш бошқармасида иш бошлайди. 1935 йилдан Ўзбекэнергода бош муҳандис бўлиб, республикада электротехника тармоқларини ривожлантиришга, электр қувватидан саноат объектларида рационал фойдаланишга интилди, электр тизимини замонавий илм асосида бошқаришда тўплаган назарий ва амалий билимларини ишга солди. Германия тажрибаси асосида Ўзбекэнерго қошида махсус ўқув курси ташкил этиб, соҳада маҳаллий кадрлар тайёрлаш ишига алоҳида эътибор қаратди. Иқтидорли ёшларни ички Россия олий таълим даргоҳларига ўқишга йўллади.
Олмон тилидан ташқари инглиз, француз тилларини мукаммал билган, жаҳон сиёсатида кечаётган жараёнларни ниҳоятда чуқур тушунган Султон Матқул Ўзбекистон ҳукуматининг мустақил ташқи сиёсатини ишлаб чиқишда муҳим шахслардан бири эди. Унинг ташаббуси билан Ўзбекистон ҳукумати 1932-1933 йилларда Буюк Британиянинг Афғонистондаги элчисига чиқиб, мавжуд ерости ресурсларидан концессия бериш эвазига Англия билан иқтисодий алоқаларни йўлга қўйишга, янги техника-технологиялар келтиришга ҳаракат қилди. 1934-1935 йилларда яна Германия ва айниқса, Япония билан қизиқади, жумладан, Япониянинг пиллачилик сирларини ўрганиш, илмий алоқаларни йўлга қўйиш мақсадида ўнлаб делегациялар алмашилади. Албатта, бу ҳаракатларнинг ортида келажакда Туркистоннинг истиқлолни қўлга киритишида мазкур мамлакатлар билан ҳамкорлик қилиш мақсади яширинган эди.
Султон Матқул 1937 йилдан ЎзССР Фан комитети раиси Отажон Ҳошимнинг ўринбосари бўлиб, атоқли ўзбек олимлари Фитрат, Ғози Олим Юнус, Ойбек, Ҳоди Зариф ва бошқалар билан илмий ҳамкорликни йўлга қўйди. Қўмитанинг нашри “Социалистик фан ва техника” журналининг муҳаррири бўлиб, қисқа вақтда мамлакатда илм-фан ривожи ва илмий тадқиқотларни йўналтиришда кенг кўламли ишларни амалга оширишга эришди. Қатор мақолалар ёзди, китоб ва илмий луғатлар устида иш олиб борди.