
XIX аср охири ХХ асрлар бошларида Туркистондаги сиёсий, ижтимоий ва маданий жараёнлар таъсирида аввал маърифатпарварлик кўринишида вужудга келган миллий уйғониш ҳаракати, аста-секин ижтимоий-сиёсий тус ола бошлади. Биринчи рус инқилоби натижасида мустабид Чор империяси конституцион монархия томонга ўтиб, парламент – Давлат думаси таъсис этилди. Давлат думасига Туркистондан депутатларнинг сайланиб, мусулмонлар фракциясининг шаклланиши ортидан халқ манфаатларини қонуний йўл билан ҳимоя қилиш имконияти пайдо бўлди. Бу эса Туркистон жадид тараққийпарварларининг сиёсий кураш майдонига кириб келиши учун шароит яратди.
Туркистон тараққийпарварларининг раҳнамоси бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий 1906 йил “Хуршид” газетасида чоп этилган “Хайрул умури авсатуҳо” номли мақоласида нафақат Туркистондаги, балки бутун империядаги мавжуд сиёсий ҳаётни теран ва танқидий таҳлил қилиб беради. Жумладан, “...Ҳозир Русия давлати(нинг) тариқи ҳукмронлиги(ни) ноқис эканлигига ҳар бир хабарлик киши иқрор этар. Давлат қонунларини(нг) ислоҳ ва таждидиға ҳар ким мойилдур. Aммо Русиядаги барча халойиқ бошлуча неча аслу асосға бўлунгандурлар. Бу сиёсий фирқаларни(нг) ҳар бириға ҳар бир мазҳаб ва дин аҳлидан қўшулгандур. Чунончи, насоро, яҳуд, муслим ва мажусий тоифаларини(нг) ичида бу сиёсий маслакларға мойил кишилар бордур[1]” деб кейин Туркистон масаласига ўтади. “...Биз, туркистонийлар, замондан камхабарлигимиз учун бир неча минг кишидан бошқа ҳаммамизни ҳеч бир фирқага мансуб емас, маслаксиз нодон фирқаси деб аталса ҳам сазодур. Aни учун биз бу 3 – 4 фирқа — партияларни асос ва маслак сипоҳийларисидин мухтасар баён қилармиз”. Шундан сўнг Туркистон халқини империядаги мавжуд партиялар уларнинг мақсад муддаолари билан таништиришга киришади. “Чунончи, биринчи — «Буйрўкратияи мустабид» фирқасики, булар эски тарз ҳукумат давомини хоҳлайдур. Русияни(нг) эски ҳукмронлиги(ни) тариқи шундай эди. Импиротуримизни(нг) ҳар бир амри ва ҳукму ройи – “закун” аталиб, ҳеч лоу наамсиз барча волий, суд, вузаро ва булар қўл остида турганлар воситаси-ла ўрниға келадур...”. Монархистлар партияси ҳақида сўзлар экан, уни танқид қилишни ўринлаб, “...Бу қоидани идораи мустақила (самодержовний) аталадурки, ҳозир Оврупо қитъасидаги Русия ва Туркиядан бошқа қирқ қадар катта ва кичик давлатларда йўқдур. Идораи мустақила қўл остидаги фуқароларни ҳар қанча ҳукумат одамлари ва тўраларға яқин ва муносабати ўлса ҳам аҳволи сиёсия, диния ва дунявия ва олияси дуруст бўлмай, кундан-кун таназзулдадур. Хусусан, дин ва дунё, илм ва маърифат, тамаддун ва адолат, мусовот тўғрисинда ҳаммадан кейин қолур. Чунончи, биз, мусулмонларни(нг), диний ва қавмий ҳуқуқимизни(нг) камчиликлари подшоҳ ҳазратларига етмай, етганда ҳам мажлис членлари тарафидан радд бўлуб ё илтифотсиз қолур. Буни(нг) сабаби ила биз ва бизга ўхшаш тоифалар таназзул қилуб; оҳисталик ила фирқаси, тоифаси, ватани хор ва хароб бўлуб батадриж йўқ бўлмоқ хавфи вордур...” дейди.
Ўлкадаги ҳолатга қайтиб, “...Туркистон обод бўлди, илгари бой кам эди, милйўнир йўқ эди, яхши иморат ва либос ва палос йўқ эди. Боз, бас, на учун инсофсиз муҳаррири маъразлар харобмиз дея жоҳилона ёзадур деб, анга шундай жавоб бермоқ керакки, 6 милйўн туркистонийларға 3 милйўнир борлиги маълум. Йўқ, бойман деганлар банк ва фабрикантларни хизматчиси ва мадюнидур. Шаҳар ва қаръялардаги катта иморат ва казармахоналар ҳамма яҳудий ва Оврупойиларникидур... Бир даража диний ва илмий жиҳатга атф назар қилинса, вақфлар кетди, мадрасалар хароб бўлди. Борига ҳам тартиб, фехрист, мухтасиб, мумтахин, муназзам йўқ. Ески тартиб ва жадвал ва даррус кундан-кун мударрислар тарафидан таржеъ қилинур. Икки милйўн туркистонийлар мадрасасиға Худодан бошқа нозир йўқ. Бир раиси диний ва мумайизи илмий йўқ. Ўзимизда эса инсоф ва хавфи ҳақ йўқ, асло йўқ. Ва Оллоҳ, на учун саводсиз қози, илмсиз мударрис, инсофдан хабарсиз муфтий, қироатсиз имомлар оламни босди...” деб ёзади.
Шундан кейин “Иккинчи фирқа партияни кадет машрута фирқаси аталадур. Бу партияни(нг) муроди шулки, “Миллат мажлиси” хоҳ Дума очилиб, ҳар бир милйўн халқдан 3 – 4 вакил пойтахтга бориб, мажлис қуруб, барча закун ва қонунларни ҳар бир вилоятни аҳволи ва ҳар дин ва миллатни озод ва сарбастлигига ақл ва инсофига қараб таассуби ҳуқуқи башария ва риояи динияга мувофиқ тузатиб, подшоҳ ҳазратлариға топширилса. Ва импиротуримиз ҳам ўшал халқ вакиллари тайёрлаган закунларни ўрниға келмоқиға ҳумоюн фармойишларини қилсалар... Русиядағи барча халқ Русияни ҳар бир нуқтасиға баробар бўлуб, ҳуррияти диния, ҳуррияти шахсия, ҳуррияти ижтимоия, ҳуррияти иттифоқия ваъз ўлунуб бўлатурган қонуни жадида доиралари онинг мўътодича жорий ва мустаъмил тутулса, халойиқ вакилларини(нг) қароридан хориж ҳеч закунлар бўлмай ва вакиллари хоҳламайдурган эски закунлар ислоҳ етилса... Ҳозир Русияда бу — кадетлар фирқасиға мансуб халқ ҳар дин ва миллат аҳлидан ниҳоятда кўпдир. Собиқ Миллат мажлиси аъзоларини(нг) аксари бу фирқадан эдилар. Бу фирқа ҳақиқатда ўрта фирқадур. Мўътадил ал-мизож халқлар бу партияни хоҳлагандурлар. Бу фирқа ифрот ва тағрит ўртасиға, соғ ила сўл васатиға, ҳар бир фикр ва матлабни авсати ва марказиға бирлашган бир ҳизби мутавасситдур. Русия мамлакатиға мундин беҳроқ ҳизб йўқдур” деган хулоса беради. Мақола сўнгида “Ифрот ва тағрит, яъни Иштирокиюн, Инқилобиюн ва Қора гуруҳ деган ҳизблар сабаби ила Русияға ҳар кун ва ҳар соат фасод ва инқилоб, бузуқлик жорий бўлуб турубдур... Учинчи “социал-демократически” — иштирокиюн ўмиюн — маъишияти муштарака фирқасидурки, бул ҳам дохилан икки фирқага бўлунур. Бири социёл демократ — иштирокиюн ўмийўн, дигари социёл револуциёнер — инқилобиюндур. Буларни бошлуча муроди ҳозирги барча закун, мулкият қоидаларини бутун бузуб, мол ва ерларни ҳамма халойиқ ўртасиға муштарак қилиб, анинг манфаатини бутун халойиқ ўртасида мусовий этмоқчидур. Бойлик ва камбағалликни йўқ қилиб, дунё моли(ни) роҳатидан ҳаммани баробар фойдалантуруб, масъуд ва роҳат умр ўтказилмоқиға ва ҳар ким ўз истиқболидан амин бўлмоқига закун ва қоида жорий қилмоқчидурлар. Буларни прўграмини жорий бўлмоғига ҳозирги асримиз мусоид эмас” дейди.
Беҳбудийнинг “Балки неча асрларга таваққуфи бордур. Дунёға нелар бўлмади. Ким билур, балки замони келиб, буларни(нг) прўғрами қонуний жорий бўлса, ҳамма минкулл ал-вужуҳ баробар бўлуб, сир-китоб раъиға ёзилган Жобулса ва Жобулқо тартиб маъишати ер юзиға балки жорий бўлур. Ҳар ҳолда, бу партияни муроди мумкин лойиқиъ ёйинки хаёлийдек кўрунуб, бу тоифаға қўшулмоқ биз Мусулмонлар учун ниҳоятда зарарликдур. Прўғрамларини(нг) молия моддаларина бир оз тағйир бермағунча, шариатға мувофиқ ўлмағони каби жоний ва оила бобидаги фикрлари ҳам асло-асло тўғри келмайдур...” деган сўзлари ҳамон аҳамиятга молик.
Шундан сўнг мусулмонларнинг партияга бирлашиши масаласига ўтиб, “Тўртинчи “Русия мусулмонлари иттифоқи” ҳизбидурки, буларни партия суратиға кирғаниға бир йил бўлди... Aммо сиёсий ва умумий талаб ва маслаклар тўғрисинда кадетларға қўшилатурганға ўхшайдурлар. Русия мусулмонлари ҳизби ҳам ўзга тоифалардек комитет барпо айламоқчидурлар. Идораи марказия — Сентралний комитетлари Питрбурғда бўладур. Бу партия 31 кишини аъзои марказия сайлаб, аларға Боди Кубодаги Aлимардонбек Тўпчибошев жанобларини садрнишин ва Қозондагн Юсуф афанди Оқчурин жанобларини мусташор сайлабдурлар. Бу муҳтарам аъзолар, албатта, бир неча шўъбаға бўлунадурки, шўъбаи илмий, шўъбаи сиёсийлардан иборат бўлса керак. Бу 31 нафар аъзоларина Русиядаги аҳли мусулмонлардан бир неча аъзо интиҳоб қилиб олмоқға қарор бермишлар. Aммо бу бобдаги жароид ва тасвидотға қарағанда, бизни Туркистондан бир нафар аъзо интиҳоб қилмоқға қарор бермишлар. Лекин 6 милйўнлик Туркистон мусулмонларидан бир аъзо оздур. Беш облустдан 30 нафар ҳам Бухоро ва Хева ва Туркистони Чинийдаги мусулмонлардан биртадан аъзо олмоқ лозимдур” деб таклиф беради.
“Бу тўрт партияни(нг) матлаби миллий ва маслаки сиёсийларини мадомики, бир неча саҳифа ила баён ва шарҳ қилинмаса, камхабар киши тушунмайдур... Туркистоннинг муҳтарам муаллиф, муҳаррирлари ғараз, нафсоний ҳасад, баҳс ва мунозараи шахсияларини тарк етиб, шу маслак ва шу жамиятға тобеъ ва ходим бўлмоқлари хидмати дин ва давлат, обрўйи Ватан ва Миллатдур...” деб мақолани якунлайди.
Дарҳақиқат, муаллиф Туркистон халқини империядаги мавжуд сиёсий партиялар билан таништиришдан ташқари сиёсий маданиятнинг аҳамияти, Ватан, Миллат обрўси учун барча зиёлиларни ўзаро нифоқларга барҳам берган ҳолда бирликка даъват этади. Умуман мақолани Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг айни пайтда Туркистон жадид тараққийпарварларининг сиёсий доктринаси деб қабул қилишимиз мумкин.
Маҳмудхўжа Беҳбудий мазкур мақола билан чекланмасдан, ўлка учун маданий мухторият ҳуқуқини олиш ҳаракатини ҳам бошлаб юборади. 1907 йил ноябрь ойида Давлат думаси мусулмон фракциясига мурожаат этиб, Туркистон ўлкасини Россиянинг Европа қисмидан кўра кўпроқ мухторият ҳуқуқига ҳақли эканини таъкидлайди. Фракцияга ўзининг Туркистон ўлкаси учун диний ва ички ишлардаги (“Идораи руҳония ва дохилия”) эркинликни ифода этувчи “Туркистон маданий мухторияти” лойиҳасини тақдим этади. Лойиҳада Беҳбудий Давлат думасига Туркистоннинг мусулмон аҳолиси нуфузига мос вакил сайланиши, диний идора ишларида эркинлик, Туркистондаги ҳар қандай даражадаги бошқарувда маҳаллий аҳоли вакилларининг иштирокини таъминлаш, туркистонликлар учун мажбурий ва бепул умумтаълимни жорий этиш, уларнинг розилигисиз Туркистонга Русиянинг бошқа ҳудудларидан аҳоли кўчиришни тўхтатиш, рус истилоси даврида тортиб олинган вақф мулкларини қайтариш каби муҳим талабларни илгари суради.
25 моддадан иборат мазкур “Туркистон маданий мухторияти” лойиҳаси мазмунида очиқ-ойдин Туркистон учун “сиёсий мухторият” талаб қилинган эди. Лойиҳанинг 1-моддасидан 17-моддасигача Чор Россияси ҳукми остидаги ишларга тегишли бўлиб, “Туркистон қозилари хусусинда” бўлимида қозилик ва суд ишларини ташкил этишнинг ҳуқуқий асослари ҳақида қозилар прокуратура идорасига эмас, Туркистон идорайи руҳония ва дохилия идорасига бўйсуниши ҳамда доимий равишда унинг назорати остида фаолият олиб бориши кераклиги илгари сурилади. Кейинги моддаларида яна ҳам кенгроқ миқёсда эркинлик ва сиёсий мухториятни талаб қилади. Хусусан 18-моддада Туркистон мактаб ва мадрасалари ҳукумат назоратидан озод бўлсун; 19-моддада Умумўрта ва олий мактабларга мусулмонлардан комиссия тайинлансун. Рус ҳарфи мусулмон миллатига жабр бўлмасун; 20-моддада ҳар хил корхона, ҳибсхона ва аскархоналаргаки мусулмон бордур, мусулмон руҳонийси тайинлансун; 21-моддасида Туркистонга дунёни ҳар тарафидаги мусулмоннинг ер олмоқға ҳаққи бўлсун ва инчунин, дунёга Туркистонлиларда шерик ўлсунлар; 22-моддасида Саҳро, биёбон, кўҳистон ва шаҳар халқини қадимдан бери ўртага қўюб муштаракан нафъланиб келаётган ёйлоқ, чашма, бийша, кон, кўл, марғзор, наҳар ва шуларга ўхшаш сабаби ҳаёт ва тараққилари бўлғучи нимарсаларидан нафланмакка маниъ бўлғучи законлар лағв (бекор) бўлсун; 23-моддасида Наҳр ва катта ва кичик ариғ сувларин тақсими аҳолини иттифоқи ва машварати ила бўлсун; 24-моддада Туркистон халқи талаб қилмағунча Туркистонга муҳожир юборилмасун; 25-моддасида Туркистон шаҳарлари дохилиндаги ерлар бу низом вазъ бўлгунча хоҳ муваққат ва абадий бўлсун, ғайри мусулмонга берилмасун” дейилган. Гарчи лойиҳа империя маъмурлари томонидан эътиборсиз қолдирилган бўлса-да, Туркистон тараққийпарварларининг сиёсий дастурига айланди. Жадидлар ўзларининг сиёсий қарашларини муттасил ривожлантириб борди. Хусусан, 1909 йил Саъдулла Турсунхўжаев, 1911 йили Мунавварқори дўстлари Абдусамиғқори Ҳидоятбоев ва Ҳаким Саримсоқовлар “Турон” жамияти йўлланмаси билан Европадаги сиёсий партиялар ва уларнинг ғояларини ўрганиш мақсадида Финландияга борганлар.
Февраль инқилобидан сўнг Туркистонга мухторият олиш масаласи яна жадид тараққийпарварларининг кун тартибига кўтарилди. 1917 йил “Ҳуррият” газетасида Маҳмудхўжа Беҳбудийинг “Муҳтарам Самарқандликларга ҳолисона арз” мақоласи чоп этилди. Унда муаллиф Самарқандда яхши ниятлар билан тузилган “клуб Исломия” ташкилотини ва унинг маданий курашга киришганини олқишлайди. Бироқ, айрим кимсаларнинг ўз манфаатлари йўлида урушиб кетгани натижасида низолар кўпайиб, бирлик қўлдан кетганидан афсусланади[2]. Айни сонда М.Шоҳмуҳаммадзода ҳам “Туркистон партиялари ва нодонлик” мақоласида ўлкадаги сиёсий аҳволни таҳлил қилади. Жумладан, “...Туркистонда ҳам партия кўп экан, лекин мақсадларини билмадик. Андижонда миркомилчевин ва мираҳмадчевин, Тошкентда уламочевин, Самарқандда нафоқчевин ва нафсониятчевин партиялари бор. Уларнинг манбаси нодонлик, манбаси илмсизлик. Бунинг оқибати ёмон бўлар... Ёшларимиз иззат нафс, мансабларни қўйиб ҳолис манфаатларсиз, халққа хизмат этарлар. Бу йўлда қаршиликларга чидарлар. Бу кун хизматлари маълум бўлмай қолса, ўлганидан сўнг маълум бўлар”[3], деб мақолани тугатади.
1917 йил ёзида Туркистонда кескин зиддиятлар остида ўтган сайловлар даврида “Турк адами марказият” партияси Туркистон федералистларининг маромномаси қабул қилинди. 1917 йил сентябрда Тошкентда Ғуломҳасан Орифхонов босмахонасида нашр этилган маромнома учун ҳам Беҳбудийнинг “Туркистон маданий мухторияти” лойиҳаси ғоялари асос бўлиб хизмат қилди. Маромноманинг 2-моддасида Россия тасарруфида яшаган барча мусулмонларни қавм ва мазҳабига кўра ажратмасдан диний масалаларни ҳал этиш учун сайланган “бир шайх ул-ислом тахти раёсати”да, яъни ислом шайхи бошчилигидаги кенгаш қошида ҳайъати диния (диний хайъат) тузиш ва бу ҳайъатда мусулмон ўлкасидаги барча миллатларнинг вакиллари бўлишини таъминлаш тўғри, деб топилади. Энг муҳими унда “Ҳар бир фуқаро қайси дин ва мазҳабга мансуб эканидан қатъий назар, қонун олдида баробардир; Ҳеч бир кимса дини, мазҳаби ва эътиқоди учун таъқиб этилмайди; виждон эркинлиги кафолатланади; Дин ва мазҳабларнинг бирортасига ҳукумат томонидан афзаллик ва имтиёз берилмайди; Ҳар бир фуқаро эркин фикрлаш ва ўз фикрини ифодалаш ҳамда матбуот орқали эълон қилиш ҳуқуқига эга; Фуқаролар хоҳ ўз уйларида, хоҳ бошқа жойларда истаган масалалари юзасидан фикрлашиш, баҳслашиш ва бир хулосага келишлари учун йиғилиш ўтказишлари мумкин; Фуқаролар бирор жамият ёки иттифоқ тузишда тўла эркинликка эга; бунинг учун давлат идораларидан рухсат олиш шарт эмас; Шахс эркинлиги ва оила дахлсизлиги давлат томонидан ҳимоя этилиб. тегишли маҳкаманинг қарорисиз бирор кишининг уйига кириб тинтув ўтказиш таъқиқланади; Ҳибсга олинган ҳар бир киши 24 соат ичида тегишли маҳкамага топширилиши лозим; Паспорт тизими тугатилиб, ҳар бир киши хоҳ мамлакат ичкарисида, хоҳ, хорижда бўлсин, хоҳлаган ерига ҳеч кимдан сўрамай бориш ҳуқуқига эга; Юқорида баён қилинган барча ҳуқуқлар қонунлаштирилиб, “мудофаа ва муҳофазаи маҳкамаи олия”лар – олий мудофаа ва тартибот идораларига ижро ва назорат учун юборилади” каби жумлалар ўрин олди. Бу эса Туркистон жадид тараққийпарварларининг демократик умумбашарий қадриятларга нақадар садоқати юксак бўлганини ифодалайди.
Маромнома Туркистон мусулмонларининг III ўлка қурултойи томонидан 1917 йил 27 ноябрда Қўқон шаҳрида эълон қилинган Туркистон Мухторият ҳукуматининг давлат тизимига асос бўлди. Бироқ, Туркистон Мухторият ҳукумати раҳбарлари ўз давлат тузумларининг асосий йўналишини қонуний йўл билан мустаҳкамлашга улгурмадилар.
Кейинчалик Аҳмад Заки Валидийнинг “Жадид тараққийпарварлари партияси”нинг 19 банддан иборат дастурида ҳам юқоридаги қарашлар яна ривожлантирилди. Унда жумладан мақсадимиз “...Туркистонни мустақил қилиб, миллий ҳукумат тузишдан иборат. Миллат тил, дин маданият, адабиёт, урф-одатлар бирлигига асосланади; Марказий ҳукумат аъзолари миллат мажлисининг розилиги билан Жумҳурият раиси (Президент) томонидан, вилоятлардаги бошлиқлар эса марказий ҳукумат тарафидан тайинланажак. Миллат мажлиси, Жумҳурият раиси, вилоят мажлисларини сайлаш тартиби мустақил Туркистоннинг биринчи қурултойи томонидан белгиланажак; Туркистон миллий ҳукумати Туркистон миллий аскарига таянажак, ҳарбий хизмат мажбурий; Маориф соҳасида бепул бошланғич таълим олиш имкониятлари яратилажак; Туркистонда энг аввало ҳунар мактаблари йўлга қўйилажак. Оврупога ўқувчилар юборишга аҳамият берилажак; Қадимий маданият ўчоғи бўлган Туркистонда асрлар мобайнида юзага келган маданият ёдгорликлари ҳимоя остига олинажак. Улар миллий маданиятнинг ўсишига хизмат этажак”[4] каби фикрларни ўқишимиз мумкин.
Шундан келиб чиқиб, Маҳмудхўжа Беҳбудий томонидан тайёрланган “Туркистон маданий мухторияти” лойиҳаси 1917-1918 йилларда Туркистон мухторияти, Оренбург ва Уфадаги Алаш-ўрда мухторияти, Қрим-татар мухтор ҳукумати ва Бутун Русия турк-татар мухторияти каби тўртта мухторият ҳукуматлари учун ҳам ҳуқуқий манба бўлиб хизмат қилди. Боиси, 1917 йил ёзида Туркистон федералчилар фирқаси Маромномаси тайёрланиши даврида Маҳмудхўжа Беҳбудий билан Мустафо Чўқай, Заки Валидий Тўғон, Пири Мурсалзода, Муҳаммад Амин Афандизода каби юқоридаги муваққат ҳукуматларнинг асосий шахсиятлари ҳамфикр ва ҳамкорликда фаолият олиб борганлар. Шулардан келиб чиқиб Маҳмудхўжа Беҳбудийни нафақат Туркистон жадид тараққийпарварларининг маънавий отаси, балки Туркистонда янги замон сиёсий ва ҳуқуқий тафаккурининг ҳам доҳийси деб таърифлашимиз мумкин.
Баҳром ИРЗАЕВ,
тарих фанлари бўйича фалсафа доктори
[1] “Хайрул умури авсатуҳо” (“Ишларнинг яхшиси ўртачасидур”) // “Хуршид”. 1906 йил 11 октябрь.
[2] Маҳмудхўжа Беҳбудий. “Муҳтарам Самарқандликларга ҳолисона арз” // “Ҳуррият”. 1917 йил 19 май. 10-сон.
[3] М.Шоҳмуҳаммадзода. “Туркистон партиялари ва нодонлик” // “Ҳуррият”. 1917 йил 19 май. 10-сон.
[4] Ахмад Заки Валидий. Бўлинганни бўри ер. — Т.: Адолат, 1997. — Б. 112-113.
Адабиёт
Тил
Фалсафа
Санъат
Тарих
Санъат
Таълим-тарбия
Тарих
Дин
Жараён
Ватандош
Санъат
Ватандош
//
Изоҳ йўқ