Туркистонда туғилиб, кейинчалик шу юрт жадидларининг йўлбошчисига айланган, биринчи ўзбек драматурги, миллий театр асосчиси, ношир, публицист Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг миллат, юрт олдида қилган ишлари тақсинга сазовор. Уларнинг номи туркистонлик жадидлар орасида биринчи бўлиб ички Россия, ҳатто хорижий мамлакатлардаги истиқлолчилар томонидан сиёсий арбоб сифатида эътироф этилган. [1. 100.]
Маҳмудхўжа Беҳбудий ижоди, босиб ўтган йўли илм аҳли учун изланиш, ўрганиш ва турли музокараларга сабаб бўлади. Чунки у ҳақидаги бор маълумот йўқолтилган, ўзи ҳам илмий-автобиографик мақола ёзиб қолдирмаган. Унинг фаолиятига назар ташлаган кишилар асосан Ҳожи Муин, Садриддин Айний ва бошқаларнинг “Меҳнаткашлар товуши”, “Зарафшон”, “Иштирокиюн”, “Қизил байроқ”, “Известия ТуркЦИК”, “Бухоро ахбори” газеталарида, “Инқилоб”, “Учқун”, “Маориф ва ўқитғувчи”, “Наука и просвещение”, “Шуълаи инқилоб” журналларида босилган хабар ва мақолаларига асосланади. [2. 11].
Беҳбудийнинг ҳатто туғилиш санаси ҳақидаги фикрлар ҳам турли хил. Садриддин Айний ва Ҳожи Муин мақолаларида Беҳбудий таваллуд санаси ҳижрий 1291 сана 10 зулҳижжа деб келтирилади. Ҳижрий йилни милодийга ўтказишда турли қарашлар мавжуд. Жадидшуносларнинг бир қисми бу 1874 йилга тўғри келади деса, иккинчи ярми 1875 йил деб ҳисоблайди. [3. 13.] Масалан, С.Аҳмедов “1873 йил март ойи”ни, А.Алиев, Б.Қосимов, Ш.Турдиев эса 1875 йилни тўғри деб ҳисоблайди. Сирожиддин Аҳмад асарида Беҳбудий туғилиш санаси ва манзили “1874 йил 30 январь, Самарқанд шаҳри Ёмини маҳалласи” [2. 16.] деб кўрсатса, Б.Дўстқораев “1875 йилда 19 январь Самарқанднинг Бахшитепа қишлоғи” деб маълумот беради. [1. 320]. Фикримизча, аниқ бир ҳужжат топилгунга қадар ҳижрий йилнигина кўрсатиш ёки уни милодийга ўтказишда аниқ усулдан фойдаланиш зарур ҳамда айтилаётган фикрни аниқ ва рад этиб бўлмас фактлар билан исботлаган маъқул.
Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг отаси Султонхўжа (Самарқанддаги мадрасалардан бирида таҳсил олиб ислом қонуншунослик илмини ўрганган ва ўзига “Беҳбудхўжа”, яъни “хўжаларнинг жаннати вориси”деб лақаб олган) насаб жиҳатдан Хўжа Аҳмад Яссавийга қариндош, [2. 11.] онаси – муфти Одил Мансур ўғлининг синглиси бўлган. Онаси ҳақида маълумот йўқ. [3. 22.]
Ҳожи Муиннинг ёзишича, Маҳмудхўжа Беҳбудий 6-7 ёшлигида тоғаси Муҳаммад Сиддиқ ҳузурида ўқиб, хат-савод чиқаради. Отаси унга Қуръонни ёд олдиради ва у 3–4 йил ичида хатм қилади. 15 ёшга кирганда тоғаси Мулла Одил ҳузурида ўқишни давом эттириб, араб тили, сарф, наҳвдан “Кофия”, “Шарҳи Мулло”, мантиқдан “Шамсия”, фиқҳдан “Мухтасар ул-виқоя”нинг биринчи дафтарини ва “Ҳошия”ни ўрганади. Кейинчалик, Самарқанд музофати Чашмаиоб бўлусида қози бўлган тоғаси Муҳаммад Сиддиқнинг қошида мирзалик қилади. Икки йил қозихона ишлари, фиқҳ илми, мерос тақсими ва бошқалар билан шуғулланади. Кейин Кобуд бўлусининг қозиси мулла Забирнинг қозихонасига мирзаликка кириб, 1-2 ой ўтмай муфтийликка ўтади ва 1916 йилгача шу ерда фатво ишлари билан машғул бўлади. [4. 19.]
Ҳижрий 1311 йил Шарофат исмли қиз билан оила қуради. Биринчи фарзанди вафот этгач Масъудхўжа, Мақсудхўжа, Матлубхўжа исмли уч ўғил ва Сурайё (Парвина) исмли бир қизли бўлади. Шунингдек, аёлининг Кобут волостидаги 10 десятина ерига эгалик қилади. [2. 16.]
1900 йил фарзанд доғини енгиллатиш учун ҳаж сафарига чиқади. Хўжа Бақо ҳамроҳлигида Истанбул, Миср, Ҳижозга боради. Қайтаётганида Туркия, Арабистон ва Мисрдан талайгина китоб ва тўпламлар олиб келади. Хориждаги саёҳати давомида дунё шиддат билан ривожланаётганига гувоҳ бўлади, Туркистоннинг аҳволи билан солиштиради. Замон илмини эгаллаш, миллий ўзликни англаш, ҳуррият учун курашиш, зеро “Ҳақ олинур, берилмас”лигига иқрор бўлади.
Шундан сўнг янги усул мактабларини очиш, улар учун дарсликлар ёзиш, кутубхона, миллий шўба тузиш, жамиятдаги иллатни кўрсатиб берувчи драма ижод этиш ва жамиятга ойна вазифасини бажарувчи журнал очиш, бундан ташқари, миллий мухторият тузиш ҳаракатини бошлаб юборади.
Маҳмудхўжа Беҳбудий матбуотни ҳақиқий минбарга айлантирди. 1903 йилдан унда фаол иштирок этди. Ҳожи Муиннинг таъкидича, 18 та нашрда Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 200 дан ортиқ асарлари чоп этилган [5]. “Туркистон вилоятининг газети”, “Тараққий”, “Шуҳрат”, “Тужжор”, “Самарқанд”, “Вақт”, “Улфат”, “Сироти мустақим”, “Шўро”, “Иршод”, “Тоза ҳаёт”, “Меҳнаткашлар товуши”, “Нажот”, “Таржумон”, “Ислом дунёси” каби нашрлар шулар жумласидан. Мақолаларда давр муаммолари: таълим, ислом моҳиятини тушуниш, тарих, сиёсат, тил, миллий ўзлик каби мавзулар кўтарилган. Муаллифнинг юракдан ёзгани ҳар бир сатрдаги хасрат, изтироб ва куюнишдан кўриниб туради. Уларнинг ёзилганига 100 йилдан ошган бўлса ҳам, бугунгача ўз долзарблиги, аҳамиятини йўқотмаган.
“Икки эмас тўрт тил керак” сарлавҳали мақолада: “Биз туркистонийларга туркий, форсий, арабий ва руссий” кераклигини, уларни ўрганиш давр талаби эканини таъкидлайди.
Адиб миллатнинг фикрий ўсиши, ўзлигини англаши, турли бидъатлардан қутулиши, ўз ерига эгалик қилиши ва эркин замон илмини ўрганишига қаратилган фикрларини ўз мақолаларида илгари сурди. Масалан: “Дўстликми, душманликми?” мақоласида боланинг ўқишига имкон бермасдан, уни югурдакликка қўйган, гимназияда ўқиган болани кофир деган халқни танқид қилади. “Бизни кемирувчи иллатлар”да эса “Тўй ва таъзияга сарф қилинатурган оқчаларимизни биз, туронийлар илм ва дин йўлига сарф этсак, анқариб оврўпаликлар тараққий этармиш ва ўзимизда, динимизда обрўй ва рижов топар” деган фикрни илгари суради.
Маҳмудхўжа Беҳбудий “Ҳозир бизнинг жиҳодимиз фикр, газет ва басират ҳамда иттифоқ ила бўлур” дейди ва ўзи ҳам газета нашр қилишга қарор қилади. 1908 йилда Самарқандда миллий газета учун бошланган ҳаракат, 1913 йил 9 апрелда ўз натижасини беради. “Самарқанд” газетасининг биринчи сони 1913 йил 16 апрелда дунё юзини кўрди. [1. 186.] Нашрда маърифатпарвар зиёлилар фаол қатнашди, Беҳбудийнинг мақолалари нашр этилди, вилоятдаги ижтимоий аҳамиятга эга ишлар ёритилди, иллатлар танқид қилинди, шунинг учун ҳам тез орадан муштарийларнинг эътибор ва эътирофига сазовор бўлди. Таниқли адиб ва жадид намоёндаси Абдулла Авлоний “Самарқанд” газетаси ҳақида “...элу халқнинг кўзини очишга боис бўлди” деб таъкидлаган.
Ундан сўнг илк миллий журнал – “Ойина” (1913 йил 20 август) ташкил қилинди. Мазмун ва маслак йўналишидан “Самарқанд”нинг давоми бўлди. Журналда нашр қилинган мақолалар асосан мактаб ва маориф ислоҳи, иллатлар, ортиқча урф-одатларга қарши танқид, муносабатлар, миллий тарих, адабий-бадиий асарлар ва тил масалалари мавзуларида бўлган. Қамрови кенг: ички Россия ва хорижда ҳам мутолаа қилинган. 68-сони 1915 йил 15 июнда чиққач, муаллифнинг касаллиги важ қилиниб, чиқишдан тўхтаган. Журнал ўз номига мос ҳолда Туркистоннинг аҳволини ойнадек ҳамюртларига кўрсата олган.
“Падаркуш” драмасида халқнинг бир иллатини ва агар унга қарши чора кўрилмаса, ниҳоя қандай бўлишини кўрсатиб беради. 1911 йил ёзилган драма, 1912 йил “Турон” газетасида босилган ва Самарқанд, Бухоро ва Тошкентда театр саҳналарида ижро этилган.
Шунингдек, адибнинг “Бир вафолик заифа хусусида” асарини билмайдиганлар ҳам топилади. Унда турмуш ўртоғига садоқатли бўлган аёл атрофдагилар томонидан камситилиш ва хўрланишга учрайди. Унга номусини пуллашини ёки вафот этиши мумкинлигини бот-бот такрорлашади-ю, лекин ҳеч ёрдам қўлини чўзишмайди. Бу асар аҳолининг жамиятда бўлаётган воқеаларга бефарқлиги, қай даражада тубанлашганини очиқ-ойдин кўрсатади.
Ҳожи Муин устозининг шахсияти ҳақида ёзар экан, “Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳалим, зийрак, ғоят заковатли ва қувваи ҳофизаси зўр бўлганидек, сўзга-да ниҳоят даражада уста эди” дея таърифлайди. Шунингдек, унинг “...халқга тўла ва фаол фойда еткизмоқ учун қўлимдан келганча чолишаман” сўзларидан мақсадини кўрсатиб беради. [4. 30-31].
Мустамлака ҳукумат бундай ҳур фикрли, миллий ўзлигини англаган, шунингдек бошқаларни ҳам “заҳарлаётган” кишини эътибордан четда қолдириши мумкин эмас эди. Уларнинг ҳаракати, ҳар босган қадамини хуфиялар чор ҳукуматга етказиб турган. Қулай фурсат туғилиши билан Маҳмудхўжа Беҳбудийни йўқ қилиш мақсад қилинган эди.
Большевиклар ҳокимиятни эгаллагач, аҳолининг зиёли қатламини тозалашни бошлайди. Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам Фавқулодда коммиссия айғоқчиларининг назаридан четда қолмайди. Улар Туркистонга четдан ёрдам сўраш учун чиқиб кетмоқчи бўлганида, 1919 йил Шаҳрисабз беклигида қўлга олиниб, тахминан икки ой ўтгач, Қаршига келтириб зиндонга ташланади. Бир неча кундан сўнг Қарши беги Тоғайбекнинг буйруғи билан ёрдамчиси Нуриддинхўжа Оғалиқ Аҳмадхўжа ўғли томонидан зиндон яқинидаги “подшолик чорбоғи”да ўлдирилади. [6]
Беҳбудий вафотидан сўнг Топилди Раҳмонберди ўғли “Марҳум Беҳбудий ҳақиндаги хотираларим”, Садриддин Айний “Беҳбудий Афандини эсга тушириб, қатл ва қатлгоҳга хитобан”, “Беҳбудий руҳига итҳоф”, Абдурауф Фитрат “Беҳбудийнинг сағанасин изладим” шеърини, Чўлпон “Маҳмудхўжа Беҳбудий хотирасига” номли марсияларни ёзган. [7]
Беҳбудий ҳаётини ёритишда Аҳмад Алиев, Солиҳ Қосимов, Наим Каримов, Бегали Қосимов, Шерали Турдиев, Сирожиддин Аҳмедов, Шуҳрат Ризаев, Зайнобиддин Абдурашидов каби кўплаб жадидшунос олимларнинг ҳиссаси катта, уларнинг изланишлари, ёзган асарлари туфайли Беҳбудийга янада яқинмиз.
Маҳмудхўжа Беҳбудий юрти, миллати, ватандошларининг илмли, ҳур фикр, мустақил бўлишини хоҳларди, шу йўлда умрини, жонини-да фидо қилди. У ҳақиқий миллат қаҳрамонидир!
Зебо ИБРАГИМОВА,
Ўзбекистон Журналистика ва оммавий
коммуникациялар университети талабаси
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
1. Бойбўта Дўстқораев. Ўзбекистон журналистикаси тарихи. Ғафур Ғулом. Тошкент. 2009. 380-б.
2. Сирожиддин Аҳмад. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Info capital books. Тошкент. 2024. 456-б.
3. Наим Каримов. Маҳмудхўжа Беҳбудий. Академнашр. Тошкент. 2022. 320-б.
4. Тўпловчи ва нашрга тайёрловчи Н.Намозова. Ҳожи Муин. Танланган асарлари. Маънавият. Тошкент. 2005. 176-б.
5. Зарафшон газетаси. 1923. 25 март. 32-сон.
6. Нилуфар Мирсаидова “Маҳмудхўжа Беҳбудий – буюк ма'рифатпарвар, ёзувчи”. “Тамаддун нури” журнали. 2024. 113–118-б.
Тарих
Тарих
Жараён
Тил
Тарих
Тарих
Таълим-тарбия
Дин
Тарих
Ватандош
Жараён
Санъат
Таълим-тарбия
//
Изоҳ йўқ