Адабиёт
“Навоий – 30”. Атоқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг ушбу китоби қисқа фурсат ичида кенг омма томонидан катта қизиқиш билан ўқилди, ўқилмоқда. Бунинг боиси не? Пойтахтимиздаги Навоий кўчасида жойлашган ва ёнбошига “30” рақами зарб этилган азим иморат ҳам асар қаҳрамони бўлиши мумкинми?..
Қўлимга ушбу китоб тушгач, шууримда ана шундай фикр ва саволлар ғужғон ўйнай бошлади. Муаллифини оддий инсон сифатида ҳам, бир ижодкор сифатида ҳам яқиндан биламан. Деярли ҳар бир асарини мутолаа қилганман ва улар китоб жавонимда алоҳида ўрин эгаллаган. Шу боис “Навоий – 30”ни ҳам катта қизиқиш ва иштиёқ билан ўқишни бошладим. Шунда қизиқ бир ҳолат рўй бердики, бу ҳақда алоҳида тўхталмасам бўлмас.
Гап шундаки, ёзувчи “жанри йўқ” дея таъриф берган хотира-бадиалар ғоят кўтаринки руҳда, энг азиз нарсасини бировга туҳфа қилаётган боладай эркалаб, ардоқлаб, гоҳ кулиб, гоҳ куйиб-ёниб, образли қилиб айтганда, қалб амри билан ёзилган эди.
Юракдан чиққани юракларга тезда етиб боради, деб бежиз айтишмаган экан. Бу эсдаликлар, улардаги руҳу кайфият дарров каминага ҳам юқди: муаллифга қўшилиб воқеалар ичида яшадим, гоҳ дилим қувончга тўлар, гоҳ қаҳрамонларга қўшилиб ғам-андуҳ чекардим. “Кўз ёшидек тиниқ орзулар, ғараз ғуборидан холи интилишлар, мастона давралар, дарвешона юришлар, бедор руҳ исёни, оташин инкор туйғулари, севги афсонаси, чигал ишқ изтироблари, самимий табассумлар, ажиб парвоз ва инқирозлар, барбод бўлган ва юксалган тақдирлар – қисқаси, шу жилвагар ҳаётнинг ранг-баранг таманнолари” юрагимни жазиллатиб ўтарди...
Энг муҳими, бутун мутолаа давомида баланд руҳ, некбин туйғулар менга ҳамроҳ бўлди.
Хўш, китобнинг ўқишлилигини қайси жиҳатлар таъминлаб берган? Нега у қўлга олишимиз билан ҳамроҳимизга, ҳамдамимизга айланиб қолади?
Бу ёзувчининг юксак маҳорати билангина боғлиқ эмас, назаримизда. Китобнинг муваффақиятини муаллифнинг ниҳоятда самимий услуби, асар қаҳрамонлари кўпчилигимиз билган, биз билан бирга умргузаронлик қилган ёки бугун ҳам ёнимизда яшаётган беназир истеъдод эгалари – шоиру ёзувчилар, санъаткорлар, маданият ва маърифат соҳаси намояндалари, давлат арбоблари экани, уларнинг турфа тақдирлари очиб берилгани таъминлаган, десак, хато бўлмайди.
Зотан, ёзувчи таъбири билан айтганда, бир вақтлар Навоий кўчасини тўлдириб, гуллатиб-яшнатиб юрган, истеъдод салоҳияти, азму ғайрати, ҳаётга муҳаббати билан ҳеч қачон қаримайдигандек, ўлмай дунёга устун бўладигандек туюлган не-не ғаройиб сиймолар энди ёдномалар қаҳрамонига айланди. Аксариятининг тимсоллари Адиблар хиёбонига кўчиб ўтди.
Мазкур китоб Навоий кўчасининг фуқаролари ва қироллари бўлган ана шундай инсонлар шаънига битилган. Тўпламдан ўрин олган, Навоий – 30 теграсида юз берган воқеалар ҳам моҳият эътибори ила ушбу макон руҳи билан йўғрилгандир.
Китобни ўқиш давомида улуғ инсонларнинг “Устоз – шогирд” анъаналари, муомала маданияти, юриш-туриши, турмуши ҳақида ҳам кўп маълумотларни билиб оламиз. Айниқса, бу “Китоб хатосиз бўлмас...” ҳикоясида гўзал бадиий ифодасини топади. Ўтган асрнинг 80-йилларида Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида ишлаган муаллифнинг ҳикоя қилишича, Ўзбекистон халқ шоири Миртемирнинг янги китоби нашрдан чиқади. Аммо не кўз билан кўрсаларки, атоқли шоирнинг “Онагинам” сарлавҳали шеъри “Онангинам” бўлиб кетибди. Бу гап бош муҳаррир ўринбосари Одил Ёқубовнинг ҳам қулоғига етиб боради. Китоб муҳаррири Раззоқ Абдурашидни мутасадди раҳбар ёнига чақиради. Масъул муҳаррир ҳаяжонда. Дакки эшитсам керак деб ўйлайди. Бироқ бағрикенг ижодкордан бутунлай бошқача муносабатга дуч келади:
“– Кўп сиқила берманг, – дебди Одил ака уни юпатиб, – ўзи бизнинг Туркистонда “Онагинам” демайди, “Онангинам” дейди. Так что, аслига тўғри. Миртемир акаям туркистонлик, буни тўғри тушунади. Машойихлар айтади – “Хотин жафосиз бўлмас, китоб хатосиз бўлмас”. Катта хатолардан Худонинг ўзи асрасин”.
Асардан олинган ушбу кичик парча бизга Одил Ёқубов ҳақида катта тасаввур беради. Унинг нақадар дарёдиллигини, кифтини келтириб лутф қилишини ва ўз ўрнида ходимларига танбеҳни ҳам чиройли алфозда етказа оладиган сўз устаси бўлганини кўрсатади.
“Йилдирим” (“Гироза”) ҳикояси ҳам самимий ва ўткир юмор билан суғорилган, ҳазил-мутойибага ғоят бой. Унинг қаҳрамони “Анави Дадамат Турсуннинг ўғли менинг очеркамни ёмон ёзибди”, деб даъво қилишидан унинг қандай ижодкор экани ойдинлашади. Муҳаррирга (муаллифнинг ўзи) ушбу ёзувчининг катта ҳажмли “Йилдирим” романини нашрга тайёрлаш топширилади. Минг бир машаққат билан таҳрирдан чиқарилган китоб чоп этишга юборилади. Бироқ муаммо пайдо бўлади: асарнинг бир боби тушиб қолибди.
“Юрагим шув этиб кетди, – деб ёзади ҳикоянавис. – Ахир бу “Маҳалла комиссиясининг справка дафтари”ни икки ой мобайнида кўтариб юрдим. Чойхонаю қаҳвахоналар, ижара квартирам, дўстларимнинг уйлари, рассом оғайниларнинг устахоналари, Паркентга қатнайдиган автобусларда қўлимдан тушмади. Ким билсин, ҳазилкаш жўралардан бири қитмирлик қилиб папканинг ичидан бир даста қоғозни суғириб олган бўлса-чи? Ёки ҳар турли жойларда дайдиб-санғиб юрган кезларимда папкадан тушиб қолдимикан?”
У ана шундай ваҳимали ўйлар ичра асар муаллифига қўнғироқ қилади. Маълум бўладики, “ёзувчи”нинг шотирларидан бири “Гироза”дан бир бобини аёллар журналига бераман деб сўраб олган ва қайтариб қўймаган, қизиғи асар шу қадар зерикарли, сийқа бўлганидан таҳрирланган қўлёзмани муаллифнинг ўзи ҳам, ёзувчи ҳам бир неча бор ўқиган, ишлаган бўлса-да, бутун бошли романнинг бир боби тушиб қолганини сезмаган. Бу ҳангома аввал нашриётда, кейинчалик адабий давраларда латифага айланиб кетади. Тили заҳарроқ ҳамкасблар “Романнинг ҳаммаси тушиб қолсаям, биров сезмасди”, деб истеҳзо ҳам қилади...
Китобдаги эсдаликлар бир латиф шеърдек майин ўқилади. Бирини тугатиб, иккинчисини бошлаб, китобни беихтиёр варақлайверасиз. Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидовнинг ёш ижодкорнинг Тошканди азимдан уй-жойли бўлиши учун жонкуярлиги, пахта терими мавсумида дала меҳнаткашлари даврасида шеър ўқиётган пайтда эшак ҳанграб қолиши ва бу ноқулай вазиятдан шоирнинг мутлақо ўзини йўқотмасдан, “шалпангқулоқ хонишини тугатгунча сукут сақлаб”, сўнг кулимсираб, “Как только поэт начинает читать стихи, то сразу критик подаёт голос”, дея сўзга чечанлик билан чиқиб кетгани, Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Орипов ва муаллифнинг Андижон ҳамда Парижга сафарлари, шоирнинг “Версаль” музейи ҳақида шеър битгани ва бир маҳаллий тадбиркоримизнинг Тошкентда шу номда ресторан очилганидан кейин Францияга бориб келиб, “Вей, сизлар билмайсизлар, улардаям “Версаль” деган жой бор экан”, деган содда эътирофлари...
Бу ҳаётий тафсилотларни ўқиганда, ҳам яйраб куламиз, ҳам халқимиз ардоғидаги ижодкорларнинг маҳоратию иқтидорига яна бир бор тасанно айтамиз.
Мутолаа асносида ХХ аср ўзбек адабиёти ва санъатининг Асқад Мухтор, Саид Аҳмад, Пиримқул Қодиров, Озод Шарафиддинов, Шукур Бурҳонов, Чингиз Аҳмаров, Мутал Бурҳонов, Ваҳоб Рўзиматов, Берта Давидова, Машраб Бобоев, Маҳкам Муҳамедов, Кибриё Қаҳҳорова, Носир Фозилов, Тўлепберген Қаипбергенов, Ўткир Ҳошимов, Муҳаммад Юсуф сингари ўнлаб ўлмас сиймолари кўз ўнгимизда гавдаланади.
Шу билан бирга, китобдан ўрин олган “Кўрпаси билан келган...”, “Мардикори бўлмаса керак...”, “Демократия” тантанаси”, “Иш ташлаш”, “Канизак Изаура”, “Сўзи ўлмаган адиб”, “Саид Исломбек изидан”, “Кўнгил нега йиғлайди?”, “Ўчмаган чироқ”, “Дуо кетган жумла”, “Чангак”нинг чангалида”, “Чувалачи”, “Бу аёлнинг эри йўқмиди?”, “Телефон ишлайди – қулоқ ишламайди” каби гўзал ва таъсирчан бадиалар қалбингизда ёруғ туйғулар, хуш кайфият уйғотади.
Биз бугунги кунни интернетсиз тасаввур қила олмаймиз. Нимаики бўлса, аввалгидек энциклопедияларни титкилаб ўтириш йўқ. Хотираларини эслар экан, ёзувчи “Навоий кўчасининг фуқаролари” Гуглсиз қандай яшаганига бугуннинг нигоҳи билан қараб ўтади.
Нашриёт муҳаррири кимни ёмон кўради? Истеъдодсизларни! Буни адиб хотираларини ўқиш жараёнида шундайларга берган изоҳи билан билиб бораверамиз. “Халтура маъбуди”, “Истеъдодсиз шоир”, “Лайчалар”. Хуллас, бунақа зукко топилмалар китобда жуда кўп.
Айтиш мумкинки, “Навоий – 30” адибнинг ўтган йили нашр этилган “Одамлардан тинглаб ҳикоя” китобининг мантиқий давомидир. Ушбу тўпламлардаги ҳикоялар шаклан бир-бирига ўхшаш услубда битилган эса-да, мазмун ва ровий нуқтаи назаридан фарқланади. Аввалги китобда муаллиф дўсту яқинларидан, замондошларидан эшитган воқеа-ҳодисалар, эсдаликлар, кечинмаларни қоғозга туширган бўлса, янги асаридаги воқеа-ҳодисалар ўз бошидан кечирган ҳаётномалардир.
Шу ўринда ушбу асарлардаги воқеаларни баён этиш услуби, уларни бўяб-бежамай, имкон қадар содда, халқона тилда ифода этганига назар солиб, катта қизиқиш билан “Бобурнинг тушлари”, “Бобурийнома”, “Саодат соҳили” каби бир-биридан дилбар асарлар, қисса ва ҳикоялар битган таниқли ёзувчининг ижодий фаолиятида буюк бобомиз Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг таъсири, ўрни, аҳамияти беқиёс эканини ҳис этамиз. “Бобурнома” тарихий-мемуар асарида бўлгани сингари “Навоий – 30” да ҳам Хайриддин Султон тасвирлаётган воқеа-ҳодисаларга фақат ва фақат адолат ҳамда ҳақиқат кўзи билан қарайди, фаришталар тарихини эмас, оддий инсонлар ҳаётини ёзаётганини, хом сут эмган банда сифатида барчанинг нуқсон ва хатолардан холи эмаслигини унутмайди. Кези келса, реалликдан чекинмай, ўзини ҳам танқид ва кулгуга олади, аямасдан камчиликларини очиб беради.
Мен адабиётшунос ҳам, таҳлилчи ҳам эмасман, оддий китобхонман. Лекин бу китобдан ўзим учун кўп ҳаётий сабоқлар олдим. Чексиз маънавий ҳаловатни, руҳий кўтаринкиликни туйдим. Бу эса коронавирус аталмиш “кўринмас ёв” ҳар лаҳза бизни хавотирга солиб, қалбимизда ғулғула уйғотиб турган ҳозирги кунда ниҳоятда муҳим. Бинобарин, руҳи соғлом, иродаси мустаҳкам, кайфияти чоғ инсоннинг тани тетик, иммунитети бақувват бўлади.
Ҳамма яхши нарсаларни оила аъзоларимизга, фарзандларимизга, дўстларимизга илинамиз. Мен ҳам ўзим ўқиган китобни, ундан олган хулосаларимни улашгим келди. Зотан, атоқли ёзувчи Хайриддин Султоннинг “Навоий – 30” китоби бошқа залворли асарлари каби ўқиган одам, албатта, бошқаларга ҳам тавсия қиладиган гўзал бадиий мажмуадир.
Барча китобсеварларни янги китоб билан муборакбод этаман!
Озодбек НАЗАРБЕКОВ,
Ўзбекистон Республикаси маданият вазири
“Халқ сўзи” газетаси, 2021 йил 2 декабрь, 258 (8038)-сон.
“Хотираларнинг бадиий мажмуаси” мақоласи
Адабиёт
Адабиёт
Тил
Адабиёт
Адабиёт
Жараён
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Санъат
Жараён
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ