Исломдан олдинги даврда Бухоро Ғарбий Турк хоқонлиги таркибида эди. VII асрнинг биринчи ярмида Ғарбий Турк хоқонлиги ҳудудида кўплаб шаҳар-давлатлар мавжуд бўлган. Иккинчи халифа Ҳазрат Умар даврида Жайҳундан Синд дарёсигача бўлган ҳудудда ўн олти кичик ҳукумат бўлиб, уларнинг иккитаси (бири Сўғд, иккинчиси Тоҳаристон) ябғулик, қолганлари эса тудунлик деб аталган. Тудунлик шаҳар-давлатларида хоқонларнинг “тудун” унвони билан аталган юқори мартабали амалдорлари фаолият олиб борган. Тудунлар хоқонликка тегишли солиқларни йиғиш ишларини назорат қилган.
Ушбу шаҳар-давлатларнинг Ғарбий Турк хоқонлигига боғлиқлиги ҳукмдорларнинг кучли ёки заиф шахсиятига қараб ўзгариб турган. Тоҳаристон ябғусига Бухоро ҳам кирган, Мовароуннаҳрдаги тудунлар эса маркази Самарқанд бўлган Сўғд Ябғусига бўйсунган. Шунингдек, Улар Самарқандда яшаган Сўғд Ябғусини оиланинг раҳбари деб билишган. Аммо ҳар бири мустақил бўлиб, ябғуларга бўйсуниши қуруқ гапдан иборат эди. Шу даражада мустақил эдики, ҳар бири ўз қарорига кўра бошқа бир тудунлик билан уруш ёки сулҳ туза олган.
Ябғулик ва тудунлик мерос йўли билан давом этган. Тудунликларнинг сиёсий ва бошқарув тизими эски турк одатлари (Турк тўраси)га мувофиқ эди. Аммо тудунларнинг қабул қиладиган қарорлари йирик ер эгалари ва бой савдогарлар розилигига боғлиқ бўлган. Тудунлар уларнинг розилигини олмасдан муҳим қарорларни қабул қила олмаган. Ҳукумат ишларида катта таъсирга эга бўлган аъёнлар керак бўлса ҳукмдорни тахтдан олиб ташлаб, ўрнига бошқасини ўтқаза олган.
Тудунларнинг ҳар бири алоҳида унвонлар билан, масалан, ихшид ёки ахшид каби номланган. Ибн Хурдодбиҳнинг ёзишича Бухоро тудуни “Бухор-худот” деб аталган. Тарихчи Френинг фикрича, Бухоро ҳукмдорларининг унвонлари сўғд тилида бўлган, аммо мусулмон муаллифлар ўзларига тушунарлироқ ва мос келадиган “худот” сўзини ишлатган (Бунинг далили сифатида Эрмитаж музейида сақланаётган кумуш идиш устига сўғд алифбосида Бухоро лаҳжасида ёзилган ҳукмдор номини келтиради. Аммо бу исм бошқа манбаларда учрамайди, шу важдан Френинг мазкур фикрига эҳтиёткорлик билан ёндашган маъқул).
Тарихчи Эберҳарднинг Хитой йилномаларида келтирилган маълумотларга таяниб ёзишича Бухоро ҳукмдорининг тожини олтин ва бошқа қимматбаҳо тошлар безаган. Ҳукмдор 7-8 қулоч баландликдаги, олтиндан ишланган туя шаклидаги тахтда ўтирган. Қабул маросимида малика ҳам иштирок этган. Ҳукмдор унвонни тантанали тарзда қабул қилганида унинг рафиқаси ҳам расмий равишда “хотун” унвонига эга бўлган. Бундан келиб чиқадики Бухор-худотлар сулоласи туркий халқлар одатларига мувофиқ иш юритган. Бу анъана турклар орасида Хунлар давридан бери маълум. Кўплаб турк давлатларида бўлгани каби, хотунлар бошқарувда сўзга эга эди. Ҳатто Бухорода бошқарувни ўз қўлига олган хотунлар ҳам бўлган.
Хитой йилномаларида ёзилишича 609 йилда Бухоро тудунлигини Чол-тенг лақабли шаҳзода бошқарган. У Сўғд ҳукмдори Ше-фу-пининг қизига уйланади. Бу қизнинг онаси Ғарбий Турк хони Татеунинг қизи эди. Хитойликлар Чол-тенг деб атаган бу шаҳзода мусулмон тарихчиларнинг китобларида Бухоро ҳукмдори сифатида тилга олинган Бидун Бухор-худотдир.
Бухор-худот Бидун вафот этганида унинг ягона вориси Туғшода ҳали сут эмадиган ёшда эди. Шу сабабдан тахтга боланинг онаси, яъни Хотун ўтирган. Манбаларда унинг номи Хотун, Бухоро маликаси, ҳамда Қабач хотун шаклларида учрайди. Френинг таърифи билан айтганда, Қабач хотун Ўрта асрларда Турондаги энг муҳим ўрин ва таъсирга эга аёл бўлган. Хотун Бухорода 670 йиллардан бошлаб ўн беш йил давомида ҳукмронлик қилди. Арабларнинг Бухорони эгаллаб олишга уринишлари айнан унинг даврида бошланди. Ҳар сафар Хотун улар билан келишувга эришиб, уларга моллар юбориб турди. Халифалик қўшинларининг илк ҳарбий юришларини бошлаб берган Убайдуллоҳ ибн Зиёд, Саъд ибн Усмон ва Салм бин Зиёдлар билан сулҳ келишувларига эришган ва маълум миқдорда жизя тўлаш шартлари ила халифалик қўшинларининг Бухорони эгаллаб олишига монелик қилган.
Наршахийнинг “Бухоро тарихи” асарида келтирилишича, хотуннинг бошқарув фаолияти шундай кечган: “Ҳар куни эрталаб Хотун отига миниб, Бухоро қалъасидан чиқиб, Регистон дарвозасига борар ва ўша ерда тахтга ўтирарди. Атрофида яқин одамлари, шаҳарнинг нуфузли кишилари ва хизматкорлардан иборат сарой аҳлининг барчаси тўпланарди. Қишлоқлардан хизмат қилиш учун танланган тахминан икки юз нафар деҳқон йигитлари Хотуннинг ҳузурига юборилган. Бу уларнинг Бухор-худотга бўлган садоқатларининг ҳам рамзи бўлган.
Хотун ҳузурида олтин камар тақиб, қилич билан қуролланган амирлар икки қатор бўлиб, масофада туришган. Давлат ишларига оид масалалар уларнинг олдида муҳокама қилинарди. Хотун керакли кўрсатмалар бериб, қонун ва тақиқлар ўрнатарди. Зарурат туғилганда ходимларни лавозимидан четлаштирар ёки жазоларди. Бу муҳокамалар эрта тонгдан қуёш чиқиб юксалгунча давом этарди. Сўнг Хотун қалъага қайтаётганида, ҳузурида бўлганлар уни ҳурмат билан кузатиб қўйишарди. Қалъадан дастурхонлар чиқарилиб, барча хизматкорлар ва яқинлари овқатлантирилиб, ичимликлар тарқатиларди.
Кечки пайт, яна қалъадан чиқиб, Хотун ўз тахтига ўтирарди. Эрталаб бўлгани каби шаҳарнинг муҳим масалалари муҳокама қилиниб, ечимлар қабул қилинарди. Қуёш ботгач, Хотун отига миниб саройга қайтарди, диҳқонлар ва амирлар эса ўз қишлоқларига кетишарди. Эртасига яна шу тартибда давом этар, хизмат учун бошқа кишилар келиб, навбат алмашарди. Бир киши йилига фақат тўрт марта хизмат навбатини бажарарди”. Наршахийнинг маълумотларидан кўриниб турибдики Бухор-худотларнинг бошқарув усули кенгаш кўринишида бўлган. Бир кунда икки марта ҳукмдор ўз аъёнари ва шаҳарнинг кўзга кўринган инсонлари билан биргалаикда Бухоро ва унга тобе ҳудудлардаги масалаларни муҳокама қилишган ва шу масалаларга биргаликда ечим топган.
Наршахийнинг Бухор-худот Хотуннинг кундалик расмий фаолияти ҳақидаги маълумотлари Бухородаги бошқарув тизимининг қандай ишлаганига оид қимматли ахборотдир. Охирги қарор Бухор-худотга тегишли бўлса-да, шаҳарнинг нуфузли кишиларидан иборат кенгаш мавжуд бўлиб, унда шаҳарнинг ва халқнинг муаммолари муҳокама қилинар эди. Ушбу кенгашга Бухор-худот раҳбарлик қилган. Наршахий маълумотларига кўра, кенгаш аъзолари тартибли равишда фаолият юритган ва давлат арбобларига хос масъулият билан муҳокамаларда қатнашган.
Жавоҳир АЗИМҚУЛОВ,
Тарих институти кичик илмий ходими
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
1. Муҳаммад ибн Жарир ат-Табарий. Тарих ат-Табарий. – Ар-Риёд: Байт ал-афкар ад-давлия, 2005.
2. Ал-Балазурий. Футуҳ ал-булдон. – Байрут: Муассаса ал-маориф, 1987.
3. Ибн Аъсам ал-Куфий. Футуҳ. IV жилд. – Байрут: Дар ал-адво, 1991.
4. Абу Бакр Муҳаммад Наршахий. Бухоро тарихи. – Тошкент: Anorbooks, 2022.
5. Bahaeddin Ögel. Islamiyyetden Önce Türk Kültür Tarihi. Ankara: 1984.
6. Chavannes. Cin kaynaklarine gore Bati Turkleri. Istanbul: 2007.
7. Lynch, R.J. Arab Conquests and Early Islamic Historiography TheFutuh al-Buldan of al-Baladhuri. – London: Bloomsbury publishing, 2020.
8. Hasan Kurt. Orta Asya’nin islâmlaşma süreci. Anakara. 1998.
9. Frye, Richard Nelson, Bukhara The Medieval Achievement, Norman, 1965.
10. Günaltay, Şemsettin, Müslümanlığın Çıktığı ve Yayıldığı Zamanlarda Orta Asyanın Umumi Vaziyeti, Ankara.
11. Eberhard, Wolfram, “Çin Kaynaklarına Göre Orta ve Garbi Asya Halklarının Medeniyeti”, trc. Mecdut Mansuroğlu, Türkiyat Mecmuası, 7-8, (1942), s.125–189.
Тарих
Санъат
Адабиёт
Тарих
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ