«Ўз халқининг содиқ фарзанди». Қозоқ жадидчилиги дарғаларидан бири – Алихан Букейханов


Сақлаш
12:30 / 20.01.2025 82 0

 

ХХ асрнинг илк чораги Марказий Осиё тарихида жуда муҳим ўрин тутади. Бу даврда ўлка халқларининг «олтин авлод»и катта саҳнага чиқди ва ўз миллатларининг мустақил давлатини тузиш ҳамда ўзлигини яратиш ишига жиддий киришди. Аммо, афсуски, бу мард ўғлонлар мағлубиятга учради ва деярли барчаси қатағон қилинди.

 

Шундай зиёлилардан бири, қардош қозоқ халқи жадидларининг энг ёрқин вакилларидан бўлган Алихан Букейхановни кўпроқ Файзулла Хўжаевга ўхшатиш мумкин. Уларнинг ҳар иккаласи миллий давлатларга (Алаш Ўрда ҳамда Бухоро халқ шўро жумҳурияти ва Ўзбекистон ИШЖ) раҳбарлик қилди, ўлка жадидларини қўллаб-қувватлади, бошқарувда яхши ишбилармонлик кўрсатди. Ва иккови ҳам совет қатағони қурбони бўлди.

 

1882 йилда янги тузилган Дашт генерал-губернаторлиги раҳбари Герасим Колпаковский Қозоғистонда жойлашган Каркаралинск шаҳридаги ҳунармандчилик мактабига ташриф буюради. Колпаковский унинг олдига саф тортган мактаб ўқувчиларга мураккаб савол беради: Омск ва Каркаралинск орасидаги 760 миль (810 км) йўлни босиб ўтган губернатор фойтунининг бир ғилдираги йўл мобайнида неча марта айланган? Барча бундай қийин саволдан шошиб қолади.

 

Шунда сафдан ёш бир йигит чиқиб, тўғри фойтун томон юради. У белидаги камарини ечиб, арава ғилдираги диаметрини ўлчайди. Сўнг ерга ўтириб, ҳисоб-китоб қилишни бошлайди ва орадан бир неча дақиқа ўтиб, тўғри ечимни айтади. Лол қолган губернатор мактаб директори ва уезд раҳбарига бу болани губерния маркази – Омскдаги техника мактабига юборишни буюради.

 

Ёш Алихан Букейханов

 

Генерал-губернатор Колпаковкийни ҳайратда қолдирган ёш йигитнинг исм-шарифи Алихан Букейханов эди. Бу исм кейинчалик бутун империяга танилди ва тарихда ўчмас из қолдирди.

 

Чингизхон авлоди

 

Алихан 1866 йил Каркаралинск шаҳри яқинидаги кичик қишлоқлардан бирида туғилган. Унинг отаси Нурмуҳаммад Букейханов Ўрта Жуз хонлари сулоласидан бўлиб, бобоси Мирзатой Ўрта Жузнинг машҳур хони Букейхоннинг невараси эди. Алихан ҳам айнан ушбу қозоқ хони шарифини олганди.

 

Отаси уни дастлаб мадрасага, сўнг ҳунармандчилик мактабига ўқишга беради. Иқтидорли Алихан тез орада ўз билими билан кўзга ташланиб, Омск шаҳрига таҳсил олишга жўнайди.

 

Ёш Букейханов 1889 йилдан маҳаллий газеталарда мақолалар чоп қила бошлайди. У чор Россиясининг дашт ҳудудларидаги қишлоқ хўжалиги сиёсати, миллий ишларни юритиши ҳақида ўз фикрларини билдиради. Алихан номи билан боғлиқ илк газета, шубҳасиз, «Дашт ўлкаси» рўзномаси эди. Букейханов бу ерда маҳаллий аҳоли муаммолари ёритувчи, мустамлакачи ҳукуматни танқид қилувчи материаллар эълон қилиб боради ва чор Россияси кучишлатар тизимларининг эътиборига тушади.

 

 

Букейханов биринчи бўлиб, буюк қозоқ шоири ва мутафаккири Абай Қўнонбоев меросига эътибор қаратади. 1905 йилда «Семипалатинск япроғи» газетасида Алиханнинг Абай хотирасига бағишланган некрологи босилади. Кейинги йилларда ҳам Букейханов Абай номини оммавийлаштириш борасида катта ишлар амалга оширади.

 

«Қозоқ» газетаси ва Алаш

 

1900 йиллар бошида Россия империясида аҳвол оғирлашади. Рус-япон урушидаги мағлубият, «Қонли якшанба» воқеалари бутун империя халқида подшоҳдан норозилик ҳиссини кучайтиради. Бутун мамлакат бўйлаб намойишлар тўлқини авж олади. Подшоҳ Николай ИИ аҳолини тинчлантириш учун парламент – Давлат Думасини чақиришга мажбур бўлади.

 

Маҳаллий халқ орасида ўткир мақолалари билан яхшигина танилган Алихан Букейханов бу даврда фаол бўлган Конституцион-демократлар партияси(Кадет)га қўшилади ва юрти мустақилликка эришишида ушбу партия қўлловига умид боғлайди. Дума сайловларига кадетлар сафида қатнашган Букейханов сайлов кампанияси доирасида ҳам, кейинчалик депутат бўлганидан сўнг ҳам бир неча бор қамоққа олинади. Чор маъмурлари у маҳаллий халқни оёққа турғазишидан ва мустақиллик учун кураш бошлашидан хавфсирайди.

 

Биринчи Дума тарқатиб юборилгандан сўнг, Букейханов яна публицистик фаолият билан шуғулланади. Хусусан, 1913 йилда машҳур «Қозоқ» газетасини очади. Бу пайтда «қозоқ» номи кенг қўлланилмас, унинг ўрнига «қирғиз-қайсаки», «қирғиз», «тузем» каби номлар ишлатиларди. Алихан халқи эркинликка эришиши учун биринчи навбатда тарихий меросни тиклаши кераклигини таъкидлайди. «Қозоқ» газетаси маҳаллий аҳолининг чор тизимига қарши ҳақиқий минбарига айланади. Унда халқни уйғотувчи, мустамлакачи ҳукуматга қарши туриш кераклиги ҳақидаги мақолалар бирин-кетин чоп этилади.

 

1916 йилда бутун Марказий Осиёни қамраб олган миллий қўзғолонлар қозоқ даштларига ҳам тарқалади. Подшо қўшини ушбу норозилик ҳаракатларини шафқатсизлик билан бостиради: минглаб инсонлар отиб ташланди, юз минглаб одамлар эса сургун қилинди. Букейханов фронт орти ишларидан бажариш учун Белорусга юборилади.

 

Февраль инқилоби рўй бериб, ҳокимият Муваққат ҳукумат қўлига ўтгач, Букейханов Биринчи жаҳон уруши фронтидан Қозоғистоннинг Турғай вилоятига комиссар (раҳбар) бўлиб қайтади.

 

Муваққат ҳукуматда катта таъсирга эга бўлган кадетлар партияси Букейханов интилишларига зид ўлароқ, Россиянинг унитар давлат тузумида қолишини ёқлаб чиқади. Бунга жавобан, Алихан 1917 йил июль ойида кадетлар сафини тарк этади ва июлдаёқ Ахмат Бойтурсунов ҳамда Мирёқуб Дулатов билан биргаликда «Алаш» партиясини тузади.

 

 

«Алаш» партияси аъзолари Россияда юзага келган икки ҳокимият (Муваққат ҳукумат ва ишчи-деҳқон советлари) ҳолатида нейтрал позицияни эгаллайди.

 

1917 йил октабр инқилоби содир бўлганда, Букейханов ҳокимиятнинг қурол билан эгалланишини қаттиқ қоралайди ва ИИ умумқозоқ қурултойини чақиради.

 

Ушбу қурултойда қозоқ зиёлилари ва фаоллари миллий давлат – Алаш Ўрдаъни тузишга қарор қилади. Янги мамлакатнинг пойтахти этиб Семипалатинск ёхуд Алаш қалъа (ҳозирги Семей шаҳри) танланади. Букейханов ҳукумати раҳбари бўлади.

 

Тез орада бошланган Фуқаролар уруши даврида Алаш Ўрда расмийлар халқни талон-тарож ва қирғинлардан омон сақлаш учун нозик ип устида юришига тўғри келади. Букейханов дастлаб Оқ армия билан яқинлашади. Бироқ ҳокимиятни бой берган «монархиячилар» ҳали ҳам маҳаллий халқларга эркинлик бермоқчи эмаслиги аён бўлгач, алашликлар тарафни ўзгартиради.

 

Улар большевиклар Алаш Ўрда мухториятини тан олса, советлар ҳокимиятини тан олишга тайёрлигини билдиради. Москва бунга рози бўлади. 1919 йил кузида Алаш Ўрда раҳбарларига сиёсий амнистия эълон қилинади.

 

1920 йил 26 августда Бутунроссия Марказий Ижроия қўмитаси ва РСФСР Халқ Комиссарлари Совети томонидан РСФСР таркибида пойтахти Оренбург шаҳри бўлган «Қирғиз (Қозоқ) совет мухтор социалистик республикасини тузиш тўғрисида» декрет чиқарилади.