Манзилига етмаган ариза ва шикоятлар – Иккинчи жаҳон урушининг фронт орти манзаралари


Сақлаш
18:33 / 20.01.2025 34 0

Иккинчи жаҳон уруши ҳам иқтисодий, ҳам ижтимоий ҳаётга ўз таъсирини ўтказди. Урушдаги моддий-иқтисодий қийинчиликлар аҳолининг эҳтиёжини тўлиқ қондиришга имкон бермади. Қабул қилинган қарорлар ижроси бажарилмади. Бу эса аҳоли ижтимоий таъминотининг (озиқ-овқат, уй-жой ва бошқа кундалик муаммолари) кескинлашувига олиб келди. Шунингдек, оила боқувчисининг армия сафларига жалб этилиши, боқувчисидан маҳрум бўлган оила аъзоларининг моддий жиҳатдан қийинчиликда кун кечиришига сабаб бўлди. Ҳукумат томонидан аҳолига етарлича эътибор берилмаслиги натижасида ариза ва шикоятлар сони ошиб борди.

 

Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари, уруш ногиронларининг шикоят ва аризаларини кўриш етарли даражада йўлга қўйилмай, бюрократик тарзда ёндашилган. Масъул ходимлар томонидан  аризаларни қабул қилиш вақти аниқ белгиланмагани сабабли кўпгина шикоятчилар бир неча соатлаб кутиб туришга мажбур бўлишган. Шунингдек, шикоятлар ва аризалар бўйича ишлар аниқ рўйхатга олинмай, тартибсиз ҳолатда амалга оширилган. Бу эса аризаларнинг “йўқолиб” қолишига сабаб бўлган. Уруш йилларида мурожаатларнинг аксарияти моддий ёрдам ва уй-жой билан таъминлаш масаласида бўлган.

 

Шикоятлар халқ комиссарлиги раҳбарияти томонидан 3, 5, 10 кун ичида кўриб чиқилса-да, на халқ комиссари, на унинг ўринбосари бирорта шикоят бўйича ижро муддатини белгиламаган. Ижтимоий таъминот органларидаги камчиликлар, вазифаларни тўлиқ адо этмаслик, раҳбар ходимларнинг ўз ишларини суистеъмол қилишлари натижасида  ариза ва шикоят билан мурожаат этувчилар сони ошиб борган. Уларнинг аксарияти ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари бўлиб, давлат томонидан ҳеч қандай моддий ёрдам берилмаслиги таъкидланган. Ҳаттоки фронтда жанг олиб бораётган аскарлар оиласининг моддий жиҳатдан қийин аҳволда қолганини таъкидлаб, ёрдам беришларини сўраш ҳолатлари ҳам бўлган. Аслида барча ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари қонун жиҳатдан доимий таъминотда бўлишлари лозим эди. Бироқ қабул қилинган қарорларларнинг кўпи амалда қўлланилмаган. Уруш бошидан 1942 йил 1 февралгача биргина Тошкент вилояти бўйича 35 483 та ариза келиб тушгани ҳам ижтимоий таъминот органларининг камчилигидан далолат беради. Бошқа ҳудудларда ҳам аризаларнинг сони ошиб боргани архив манбаларда қайд этилган. Жумладан, 1941 йилда армия сафларига жалб қилинган ҳарбий хизматчи Карим Расулов уйида 8 кишидан иборат оиласи оғир шароитда яшаётгани, уйдаги ҳамма нарса сотилгани боис моддий ёрдам сўраган.

 

Шунингдек, армия сафларида бўлган гвардия катта сержанти Исмоил Қосимов томонидан юборилган мактубда шундай дейилган: “Мен яшаган оилада онам (ишга яроқсиз), опаларим Акрамова Бахшанда (эри армияда) ва Қосимова Муборак (эри армияда) 3 тадан боласи билан қолган. Кейинги пайтларда уйдан хатлар олиб, оила аҳволи ҳақида хабардор бўлдим. Мен ҳозиргача оила тўғрисида қайғурмас эдим. Чунки Қизил Армия жангчиларининг оилалари давлат ва халқимиз ғамхўрлиги билан қопланганлигига ишонганман. Афсуски, баъзи бир ишга раҳбарлар бу борада ҳанузгача беъэтибор қарамоқдалар. Шу туфайли бизнинг оила 150 ақча олиб туришидан бошқа (у ҳам ўз вақтида эмас) ёрдам олмаётирлар. Уйдагилар хатларида тузуккина яшаяпмиз, деб ёзадилар. Чунки улар бизни хафа қилишни истамайдилар. Оилам озиқ-овқат, кийим-кечак жиҳатдан қийналмоқдалар”. Бу хатга жавобан Қосимовнинг оиласига аҳвол юзасидан текширув ишлари олиб борилгандан кейингина ёрдам кўрсатилган. Бундан кўринадики, ҳарбий хизматчиларнинг оиласини моддий жиҳатдан таъминлаш, қийин аҳволда қолган оилаларнинг рўйхати тузиш каби тизимли ишлар олиб борилмаган.

 

1943 йил 27 январда Самарқанд шаҳар захира полкда хизмат қилувчи ҳарбий хизматчи Эргаш Расулов Калинин туман ижроия комитетига ёзган аризасида оиласига (онаси, аёли ва 3 ўғли бўлган) ҳеч қандай ёрдам кўрсатилмаганлиги боис ёрдам сўраб мурожаат қилган”. Ҳаттоки урушдан ногирон болиб қайтиб келганлар ҳам оиласини таъминлаш борасида қийинчиликларга дуч келган. Уларнинг меҳнат қобилиятини йўқотиши, кейинги иш фаолиятига, оиласининг моддий жиҳатдан таъминлашига таъсир қилган. Масалан, 1943 йил 28 мартда уруш қатнашчиси Ҳакимжон Каримов ҳам қуйидаги мазмунда ёрдам сўраб ариза ёзган: “жангда уч марта яраланиб, 2-гуруҳ ногирони сифатида ўз юртимга қайтиб келдим. Уйда учта фарзандим, хотиним, ота-онам бор. Моддий шароит оғирлиги учун уйдаги ҳамма нарса сотилди. Ҳозирда палтомдан бошқа ҳеч нарса йўқ. Иқтисодиёт таназзулга юз тутди. Шу муносабат билан оиламни ҳеч бўлмаганда таъминлаб, рўзғорни нисбатан тиклашим учун моддий ёрдам кўрсатишингизни сўрайман”. 1943 йил 1 апрелда 2-гуруҳ ногирони, катта сержант Матёқуб Машарипов ҳам йўллаган аризасида: “етти ой муттасил жангларда бўлдим, сўнг уч марта ярадор бўлиб, ногирон сифатида уйга қайтдим. Ҳозирда оилам ва мен ҳар томонлама моддий ёрдамга муҳтожмиз. Ҳокимият органларига бир неча бор қилган мурожаатимга жавобан бу ташкилотларнинг ҳеч бири менга жиддий ёрдам кўрсатмади”, деб ёзган. Шунингдек, ҳарбий хизматчи оилаларнинг аризаларига нисбатан масъулиятсизлик билан қараш ҳолатлари юз берган. Масалан, Наманган вилояти Тўрақўрғон туман партия комитетига Власовнинг жангларда қаҳрамонлик кўрсатгани айтилиб, унинг оиласига ёрдам кўрсатилиши сўралганда, партия ходимлари ҳарбий хизматчининг оилавий ҳолатини текширмай “ёрдам берилди” деб ёзадилар. Ҳолбуки, амалда ҳеч қандай ёрдам берилмаган. Бундан ташқари, урушдан ногирон бўлиб қайтган Бабенко вафот этиб (1943), аёли дафн этиш учун моддий ёрдам сўраганда ҳам унинг илтимоси асоссиз рад этилган.

 

1945 йил 25 январда 83-сонли “Аҳоли томонидан берилган ариза ва шикоятларни ҳисобга олиш ва текшириш тўғрисида”ги қарори қабул қилинган. Текшириш натижасида қуйидаги хато ва камчиликлар аниқланган: биринчидан, ариза ва шикоятлар вилоят ижроия комитети раислари ва уларнинг ўринбосарлари томонидан шахсан кам кўрилиб, кўпроқ уларни ижроия комитетининг секретари ва аппаратнинг бошқа ходимлари кўрганлар (Бу эса тайинли жавоб ололмаган кишиларнинг юқори ҳокимият органларига мурожаат қилишига сабаб бўлган); иккинчидан, шикоят ва аризалар кўриб чиқилгандан кейин, ариза берган кишиларга натижасини маълум қилмаслик; учинчидан, тегишли назорат бўлмагани сабабли ариза ва шикоятлар 3–4 ойлаб кўрилмай қолиб кетган; тўртинчидан, аҳолини қабул қилиш учун шаҳар ва туман ижроия комитети бўлим мудирлари аниқ белгиланган вақт ажратмаган,  натижада кўпгина шикоятчилар қабул қилиш вақтини кутиб бир неча соатлаб туриб қолишига тўғри келган; бешинчидан, шикоятларни рўйхатга олиш дафтари юргизилмаган (Устидан шикоят берилган шахслар ва муассаларнинг ўзларига ўша шикоятларни юбориш ҳолатлари бўлган).

 

Миршод СИДДИҚОВ,

ЎзР ФА Тарих институти таянч докторанти

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14391
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//