Озодлик ниқоби остидаги жисмоний қуллик тарғиботи – большевикларнинг “Ҳужум” кампанияси нега бошланганди?


Сақлаш
17:58 / 17.01.2025 18 0

Россия империяси томонидан Туркистон ҳудуди босиб олингач, барча соҳаларда мустамлака тартиблари жорий қилинган. Уларнинг диққат марказида турган яна бир муҳим масала – хотин-қизларни ишлаб чиқаришга жалб қилиш, ишчи кучи сонини икки баробарга ошириш эди. Босқинчи ҳукумат бунинг учун биринчи навбатда аёлларнинг паранжисини ечиш керак, деб ҳисоблаган ва бу борадаги дастлабки уруниш 1900 йиллар бошида бўлиб ўтган. 1908 йили Россия империяси ҳукумати томонидан Туркистонни тафтиш қилиш учун юборилган граф Пален бошчилигидаги комиссия ҳам айнан аёллар масаласига эътибор қаратганини тарихий манбалар тасдиқлайди.

 

Маълумки, Туркистоннинг марказий шаҳарларида қадимдан аёлларнинг ўраниб юришлари одатга айланган. Аммо XX юзйиллик бошларида жамият ҳаётини ислоҳ қилиш учун бошланган ҳаракатлар замирида аёлларнинг мактабларда билим олиб, касб-ҳунар билан эркин шуғулланишларига имконият яратиш мақсадлари ҳам бор эди. Ўз даврининг етук уламоларидан бўлган, Бухоро амирлиги муфтиси Домла Икром барча замонавийликларни қўллаб-қувватласа-да, аёлларнинг паранжидан воз кечишларига қарши чиққан. Муаллиф “Рисолайи форсия дар баёни вужуби сатри нисо” (Аёлларнинг ўраниб юришининг вожиб эканлиги тўғрисида форсча рисола”, 1912) рисоласи орқали аёлларнинг ўраниб юришлари лозимлигини Қуръони карим, Тафсир, ҳадислар ва кўплаб исломий китоблар орқали исботлашга ҳаракат қилган. Туркистонни тафтиш қилиш учун келган граф Пален Бухоро амирлигига ҳам ташриф буюрган. Бухоро қўшбегиси Насрулло тавсиясига кўра муфти Икром домла билан уч масалада суҳбатлашган: янги усул мактаблари, аёлларнинг кийиниши ва солиқ. Граф Пален аёлларнинг паранжи кийиб юриши бўйича Икром домланинг фикрини сўраганда, у шариатга мувофиқ, шунингдек, хавфсизлик нуқтаи назаридан ўраниб юриши жоизлигини таъкидлаган.

 

Айни шу даврда “Вақт” газетаси мухбирлари Беҳбудий томонидан очилган кутубхона билан танишиш мақсадида Самарқандга келганларида, Маҳмудхўжа Беҳбудий ва Абдуқодир Шакурийга “Паранжи аёлларингизнинг миллий кийими эмас, у Эрондан ўзлаштирилган ва кийиш анъанага айланган. Нега бундан воз кечмаяпсизлар”, деганида, икки тараққийпарвар ҳам саволнинг жавобини очиқ қолдиради. Бу сукунат Туркистон жамияти: аёл ҳам, эркак ҳам паранжидан воз кечишга тайёр эмаслигидан эди. Шу ўринда қайд этиш жоизки, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳам Истанбул, Қоҳира, Дамашқ шаҳарларида аёлларнинг масжидга бориб намоз ўқишлари, ўз уйларидек тикиш тикиб ўтирганларини кўриб ҳайратга тушган. Бозорларда эркаклар билан аёллар ҳам баробар савдо юритаётганига ва аёллар ўз ишининг устаси эканига гувоҳ бўлган. Барча соҳаларда ислоҳотлар қилишни ёқлаб чиққан Маҳмудхўжа Беҳбудий Туркистон жамиятидаги аёллар мавқеи олдингидек сақланиб қолиши тарафдори бўлган ва аёллар масаласида анъанавийлик фикрида қолган: “... Масалан, хотунлар масаласини ҳозир ўртадан чиқармоқ керак. Мана бул бутун Туркистоннинг ихтилофига сабаб бўлуб, дўстларимиз бағрини қон ва душманларимизни хурсанд этар. Бизнинг иттифоқимизни хоҳлаганлардан рижо этармизки, хотунлар масаласидан ҳозир баҳс этмасунлар ва муваққат замонға ҳавола этсунлар”.

 

Хуллас, 1918 йил Туркистон автоном республикаси, 1920 йил Хоразм ва Бухоро республикалари тузилгач, большевиклар арзон ишчи кучи сифатида аёллар меҳнатидан ҳам фойдаланиш мақсадида гўёки уларни “озодликка чиқариш” шиори остида “Ҳужум” режасини тузганлар.

 

20-йилларда республика, вилоят, туман ва маҳаллаларда хотин-қизлар бўлими ташкил қилинган. Ҳар бир хонадонга кириб, аёллар учун ўқув курслари ташкил қилинганини жуда эҳтиёткорлик билан тушунтириб чиққанлар. Савод чиқариш курслари, махсус хотин-қизлар клублари, артеллар ва дўконлар ташкил қилганлар. Бу ерга ташриф буюрган аёлларга ҳунар ўргатиш, саводини чиқариш фонида паранжи ташлаш бўйича тарғибот ишлари амалга оширилган. 3-4 йиллик тарғибот сезиларли натижа бермагач, 1926 йил сентябрда Ўрта Осиё партия комитетларининг хотин-қизлари бўлимлари ходимлари иштирокида кенгаш ўтказилган ва аёллар бўйича олиб борилаётган ишларни жадаллаштириш – уни мажбурий равишда ўтказишга қарор қилинган. Бу мажбурий тадбир “Ҳужум” деб аталган. Гўёки ҳужум услубида аёллар муаммосини ҳал қилишга киришилган. 1926 йили бу кампанияни амалга ошириш учун Ўзбекистонда махсус комиссия тузилган. Большевиклар “Хотин-қизларни озодликка чиқариш”, “паранжига қарши курашиш” номи остида яна бир мақсадига эришиш йўлидан борган. Энди улар Туркистонда арзон, текин ишчи кучини икки баробарга ошириши ва янада кўпроқ фойда кўриши мумкин эди. Аёлларнинг қишлоқ хўжалиги ва оғир саноат ишларига жалб қилиниши аслида озодлик эмас, қулликни янги бир босқичга кўтариш эди.

 

1927 йил 8 март куни Ўзбекистоннинг барча ҳудудларида юзлаб митинглар ташкил қилинган ва минглаб аёллар паранжи ташлаган. Бу тадбирни ўтказишда ислом анъаналари, ўзбек оиласидаги эркак ва аёл муносабатлари, миллий урф-одатларимиз инобатга олинмаган.

 

1927 йили ўз сафида 25 минг Ўзбекистон ССР фуқароси бўлган Компартияга “Ҳужум”нинг ташкилотчиси бўлиш ва намуна кўрсатиш вазифаси юкланган. Улар коммунист сифатида ўз хотинларини паранжи ёқиладиган жойларга олиб келиб паранжисини ташлатган, уйига олиб келгач, паранжида юришини тайинлаган. Бу каби ҳолатлардан хабар топган партиянинг Ўрта Осиё бюроси партия аъзоларининг мазкур ишини маиший жиноят сифатида баҳолаб, партия сафидан ўчиришгача бўлган жазоларни қўллашга қарор қилган. Партия сафидан ўчириш ўша пайтда партия аъзоси учун ўлимга тенг ҳолат бўлган.

 

“Ҳужум” шундай шиддатли тус олганки, ҳатто хотин-қизлар юзини очиш бўйича Ўзбекистон ва Туркманистон республикалари ўртасида “социалистик мусобақа” ҳам ташкил қилинган. “Мусобақа”га республикаларнинг суд органлари ҳам қўшилган. Улар чиқарган қарорда “Ажрашиш иши бир ҳафтадан кечиктирилмай кўриб чиқилсин” деган банд киритилган эди. Бу қарор натижасида биргина Ўзбекистоннинг ўзида минглаб оилалар бузилган, болалар ота-онаси ўртасида сарсон бўлган. Архив ҳужжатларида ажрашиш учун ариза берган кўплаб аёллар эрлари ёки ака-укалари томонидан ўлдирилгани ҳақида маълумотлар мавжуд. Жумладан, 1927 йил 27 июнда Бувайда туманининг Полосон қишлоғида деҳқон Абдуқодир Ҳожиматов хотини паранжи ташлагани учун осиб ўлдирган. Бешариқ туманининг Янгиқўрғон қишлоғида ҳам эрлар ўз хотинларини осиб ўлдирганлари ҳолати қайд қилинган. Расмий ҳужжатларда 1927-1928 йиллари Ўзбекистонда 2,5 мингдан ортиқ паранжи ташлаган аёллар ўлдирилгани кўрсатилган. Аммо бу атайин камайтириб кўрсатилган бўлиб, аслида ўлдирилганлар сони бу рақамлардан 2-3 баробар кўп бўлган. Аёлларнинг ўлдирилиши ортидан 1928 йили 671 киши қамоққа олинган ва турли муддатларга озодликдан маҳрум қилинган, 7 киши отувга ҳукм қилинган.

 

Совет даври адабиётларида “Ҳужум” туфайли 100 минг аёл паранжи ташлади, 5 минг аёл саводсизликни тугатиш курсларида таҳсил олди, 5 202 та аёл вилоят, шаҳар ва туман судларига халқ маслаҳатчиси қилиб сайланди, деб бу кампанияни аҳамиятли қилиб кўрсатишга ҳаракат қилинади. Большевиклар таъкидлаганидек, Туркистон аёли саводсиз эмас эди, тўрт девор орасида ҳам эмас эди. Жумладан, Қурбонжон додхоҳ жасорати, 1916 йили мардикорликка олиш ортидан келиб чиққан қўзғолонда фаоллик кўрсатган, айнан рус аскарлари томонидан отиб ташланган Рузвонбиби Аҳмаджонова, Зуҳрабиби Мусаевалар Туркистон аёллари эди. Германияда таҳсил олган Марям Султонмуродова, Хайринисо Мажидова большевиклар ташкил қилган саводсизликни тугатиш курсларида ўқиган эмас.

 

Совет ҳукумати томонидан амалга оширилган “Ҳужум” халқнинг норозилигига сабаб бўлган. Айниқса, Фарғона водийсида кўплаб оммавий чиқишлар юзага келган. Биргина Наманганда 500 киши иштирокида норозилик чиқиши юз берган. Бу каби норозиликлар большевиклар томонидан қурол кучи билан тўхтатилган. Зўравон ҳукумат қурол кучи ва қўрқитиш усуллари билан “Ҳужум” кампанияси орқали ҳам ўз мақсадига эришади.

 

“Ҳужум”нинг иккинчи босқичи аёлларни оғир ишларга жалб қилишдан иборат бўлган. Совет ҳокимияти Ўзбекистон ССРда кўплаб ишчи кучи етишмаслигини ниқоб қилиб, бўш иш ўринларини аёллар ҳисобига тўлдириш йўлидан борган. Аёллар ғишт ташиш, териш ва дурадгорликни уддалайди, деб хулоса қилинган. Оғир саноатга узлуксиз жалб қилиб борилган. Жумладан, Ўзбекистон ССР Марказий ижроия қўмитаси ҳузуридаги хотин-қизлар меҳнати ва турмушини яхшилаш комиссияси раиси А.Вольний аёллар металл ва ёғочни қайта ишлаш саноатида ҳам бемалол ишлай оладилар, деб кўрсатма берган.  Шунингдек, ўзининг 1931 йили чоп қилинган “Паранжилар ёнмоқда” китобида метални қайта ишлаш саноатидаги 10 минг ишчининг 15 фоизи, 7 000 ҳайдовчининг 50 фоизи, 27 000 тракторчининг 20 мингтаси хотин-қизлар бўлади, деб таъкидлаган. А.Вольнийга ўхшаган валломатлар Туркистон аёлларига “тенглик” бериш ниқоби остида уларни камситиш, оғир меҳнатларга жалб қилиш йўлидан борди. Большевикларнинг “ғамхўрлиги” натижасида 1939 йили аёллар эркаклар бажарадиган ишнинг 50 фоизини эгаллаганлар. Қишлоқ хўжалиги ишларидаги деҳқонларнинг 80 фоизи аёллар эди.

 

Хулоса қилиб айтганда, “Ҳужум” – мустамлакачи ҳукуматниг навбатдаги найрангларидан бўлиб, Туркистон аҳолисини камситиш, ғурурини поймол қилиш, Туркистонда ишчи кучини аёллар эвазига икки баробар кўпайтириш учун пухта ўйлаб топилган режаси эди. Бу кампания туркистонликларга қимматга тушди. Минглаб аёллар паранжи ташлаш ортидан ўз отаси, акаси, укаси, эри томонидан ўлдирилди. Аёллар қишлоқ хўжалиги ва саноат соҳасида оғир меҳнатларга жалб қилинди. Шуни таъкидлаш жоизки, паранжи ташлаш ниқоби остида амалга оширилган бу кампанияда босқинчи ҳукумат Туркистон аёлларига озодлик беришни эмас, уларни жисмоний қулликка маҳкум қилишни мақсад қилган эдилар.

 

Дилноза ЖАМОЛОВА,

ЎзР ФА Тарих институти директорининг

илмий ишлар бўйича ўринбосари

Изоҳ йўқ

Изоҳ қолдириш

Сўнгги мақолалар

Барчаси





Кўп ўқилган

Барчаси

Тарих

17:05 / 05.05.2023 0 14199
Мучал нима? Туркий тақвим тарихи

//